Sep 012014
 

 

1991-йил 17-март куни СССРни сақлаб қолиш ҳақида референдум ўтказилганда, бугун гапининг ҳар жумласида мустақиллик деган сўзни қайтаравериб, шундай буюк сўзни қадрини тушираётган айрим шоввозлар ўшанда СССРни сақлаб қолиш учун тиш-тирноғи билан тарғибот қилган, демократик кучларга қарата, “Булар бир бутун давлатимизни бўлиб юбормоқчи!”деб аюханнос солганда, орадан тўрт ой ўтиб бу қадар тез мустақиллик эълон қилинади деб ўйламаган эдик. Депутатлар ҳам қарсак чалмай қўрқиб тургани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Ўша куни раҳматли театримиз директори Эркин Қорахонов менга қўнғироқ қилиб,”Телевизор кўраяпсанми? Мустақил бўлибмиз!” деганда ҳайрон бўлган эдим. Чунки у пайтда собиқ иттифоқ ҳали мавжуд эдида. Ўша йилнинг 8-декабрида иттифоқ тарқаб кетди, ана ўшанда ҳақиқий мустақилликга эришдик ва кўп ўтмай БМТга аъзо бўлдик.

Бугун “Мустақилликни мустаҳкамлаш” деган сўз кўп гапирилаябди. Одамлар ва айрим раҳбарлар ҳам тушиниб-тушинмай бу сўзни кўп такрорлашади.Мустақилликни мустахкамлашнинг асоси бўлган, демократик жамиятни биз ғарб кўзигагина ёки номигагина шакллантирмаслигимиз керак. Демократия ғарб учун эмас, ўзимиз учун керак. Инсон ҳуқуқлари масалалари ҳам худди шундай.

Ҳар бир жамиятда жорий сиёсатга мухолиф кучлар бўлади. Бунга ҳам табиий ҳол сифатида қаралиши керак. Бундай кучлар ҳам бир нарсани тушинишимиз керак-ки, бу Ватан бир гуруҳ шахсларники эмас, барчамизники. Афсуски, айрим ўзини манфаати йўлида онасини ҳам сотадиган кишиларнинг найранглари сабаб мухолифат бугун ўта аянчли аҳволга тушиб қолди.Расмий амалдорлар орасида ҳам Ватан келажагини эмас, балки ўзининг чўнтагини ўйлайдиганлар кўпайиб кетди. Ҳар йили ўнлаб мансабдор шахслар порахўрлик билан қамалаётгани ҳам фикримиз далилидир.

Россия ва Украина муносабатлари атрофида бўлаётган, Россиянинг найранглари бизни янада ҳушёр бўлишга чорлаши керак.Хуллас у мухолифат вакили бўладими ёки хукумат вакили бўладими, Ватан манфаати ўртага чиққанда фикрлар бир жойдан чиқиши керак. Байрам муборак бўлсин!

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
1сентябрь , 2014-йил.