Sep 122014
 

 

Кейинги пайтда “Водийгаз-таъминот” унитар корҳонаси Наманган филиали одамларни газдан қарзи бўлмаса ҳам уларнинг бўйнига юз минглаб қарз илиб қўяпти. Бу халқнинг хақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Яқинда газга пул олувчи йигит уйимга келиб:”Ака одамларнинг газдан қарзи кўпайиб кетди, шуни ташкилотимиз раҳбарлари қарзи йўқларга бўлиб ташлаябди.Мен шунинг энг озини, яъни 80 мингини сизга ёзиб қўяман, топганингизда бероврасиз”-деди. Табиийки мен рози бўлмадим. Лекин кейин билсам барибир 80 мингни бўйнимга илиб қўйишибди.

Мени журналист сифатида ҳурсанд қилган нарса шуки,бундай кўз бўямачиликни фош қилувчи аризалар расмий газеталарда ҳам чоп этилмоқда.Наманган шаҳрида яшовчи М.Ғофуров “Субхидам” гаетасига қуйидаги арз билан мурожаат қилган.

Мен истеъмол қилган газ учун тўловларни ўз вақтида тўлаб келаман. Лекин “Водийгаз-таъминоти унитар корҳонасининг Наманган шаҳар филиали асоссиз равишда фуқаролик судига нореал бўлган табиий газ қарзини ўндириш ҳақида мурожаат этиб,мени ёзма равишда огоҳлантирмасдан, қарз бор йўқлигини аниқламасдан ариза топширган. Суд эса аризачининг талабини қаноатлантириб асоссиз равишда суд буйруғини чиқарган. Айтингчи, мен қаерга мурожаат қилишим керак?

Бу саволга адвокат Тоҳиржон Дадабоев қуйидагича жавоб қайтарди:

Афсуски ҳозирги кунларда бундай қонун бузилиш ҳоллари кузатилмоқда.Фуқароларнинг табиий газдан қарзи бўлмаган ҳолда истеъмолчиларни огоҳлантирмасдан,табииий газдан қарздорлик қачон пайдо бўлгани, истеъмолчи билан табиий газ етказиб бериш ҳақида шартнома бўлмагани ҳолда, агар истеъмолчининг газдан қарзи мавжуд бўлган тақдирда қарзини тан олгани тўғрисида далолатнома расмийлаштирмасдан табиий газ етказиб берувчи корҳоналар судга асоссиз равишда нореал бўлган газдан қарзни ўндириш ҳақида мурожаат этмоқдалар,суд эса ҳеч бир далилларсиз аризани қаноатлантириб суд буйруғини чиқармоқда ва фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари паймол бўлмоқда.Бундай пайтда фуқаролар ўн кунлик муддат ичида арз қилинган талабга қарши эътирозларини билдиришга ҳақлилар”.

Кўпчиликни бир нарса қизиқтиради. Умуман судъялар адолатсиз равишда қарор,ажрим ёки ҳукм чиқарса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинми? Бу саволга адвокат шундай жавоб беради:

Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодекси 231-моддасида адолатсиз ҳукм,ҳал қилувчи қарори,ажрим ёки қарор чиқаришда жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, мазкур модданинг биринчи қисмида олдиндан била туриб адолатсиз ҳукм чиқариш-беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, иккинчи қисмида эса ўша ҳаракат одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан белгиланган”.

Одамларда “ҳаракат қилганим билан барибир ҳеч нарса бўлмайди”-деган фикр шаклланиб қолган. Ҳаракат қилса бўлади. Аҳир адолатсиз ҳукм чиқарган судъя устидан ҳуқуқ тартибот органи ҳодимларига фуқаронинг ўзи ариза ёзиб бермаса улар қандай қилиб бу ишни кўриб чиқиши мумкин? Фақат бу ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши керак бўлади.

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
1
2-сентябрь , 2014-йил.