Sep 212014
 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ислом Абдуғаниевич Каримов номига

Қарши шаҳри, Ёшлар кўчаси 1- уйда

яшовчи Қораева Гулшан томонидан

ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Сизнинг номингизга интернет тармоқлари орқалик очиқ бир мактуб йўллаб
мурожаат қилишга мажбур қолдим. Сабаби эса оддий. Мактуб йўллаганим
билан у Сизгача етиб боришининг ўзи даргумон, етиб борганида ҳам
қўлингизга бориши ҳам гумон. Гап шундаки, Ўзбекистонда оддий аҳолини,
яъни на тузукроқ иши ва на даромади ҳам бўлмаган одамларни турли
ташкилотлар қарздор қилиб қўйиши одатга айланди. Бу кўринишдаги
ҳолатларни хорижий радиолар ҳам ёритиб бормоқда ва тушуниш керакки,
масала жуда жиддий ва унга Сизнинг диққатингиз зарур. Минглаб одамлар
Президентдан умидвор бўлишади ва бу умидларни сўндирмаслигингизга
ишонаман.

Ўзбекистонда аҳолининг “қарздор” бўлиб қолиши йилдан йилга ортиб
бормоқда. Бу каби “қарздорликлар” ҳақида гап кетганида, балки бу
хабарлар ичида нимадир ҳақиқатга яқин бўлса керак деб ўйлардим.
Афсуски, бундай эмас экан. Бунга мана шу кўринишдаги “қарздорлик” ўз
бошимга ҳам келиб тушганидан сўнг ишонч ҳосил қилдим. Аҳоли асосан
ёнмаган газ учун ёки ишлатилмаган электр қуввати учун қарздор
қилиниши одатга айланди. Нима учун жойлардаги муассасалар айни йўлни
танлашмоқда? Ҳар қалай, ҳақиқий сабабини билмасамда, аммо ўз
тахминимга эгаман. Электр қуввати ва газ маълум бир танланган одамлар
хонадонига керагидан ортиқ даражада етказиб берилади, аммо бошлиқлар
ўша одамларни на қарздор қила олади ва на улардан ишлатилган газ ёки
электр қуввати учун тўлов талаб қила олишмайди. Бунинг жабрини эса
шундоқ ҳам тузукроқ даромади бўлмаган оддий аҳоли тортиши керак бўлиб
қолмоқда. Нима учун? Айбимиз нима бизнинг?

Мен Қарши шаҳридаги Маҳоллот маҳалласида истиқомат қиламан. 2012 йил
эди, маҳалламиз бўйича Қарши шаҳар электр тармоқлари идораси ходимлари
рейд ўтказишди. Улар маҳалладаги барча хонадонларга бирма-бир ташриф
буюриб, собиқ  иттифоқ давридаги электр ҳисоблагичлари яроқсиз
эканлигини уқдириб, янги ҳисоблагичлар олиш кераклигини таъкидлашди.
Кимдаки электр ҳисоблагичлар эски бўлса, уларга нисбатан АКТ тузилиб
анчагина миқдорида тўлов ҳам уларнинг зиммаларига юклатилиб қўйилди.
Мазкур очиқ мактубимга шу актни, ва бошқа ҳужжатларни ҳам илова
қиламан.

Янги электрон ҳисоблагичларга ўтиш учун эса, актда кўрсатилинган
суммани тўлаб беришимиз шарт эди. Мазкур ташкилотга актда кўрсатилган
суммани тўлаб бериб, сўнгра янги ҳисоблагич учун ариза ёзиб мурожаат
қилдим. Шундан сўнгина менга рухсат беришди. Барча тўловларни доимий
равишда, ўз вақтида амалга бошириб бораман. Ҳозирги кунга келиб, бу
ташкилот мени қандай қилиб қарздорга айлантириб қўйганига ҳайрон
қолаяпман.

18 сенябрь куни соат 12.45 да Қарши шаҳар электр тармоқлари идораси
ходимлари тағин келиб, менга бир миллион сўмдан ортиқроқ қарздор
эканлигимни маълум қилишди. Шунга ўхшаш воқеа ўтган йилда ҳам
бўлганди. Мен буни суриштиргани электр тарқмоқлари идорасига
борганимда, ”англашилмовчилик” деб жўнатиб юборишди. Яьни компьютерда
адашиб қолишган экан. Мана шу англашилмовчиликни ҳужжатлаштириб олиш
зарур бўлганлигини хаёлимга ҳам келтирмабман. Умуман олганда, ҳамма
ҳам адашади ва у хатосини тузатганида, бунинг учун ҳужжат талаб қилиш
одатда лозим эмас. Ахир хатоликни тузатишадику.

Ана энди бу пуллар 2014 йилда  “туғибди!”.  Мен бу карзни каердан
олиб ёзилганлигини асослаб беришларини сўрадим. Ўзимизнинг назоратчимиз
Абдурасул исмлик шахс эса қадам ҳам босолмай, ёш бир йигитчани юборган
экан. У йигитнинг қўлидаги ҳужжатни суратга олдим, аммо назоратчининг
“курьери” шу заҳоти уни қўлимдан тортиб олди. Бу ҳужжат ҳаққоний
бўлса, унда нега у қўрқади?

Бу ёғи қаҳратон кунлар бошланади. Қарамоғимда эса ногирон бола бор. У
муттасил доим тўшакка михланган ҳолда. Бизнинг худудларимизда беш-олти
йил бўлдики табиий газ ҳам йўқ. На уйимизни иситамиз, на ҳаммомимизни.  Хуллас, дўзах азобида кун кўрамиз.

Ногирон болани қишдан чиқаришим учун ўзим емай, ўзим киймай болага памперс олиб кийдириб, қишдан чиқариб келаяпман. Буни  яширмайман. Ҳозир эса тағин
янги муаммо олдида турибман. Келаётган изғиринли кунлардан қандай
қилиб уни олиб чиқаман? Бу мен учун ҳозирданоқ катта қайғуга айланган!

Менга алам қилган нарса шуки, жойлардаги баъзи раҳбарлар ёрдамга
муҳтож қолган одамларнинг муаммоларини тағинда зиёда қилиш билан
оворалар. Улар қўшимча муаммоларни  туғдиришадими?

Менга ногирон болам учун давлат томонидан  бир юзу саксон етти минг
нафақа тайинланган. Бола учун текинга дори – дармон олмайман. Тутқаноқ
хуружига қарши Финлепсин деб аталган дорининг ҳам пачкасини 50 минг
сўм атрофида олаяпман. Уни топиш ҳам осон иш эмас. Қишнинг изғирини ва
ёзнинг жазирамаси демай, дорихоналарга қатнашга мажбурман.

Хурматли президент! Айтингчи мен қандай қилиб яшашим керак? Шунча
муаммо устига, тағин йўқ ердаги қарзни қаердан олиб тўлаб бераман? Ёки
бунақа одамларни тўхтатиб бўлмайдими? Шаҳар бедарвоза бўлмаса керак?

Шу йили эди,  Қарши шаҳар солиқ идораси ҳам англашилмовчилик туфайли,
менга 50 минг атрофида ошиқча солиқ солган экан. Адашиб. Солиқ
идорасида ҳам буни суриштирдим, ва улар ҳам “компьютер адашган” деб
қўя қолишди, аммо хатоларини тўғрилаб ҳам беришди.

Бизнинг шаҳримиз Қарши адашганлар ёки адашадиганлар шаҳрига айланиб
бормоқда. Мени бир нарса қизиқтиради. Нега энди бу казо-казолар
ўзларининг зарарларига адашиб қолишмайди, шундоқ ҳам ҳимоясиз
қолганлар зарарига адашадилар? Масалан, менинг зараримга.
Ўтган йили электр энергия тармоқ идорасининг ходимлари рейд қилиб
келишганда, қарздорлик менинг номимда эди, яқинда келган рейдчиларнинг
ҳужжатида отам раҳматлининг фамилиялари  кўрсатилган.Буни қандай
тушуниш мумкин? Ўтган йилги ҳужжатни ҳам расмга тушириб қўйишим шарт
экан.

Қарши шаҳар электр тармоғи идорасига борсангиз, бутун шаҳар
аҳолисининг, аниқроғи емаган сомсасига пул тўлашга мажбур этилаётган
қатламнинг додини эшитасиз! Ҳозир сентябрь ойи ва биз аллақачон табиий
газдан мосувомиз. Пропан газ ишлатишни бошлаб
юбордик. Биз учун қиш ваҳимадан иборат бўлиб қолган.

Ҳурматли Президент! Сиз 1991 йилда ваьда қилган “Келажаги буюк давлат”
шундай усуллар билан қуриладими? Буюк давлат қуриш учун оддий халқ
қарзга ботирилиши керакми?  Бўйнимга илинган қарздорлик бор. Қиш
мавсумига эса на кўмирим, на ўтиним бор! Пулим бўлганида ўтин ва
кўмирни ғамлаб қўйган бўлардим. Сизнинг қўл остингиздагилар ўлганнинг
устига тепган қилишмоқда ва бу масала ечимини эса Сиз топиб берасиз деб
умид қилиб қоламан.

 

 

Гулшан Қораева

 

21– сентябрь, 2014-йил.

 

DSCF1762

 

svet 2012

 

svet 2012 001

 

 

svet 2012 002

 

svet 2012 003

 

svet 2012 004

 

 

 

svet 2012 005

 

 

svet 2012 006

 

svet 2012 007

 

svet 2012 008