Jan 012014
 

 

 

От йилида ҳам отган сўзи Оқсаройда акс садо берсин!

(Қутлов)

Бугун яна бир йилнинг бошланиши. От йилининг илк куни. Дунёнинг асосий қисмида байрам.

Ўзбек интернет блогсферасининг чўнг номларидан бирига айланган замондошимиз Ризо Обид учун бугун қўшалоқ байрам. Бугун-унинг таваллуд топган куни.

Одамлар биринчи январда янги йил режаларини тузар эканлар Ризо Обид ҳам умрининг мазмунли ўтган бир йилини сарҳисоб қилиб, кейинги йил учун марраларни кўзлаётгани шубҳасиз.

У ўтган йилда ўзбек халқининг бошига бало бўлган икки юҳодан бирини “ер тишлатди”. Бу бизнинг иддаомиз эмас.  Бу ерга қулаган Гулнора Каримованинг ўз иддаоси. У   ўзининг ”тахт”дан қулашига ”Замондош” сабабчи эканини  турли тилларда бот-бот айтиб турибди. Аламидан лов-лов ёнмоқда.

От кимники? Минганники!

Гулнора Каримова ҳақида кимлар, нималар ёзмадилар дейсиз. Улар ҳам кам бўлмасинлар. Лекин  улоқни “Замондош” илиб кетди.

Бу нафақат Ўзбекистон тарихида, балки дунё тарихида ҳам қоладиган из бўлди. Чунки дунё тарихида диктаторлардан кейингина уларнинг ебтўймас болалари қулатилган. Ўзбекистонда эса ҳали отаси тахтда экан ишонган боласининг астар-авраси сўкилди.

Бу айни пайтда сўзнинг қудрати  нақадар кучли эканлигини яна бир марта исбот этди.

Тарихий воқеанинг ҳали давоми бор, бор бўлганда ҳам жанговар давом. Чунки Гулнора ҳақида ёзилганлар ва маълум бўлганлар бевосита отасининг номи билан боғлиқ.

Бу воқеалардан кейин Ислом Каримовнинг бир кун ҳам Ўзбекистонни бошқаришга маънавий ҳаққи йўқ.

Ўзбекистон парламентидаги сенатор ва депутатларга ўзларини тарих олдида оқлаб олишлари учун имкон яратилди. Уларда импичмент-президентга ишончсизлик билдириш учун етарли асос бор.

Шубҳа йўқки, Ризо Обид ва унинг атрофидаги замондошчилар От йилида куч-ғайратларини юҳонинг каттасини қулатишга сарфлайдилар. Бу осон иш эмас. Ўнгдан ҳам, чапдан ҳам келадиган зарбларга дош берган ҳолда қаршидаги рақибни нокаут этиш керак. Бунда қандай маневерлар, қандай усулларни қўллаш ҳужумчининг ўзига боғлиқ.

Етарки натижа бўлсин!

Етарки отаси ҳам қизи каби замондош зарбасидан қуласин!

 Акс тақдирда отаси билан тил топишса Гулнора халқни яна талашда давом этади. Минг йиллар олдин айтилган мана бу гап бугун учун ҳам долзарбдир׃ “Юҳоикалоннинг юраги уришдан турмас экан унинг кесилган бошлари қайта-қайта ўсиб чиқаверади”.

Ўз гарданига ана шундай шарафли вазифани юклашга ҳозиру нозир замондошларимиздан бири Ризо Обидни бугунги қўшалоқ байрам билан чин дилдан қутлаймиз, унга бардамлик, сиҳат саломатлик, омадлар тилаймиз.

От йилида ҳам отган сўзи Оқсаройда акс садо берсин!

Юҳоларнинг каттаси қулаганда ҳам уни табрик этиш насиб қилсин бизга!

Жаҳонгир Муҳаммад.

http://turonzamin.org/2014/01/01/ot-2/#more-23164