Apr 062015
 

Эҳҳҳ, у ерни Қашқадарё дейдилар!

Қашқадарёнинг ҳуқуқ идораларига ари уясидек ўрнашиб олган қашқирларини айтмайсизми? Афтидан улар суд-ҳуқуқ идораларини асал – бол берадиган беминнат маскан –амал курсиси деб ўйлашади чамаси-да!

Биттаси Шаҳрисабз туман прокурори бўлмиш жаноб Аширов деганлари ҳатто инсон ўлигини, совуб қолган танасини ҳам сўмга сотиб кун кўрадиган муттаҳамлардан бирига ўхшайди!

Жа-ааа унчалик эмасдир-ов дейсизми?

Унда эшитинг:

2015 йилнинг 11 январ куни Шаҳрисабзда бир эмас, бира тўла икки инсоннинг жанозаси ўқилди. Бир куннинг ўзида икки банданинг танаси совуқ тупроққа қўйилди.

Нега?

Негаки, айнан ўша куни Қашқадарёнинг Шаҳрисабзида қотиллик содир бўлди.

Жонига қасд қилинган марҳумлардан бири, 1962 йилда туғилган Астанов Мансур Қиличевич Шаҳрисабз туман, Чўлпон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Бирдамлик” кўчаси, 32-уйда оиласи билан истиқомат қиларди. Жўжа бирдек жон эди.

Раҳматлик 5 полопонини яхши кийдириб, яхши едириш илинжида 2006 йилдан то 2014 йилнинг ноябр ойига қадар тумандоши Носир Ғаниев ва фарзандлари Зиёд ва Жамшид Ғаниевларга тегишли “Камаз” русумли юк машинасида ёлланма ҳайдовчи сифатида тер тўкиб келарди.

Бироқ кейинчалик Ғаниевларнинг хуни айниганми, билмадик, хуллас, ёлланма ҳайдовчи ва “Камаз” соҳибларининг ўртасида пул олди-бердиси, иш ҳақи юзасидан низо келиб чиқди. 20014 йилнинг ноябр ойида….

Натижада эса… Эҳ, бизга нималар бўлаяпти ўзи?! Одамларимиз орасидан оқибат кўтарилаяптими-а? Натижада, 8 йиллик шерикчилик ҳам ҳотима топди, тумандошлик билан ҳам осонгина хайрлашишди.

Иш ҳақи, маблағ беришга кўзи қиймаган киши қўллари қотилликга қўл урди!

Қотилликка!

Наҳот Ўзбекистонда инсон умри пул-қоғоздан ҳам устун турса?!

Шундайга ўхшайди.

Акс ҳолда қотиллик рўй берганини била туриб, икки мурдани ерга берилганини кўра туриб, Шаҳрисабз туман прокурори Аширов қотиллик қурбони бўлган Мансур Астановнинг арз қилиб борган бевасини прокуратура биносидан қувиб солмаган бўлармиди?

Раҳматлик Мансур Астановнинг рафиқаси Дилрабо Примованинг кўрсатмаларига кўра, ота-бола Ғаниевлар 2015 йилнинг 11 январ куни “Пулингни берамиз, кел” дея телефонда турмуш ўртоғи Мансур акани чақиришди. “Мана, қўлимда уларнинг телефон рақамидан турмуш ўртоғимнинг телефон рақамига бир неча бор қилган қўнғироқлари юзасидан далиллар бор…. Турмуш ўртоғим, “Ҳақимни олиб келай, тез келаман” деб чиқиб кетди” дея зорланади бевақт бева қолган аёл.

Юқорида номлари келтирилган ота-ўғиллар ўз шериклари Ашуров Шокир, Лазиз, Актамлар билан арз қилувчи бева Дилрабо Примованинг турмуш ўртоғи Мансур Астанов ва 1998 йилда таваллуд топган ёшгина норасидани – Акрам Ғузаровни ваҳшийларча калтаклашади.

Икки жабирдийда оғир жароҳат олгачгина зўравонлар жабирланувчиларни ўз шахсий енгил автомашиналарида туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига элитишади ва “Кўчадан топиб олдик” дея ташлаб кетишади.

Жабрланвчининг беваси шифохонага борганида саноқсиз милиция ва прокуратура ходимларига кўзи тушади…

Шифокорларнинг шошилинч кўмагига қарамасдан аёвсиз калтакланган икки шахснинг ҳам жони узилади.

Қизиғи шундаки, қаршисида калтакланган икки мурда ётган бўлишига қарамасдан, Шаҳрисабз туман прокурори Аширов негадир Жиноят иши қўзғатишга, жиноятчиларни топиб, қонун йўли билан жазолашга шошилмайди.

Ваҳоланки, прокурор дегани ўз ишини билиб қилмайдими? Токи жиноятчилар Ўзбекистон деб аталмиш мустақил диёрда қонун устивор эканлигини, бировни шавфқатсизларча калтаклаш, қотилликка қўл уруш тугул, ўзгани чертиш ҳам мумкин эмаслигини, ҳар қандай ноқонуний ҳаракат жазосиз қолмаслигини билиб қўйишлари керак эмасмиди?

Бироқ, бундай бўлиб чиқмади. Туман прокурори Аширов жаноблари ўз лавозимини суиистеъмол қилди. Марҳум Мансур аканинг бунингдек ноҳақликка бардош бера олмаган беш болали беваси Дилрабо опа туман прокурори Ашировнинг қабулига Ғаниевлар ва уларнинг зўравон шериклари устидан жиноят иши қўзғатишни сўраб арзнома билан киришга мажбур бўлади. Бироқ…

.. . жаноб Ш. Аширов аризамни қабул қилиш ўрнига, қотилнинг ёнини олиб, мен ва беш нафар фарзандларимни “Қаерга борсанг, бор, қўлингдан ҳеч нарса келмайди!” деган ҳақоратли сўзлар билан давлат идорасидан ҳайдаб солди”, – калтаклар зарбида оламдан кўз юмган Астановнинг беваси, беш нафар боланинг онаси Дилрабо Примова Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Рустам Иноятовга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашиджон Қодировга, хуллас, жамики юқори турувчи қонун идораларига 2015 йилнинг 26 январ куни йўллаган шикоят хатида ана шундай дея зорланади:

Давомини эшитинг, ундан-да даҳшатли:

ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТИНИ ЁПДИ-ЁПДИ ҚИЛИШ УЧУН МАБЛАҒ ТАКЛИФ ЭТИШГАН:

… Ғаниев Зиёд Носировичнинг отаси Ғаниев Носир Ғаниевич уйимдан бир неча марта қувиб юборганимга қарамасдан, келиб катта миқдорда бизга пул беришини таклиф қилди. Инсон қадри пул билан ўлчанадими? Мен ерга туз ёки тош кўмганим йўқ. Беш нафар фарзандимнинг отасини кўмдим….

… Бу Ғаниев Зиёд Носирович деганлари 1984 йилда туғилган. У жуда кўп жиноятларнинг бошида турган пулдор бойвачча. Илгари ҳам бир неча марта катта-кичик жиноятлари учун судланган, наркотик моддалар истеъмол қилганлиги учун бир неча марта даволаниб чиққан. Ҳар-хил жиноятлар қилишига қармасдан унга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Мана, ҳозир ҳам айбдор шахс бўлишига қарамасдан уюшган гуруҳи билан кўчада бемалол юришибди….” дея фарёд уради беш болали бева Дилрабо Примова.

Бироқ унинг шикоят хатлари одатдагидек жавобсиз қолди. Юқори қонун идоралари Шаҳрисабзлик марҳуминг бепул бевасига икки қатор жавоб қилишни ўзларига эп кўрмадилар.

Бироқ, “Йиқилган курашга тўймас”… 2015 йилнинг 10 феврал куни беш болали бева Бош прокурору МХХ раисига такрор бўзлай бошлайди.

… Инсон тақдири ўйинчоқми? Пули йўқ, қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ўйлаб, бегуноҳ иккита инсон ўлиб кетаверадими?…

Сизлардан илтимос, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97- моддасига асосан ҳукм чиқариб, ҳақиқий жиноятчиларни ўз қилмишларига яраша жазо олишларини, ҳақиқат юзага чиқишида амалий ёрдам беришларингизни сўрайман” дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи Примова.

Яна сукунат. Яна юқори қонун идораларидан жавоб йўқ.

Юқори идорадагилар мум тишлашини қўймайди, раҳматликнинг беваси қонун идораларидан яна ва яна кўмак сўрашдан қайтмайди. Такрор-такрор арзномалар битишдан толмайди….

Ҳар сафар шу ҳол такрор…

Фуқароларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ на Бош прокуратурадан ва на Қашқадарё вилоят прокуратурасидан, ИИБ бошқармасидан жабирдийданинг аризаларига бир энликкина жавоб қайтарилмайди.

Халқимиз “Ушовига қараб – тушови” дейишади.

Юқори қонун идоралари учун инсон қадрининг қиммати бўлмагач, Шаҳрисабз туман прокурори Ашировдан не умид?

Таассуф: Ўлим, қотилликдек жиноят содир бўлган жараёнда Шаҳрисабз туман прокурори марҳумнинг беваси Дилрабо Примованинг аризасини кутиб ўтириши керакмиди? Шу шартмиди?

Нима, жиноят иши қўзғатиш учун етарлича асос йўқмиди?

Модомики, жиноят иши қўзғатишга етарлича асос йўқ деб ҳисобланган ҳолатда ҳам, нега прокурор ўз вақтида “Жиноят иши қўзғатишни рад этиш” ҳақида қарор чиқармади, марҳумнинг бевасига бермади, тушунтирмади?

Во дариғ, мабодо ундай деб ўйлайдиган бўлсак…. Бир эмас иккита калтакланган фуқаронинг жасади, аёвсиз зарблар ортидан жон таслим қилган икки нафар марҳумнинг мурдасини ўзиёқ зудлик билан жиноят иши қўзғатиш учун асос бўла олмасмиди? Буни прокурор жаноблари билмасмиди? Наҳотки?

У ҳолда Шаҳрисабз туман прокурори Аширов нима учун ёш боладек хўрозқанд шимиб ўтирибди?

Уни тепадан Шаҳрисабзга пора – пул тергани, мурдалар орқасидан маблағ тўплагани прокурор қилиб қўйишганми?

Нима сабабдан Аширов каби прокурорлар ишончни оқламайди? Нима учун кимсан прокурор билдирилган ишончни пора илинжида топтайди, оёқ остига олади?

Бунинг жавобини ким беради?

Хурсандой АЗИЗОВА