Jan 102015
 

 

hat (1). Chuyan. 07. 11. 2014.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фаол аъзолари бўлган Ғайбулло Жалилов ва Чўян Маматқуловларнинг ахволи яхшиланган кўринади. Баъзи
маълумотлардан сўнг айни хулосага келиш ҳам мумкиндир балки, лекин бу
дегани, “аҳволи яхшиланди!” дeгани ҳам эмас. Шу ўринда бир қанча тайин
саволлар туғилади ва уларнинг энг асосийси қуйидагилар бўлиши тайин:
“туҳмат сабаб ноҳақ қамоққа олиниб судланган ва “одил суд” томонидан
жиноятчи дея тан олинган шахслар озодликка чиқмас экан ва уларга
етказилинган моддий-маънавий зарар тўлаб берилмас экан, унда аҳвол
яхшилиланди дейиш ноўрин бўларди. Қачон адолат тикланади? Умуман
тикланадими ўзи? Бу саволларга жавоб, тайин-ки йўқ!

Инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси билан машғул нуфузлик халқаро ташкилотлар
бизнинг фаолларимизнинг бугунги тақдирларига бефарқ эмас ва доимий
равишда уларнинг аҳволини  суриштириб туришади. Бунинг учун биз
албатта миннадормиз.

Бизгача етиб келаётган маълумотларга кўра, ҳозирда қамоқдаги ҳуқуқбон
Ғайбулло Жалилов ғишт заводида ишлаб юрган экан. У колониядаги
егулик-таомлар сифати ҳам бироз бўлсин яхшиликка томон
ўзгарилганлигини маьлум қилган. Албатта турмадаги ҳуқуқбоннинг энг
тансиқ таоми ҳам озодликдаги энг сифатсиз таом даражасига ета олмаса
керак.

Чўян Маматқуловдан эса оила аъзоларига мактуб келган. Мактубда
битилишича,  фаолимизни юқорига ёзган шикоят мактублари ўша юқорининг
ўзига юборилибди! Хабарларингиз бор, бу фаолимизнинг ёзишмалари
колония ва турма деворларидан нарига ўта олмаётганди. Бу ҳақида ҳам
илгари хабар ва маълумотлар тарқатган эдик. Эндиликда унинг ёзган
шикоятлари эгаларига етиб борган чамаси…

Чўян Маматқуловнинг ёзган мактуби мавзуси ҳам айни шу ҳақида экан.
Хуллас ҳаммаси “ ОК” дея олмаймиз!
Нега деганда, улар ҳибсда қолишда давом этишаяпти. Улар озодликка
чиққан куни хаммаси “аьло” дейишимиз ҳам мумкин, шунда ҳам
Ўзбекистондаги ҳуқуқий тангликдан келиб чиқиб шундай десак бўлар балки.
Аммо умидларимиз сўнгани йўқ! Ахир бежиз айтишмаган: ”ноумид шайтон”!

Ҳозирча аниқ билиб турганимиз, Қашқадарё вилоятидан бўлган бу ҳар
иккала фаолимиз Навоий вилоятидаги жазони ўташ муассасаларида, шунда
ҳам улар бошқа-бошқа колонияларда  эканликларини билганимиз бўлди,
холос.

Яна бир ажабланарлик томони эса, улар баьзи бир  шахсий эҳтиёжлари
учун зарур бўлган нарсаларни имкон қадар тезроқ юборишларини сўрашгани. “Бунинг нимаси ажабланарлик?”- деган савол туғилиши мумкин, албатта. Негаки, турмаларда ётганларни таъминлаш давлатнинг зиммасидалиги. Аммо туҳматга қамоққа ташланганларни давлат таъмин этмайди ва бунинг жабрини уларнинг яқинлари тортишлари лозим.

 

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

10январь, 2015-йил.