Mar 162014
 

 

 

Бугун Ўзбекистон ҳукумати марҳумдан ҳам манфат таъма қилишга қодир эканлигини мухолифат лидерининг қазо қилган 72 ёшли отаси Ҳасан Чориев мисолида яна бир бор исботлади.

Ишонаверинг, шундай бўлди.

Одатда, Ўзбекистон қабристонларидаги гўрков қандай кишилар тоифасидан эканлиги барчага маълум.

Гўргов деганлари сиёсат силсилаларидан минг чақиримлар олисдаги оддийгина одми одамлар бўлишади. Уларнинг аксарияти “справка” –  “маълумотнома” деган гапнинг маънисига ҳам боришмаслиги бор гап.

Ҳали ўзбек бунёд бўлганидан бери гўргов деганларига ишингиз тушгудек бўлса, бирортаси лоақал бир маротаба иримига бўлса-да “Аввал марҳумнинг яшаш манзилидан – маҳалласидан истиқомат қилганлиги ва ҳақиқатдан ҳам вафот этганлиги ҳақида “справка” келтиринглар, кейин қабр  қазийман” дея талаб қўйиб, тихирлик қилганини бирортаям банда эслолмайди.

Не ажабки, бугун куни кеча жон таслим қилган Шаҳрисабзлик Ҳасан ота Чориевга лаҳат қазиш учун қабристон гўрковига мурожаат қилган марҳумнинг фарзандлари жаноб гўрковдан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган талабни тинглаб, қарийиб ақлдан озаёзишди.

На илож. Чорасиз қолган Ҳасан Чориевнинг фарзандлари оталарининг вафоти ҳақидаги мушукнинг қулоғидек қоғоз  –  “справка”ни қўлга киритиш учун маҳалла идорасига шошилишди.

Афтидан, маҳалла раисининг қулоғи ҳам тегишли идоралар – куч ишлатар тизимлар томонидан ўхшатиб “бураб” қўйилган чамаси, ундан ҳам ёруғлик чиқмади.

– Тушунмадим, бу қандоқ талаб бўлди? Бу ер “морг” эмас мурдаларга “хат”қилиб берадиган, ахборотингиз учун, маҳалла идораси бўлади.  Бизнинг муассаса бола пули ва моддий кўмак бериш ишлари билан шуғулланади, марҳумларга маълумотнома ёзиш билан эмас. Манзилда адашибсиз, яхшиси бунингдек  талаб билансизлар тиббиёт бирлашмасига мурожаат  қилганларингиз маъқул – дея жавоб қилди маҳалла каттаси ғуддайганча.

Марҳумнинг қариндошлари шунда ҳам ноумид бўлишган эмас. Маҳалла раисининг кўрсатмасига амал қилиб туман бирлашган шифохонасининг эшигини қоқишди.

– Оталарингиз бизнинг қўлимизда жон берган эмас, шундай экан, биз Ҳасан Чориевнинг вафоти ҳақида маълумотнома бера олмаймиз, – деди бош ҳаким ҳайратомуз….

Ўзбекистондаги норасмий одатга кўра “отангга бор, онангга бор” амалиёти бошланиб кетди.

Бир сўз билан айтганда, “ит итга буюрар, ит қуйруғига” деганларидек,  айни дамда марҳум Ҳасан Чориевнинг фарзандлари оталарининг ўлими ҳақида маълумотнома ололмай маҳаллий ҳокимият идоралари аро копток қилинмоқда.

 Керакли “Cправка”ни ололмаган Ҳасан Чориевнинг фарзандлари ва жиянлари тушдан кейин оталари Ҳасан Чориев учун қабристондан қабр ковлашни бошлаганлар . Орадан кўп ўтмай қабристон жойлашган қўшни маҳалланинг раиси ва участка нозири келишиб,  сизларга ким қабр  қазишга рўҳсат берди дея қабр қазиётган инсонларни қабристондан ҳайдаб чиқарганлар.

Оқибатда, бунингдек сансалорлик натижасида қош ҳам қорайди. Энг ёмони, марҳумга қабр қазилмасдан қолди.

Илк бор гўрков ўзини “авлиё” қилди.

Нега шундай бўлди?

Масаланинг моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, бунингдек “справка”бозлик – қувламачоқ ўйинини ўйлаб топишдан ҳукуматга не манфаат?

Ҳамма гап мана шунда-да!

Ҳали бирор бир мусулмон оламида марҳум жасади – Ҳасан ота каби мулзам қилинмаган.

Авзойларига қараганда, Ўзбекистон ҳукумати марҳумга энг охирги охирги манзил – бир ярим метр ерни раво кўрмоқчи эмас!

Нега?

Негаки, оёқ узатган банда “Бирдамлик” Ҳалқ Демократик Ҳаракати  – Каримовга мухолиф бўлган ташкилот лидери Баҳодир Чориевни дунёга келтирган. Ўзбекистон халқини тўкин ҳаёт сари бошлашга отланган йигитнинг отаси. Шунинг учун.

Марҳумга нисбатан қўлланилаётган бунингдек таҳқирни тагида Каримов ҳукуматининг сиёсий мафкуравий манфаатлари ётибди десак адашмаймиз.

Кекса Каримов мухолифат етакчисини дунёга келтирган ота жасадини эл олдида изза қилиш орқали атрофдаги одамларга – ҳалойиққа сабоқ бериб қўймоқ истайди: “Кўриб қўйинглар, Каримовга қарши чиққанларнинг совуқ танаси бир ярим метр ерга ҳам зор бўлади, ўлиги ҳам хор бўлади!” демоқ, элнинг кўзини қўрқитиб қўймоқ истайди.

Зеров, Каримовнинг қуроли шу – оммани қўрқувда тутиб туриш-да.

Кекса Каримовнинг макрига қойилмисиз?!

У ўз тахтининг, салтанатининг умрибоқийлиги йўлида Ислом ақидаларига ҳам амал қилмайди, мусулмончиликдан ҳам чиқиб кетади, динимизни четлаб ўтади. Ўзига мухолиф бўлган рақибини руҳан яксон қилиш илинжида унинг марҳум қариндошлари – падарининг жасадини таҳқирлашдан ҳам тоймайди.

Каримов пихини ёрган кимса. Унинг биргина ёйи бира йўла бир нечта нишонни кўзлайди.

Каримов бугун аслида айнан Ўзбекистон қамоқхонаси қийноқлари исканжасида жон таслим қилган Ҳасан Чориев мисолида бир томондан Қашқадарёликларни “кўзини кўрқитиб қўйишга” чоғланган бўлса, иккинчи томондан марҳумнинг қариндошлари, фарзандларига руҳий зарба беришга шайланади.

Шу усул орқали қасос олиш ишқида ўртанади…

16 март, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 14.00 да жоназа ўқилади. Марҳум Ҳасан Чориевни энг охирги манзилига кузатиш маросими. Ҳиндистондаги айрим қабилалар каби бизда марҳумнинг жасади ёқиб юборилмайди. Ерга қўйилади. Каримов эса тириклар-ку тириклар, ҳатто ўликлардан ҳам қўрқиб қолган.

Ҳасан Чориевга ўз “салтанати” қабристонидан бир қарич ер бермоқчи эмас.

Эртага нима бўлади?: Ёлғиз Яратгангагина аён, бандасига гумон…

Шундайин бедодликдан кейин ҳам “Ўзбекистон – мурдадан ҳам манфаат излайдиган мамлакат” десак ноҳақлик қилган бўламизми?

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот маркази

http://birdamlik.info/blog/2014/03/15/ўзбекистон-мурдадан-ҳам-манфаат-изла/