Nov 172014
 

 

70-йилларда биз тўйларга борсак фақат миллий чолғуларимизда қўшиқ айтар эдик. Тўйда қатнашаётган ёш, шўх болаларнинг қулоғи ҳам фақат миллий қўшиқларимизни эшитарди. Радио-телевидениеларда ҳам фақат миллий қўшиқлар-куйлар янграр эди. Мутасадди кишилар ҳонандаларни ўзлари яратаётган қўшиқларида миллийликдан чалғиб кетмасликларини талаб этардилар.

90-йилларга яқин Ўзбек миллий қўшиқчилигига Ғарбий Овропонинг гитара, ионика, синтезатор каби созлари кириб келди. Бунинг ташаббускорлари Шерали Жўраев, Нуриддин Ҳамроқуловлар бўлишди.Бу қилган ишлари учун уларни халқ ҳеч қачон кечирмаслиги керак. Уларнинг мана шундай ташаббуслари оқибатида, ҳозирга келиб маҳаллалар, кўп қаватли уйларда тўй бўлса “Ҳофизча”ларнинг шовқин-сўрондан иборат “қўшиқ”лари туфайли ўша маҳалла ёки кўп қаватли уйларда яшаётган қўни қўшнилар кеч соат 12гача на дам ола биладилар, на ухлай оладилар.

Техника фанлари номзоди Абдушукур Абдуллаевнинг маҳаллий ОАВларига ҳикоя қилишича, у дўстлари билан бир қариндошининг тўйида бўлган:

Қариндошимизнинг тўйида товуш кучайтиргич шундай созланган эканки, карнайлардан йигирма метр узоқда ўтирганимизга қарамай, мусиқа зарбининг ҳаддан зиёд баландлиги нафақат асабга, ҳатто юрак уришимизга ҳам таъсир қила бошлади. Қўлимдаги мобиль телефоним орқали шовқин даражасини ўлчаб кўриб, ҳайратим ошиб кетди- мусиқа шовқини 115-120 децибеллни кўрсатиб турарди. Баҳона қилиб тўйдан чиқиб кетдик. Қулоқнинг зинғиллагани анча вақгача безовта қилиб турди.”

Олимнинг айтишича, бундай шовқин сўронлар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Инсон-ку майли бундай шовқинлар ҳатто металл синчларидаги улама жойларини қўпориб ташлаши мумкин экан. Узоқ муддат юқори даражадаги товуш таъсири остида бўлиш эшитиш қобилиятини пасайишига олиб келади. Ҳозирги замонавий мусиқа шайдоси бўлган ёшларнинг 20 фоизида эшитиш қобилияти 80 ёшдаги қарияларнинг эшитиш қобилиятига тенглашиб қолган. Баланд товушли шовқин инсоннинг кўриш билан боғлиқ аъзоларига ҳам салбий таъсир этиб, кўз равшанлиги ва унинг рефлектив фаолиятини пасайтиради. Демак, ҳафтада бир марта юқоридагидек тўйларда бўлиш инсоннинг мехнат фалолиятини ҳам пасайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам хориждаги тўйларда мусиқа товуши баланд қилиб қўйилмайди. Мусиқани эшитиб бемалол гаплашиб, дам олиб ўтираверасиз. У ерларда бунга маданият белгиси сифатида қаралади.

Ҳақиқатда ҳам ҳозир мана шундай шовқинли қўшиқларни муттасил равишда эшитавериш оқибатида одамлар ёнма-ён туриб ҳам бир-бирига бақириб гапирадиган бўлиб қолди. Балконигиздан кўчага қарасангиз уч киши гаплашаётган бўлса булар жанжаллашяптими деб ўйлайдиган бўлиб қолдик. Бундай “қўшиқ”лар ёшларни маънавий ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатаябди. Бундай миллийликдан йироқ қўшиқларни эшитиб катта бўлаётган ёшларнинг фикрлаш доираси ҳам ҳаминг қадар. Улар эли-юрт муаммоси, келажак ҳақида ўйламайдилар, бугунлари еб-ичиш ва ўйин-кулги билан ўтса бўлди.

Мен бир нарсага ҳайрон қоламан. Бирор марта Овропа ёки ғарбдаги қўшиқчиларни танбур, дуторда қўшиқ айтганларини эшитиб ёки кўрганмисиз? Албатта йўқ. Унда нима учун бизнинг “Ҳофизча”лар фақат Овропанинг асбобига осилиб олганлар? Аҳир миллий чолғуларимизда мумтоз қўшиқларимизни куйлаб тирикчилик қилиб юрган ўнлаб хонандаларни биламан.

Шунинг учун мутасаддилар ҳонандаларга лицензия бераётганларида миллий манфаатлардан келиб чиқиб баъзи вазифаларни улар зиммасига юклашлари керак. Ҳуллас, бу муаммо хукумат даражасида кўриб чиқилсагина ечимини топиши мумкин.

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
17-ноябрь , 2014-йил.