Aug 222014
 

 

Яқинда бир дўстимизнинг фарзанди Россиядан келди. Кўргани бордик. Ҳол-ахвол сўрашгач дўстимизнинг фарзанди бир воқеани айтиб берди:

-Бир дўстим билан юртимизни соғиниб, бир бозор айланайлик, шояд бирор-бир Ватандошимизни учратиб қолсак, суҳбатлашиб келамиз деган мақсадда бозор айландик. Чеккада ёши қирқларга бориб қолган бир ўзбек узум сотаётган экан. Узоқдан кўриб роса ҳурсанд бўлдик. У кишига яқинлаша бошладик. Негадир у киши бизга кўзи тушиши билан ўзини кўрмаганга олиб тескари қараб олди. У кишини олдига бориб,-Ассалому алайкум Ватандош, ҳормасинлар!-десак у нимадир деб минғиллаб қўйди.

-Узумлар зўр-ку, қаёқдан сўраймиз?

-Сизлар келган тарафдан-деб бизга обдан қараб қўйди.

-Биз Наманганданмиз, сизчи?

-Оққўрғондан.-деди истамайгина.

Шеригим иккаламиз узумларга қўл чўзиб,чўқилаб, мазасини кўрмоқчи бўлган эдик у киши қўлимизни итариб ташлади.

-Эй узр Ватандош. Юртимиз меваларини соғинганмиз бир мазасини кўрайлик деган эдик-да.

-Бу сотиладиган нарса чўқилаб, мазасини кўрадиган эмас. Мазасини кўрмоқчи бўлсанглар ярим кило олинглар.

– Йўқ раҳмат ака. Нега бизга бундай муносабатда бўласиз?Ахир биз Ватандошмиз-ку?-деди шеригим.

-Ватандош окўси ўша ёқда бўлади.

-Бизнинг кимлигимизни, бу ерда нима қилиб юрганимизни сўрамадингиз ҳам…

-Эй, менинг нима ишим бор? Сиздақаларни кўрганман.Иложини топса, учраганни терисини ҳам шилиб кетади.

-Наҳотки ўғри ёки йўлтўсарга ўҳшасак?

-Мен қайдан билай? Пешонангизга “полончи” деб ёзиб қўйибдими? Узум олсаларинг олинглар, бўлмаса ўтиб кетаверинглар-деди.

Ё ,тавба! Мусофирчиликда юрганларнинг ҳаммаси ҳам шундай эмасдир, лекин,қўшнисининг уйини ҳашар қилиб битирган, тўйида елиб-югуриб хизмат қилган, кимдир касал бўлиб қолса уйқусидан воз кечиб, шифохонага югурган Ўзбек деган миллатнинг вакилими ўша одам? Бирорта миллатда шунақанги бемеҳрликни кўрганмисиз? Йигитларни айтишича одам савдоси билан шуғилланиб юрганларнинг “тузоғи”га ҳам кўпроқ бизнинг миллат вакиллари илинар экан.Нима? Бирлашмаслик касали муҳолифатчилардан, энди бир бутун миллатга ёпишаябдимикин?

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
22-август , 2014-йил.