Jun 272014
 

 

1945 йилда кўплаб мамлакатларни вайрона айлантириб, миллионлаб инсонларни қирғин қилинишига сабаб бўлган Иккинчи жаҳон уруши якунланаркан, дунё мамлакатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотига асос солди ва 1948 йилнинг 10 декабрида эса Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, ҳар қайси мамлакатда бўлсин, ҳукуматлар ўз халқига зулм ўтказиши, ноинсоний муносабатларда бўлиши ҳар бир давлатнинг ўзининг ички ишлари бўлмай қолди. Инсон ўз қадрини, ўз қимматини жуда бўлмаса қонуний ҳужжатларда топди.

Ҳозирги кунларимизда эса дунёнинг деярлик барча ҳудудларида инсон ҳақларини муҳофаза этувчи ташкилотлар, баъзи ҳолларда мустақил шахслар фаолият олиб боради ва улар диктаторлик зулмлари остида бошқарилаётган мамлакатларда эса салкам давлат душманларига ҳам айлантирилган. Айни шу тоифа инсонларни турли бўҳтонлар билан қамаш, ёки изсиз йўқотиб юборишларга ҳам тез-тез дуч келамиз. Афсуски, бизнинг ватанимиз бўлган Ўзбекистон ҳам айни шу сифатларга эга давлатлардан бири бўлиб, унда ҳам ҳукумат инсон ҳақлари курашчиларига қарши жиддий чораларни қўллайди. Масалан, туҳмат қилганлик, товламачилик қилганлиги, ёки турли сепаратистик, ёки радикал гуруҳларга аралашганлиги каби сохта айловлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикасининг биргина Қашқадарё вилоятининг ўзидан 6 нафар инсон ҳуқуқлари курашчиларининг узоқ муддатлик қамоқ жазоларини ўтаётганликларини келтириб ўтишнинг ўзи ҳам аҳвол анча ачинарлик эканлигини кўрсата олади. Мазкур мақоламизда эса шундайлардан бири, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшаган, ҳозирда қамоқда сақланаётган Чўян Маматқулов ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

1970 йилда таваллуд топган Чўян Маматқулов Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига 2005 йилнинг бошида кириб келди. Айни дамда у Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг устидан Тошкентда Фуқаролик ишлари судига мурожаат қилиб президент қачон судга келишини ва ўз тақдири учун ундан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули ундиришини кутаётганди. Бироқ на президент судга келди ва на Чўян Маматқуловни судга чақиришди. Аммо бу мустақил Ўзбекистон тарихида давлат раҳбарини судда жавобгар қилишга бўлган биринчи уриниш эди.

Кейинчалик Ч.Маматқулов судларда жабрдийда инсонларнинг ёнини олиб, уларнинг ишончли вакили сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан машғул бўлиб юрди. Бу албатта диктаторлик режими ўрнатилган мамлакатда катта қаҳрамонлик деб қаралишга арзийдиган иш эди. Аммо 2005 йилнинг 13 май кунида Андижонда содир бўлган қатлиом Ч.Маматқуловнинг ҳуқуқбонлик фаолиятига ҳам салбий таъсир қилмай қолмади. Маълумингизким, шу воқеа сабаб, кўплаб сиёсий мухолифлар, журналистлар ҳамда ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар тарки ватан қилишга мажбур бўлишганди. Бироқ Ч.Маматқулов ватанда қоларкан, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти билан, халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрната олмади.

2013 йилда Чўяннинг қамоққа ташланганлиги ва суд унга нисбатан узоқ муддатлик жазо тайинлаганлиги ҳақида бизгача узуқ-юлуқ маълумотлар етиб кела бошлади. Аммо нима бўлди ва ҳукуматимизнинг чап чўнтагида сақланадиган “одил суд” уни нималарда айблаганлиги бизга қоронғу эди. Ва ниҳоят, буганги кунларимизга келиб аҳволни аниқ баён этиш имконига эга бўлдик.

Ҳозирда узоқ муддатлик қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқбон Чўян Маматқулов Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2013 йилнинг 8 февраль кунида эълон қилган ҳукми билан ўн йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. “Одил суд” уни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 238 моддаси 3 қисми билан “Ёлғон гувоҳлик беришликда”, 137 моддасининг 2 қисми “б” ва “в” бандларига кўра, “Одам ўғирлашда”, 138 моддаси 1 қисмида кўрсатилгандек “Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда”, 159 модданинг 1 қисми бўйича “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузимига тажозуз қилишликда”, 244 (прим 1) моддасининг 2 қисми билан “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш ёки тайёрлашда”, 228 модда 2 қисми “б” банди, 228 моддаси 3 қисмига кўра “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланишда”, 168 модда 2 қисми “в” банди бўйича “Фирибгарликда”, 25 моддада кўрсатилгандек “Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилишликда”, ҳамда 273 модданинг 2 қисмига кўра “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишликда” айбдор деб топган. Чўян Маматқулов ҳозирда Навоий шаҳридаги 29 сонлик жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда.

Бу айбловларни бирор Ўзбекистонни билмайдиган хорижлик ўқиб қараса, бундай хавфлик жиноятчини ер қандай қилиб кўтариб турибди экан дея хаёлга толиши турган гап. Фақат бир масалада гумон бўлмаса, яъни Ўзбекистонда тергов ва судлов тизимининг адолат тарозиси синиқ эканлигини билмасак. Қолаверса, Ўзбекистон Жиноят Кодексидаги яна бир ноаниқ жумла ҳам мавжуд, қайсики кўпчиликни бош қотиришга ҳам мажбур этади. “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб…” – бу нима дегани? Сотишми, бировнинг уйига ташлаб кетишми, туҳфа қилишми, ёки бундан ҳам бошқа бирор маънони касб этармикан? Камина буни билмайман, умуман билишга ҳам интилаётганим йўқ, зотан, биздаги суд-тергов тизими кимнингдир нафини кўзлаб иш юритиши бировга сир бўлмай қолган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзоси бўлган Чўян Маматқулов Қашқадарё вилоятида, вилоятнинг Косон туманида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан машғул бўлиб келади. Уни турли суд жараёнларида “жамоатчи – ҳимоячи” мақоми билан иштирок этаётганлигини кўриш мумкин бўларди.

2013 йилнинг ноябрь ойида ҳуқуқбоннинг оиласи бўлган Дилором Рустамова адолатсиз ўтган тергов ва суд жараёнлари устидан арз қилиб Ўзбекистон президенти девонига шикоят аризасини юборди ва таажжубки, аёлнинг шикоят аризасига ҳали-ҳамон бирор жавоб ҳам берилмаган.

Эримга нисбатан ушбу ҳукм ва ва ҳукмда кўрсатилган жазолар, эримга қасддан МХХ Қашқадарё вилоятида ишловчи О.Отаев, И.Исломов, Н.Очиловларнинг ўз жиноятларини яшириш мақсадида, вилоят прокуратураси терговчиси Маҳмуд Жўраев билан келишиб жабрланувчи қилиб ўтказилган Касби туманилик М.Жабборов ва Ф.Розбоевларни уриб, тан жароҳати етказиб эримга қарши гувоҳлик беришга мажбур қилишган” – деб ёзади ўз шикоятида Дилором Рустамова.

Нега Қашқадарёдаги ва Косон туманидаги маҳаллий ҳокимиятлар учун Чўян Маматқуловни қамоққа “тиқиш” учун зарурат пайдо бўлди? Бу жумбоқни ечишга ҳарчанд уринганимиз билан, унинг асл сабабларини аниқлаб чиқа олмаймиз, аммо коррупция ботқоғига ботиб бўлган Ўзбекистон учун ўғри қолиб, тўғрини жазолаш одат эканлигини ҳамма аниқ билади.

Демак, аёлнинг шикоят аризасида келтирилган даъволарга эътибор қаратсак, унинг қамалиши уун Косон шаҳри “Кўҳна қалъа” савдо мажмуаси бозорқўми Жалол исмлик шахснинг давлатдан йирик миқдорда кредитлар олганлиги ва улардан фойдаланиб орган ходимларини ҳам сотиб олганлиги, ҳамда бозорда ўз тартиб-интизомини ўрнатиб олиш учун ҳаттоки МХХ ходимлари хизматидан ҳам фойдаланганлигини билиб оламиз. Буларнинг барчаси бизнинг Ўзбекистонимиз учун одатий ҳол!

Ҳукмда 159 модданинг ҳм қўлланилганлигини кўрамиз. Одатда бу модда “Ҳизб-ут-таҳрир” оқимига қўшилиб қолганларга, шунингдек бошқа кўринишдаги диний жамоаларнинг аъзоларига нисбатан қўлланилади.

Ҳукмда ёзилганига кўра, Чўян Маматқулов жамоатчилик жойида туриб Ўзбекистонда яқинда халифатлик қурилади деган даъвони ҳам илгари сурган экан. Судъя Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарган ҳукмга эътибор қаратишнинг ўзидаёқ давлатда на суд тизимига ва на ҳукуматнинг ўзига бўлсин, заррача ҳурмат йўқлиги кузатилинади.

Агар мана шу ҳукмда битилган жумлаларга ишонадиган бўлсак, Ч.Маматқулов жиноий ҳаракатларини давом эттириб 2011 йил, 16 ноябрь куни жамоат жойи ҳисобланган ҳамда кўпчилик фуқароларнинг йиғилганидан фойдаланиб, Косон туманидаги марказий деҳқон бозори ичида савдо қилиб турган тадбиркорлар Д.Сувонова, Н.Примова, М.Ҳаққулов ва яна 250 дан ортиқ тадбиркорларни бир жойга тўплаб, ўзига жалб қилиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияга хилоф равишда ўзгартириш ҳақида “Яқинда Ислом давлати қурилади, сизлар ислом давлати шариати қоидалари бўйича яшайсизлар, барча аёллар ҳижобда юради, шу сабабли бу кофирлар бозоридан мен ишлаётган Ф.Асадовни бозорига кўчиб ўтинглар, Ислом давлати бўлганидан сўнг ҳокимият вакили бўламан, менга бўйсинишга мажбурсизлар дея жар солган экан. Ва уни “Озодлик” радиоси ҳам қўллашини очиқ ошкор қилган.

Дилором Рустамова президент девонига йўллаган мактубида эса, эрига нисбатан 159 модданинг қўлланганлигига ажабланишини изҳор этиб қуйидагиларни ёзади.

Эрим Маматқулов Чўян Охунович ҳеч қачон намоз ўқимаган, ҳеч кимнинг давлат сиёсатига қарши чорламаган, давлатимизга қарши курашмаган. Бу ҳақида сизга эрим билан бирга ўқиган синфдошлари, маҳалла оқсоқоллари ва кўчамиздаги қўни-қўшниларнинг маҳалла йиғини аъзоларининг тушунтириш хати, кафолат хатларини ва билдиргиси, тавсияномаларини илова қиламан” .

Бундан ташқари, ҳуқуқбоннинг бир қанча гувоҳларни сохта кўрсатмаларга беришга мажбурлаганлиги, тергов давомда кимга тегишлик эканлиги аниқланмай қолган Нексия русумлик автомобильда уларни номаълум томонга олиб кетиб қамаб қўйганлиги каби қатор “жиноятлар” киритилганига эътибор қилишнинг ўзи, бу жиноят иши ипидан игнасигача бирор мантиққа эга бўлмаган эртак эканлигини англаш қийин эмас.

Хўш, нега Чўян Маматқулов озодликдан маҳрум этилди? Ваҳоланки, у оддий инсонларни, қишлоқдошларини қонунбузарликлардан ҳимоя қилишга отланган шахс эдику. Айни мана шу қонунбузарлар томонидан унга ноқонуний чора кўрилганининг ўзидан англаб олиш мумкинки,, маҳаллий ҳукуматлар вакилларида унга нисбатан ғараз бўлган. Оддий тилда айтадиган бўлсак, Чўян Маматқулов ўзи ҳам емайдиган ва еганларни ҳам кўролмайдиган шахс бўлгани учун қамоқда ётибди.

Ҳуқуқбон бундан ташқари товламачилик қилганликда, одамларни қўрқитганликда, уларга ҳайриқонуний таъсирлар ўтказганлик каби қатор жиноятларни содир этганликда ҳам айбланибди. Ваҳоланки, бир одамнинг шунча жиноятларни амалга ошира олишининг ўзи имконсиз. Бироқ Ўзбекистон суд-тергов тизимлари эртак тўқиш ва эртак айтишлар бўйича оламда танҳо эканликларига заррачи бўлсин, шубҳа йўқ.

Биргина Қашқадарё вилоятининг ўзидан 7 нафар ҳуқуқбон – Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзолари адолатсиз судларнинг адолатсиз ҳукмлари асосида узоқ муддатлик жазо чораларини ўташаяпти. Булар Йўлдош Расулов, Зафар Раҳимов, Ғайбулла Жалилов, Чўян Маматқулов, Шаҳло Раҳимова, Меҳринисо Ҳамдамова ва Зулхумор Ҳамдамовалар.

Ўзгаларнинг ҳуқуқлари учун курашга чиққан бу инсон ҳақлари курашчилари озод бўлишадими ёки ҳуқуқбонлар учун озод бўлишнинг фақат бир йўли мавжудми? Масалан, “Эзгулик” Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти фаоли бўлган Абдурасул Худойназаров каби? Маълумингизким, туҳматлар сабаб қамоққа ташланган Тошкент вилоятининг Ангрен туманидан бўлган бўлган бу ҳуқуқбон уйига бориб ўлиши учунгина озодликка чиқарилди. Озодликда эса бор йўғи 25 кун яшай олди холос, шунда ҳам касалхонада.

Чўян Маматқуловнинг ишини кўриб чиқишда қўлланилган чалкашликлардан кўриниб турганидек, судлар на вилоятларда ва на Республика кўламида инсон тақдирига етарлик аҳамият қаратаётгани йўқ. Ўзбекистондаги вазиятга халқаро жамоатчилик қаттик аҳамият қаратиши ва инсон ҳуқуқлари курашчиларининг озод этилишига эришмоқ учун саъй-ҳаракат қилмоғи лозим. Уларни ҳам асраш учун зарурат ва улар учун ҳам курашмоқ фурсати аллақачонлар келиб бўлган. Акс ҳола ўзбек ҳуқуқбонларининг умрлари ҳам бошқа оддий ўзбек фуқаролари каби турмаларда чирийди холос.

Тўлқин Қораев

Швеция.

27-июнь , 2014-йил.