Nov 292013
 

 

Айтадиганингизни Би-би-сига айтиш учун бу ерга босинг “Сизнинг янгилигингиз, сизнинг суратингиз” саҳифасидан фойдаланинг!

Шунингдек, электрон почтамиз манзилини эслатамиз: uzbek@bbc.co.uk

‘Қозоғистонда ўзбек ўзбекни жарга итармоқда’

“Замонлар ўзгарди, ўзгарди дўст-ёв,

Давр ҳам ўзга бир либосни кийди.

Бугун хафа қилса бировни-биров,

Дарҳол Би-би-сига айтаман! дейди.”

Абдулла Орипов

Қозоғистонга новвойчилик қилиш учун борган наманганлик ҳуқуқ фаоли Зоҳиджон Зокиров қозоқ полициясининг зўравонликларидан ёзғирди. Унинг айтишича, полициячилар меҳнат муҳожирларининг рухсатномаси бор-йўқлигига қарамай, ҳибсга олишада ва қийноққа соладилар. Зоҳиджоннинг ўзи ҳибсга олиниб, дўппослангани, тирноқлари остига бигиз тиқилгани ҳақида гапириб берди. Аммо айни пайтда унинг айтишича, ўзбекларни қийнаётганлар фақат қозоқлар эмас. Муҳожирларни қоп-қоп ваъда билан Қозоғистонга олиб кетган ўзбекистонлик иш берувчилар уларнинг паспортларини олиб қўйишади, оғир шароитларда сақлайдилар ва ҳақларини беришмайди. Наманганлик ҳуқуқ фаоли ўзини Қозоғистонга олиб кетган девор-дармиён қўшнисидан 4 ойлик иш ҳақини ололмаётганини айтди. “Хафа бўлманг-у, оддий қозоқлар ўзимизнинг ўзбеклардан тузукроқ экан. Бизга ёрдам берган қозоқлар бўлди. Аммо ўзбек ўзбекни жарликка итараяпти”, – дейди Зоҳиджон Зокиров Би-би-си билан суҳбатда.

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Россиядаги миллатчилар давлатнинг ўзи пайдо қилган ҳаракат, дейди Максим Назиров.

Би-би-сига айтаман: Биз ҳам сочимизни қилич билан олиб ташлаб юришимиз керакми?

Кўп йиллар Россияда мардикорлик қилган, айни пайтда Францияда ҳам ишлаб, ҳам тил ўрганаётганини айтган Максим Назиров:

Салом! Биз ҳам боғлансак бўладими? Ёки сочимизни қилич билан олиб ташлаб юришимиз керакми, деган хатни йўллаган эди.

Максим Назиров билан боғланганимизда, у Россиядаги муҳожирлар, миллатчиларнинг муносабати ва давлат идораларидаги коррупция каби ўзини қийнаётган муаммолар ҳақида гапириб берди. “Россиядаги миллатчиларга ўчакишиб, биз ҳам бошқа жойларда учраган русларни калтаклашимиз, сочимизни қириб олиб ташлаб юришимиз керакми энди? Муаммо ҳал қилинмаса, унинг охири яхши бўлмайди”, деб айтади у.

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

“Миллионлаб муҳожирлар катта кучга айланиши мумкин”

“Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун соғлом куч ва ташкилот керак”

Усмон Носир деган муштариймиз шундай фикрда:

Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартириш учун, уни ўзгартира оладиган бир соғлом куч ва ташкилот керак. Бундай ташкилот, миллионлаб муҳожирларни бирлаштира оладиган сиёсий партия бўлиши мумкин. Бу партияни программаси халқ дардини тушуниш, миллат келажагини ўйлагани ҳолда, адолатпарварлик, ҳақиқатпарварлик руҳида, ватанни севган инсонлар ғоялари ифодаланган программа бўлиши керак. Бу партия ишончни қозонса, қудратли бир кучга айланади.

Би-би-сига айтаман: “Ўзбекистон ҳукумати халқнинг сабрини синамоқдами?”

“Ўзбекистоннинг барча вилоятларида газ ва свет энг катта муаммога айланди. Унинг олдига мана яқиндан бошлаб бензин йўқлиги ҳам қўшилди. Ҳукумат халқнинг сабри яна қанчага етишини синамоқда шекилли. Тўғриси ҳамманинг сабр-косаси тўлиб бўлган”,- дейди Би-би-си муштарийларидан бири.

Шу мазмундаги мактублар Би-би-си почтасига келган.

“Аҳолининг жонига тегди. Ўзбекистон гази қаёққа кетяпти?”, деб ёзади Хуршид исмли ўқувчимиз.

“Қўқонда газ бўладими? Ўзбекистон гази қаёққа кетяпти? Аҳоли фойдалангани йўқ газдан. Нима қилиш керак, ким нимани кутяпти? Ўзбекистонда уруш бўлишини хоҳламайди ҳеч ким. Лекин аҳолининг жонига тегди. Газ йўқ, свет йўқ. Нима қилиш керак? Гўдаклар совуқдан касал бўлади. Ўзбекистон аҳолиси кўпайяпти. 2013 йилда ҳам газ, свет бўлмаса, билмадим. Аҳоли жонидан тўйди. Аҳоли 8 йил қишда газ, светсиз. Кимга ёқади, қайси юртга ёқади? Тошкентда нимага бунақа муаммо йўқ”- деган саволларни қўяди Хуршид.

Ўзбекистондан келаётган бошқа хабарларга кўра, Самарқанд вилоятида уч кун мобайнида газ ва электр энергиянинг тўлиқ ўчириб қўйилганидан дарғазаб бўлган аҳоли, аксарияти аёллар катта йўлни тўсишган. Шундан сўнг маҳаллий расмийлар тез орада газ ва чироқ доимий берилишини ваъда қилганлари айтилмоқда.

Би-би-сининг Жума шаҳридаги манбаси айтишича, одамларнинг журъатлилари шундай талаб билан чиқмаса, газ ва чироқсиз ҳаёт кўпчилик учун одатий бўлиб қолган.

“Эрталаб светни соат 7 да беради 8 да ўчиради. Шу билан кеч 6 да ёнади, бир соатдан кейин ўчиради. Кейин 11-12 да беради. Нима бу ахмоқлик? Кимга керак бу? Йўқ газга пул тўлаяпмиз. Берганига беш соатларда ҳам овқат пиширолмайсиз. Наҳотки бунинг охири бўлмаса?”, дейди жумалик суҳбатдош.

Қашқадарёда такси ҳайдаб, рўзғорини боқаётган кишининг сўзларига қараганда, у борган деярли ҳамма туманда аҳвол шу. Қишлоқ жойларда газ умуман йўқ. Мен яшайдиган Касбида декабрдан мартгача газ беради холос. Қолган пайтлар ўчоқ, свет бўлса плитада овқат қилинади, мен газ баллон сотиб олганман. Қашқадарё бўйича Нишонда свет бироз яхши шекилли Талимаржон станцияси борлиги учун. Ўғлим Нишонда пахта теряпти, свет яхши деяпти у”.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳамма вилоятлардан талабалар пахтадан қайтган, Қашқадарёда эса талабалар ҳануз пахта теришмоқда. Уларнинг қачон қайтиши номаълум. Янги ҳоким қандай ишлаётганини кўрсатиши керакдирда?- дея ўзи жавоб қайтаради саволига.

“Илгари Қаршида электр билан муаммо камроқ бўларди, ҳозир бизда ҳам аҳвол қишлоқдагилар билан бир хил бўлиб қолди. Болаларим мактабда ўқийди. Кечки пайт чироқ ўчади. Дарс қилишга вақти етмайди. Кейин ярим кечагача кутиб ўтиришади чироқ ёнишини. Эрталаб туролмайди. Болалар керакли билимни ололмаяпти. Билмайман қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?”-деб айтади қаршилик уй бекаси.

Петербургдан Зафар:

“Haqiqatanam qayoqqa qarab ketayapmiz? Gaz yo’q, svet yo’q, ish yo’q. Ish yo’qligi yetmaganday, narx-navo osmonda. Malubi degan moshina 120million hammaning joniga tegdi. Kolejni bitirganimdan beri Rossiyadaman. Geslarimiz bor, to’k yo’q. Neftimiz bor bezin yo’q, gaz yo’q lekin ishlayapdi shuncha narsa qayoqqa ketayapti?

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/10/131024_bbcga_aytaman.shtml