Feb 252018
 

Ўтган ҳафтада 16,17- февраль кунлари Ўзбекистонда катта шов-шувларга сабаб бўлган икки воқеа бўлиб ўтди. 2018-йилнинг 16-февраль куни Ўзбекистондаги Зўр ТВ канали баҳсларга сабаб бўлган Туркиянинг “Севги Изтироби” телесериали намойишини тўҳтатди [1].

Иккинчи воқеа 17-февраль куни Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов ишдан олинди [2].

Бу катта шов-шувга сабаб бўлган воқеаларга батафсилроқ тўҳталиб ўтаман. Озодлик радиостанцияси ходимларининг ёритишлари бўйича Зўр ТВ канали уч ярим ойдан буён намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериали жума куни тўҳтатилганини эълон қилди. 16-февраль куни ушбу сериалнинг ўзбекчага

ўгирилган 120- қисми намойиш қилиниб, фильм сўнггида биринчи фасл тугади деган ёзув берилди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйҳатга олинган азон.уз ахборот порталида 14 февраль куни элон қилинган мақолада “ЗЎР-ТВ” каналида намойиш қилинаётган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган актёрлар гуруҳи таҳдид нишони бўлган.

Мақолада дубляж хизмати ходимларининг иши “ҳаромлиги”, уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ёзилиб, актёрларнинг сазойи қилишга чақирилган эди.

Айни нашр кейинги 10 кун ичида турк сериалининг соф исломий аҳлоқ нормаларига зид экани айтилган бир нечта мақола эълон қилган. Яна шуни қўшимча қилишни лозим кўрдимки, Ўзбекистонда намойиш қилинаётган “Севги изтироблари” фильми бундан олдин Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг телеграм каналида ҳам “тавқи-лаънат” қилинган эди [1].

Энди иккинчи бўлиб ўтган воқеага ўтсак, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси Айдарбек Тулепов Миллий Хавфсизлик Хизматининг бу ташкилотдаги куратор вазифасини бажариб келган. Бундан ташқари, тошкентлик бир нечта диний хизматчи МХХнинг масжидларга бириктирган кураторлари ҳам чақириб олинганини айтмоқда.

Диний идора Тошкент шаҳар вакиллигида ишлайдиган мулозимнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Тулепов МХХнинг идорадаги вакили бўлган. МХХнинг Ўзбекистон бўйлаб масжидлардаги кураторлари ҳам ишини тўҳтатган.[2].

Севги изтироби” телесериали дубляжи актёрларининг сазойи қилиниши ва тавқи-лаънатга учратишга чақирилиши менинг ёдимга Бухоро амирлиги, Хива хонлиги, Қўқон хонлиги даврларини эслатди.

Бу даврларда мадрасаларда фақат қуръон ва хадис ўқитилган. Дунёвий фанлар: физика, математика, химия, биология ва бошқа ижтимоий ва табиий фанлар мутлақо ўқитилмаган. Илм-фан тараққиёти деган тушунчанинг ўзи ҳам бўлмаган. Жамият жаҳолат ботқоғига кўмилган ва бу хонлар ўртасида ўзаро феодал урушлар мунтазам бўлиб турган.

МХХ кураторларининг ишдан олиниши эса менда бир томондан ижобий умидлар уйғотган бўлса, бошқа томондан катта бир хавотирлик туғдирди. Ижобий умид туғилишига сабаб бўлган нарса шуки, дин давлатдан ажратилган, давлат дин ишларига аралашмайди деган принциплар тиклангандай бўлди. Ўзбекистон республикасининг конституцияси 61,31,57-моддалариида ёзилганидек [3].

61-модда.

Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

31-модда.

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

57-модда

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўйувчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.

МХХ ҳам СССР давридаги КГБнинг оммавий таъқиб,тайзиқ, репрессияларини давом эттирди. СССРнинг оммавий таъқиб-тайзиқ, репрессиялар символи Гулаг бўлган бўлса, Ўзбекистонда диктатор Ислом Каримов даврида Жаслиқ қамоқхонаси бўлди.

СССР даврида Ўзбекистонда дунёвий фанлар ўқитилиши йўлга қўйилди, илм-фан тараққиётига эришилди, техника, саноат ривожланди. 20-асрга мос келадиган замонавий таълим, замонавий тиббиёт йўлга қўйилди, спорт, театр, адабиёт, кино санъати, маъданият ривожланди. Лекин шунга қарамасдан, совет тузумида инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари оёқ ости қилинган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин динга эркинлик берила бошланди, масжидлар сони бир неча баравар кўпайди, қуръон, хадислар чоп қилинди. Лекин, шу билан бир қаторда ўн минглаб расмий диний идорага бўйсунмайдиган, бошқача фикрлайдиган диний фаоллар экстремизм, терроризмга қарши кураш ниқоби остида сохта айблар билан қийноқларга, ноинсоний муносабатларга дучор қилиниб ( тергов жараёнида,суддан кейин қамоқхоналарда) , озодликдан маҳрум қилинди.

Мустақил Ўзбекистон конституциясининг 26, 27, 29 моддалари [3]:

26-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тайзиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

27-модда.

Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

29-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Афсуски, собиқ коммунистлар ва диндорлар учун конституция бир парча қоғоз. Ўзбекистон конституцияси бўйича Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳурмат қилиниши керак. Лекин Ўзбекистонни бошқараётган собиқ коммунистлар учун ва сиёсий ислом учун Ўзбекистон конституцияси бир парча қоғоз.

Шу сабабли Ўзбекистонни бошқараётган собиқ коммунистлар ва сиёсий исломчилар ўртасидаги кураш аёвсиз, шафқатсиз бўлади. Чунки, собиқ коммунистлар ва сиёсий исломчилар ҳам тоталитар ғояни, идеологияни ташувчи кишилардир. Бу кураш натижасида Ўзбекистонда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Миср, Ливиядаги фуқаролар уруши келиб чиқиш эҳтимоли бор.

Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам ўрта асрлар, СССР, диктатор Ислом Каримов давридагидай жамиятда қўрқув ва ёлғон хукмрон. Ўша даврлардан мерос бўлиб қолган мажбурий меҳнат, коррупция [4] ва янгилари: ишсизлик, маошларнинг камлиги, сув, электр энергияси тақчиллиги, Россия, Қозоғистон ва дунёнинг бошқа кўплаб давлатларидаги миллионлаб меҳнат мухожирлари ва бошқа муаммолар бисёр.

Ўрта синф ва фуқаролик жамияти шаклланиши учун шароит яратиш, бу асосий муаммо.

Бу муаммоларнинг бартараф қилинишига Ўзбекистонда сиёсий рақобатнинг йўқлиги, сўз эркинлиги, йиғилишлар эркинлиги, ташкилотларга уюшиш эркинлиги, эркин ҳаракатланиш, эътиқод эркинлигининг чекланганлиги, хокимиятни бошқараётган раҳбарларда, мухолиф ҳаракатлар, партиялар, инсон ҳуқуқи ташкилотларида раҳбарларнинг алмашиши йўқлиги, ўзбекчасига айтганда амал курсисига жон-жаҳди билан ёпишиб олиши, муаммоларни баҳслашиб ҳал қилиш ўрнига бир-бирини ҳақоратлаб, жанжаллашиб кетиши, танқидий фикрни тош отиш деб тушуниш, ўзаро рақобатда ғолиб чиқиш учун туҳматдан кенг фойдаланиш кабилар катта тўсиқ бўлган, бўлмоқда.

Мақоламнинг якунида миллати, дини турлича бўлган мамлакатлар, АҚШ, Канада, Австралия, Япония, Жанубий Кореа, Исроил, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Ҳиндистон ва ҳаттоки мусулмон мамлакатлари: Индонезия, Малайзия,Тунис ва бошқа кўп мамлакатлар эркин, демократик ва бой (Ҳиндистон, Индонезия, Тунис бой эмас) мамлакатларлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

25-февраль, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. ZO’R TV “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатди. 17.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/uzbek-uzbekistan-serial-terkiya-zor-tv-sevgi-iztirobi/29045467.html ).

2. Диний идора ва масжидлардаги МХХ кураторлари иши вақтинча тўхтатилди. 20.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/diniy-idora-va-masjidlardagi-mxx-kuratorlari-chaqirib-olindi/29050783.html ).

3. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi (http://constitution.uz/oz/clause/index#section33 ).

4. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).