Jan 242015
 

 

Маълумки,биофизика биология илмидек тавсифий бўлмай балки биологик жараёнларни физикавий – кимёвий талқин қиладиган экспериментал фандир.Мазкур соҳа табиий фанлар ичида хали жуда ёш бўлиб, мустақил фан сифатида шаклланганига 50 – 60 йил бўлди.Ўзбекистон Республикасида биринчилар қатори ушбу фан пойдеворига асос солган,уни ҳар тарафлама ривожлантириб,мазкур соҳада мактаб яратган устоз академик Бекжон Ойбек ўгли Тошмуҳамедовдир.


Бекжон аканинг инсоний фазилатлари,илм соҳасида беназир истеъдод эгаси бўлиши ота – боболаридан ўтган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йилнинг 27 январида Тошкент шаҳрида,муҳтарам адибимиз Ойбек домланинг оиласида иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. Оналари Зарифа опа ўзбек аёлларидан биринчи кимёгар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби. Боболарининг бирлари оддий мехнаткаш боғбон,иккинчилари эса ўтган асрнинг бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоларидан Саидносир Миржалиловдир.


1958 йилда Бекжон Тошмуҳамедов М.Ломоносов номли Москва Давлат университети биология – тупроқшунослик факультетини муваффақиятли битириб, шу йили мазкур илмгоҳнинг Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедрасига аспирантурага қабул қилинди. У 1962 йили Москва давлат университетида фан номзоди,1971 йили эса Москва якинидаги биология фанининг маркази бўлган Пушчино шаҳридаги Биофизика илмий текшириш институтида фан докторлиги диссертациясини ёқлайди.


Меҳнат фаолиятини Тошкент Давлат университетининг (хозирги ЎзМУ) Биология – тупроқшунослик факультети қошидаги биокимё – биофизика кафедрасида ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Биокимё илмий текшириш институтида ташкил қилинган биофизика лабораториясида мудирлик лавозимидан бошлади. 1980 йили Тошкент Давлат университетида биофизика кафедраси ташкил қилиниб,унга Б.Тошмуҳамедов раҳбарлик қила бошлади.

 

Билимгоҳларда Б.Тошмуҳамедовнинг илмий ва педагогик фаолияти ҳар томонлама кўзга ташлана бошлади. 1970 йиллардан бошлаб, Б.Тошмуҳамедов ўз атрофига илмда фидоий бўлган ёшларни тўплаб, ўзига хос илмий мактаб шакллантираётгани кўзга ташлана бошлаган эди.
Биология фанининг оқсоколи академик Ёлқин Тўрақулов бир суҳбатда Б.Тошмуҳамедовни “илмий ғоялар хазинаси”деб атаган эдилар.Шогирдга устоз томонидан бериладиган баҳо бундан ортиқ бўлмаса керак.


Бекжон Тошмуҳамедов 1985 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Физиология ва биофизика институтига директор этиб тайинланди. 1979 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Физиология ва биофизика институга директор этиб тайинланди.1979 йилда Ўзбекистон мухбир аъзоси этиб сайланди. 1985 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Ўзбекистоннинг илмий равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Б. Тошмуҳамедов Президентимиз Ислом Каримовни фармони билан 1992 йилда Республика Олий Аттестация Комиссиясига раис этиб тайинланди. Албатта, табиий ва ижтимоий фанларни пухта эгалланган, фанда ва ҳаётда ўзига хос “ўжарлиги” ҳисобга олиниб, Б.Тошмуҳамедовнинг шундай эътиборли даргоҳга раҳбар этиб тайинланиши мамлакатимизда илмий кадрларни танлашда хақиқат тантана қилаётганидан далолат беради.


Б. Тошмуҳамедов биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича танилган йирик тадқиқотчидир.У собиқ Иттифоқда биринчилардан бўлиб, ҳужайра мембранасидан модда ва ионларнинг фаол ташилиши ҳақидаги янги илмий талқинларни кашф этди.


Бекжон Тошмуҳамедов 1985 йилда Ўрта Осиёдаги заҳарли ҳашаротларнинг таъсир қилиш механизмлари учун собиқ Иттифоқнинг Давлат мукофотига сазовор булди. У Ўрта Осиё илонларининг заҳарли таркибини тадқиқ қилиш бўйича олиб борган илмий изланишлари учун Беруний номидаги Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди. Унинг 500 га яқин мақолалари, бир неча рисола ва монографиялари нашр этилди. Унинг раҳбарлигида 20 нафар фан доктори ва 60 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиқди.


Бекжон ака Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби. Олимнинг шогирдларидан академиклар: А. Қосимов, Т. Орипов, А.Холмурадов, А.Абдукаримов, етакчи фан докторлари профессорлар Р.З. Собиров, М.Х. Рахимов, А.Х. Хамракулов, М.У. Тўйчибоев, П.Б. Усмонов,А.И. Гагельганс,У.З. Мирходжаев ва бошкаларни кўрсатиш мумкин.Бекжон акани шогирдларини ҳозирги кунда дунёнинг деярли хамма мамлакатларида етакчи илмий ходим сифатида учратиш мумкин. Олимнинг якин шогирдларидан профессор Р.З. Собиров Японияда илмий лабораторияга раҳбарлик қилмоқда. Мазкур лабораторияга ҳар йили магистр, аспирант, докторантлар илмий сафарга бориб келмоқдалар. Бекжон ака ўзининг 55 йиллик илмий фаолияти даврида ҳужайра мембранасига таъсир қилувчи фаол моддаларнинг тадқиқоти бўйича Ўзбекистонда илмий марказ яратди ва бу марказ халқаро миқёсида эътироф этилган. Шунинг натижаси ўлароқ бу илмий марказнинг биофизика лабораториясида хорижий мамлакатлар, жумладан, Хитой,Корея,Ҳиндистон, Араб мамлакатлари,Польша ва бошқа жойлардан тадқиқотчилар келиб тадқиқот ишларини амалга ошириб, баъзилари илмий унвонларга эга бўлмоқда.


Б.Тошмуҳамедов бир неча илмий марказ ва академияларнинг фахрий аъзоси сифатида халқаро илмий анжуманларга тез тез таклифномалар олиб туради. АҚШ,Англия,Германия, Франция, Швеция,Дания каби мамлакатларда ўтказилган анжуманларда илмий маърузалар билан қатнашган. Яқинда Япониядаги университетларнинг бирида олти ой давомида бўлиб тадқиқот ишларида бевосита иштирок этдилар.Бу илмий сафарда олинган маълумотлар,уларнинг таҳлили ва келгусидаги режалар Япониянинг илмий журналида эълон қилинди. Собиқ Иттифоқ даврида устоз Бекжон ака елиб югуриб ташкил қилган Фанлар академияси қошидаги Физиология ва биофизика илмий тадқиқот институни директорлик лавозими, ЎзМУ хузуридаги биофизика илмий тадқиқот кафедрасини мудирлиги каби рахбарлик ўринларини олтмиш ёшдан сўнг шогирдларига топширдилар.Ўзлари эса илмий лабораторияда мудир ва маслаҳатчи бўлиб ишламоқдалар.


Устознинг охирги йиллардаги илмий қараш доиралари яна ҳам кенгаиб, фан ютуқларини амалиётга қўллаш устида илмий асосланган режа ва таклифларни матбуотда эълон қилмоқдалар.


Маълумки, республикамиз тупроғининг ярмидан кўпроғи шўрланганлиги туфайли ҳосилдорлик камайиб кетмоқда.Шўрланган тупроқларда ҳосил берадиган трансген ўсимликларни (Ғўза,буғдой,шоли ва бошқа) бизни иқлим шароитга ва тупроқ муҳитга мослаштириб экишни таклиф қиладилар. Мазкур соҳада Генетика ва Ботаника институтларида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки натижалар ижобий деса бўлади.Лекин айрим олимларимиз ва зиёлиларнинг бир қисми трансген ўсимлик ва ҳайвонларнинг республикамизга кириб келишига қарши чиқиб, халқимиз геномига салбий таъсир қилиши мумкин, деган, фикрни билдирмоқдалар. Бекжон аканинг фикри бу соҳада ижобий. Улар инсоният бу соҳага мурожаат қилишга мажбур деб,ўсимликлардаги 15 – 18 минг генлардан бир иккитаси ўзгарса бунинг хафли томони бўлмаслигини тушунтирадилар. Одамлар бир неча минг йиллардан бери ўсимлик ва ҳайвон озиқалари билан овқатланадилар,лекин бирор инсоннинг бошида барг,орқасида дум пайдо бўлмадику деб хазиллашадилар.


Сув танкислиги туфайли қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб суғоришнинг афзаллигини,бу билан минглаб куб метр сувни тежаш мумкин эканлигини олимимиз амалда исботлаб бердилар.
Олимнинг айрим фикрлари хаёлий бўлса ҳам, лекин илмий асосланган. Антропоген таъсирида дунёнинг иқлими ўзгариб
об хавоси исиб бормоқда. Худди шу муаммони антропоген ёрдамида ҳал қилиш кераклигини Бекжон ака тушунтирдилар. Ўн йиллар давомида бизнинг худудимизга ҳаво оқимининг кириб келиши, турон ҳаво массасининг шаклланиши,ёғин сочинликни ҳосил бўлишида булутларнинг микроструктураси энергетик тафсифи, уларга тоғ тизимининг таъсири яхши ўрганилган.


Бекжон ака баланд тоғ ёнбағирларида циклон билан антициклон учрашадиган ҳудудларда булутлар оқимига самолётлар орқали аэрозоль ёки карбонат ангидрид гранулаларини сепиш йули билан ёғин – сочинни худудимизда етарли даражада кўпайтириш усулларини илмий асослаб бердилар. Устоз кўрсатиб берган лойиҳани амалга оширсак, дарёларда сув етарли даражада кўпайиши, кишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг кенгайиши,хуллас , гидроэнергетик имкониятларимизнинг самарадорлиги янада ошган бўлар эди. Бекжон ака сунъий йўл билан локал ҳудудларда ёғингарчилик яратилганда, сув оқими бошқа ерларда камайишига таъсир қилмаслигини илмий асосламоқдалар. “Шуни эсда тутмоқ зарурки, – дейдилар Бекжон ака, – келгусида об ҳаво глобал исиши натижасида музликларимиз эриб дарёларимиз сувсиз қуриб қолиш эхтимолини олдини олиш, юқоридаги лойиҳаларни ўрганиб ҳар қандай салбий оқибатларга тайёр бўлишимиз керак.”


Бекжон Тошмуҳамедов 80 ёшни қаршилаётган бўлсалар ҳам ўзлари тетик, фикрлари тиниқ , ижодий иш билан фаол шуғунланмоқдалар.
Устознинг рафиқалари кимё доктори, профессор Ойниса Каримовна кимё соҳаси буйича илм аҳлини тарбиялашда муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Улар фарзандларнинг онажониси, набираларнинг севимли бувижонлари ҳамдирлар.
Биз, республикамизга зиё нурини тарқатувчи илмий кадрлар тайёрлашда ҳалол мехнат қилаётган олимлар оиласига узоқ умр, сихат саломатлик тилаб қоламиз.

Профессор М.Н. Валихонов