Jun 082016
 

Алимбекова Зарнигор

Шу йилнинг 30 март куни менинг турмуш ўртоғимнинг хусусий мулки бўлган хонадонга онам Эшонқулова Малоҳатга суд томонидан солинган жаримани қоплаш мақсадида Учтепа туман суд ижрочилари томонидан босқинчилик уюштирилган эди.

Учтепа туман суд ижрочиларининг ҳатти-ҳаракталарини босқинчилик дейишга ҳақлиман.

Негаки, 10 киши бўлиб келган ижрочилар хонадон соҳибининг рухсатисиз, унинг келишини кутмасдан уйга бостириб киришган ва 10 та талончи қўлига илинган нарсаларни кўтариб ўзларини эшикка уригшган, тунаб тўлишгачгина далолатнома тузишган эди.

Мен, турмуш ўртоғим ва ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамовлар ўзимизга тегишли бўлган мол-мулкларни рўйхатдан чиқариш ва қайтаришларини сўраб Учтепа туман суд ижрочилар бўлимига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритган эдик.

Бугун, 2016 йилнинг 8 июнь куни бизнинг даъво аризамизга асосан суд жараёни бўлиб ўтди.

Оддийгина мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги суд жараёнига кузатувчи сифатида иштирок этиш мақсадида ташриф буюрган “Альянс”инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева ва ҳуқуқбон Татьяна Давлатовалар киритилмади.

Кузатувчиларнинг зудлик билан хонадан чиқиб кетишларини талаб қиламан. Акс ҳолда суд бошқа кунга қолдирилади” деди Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро судининг судьяси Хашимов.

Провардида, биз, даъвогарлар суднинг кузатувчиларсиз ўтишига рози бўлишга мажбур бўлдик.

Суд деганларида умримда биринчи бўлиб иштирок этишим эди. Бу бир спектакль бўларкан.

Судья Хашимов ижро ҳаракатлари олиб борилган уй турмуш ўртоғимнинг хусусий мулки эканлигини тасдиқловчи маълумотларга ҳам қарамади, мусодара қилиш учун олиб кетилган мол-мулклар меннинг, турмуш ўртоғимнинг, Шуҳрат Рустамовнинг мулки эканлигини исботловчи харид ҳужжатларига ҳам эътибор қилмади.

Судьяга кўра, Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиев имзоси билан судга “2016 йил 30 март куни Эшонқулова истиқомат қилаётган уйдан мусодара қилинган мол-мулклар нархланиб, сотиб юборилган. 7 турдаги сотилган мол-мулклардан тушган 2.307.600 маблағ департемант ҳисоб рақамига келиб тушган” деган мазмундаги сохта маълумотлар битилган хат таъқдим этилган.

Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи Махамадиев томонидан имзоланган хатни сохта дейишимга асос шуки, мазкур номага на сана қайд этилган, на да чиқиш рақами кўрсатилган.

____.06.2016 йил” деб ёзилган холос.

Бунингдек тутуриқсиз хат асосида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман суди иш кўриши мумкин. Бироқ ақли расо киши бунингдек номалар асосида қарор қабул қилмайди.

Дарҳақиқат, судья Хашимов суд ижрочиларининг хатига асосланган ҳолда биздан ноқонуний тарзда суд ижрочилар томонидан тортиб олинган, ўз уйимиздан тунаб кетилган мол-мулкларни қайтариб беришларини сўраб ёзган даъвомизни рад этиш тўғрисида қарор чиқарди.

Кузатишларим натижасида шунга амин бўлдимки, муаммонинг илдизи Учтепа туман суд ижрочиларида эмас, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяларида ҳам ҳеч бир ҳуқуқ йўқ.

Бор муаммо режимда.

Судья ва ижрочилар режим қўлидаги қўлларига арқон тортилган ёғоч қўғирчоқлар холос.

Президент қизлари миллардлаб маблағларни ўмариши, қариндошлари миллионлаб халқ пулига ҳориждан кошоналар харид қилиши, корчолонларнинг талон-тарож қилишлари ортидан Ўзбекистон ҳукуматининг хазинаси бўшаб қолган. Бўм-бўш хазинани тўлдириш зарур. Айни дамда ҳукумат давлат идоралари хизматчиларига ойлик иш ҳақи тўлаш масаласида ҳам ожиз қолмоқда.

Хўш, шундай экан, у ҳолда нима қилиш керак?

Ўз Конституцион ҳуқуқидан фойдаланишни истаган, қонундан четга чиқмаган фуқароларга жарима солиши, тинч аҳолининг уйини тунаши, талаши, ноқонуний мусодаралар ортидан кўркаламуш каби кемириб битирган давлат хазинани бут қилишлари зарур.

Бизга қарашли хусусий мулк уйимиздан мол-мулкларимизни тунаб кетилиши ва пуллаб юборилиши ана шу заруратнинг давлат хазинасини бутлаш йўлидаги уринишнинг дебочаси.

Суд ижрочилар ниқоби остидаги қороқчилар томонидан ноқонуний равишда мусодара қилинган мол-мулклар 2 миллион сўмга пулландими? Ана, боринг, нари борса 10 нафар давлат идорасидаги ишчининг бир ойлик маоши қопланишига кафолат бўлдими?

Балки шу билан ҳукуматнинг қароқчилик қилаётган қонун идоралари қайсидир маънода фойда кўргандек туйилиши мумкин. Бироқ бунингдек ноқонуний қарор қилмиш ортидан ҳукумат жуда катта йўқотишга учради.

Фуқароларининг ишончини, ҳурматини паймол этди.

Бугун бизнинг хусусий мулкимизни ноқонуний тарзда тунаш орқали хазинага оз бўлса-да ақча кирар. Бироқ, эртагачи? Эртага далват хазинасини ниманинг эвазига тўлдирамиз?

Биз каби ўзгаларни ҳам қақшатиш орқалими?

Бу аҳволда ҳукумат бутун бошли фуқароларини бой бериб қўяди-ку!

Зарнигор АЛИМБЕКОВА

003