Jan 232014
 

 

Яқинда менинг Ҳоразмлик севимли укам, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов менга қўнғироқ қилиб, ўтганларни ёд этиб ёзган мақолаларим учун менга миннатдорчилик билдирди. Демак, шу мавзудаги мақолаларим дўстларга маъқул келаётган экан, шу мавзуни ёритишни давом эттиришни ният қилдим. Бугун яқинда бу оламни тарк этган ёзувчи Аҳмад Аъзамни эслаймиз.

Аҳмад акани мен “Бирлик” ҳаракати давридан бери билардим. Сўнгра “Эрк” партияси ташкил этилган чоғда Пўлатовга ўҳшаганлар “Эрк”чиларни сотқинга чиқарганда ҳам мен улар билан муносабатларимизни ўзгартирмаганман ва дўстларни ҳам шунга даъват қилганман.

Аҳмад ака “Эрк” партияси котиби сифатида фаолият олиб борганда кўришиб турардик. 1993-йили мен қамалиб қолдим. 1994-йил охирида қамоқдан чиқиб, Маҳбуба Қосимова билан бирга Профессор Бек Ойбековични кўргани бордик. Қайтишда Маҳбуба опа нима иш биландир бошқа ёққа кетдилар, мен ёзувчилар уюшмасининг эски биносини олдида кетаётсам, олдимни бир машина тўсди. Қарасам Аҳмад ака. Кўришдик, машина ичида узоқ сўҳбатлашдик. – Соғлиқ қалай? Чиққанингизни эшитиб ҳурсанд бўлдим. Бутун яқин биродарлар юртдан чиқиб кетди. Солиҳ ҳам кетиб юборди.Ўзимни ёлғизланиб қолгандек ҳис қилаётган эдим. Уч йилдан бери ишсизман. Ишга қабул қилишмаябди. Бола-чақани боқиш керак- деб нолидилар.

Орадан бир муддат ўтиб, Аҳмад акани телевидениега қабул қилишди. Хурсанд бўлдим. У пайтларда телевидениеда анчагина эркин мавзуларда кўрсатувлар бўлар эди. А.Аъзам асосан Туркистон масалари ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрладилар.Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов айнан Аҳмад ака билан бўлган суҳбатда “Туркистон умумий уйимиз” деган шиорни ўртага ташлади.Бундан ташқари Аҳмад ака ҳозирда анқонинг уруғи бўлиб қолган, мазмунли, одамларни фикрлашга ундовчи видео фильмларни тайёрлашда бош-қош бўлиб, кўплаб ёшларни оёққа туришида ёрдам берганлар. Ўша пайтлари оғзига кучи етмаган баъзи сафдошларимиз Аҳмад акани сотқинликда айблардилар.Мен бунга доимо қарши чиқар эдим. Аҳмад ака нимани сотибди? Телевидениеда анча ҳайрли ишларни қилди. Аҳир тирик инсон нима иш биландир шуғилланиб оиласини боқиши керак-ку! Айниқса муҳолифат вакили бўлган инсон озгина имкониятдан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилади.

Яна бир гап. Юрагимда бир нарса армон бўлиб қолди. Кейинги пайтларда Аҳмад ака ўғлим Зоҳидҳон билан интернет орқали боғланганларида мени сўраб,- Соғинганман, бир дадангиз билан боғланайлик- деган эканлар. Мен гумроҳ эса бир маротаба ҳам Аҳмад ака билан боғлана олмадим. Тошкентга йўлим тушса кўришармиз деган мақсаддаэътиборсизлик қилдим. Аҳмад аканинг руҳлари олдида қарздорман.

Ҳуллас Ўзбек халқи яна бир, Ватан мустақиллиги учун курашган забардаст ёзувчисидан айрилди. Аҳмад акамнинг охиратлари обод бўлсин.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  23- январь, 2014-йил.