Dec 072013
 

 

Яқинда Жаҳонгир исмли шогирдим умр йўлдошини туғилган кунига мени таклиф қилди. Чиройли соқол қўйган, ҳудди рассомларни эслатиб юборадиган Отабек деган йигит билан таништиришди. У Ботир Зокировнинг қўшиқларини ижро этар экан. Йигирма йил профессионал санъат даргоҳида ишлаган киши сифатида унинг қўшиқларини эшитиб ҳайрон қолдим. Шу пайтгача Ботир ака санъатига лоақал яқин қўшиқ айтувчи эстрада ҳонандасини кўрмаган, эшитмаган эдим. Отабекнинг айтишича унинг қўшиқларини эшитган бирорта жўрналист ундан интервью олишни ҳаёлига ҳам келтирмабди. “Интервью олишса ҳам мени эстрада санъати ҳақидаги фикрларимни барибир газетада чоп этишмайди. Алмисоқдан қолган саёз фикрлар билан эса газетага чиқишни ўзим ҳохламайман.Телевизорга чиқиш, клип қилиш учун эса пул керак”- дейди хонанда. Шу бўшлиқни бир оз тўлдириш мақсадида Отабекдан интервью олдим. Унинг фикрларидан Сиз ҳам баҳраманд бўлсангиз, кетган вақтингизга ачинмайсиз деган фикрдаман.

  • Отабек, Сиз 1986- йили туғилган экансиз. Ботир ака эса бир ярим йил олдин вафот этган эдилар. У кишининг қўшиқларига қандай қилиб меҳрингиз тушиб қолди?

  • Ботир ака буюк санъаткор ва буюк инсон бўлганлар. У кишини ёшлигимда бир мартагина қўшиқларини эшитиб, албатта шу кишига ўхшаш қўшиқчи бўламан деб аҳд қилганман. Оллоҳга шукур, телевизорга чиқмасак ҳам халқ эшитаяпти. Унча-мунча мухлис ортирдим. Мақсадим Ботир Зокиров санъатини келажак авлодга соф ҳолатда етказиш.

  • Ботир аканинг яқинлари билан кўришиб турасизми?

  • Албатта. Фарруҳ ака билан кўришиб, суҳбатлашиб тураман. У киши ҳам қўшиқларимни эшитиб, “Сенда акамнинг ҳиди бор экан астойдил бўл. Ёрдам керак бўлса келавер”- деганлар.

  • Ҳамма ёқни эстрада “юлдузча”лари босиб кетди. Шуларни ичида Ботир ака санъатига лоақал яқин қўшиқ айтадиганлари борми?

  • Бу саволингизга бемалол йўқ деб жавоб бера оламан. Биргина Козим ака Қаюмов ва Фарруҳ акаларни назарга олмаганда.Ўзим доим гувоҳ бўламан, айниқса кўп қаватли уйларда тўй бўлса,одамлар шовқун-сурондан безор бўлганлар. Менга алам қиладигани ёшлар шунақа бачкана эстрадачиларни қўшиқларини эшитиб ўсаётганидир. Улар катта бўлса ким бўлади? Мен қўшиқ айтиб турсам, ярмига боргач, кичкина бола чиқиб, ҳозирги эстрада “юлдузлари”нинг қўшиқларини айтишимни талаб қилади. Катталар ҳам бундай ҳолатларга ўрганиб қолишдими, ўша бачканаларни тартибга чақириб ҳам қўйишмайди.

  • Санъатимизни шундай бузилиб кетишига кимлар айбдор?

  • Албатта шу соҳага масъул бўлган ташкилот ва шахслар ҳамда уларга шундай эркинлик бериб қўйган юқори лавозимли мутасаддилар-да. Маданият вазирлиги, қўшиқчиларга лицензия берувчи “Ўзбекнаво” бирлашмаси бор. Шулар эстрадачиларга талаб қўйиши мукин-ку! Йўқ уларга буни кераги йўқ экан. Пул тушиб турса бўлди экан. Ҳозир юқоридан кимдир чиқиб, “Йиғиштир тарақ-туриғингни! Эстрада қўшиғини айтсанг соф миллий руҳда айт, бўлмаса фарзанларимизни маънавиятини бузма!”-деса бўлди. Шу билан бирга бу борадаги сиёсат ҳам албатта ўзгариш керак. Ана ўшанда бир натижага эришиш мумкин бўлади менимча. Январ ойида Камолиддин Раҳимовнинг юбилейлари куни Олий кенгаш депутати, шоир Зиёвиддин Мансуров ҳозирги эстрадачиларни ваҳобийзимга ўҳшатибдилар.Буни ўша юбилейнинг дискасида кўрдим. Алам қиладигани буларнинг баъзилари унвонлар билан ҳам тақдирланмоқдалар.Шундай бачканаларга руҳсат бераётганлар, соф миллий қўшиқчилигимиз устидан кулаяптилар деб ўйлайман.

  • Бир шогирдим айтиб берди. Аввалги ҳоким Тўлқин Жабборов ҳокимият дачасида бир байрам муносабати билан ўтириш қилибди. Бунга Камолиддин Раҳимов, раҳматли Ўринбой Нуралиевларни ҳам таклиф қилибди. Улар навбати билан қўшиқ айтишибди. Буларнинг қўшиғидан қониқмаган ҳоким эстрада қўшиқчиларини олиб келишишларини буюрибди. Эстрадачилар бачканачиликни бошлари билан Камолиддин акаларнинг олдида, “Эй боракан-ку!- деб юборибди…

  • Бу ҳақда эшитганим бор.Шундоқ фикрлайдиган кишилар ҳокимият тепасига келаверса ҳалқимизни аҳволи нима бўлади. Адашмасам ўша ҳоким рус тилида фикрлар экан. Аёли ҳам рус экан. Ҳозир ҳам шунақалар бор. Шу сабаб,мумтоз қўшиқчилигимиз ҳам иккинчи планга тушиб қолди. Эстрадачиларни тарғиб қилиб ётишибди. Телевизорда аҳён-аҳёндагина мумтоз қўшиқлар берилади. Оҳири баҳайр бўлсин-да.

  • Юлдузча”ларни кўпчилиги ўз она тилини билмас экан ҳам, шу тўғрими?

  • Тўғри. Севара Назарҳон, Сўғдиёна кабилар рус тилида фикрлайди. Яқинда Сўғдиёна бир филъмда рол ўйнабди. Шунга бағишланган кўрсатувда бир оғиз ҳам гапирмади. Чунки кўрсатув ўзбек тилида олиб борилган эди. Она тилини билмай туриб қандай қилиб ўзбеча қўшиқ айтиш мумкин?

  • Ташкилотимиз фаоллари номидан Сизнинг ижодингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Сизларга ўхшаган жонкуяр санъаткорлар тарғиб қилинадиган замонлар ҳам яқин. Омон бўлинг.

  • Сизларни ҳам эзгу, шу билан бирга машаққатли ишларинга зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

 7- декабрь, 2013-йил.