Mar 112018
 

2018-йилнинг 7-март санасида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаевнинг биринчи маҳкама йиғилиши бўлиб ўтди. Судъя Зафар Нурматов адвокат Сергей Майоровнинг жиноятлар бўйича суд-тиббий экспертиза тайинлаш сўровини қондирди [1].

Аслида суд 5-март куни ўтказилиши режаланган эди, лекин бу илк маҳкама “прокурор етиб келмади” деган асосда 7-мартга қолдирилган эди. 5-мартдаги маҳкамада журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер Хаётхон Насриддинов, шунингдек тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар иши кўрилиши керак эди [2].

Адвокат Сергей Майоровдан иқтибос: “Аввалига МХХ ходимлари, Бош прокурор ва вазир бўйича маълумот талаб қилишган. Натижада Бобомуродни, Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев маълумотларни Равшан Салаевга, Равшан эса Бобомуродга берган деб ёзишга мажбурлашган. Худди шундай, вазир Пўлат Бобожонов маълумотларни Оллоёровга берган, у эса ўз навбатида Бобомуродга берган, деб ёздиришган. Бош прокурор ва вазирга қарши компраматлар шунга асосланган. Иқтибос тугади.

Яна адвокат Сергей Майоровнинг ёзишича, терговчилар Нодир Тўрақулов ва Александр Веселевлар журналистдан Муҳаммад Солиҳнинг талаби билан 2013-йилдан бошлаб “Усмон Ҳақназаров” номи остида ёзишни бошладим, деб кўрсатма беришга мажбурлашган [1].

Бобомурод Абдуллаев, Хаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича айбланмоқда.

159-модда.

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш.

Тўрт судланувчи устидан ўтказилаётган иш, шартли равишда Бобомурод Абдуллаев иши президент Шавкат Мирзиёев даврида бошланган кўп шов-шувларга, кенг жамоатчилик назарига тушган иш бўлди. Биринчи марта менинг билишим бўйича ва кўпчиликнинг эътироф этиши бўйича биринчи марта судланувчиларга МХХ терговчилари томонидан қийноқлар қўлланилганлиги, ноинсоний муносабатларга дучор қилинганлиги судъя Зафар Нурматов томонидан тан олинди ва суд- тиббий экспертиза тайинланди.

Жамоатчиликда Ўзбекистонда конституция ишлай бошлади деган ижтимоий фикр пайдо бўлгандай. Аслида шундайми? Мен шунга батафсилроқ тўҳталиб ўтмоқчиман. Менимча, Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича камида Ўзбекистон конституциясининг 10та моддаси оёқ ости қилинган ва қилинмоқда [3]:

1.Бобомурод Абдуллаев 2017-йилнинг 27-сентябрида йўқолиб қолган эди ва икки кундан кейин унинг Гвардейская кўчасида жойлашган МХХ терговхонасида эканлиги, дараги чиққан эди. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 25-моддаси оёқ ости қилинган.

25-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

2.Бобомурод Абдуллаев МХХ томонидан ўғирлаб кетилган ва икки кечаю-кундуз давомида оиласига хабар берилмаган [4]. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 30-моддаси оёқ ости қилинган.

30-модда.

Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

3.Агар Бобомурод Абдуллаевга нисбатан жиноий иш қонунан очилганда унинг оиласи бундан хабардор бўлиб Бобомурод Абдуллаев ҳимояси учун адвокат ёлланарди. Бобомурод Абдуллаев адвокат ҳимоясисиз қолган.

Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 26-моддаси оёқ ости қилинган.

26-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

4.МХХ терговчилари Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўллашган [5,6]. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 26-моддаси яна оёқ ости қилинган.

26-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

5. Бобомурод Абдуллаевга нисбатан давлат органлари томонидан зўравонлик, ноҳақликка ва адолатсизликка унинг оила аъзолари, яқинлари, жамоатчилик норозилик билдириш ҳуқуқига эга, лекин Ўзбекистонда ватандошлар ўз норозилигини конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб билдирмоқчи бўлсалар улар амалда жазоланадилар. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 33-моддаси оёқ ости қилинган, қилинмоқда.

33-модда.

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Хокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўҳтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

6.Бобомурод Абдуллаевнинг ўғирланиб кетилиши, унинг қийноқларга дучор қилиниши ва бошқа барча давлат органларининг зўравонликлари Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида ёритилмади. (Эслатма, Озодлик,BBC, Америка овози,facebook, youtubeларда ёритилди) Жамоатчилик объектив маълумот (информация) излаш, олиш, тарқатиш конституцион ҳуқуқидан маҳрум. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 29-моддаси оёқ ости қилинган, қилинмоқда.

29-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

7.Бобомурод Абдуллаевнинг оила аъзолари унга нисбатан зўравонликларга чидолмасдан ўзбек мухолифатига, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат этишлари мумкин эди, бироқ Ўзбекистонда мухолиф партиялар: Бирлик Халқ Ҳаракати партияси, Эрк демократик партияси, Бирдамлик Халқ Ҳаракати, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва инсон ҳуқуқ ташкилотларининг кўпчилиги(шу жумладан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ҳам) рўйҳатга олинмаган. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 34-моддаси оёқ ости қилинган, қилинмоқда.

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек хокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

8.Ўзбекистон конституциясига кўра, Ўзбекистон давлат органлари ўз ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашлари керак, лекин Ўзбекистонда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари томонидан оёқ ости қилиняпти. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 43-моддаси оёқ ости қилинган, қилинмоқда.

43-модда.

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

9.Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаатлар билан чиқди [7]. Бу мурожаатлар Озодлик,BBC, Америка Овози,youtube,facebookларда эълон қилинди. Шундай мурожаатлар билан Хаётхон Насриддиновнинг онаси Собира Толипова ҳам президент порталига мурожаат қилган ва бир ойдан кейин Хаётхон Насриддиновни қаердалигини аниқлашга муваффақ бўлган. Собира Толипова ўғлини беш ойдан кейин биринчи марта 7-март куни бағрига босишга эришган [8,9].

Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 93-моддаси оёқ ости қилинган.

93-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир; …

10.Ўзбекистонда эркин, демократик сайловларда хокимият алмашиши рўй берганида эди Ўзбекистон ватандошлари ўзларининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари оёқ ости қилинганлигидан норози бўлиб сайловларда мухолифатдаги партияларга овоз берган бўлар эди. Шу йўл билан давлат органларининг зўравонлиги жазоланарди, барҳам бериларди. Лекин, Ўзбекистонда эркинлик йўқ, демократия йўқ, эркин демократик сайловлар йўқ. Бу ерда Ўзбекистон конституциясининг 13, 43-моддалари оёқ ости қилинган.

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

43-модда.

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда конституция ишлаябди дейишга ҳали жуда эрта. Ўзбекистонда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган дейиш учун Ўзбекистон ватандошлари кўп курашишлари керак. Ўзбекистонда конституцион тузумнинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Ватандошларини конституцион тузумни ағдаришда айблашнинг ўзи бемаъниликдир, абсурддир.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

11-март, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Бобомурод Абдуллаев ишида қийноқлар бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилади. 07.03.2018. ( http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-43317247 ).

2. Журналист Бобомурод Абдуллаев устидан суд 7 мартга қолдирилди. 05.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29079118.html ).

3. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

4. Журналист Бобомурод Абдуллаев, пропавший в среду нашёлся в изоляторе спецслужб. 02.10.2017. ( https://www.anhor.uz/news/zhurnalist-bobomurod-abdullaev-propavshiy-v-sredu-nashyolsya-v-izolyatore-specsluzhb ).

5. “Нодир Тўрақулов гуруҳи Бобомурод Абдуллаевни 38 кун тинимсиз қийнаган!” 05.03.2018.

( https://www.ozodlik.org/a/bobomurod-abdullayev-muhammad-solih-mxx-tergov-qiynoq/29079638.html ).

6. AI қийноқ қўллаганликда гумонланган МХХ подполковниги ҳибс қилинганини олқишлади. 09.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29028958.html ).

7. МХХ қамоғидаги Абдуллаевнинг онаси Мирзиёевдан ўғлини ҳимоя қилишда ёрдам сўради. 05.01.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-miliciya-zoravonlik/28956755.html ).

8. Abdujalil Boymatov. Videoblog. Chaqirtikanak. 24 Bobomurod Abdullayev sudi oldidan videoreportaj. 3. 07.03.2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=D3qJPCXUFKo ).

9. 12та халқаро ташкилот Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликовни озод этишни талаб қилди. 14.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29038797.html ).