Apr 272018
 

2018-йилнинг 23-апрель куни Серж Саргсян Бош вазир лавозимидан истеъфо берди. Серй Саргсян истеъфоси Арманистонда оммавий норозиликларнинг бошланганидан 11 кун кейин рўй берди. Саргсян 17-апрель куни Арманистон парламентида кўпчиликни ташкил қилган Республикачилар партияси ва уларнинг ҳамкори бўлган Дашноқсутюн партияси қўллаб-қувватлаши натижасида Бош вазир этиб сайланди.

Саргсян Бош вазир бўлиб сайланмасидан олдин 10 йил Арманистонни президент сифатида бошқарган эди. У 2015-йилда референдум йўли билан конституцияга ўзгартириш киритиб Арманистонни президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтишга Арманистон фуқароларининг розилигини олган эди ва ўзининг номзодини қайтадан президентлик ва Бош вазир лавозимига қўймасликка ваъда берган эди.

Конституциядаги ўзгартиришларга кўра президент ваколатлари камайтирилиб, Бош вазир ваколатлари кўпайтирирлган эди. Лекин, Серж Саргсян ўз ваъдасида турмади, у ўз номзодини Бош вазирликка қўйди. Серж Саргсяннинг номзодини Бош вазирликка қўйиши билан Арманистонда оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Охир оқибатда полициячилар, ҳарбийларнинг намойишчилар тарафига ўтиб кетиши натижасида Серг Саргсян истеъфо беришга мажбур бўлди.[1,2] .

Арманистонда рангли инқилоб ғалаба қозонди, биронта одам ҳалок бўлмади, ҳеч қандай талон-тарожликка йўл қўйилмади. Яъни, Арманистондаги рангли инқилоб 2010-йилда Қирғизистонда, 2014-йилда Украинада ва “араб баҳори” рўй берган Араб мамлакатлари Сурия, Ироқ, Ливия, Яман, Мисрдан фарқли ўлароқ қурбонларсиз, талафотларсиз, вайронагарчиликларсиз рўй берди.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, намойишчилар лидери Николь Пашинян парламент депутати бўлган, Пашинян парламент сайловлари кампанияси даврида Арманистон туманларида Серж Саргсян яна қайтадан Бош вазир ёки президент лавозимига номзодини қўйса, Арманистон ватандошларини оммавий норозилик намойишларига чиқишга тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борган. Яъни Арманистонда рангли инқилобни тинч йўл билан талафотларсиз амалга ошишига Николь Пашинян Елк коалицион блокининг, партиясининг парламентда фракцияси борлиги биринчи сабаб бўлса, намойишларнинг оммавийлиги иккинчи сабаб ва полициячи ва ҳарбийларнинг намойишчилар тарафига ўтиши учунчи сабаб бўлди.[3].

Кўпчиликда Арманистонда бўлиб ўтган рангли инқилобнинг Ўзбекистонга нима алоқаси бор деган истеҳзоли савол туғилиши мумкин. Чунки, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президент сифатида Ўзбекистонни бошқараётганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ-ку, Ўзбекистонда рангли инқилобга бало борми?!

Ўзбекистонда ҳам рангли инқилоб бўлиши мумкинлиги ҳақида менинг мулоҳозаларим.Ўзбекистон тарихида хонликлар даврида ҳам, Чор Россияси таркибида бўлган даврда ҳам, СССР даврида ҳам, мустақил Ўзбекистон даврида ҳам бирон марта ҳам ҳокимият эркин, демократик сайловларда алмашган эмас. Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳокимият фақат зўравонлик билан, давлат тўнтариши йўли билан амалга оширилган.

Ўзбекистонда эркин, демократик сайловлар бўлмаганлиги учун Ўзбекистон ватандошлари ўзлари мақбул кўрган Ўзбекистон ватандошини юқори лавозимларга сайлай олмайди, бунинг натижасида келажакда оммавий норозиликлар келиб чиқиши мумкин. Зеро, Ўзбекистон конституциясининг 33-моддасида норозилик билдириш ҳуқуқи кафолатланган.

33-модда.

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўҳтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда оммавий норозилик намойишлари яқин тарихда кўп марта бўлиб ўтган. Оммавий норозилик намойишларидан тўртта мисол келтираман:

1.Тошкентнинг Чуқурсойида бўлиб ўтган митинг. Бу митинг 1989-йилнинг 6-апрелида Тошкентнинг Чуқурсойида Бирлик Халқ Ҳаракати томонидан уюштирилган эди. Митингда бир неча минг киши қатнашган. Бу митинг Рафиқ Нишонов томонидан руҳсат берилган эди. Митингда Бирлик Халқ Ҳаракатини рўйҳатга олиш, намойишлар ўтказишга хукумат томонидан тўсқинлик қилмаслик, Орол муаммоси, ўзбек тилига давлат мақоми бериш ва экологик муаммолар кўтарилган эди;

2. 1989-йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўзбек тилига давлат мақоми бериш талаби билан кўплаб оммавий норозилик акциялари ўтказилган эди. Намойишларнинг энг оммавийси Ленин майдонидан (Ҳозирги Мустақиллик майдони) талабалар шаҳарчасигача намойишчиларнинг катта магистраль йўл бўйлаб юриш қилиб бориши эди. Бу юришда 50 мингча намойишчи қатнашган эди. Бу намойишни уюштирган Бирлик Халқ Ҳаракати раҳбарияти ўша пайтларда иккига бўлинган бўлса ҳам, аъзолар бўлинишга улгурмаган эди;

3. 1992-йилнинг 16-январида талабалар норозилиги. 1991-йилнинг декабрида Ислом Каримов президент этиб сайланди. Президент сайлови даврида нон, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари барқарор ушлаб турилди, президент сайлови бўлиб ўтгандан кейин эса, нон, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туришни уддасидан чиқа олмади. Шу сабабли 16-январда талабалар шаҳарчасида нон ва озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин тақчиллиги келиб чиқди, бунинг натижасида талабалар оммавий кўчаларга чиқиб кетди. Ҳокимият вакиллари талабалар билан учрашди, учрашувда ҳокимият томонидан талабалар ичига киритилган иғвогарлар(провакаторлар) томонидан ҳокимият вакилларига тошлар отилган ва норози талабалар милиция томонидан шафқатсиз дўппосланган. Икки талаба ҳалок бўлган эди;

4. Андижон фожеаси. Андижон қирғини. 2005-йилнинг 13-май куни Андижон шаҳрида 10минглардан кўп намойишчилар қатнашган митинг бўлиб ўтди. Митингдаги асосий талаб тадбиркорларга ҳокимият томонидан бўлаётган адолатсизликларга барҳам бериш эди. Намойишчилар ўққа тутилди, минглаб тинч намойишчи ҳалок бўлди. Намойишни уюштирган раҳбарлар томонидан катта бир хатога йўл қўйилган эди. Бир неча намойишчиларнинг қўлида қурол бўлган. Улар бу қуролларни ўзларини ҳимоя қилиш учун олган. Ислом Каримов режими махсус хизматлар орқали намойишчиларнинг раҳбарларига ўзларингни фақат мудофаа қилишларинг учун керак деб уларни қурол билан таъминлашга эришган эди.

Юқоридаги тўртта мисолдан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳокимияти норозилик намойишчилари талабларини қисман бажариши ёки уларнинг талабларини бажармасдан намойишчиларни шафқатсиз жазолаш орқали Ўзбекистонда тинчлик, барқарорликни ҳозиргача сақлашга муваффақ бўлди. Тинч намойишчиларнинг талабларини бажармасдан зўравонларча бостириш ҳар доим ҳам муваффақиятли бўла олмайди. Мисол учун қўшни мамлакат Тожикистонда зўравонларча ҳокимият учун кураш 1992-1997-йиллар фуқаролар урушига олиб келди. Ўзбекистонда оммавий норозиликлар келиб чиқишига сабаблар бисёр:

1.Ишсизлик;

2.Қашшоқлик;

3.Маошларнинг камлиги;

4.Электр энергияси, сув, газ тақчиллиги;

5.Коррупция;

6.Ижтимоий тенгсизлик ва ҳоказо.

Дунёда аҳоли жон бошига сотиб олиш паритети ( PPP- Purchasing Power Parity per capita ) 16.000 АҚШ доллари, Ўзбекистонда эса 7.000. [4,5].

Шу кўрсаткичнинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги иқтисодий аҳволнинг ўта ночорлигини кўрсатиб турибди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу қийин иқтисодий-ижтимоий аҳволдан чиқиш учун сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга мажбур.

Афсуски, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда ўрта синф шаклланиши учун, фуқаролик жамияти шаклланиши учун шароит яратилмади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон ватандошларига иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик бериш тўғрисида ўйлагани йўқ. Иқтисодий эркинлик бўлмаса ўрта синф шаклланмайди, сиёсий эркинлик бўлмаса фуқаролик жамияти шаклланмайди. Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий инқироздан чиқа олмайди.

Лекин, Марказий Осиёга аллақачон иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик, демократия етиб борган. Мўғулистонда 1992-йилдан бери демократия ҳукмрон. Қирғизистонда ҳам иқтисодий эркинлик ҳам сиёсий эркинлик бор. Қозоғистонда эса ўрта синф оёққа туриб олган. Ҳаттоки, қўшни мамлакат Афғонистонда ҳам нисбатан эркин, демократик сайловларда президент, парламент ҳокимияти алмашиши рўй берди.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда рангли инқилоб бўлишига анча узоқ, лекин муқаррар.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

27апрель, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Арманистонда нималар юз бермоқда? Ким ғалаба қозонди? Ҳокимиятга энди ким келади? 24.04.2018. ( http://www.bbc.com/uzbek/world-43881239 ).

2. Музокаралар бекор қилиниши ортидан Арманистонда намойишлар қайта бошланди. 25.04.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/%D0%B0%D1%86armaniston-inqilob-sargsyan-pashinyan/29191956.html ).

3. Человек, над которым смеялись. Как делается революция по-армянски. 25.04.2018. ( http://www.fergananews.com/articles/9916 ).

4. GDP per capita, PPP – World Bank Open Data – World Bank Group.2016.( https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.PP.CD ).

5. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. ( https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).