Jun 262014
 

26 июнь куни эрталабки соат 8 ларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, 58 яшар Абдурасул Худойназаровнинг жони узилди. Шу йилнинг 30 май куни жигар саратони, ўткир ўпка сили ва аденома хасталигининг сўнгги босқичи туфайли Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Тошкентдаги 64/18-сонли муассасасидан чиқарилган Худойназаров озодликда атиги 25 кун яшади!

Абдурасул Худойназаровнинг рафиқаси Гулчеҳра Туроновага кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси 26 июнь куни тушдан сўнг тупроққа берилади.

Абдурасул Худойназаров жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-модда (Ҳужжатларни сохталаштириш) айблари билан 2006 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 12.01.2006 йилда 9,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Абдурасул Худойназаровнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти