Nov 122013
 

 

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан бўлган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фаоли Жамолиддин Ортиқов  маьлум қилаётганига кўра, бугун 2013 йилнинг 12 ноябрь, соат 11:00 да Яккабоғ туман Жиноят Ишлар судида унга боғлиқ бўлган иш кўриб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 сентябрида унга тегишли бўлган Nexia русумидаги автомашинани
ДАН ходимлари асоссиз равишда жарима майдонига олиб кетишганди.

Автоинспекторлар бу ҳатти-ҳаракатларини Ж.Ортиқов ўз машинасида Яккабоғ туман прокурори бораётган машинани қувиб ўтганлиги билан асослашганди. Ўзбекистонда прокурорлар ҳаракатланаётган машинани қувиш ўтишни таъқиқловчи бирор қарор, қонун ёки бошқа турдаги тартиб жорий этилмаган ва ажабланарлик томони, ДАН ходимлари бундан бехабар эканликларидир.

Сентябрь ойидан буён машина жарима майдонида эгасини кутмоқда. Эгаси эса уни қайтиб ололмай сарсон-саргардон. Мансабдор масъуллар эса сира қайтариб бергилари ҳам йўқ. Давогарнинг бу ноқонуний ҳаракат устидан арз қилиб ёзмаган жойи қолмади. Уни тинглайдиган қулоқ ҳам йўқ!

Бугунги кунга келиб эса, Жамолиддин Ортиқовнинг жияни Баҳриддин Оролов устидан суд бўлиб ўтган ва у маьмурий жавобгарликга тортилиб, жарима тўлашга ҳукм қилинибди. Жарима ҳам 3 бараварига қўлланилган. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фаоли Жамолиддин Ортиқовга мазкур суд жараёни қандай ўтганлиги тўғрисида савол билан юзландик.

“Суд жияним Бахриддин Оролов устидан бўлиб ўтди, расман машинамга мутлоқ алоқаси бўлмаган инсонни суд қилиш ва жаримага тортиш ҳам мумкин эканда? Ўзбекистон судларида ишлар бир томонлама олиб борилаётгани инсонни ҳайратга солдиради инсонни. Гувоҳларни ҳам тайёрлаб қўйишибди. Нимасини айтасиз? Судда ҳаттоки туман судъяси ҳам гувоҳ тариқасида гапириб юборди”. – дея жараённинг қисқа тафсилотини келтирди Жамолиддин Ортиқов.

Судлар орқали инсонлар адолатга эришиши, айбсиз бўлса оқланиб чиқишлари керак эмасми? Жамолиддин Ортиқовнинг айтган сўзлари инсонда таажжуб уйғотади. Ахир қандай қилиб судъя ҳам гувоҳлик бериши мумкин?

Жамолиддин Ортиқовнинг ҳикоясини тўхтатиб, унга савол бердик.

“Мен ҳам кўрганман Баҳриддин Ороловни машина хайдаб юрганини дея гувоҳ бўлди судъя“. –  дейди фаолимиз. Қаранг-а, оламшумул янгилик эмасми бу? Жамолиддин Ортиқов судъя машинани қайтиб бериш, ёки бермаслик ҳақида қарор чиқармади, боз устига машина жарима майдончасида эканлигини судъя эслаб ҳам ўтмаганлигини келтиради Ж.Ортиқов.

Жамолиддин Ортиқовнинг бизга маълум қилишича, у эртага (13.11.2013) соат  9.00 да Яккабоғ тумани ИИБ бошқармасига повестка асосида чақирилибди. Чақирув хатида ким сифатида, ёки қайси иш юзасидан чақирилаётгани ҳам кўрсатилмаган. Ҳеч шубҳа йўқки, ИИБ бошқармаси эндиликда “пулемётларини” Жамолиддин Ортиқовга  қаратмоқда. Катта “гуноҳ” қилган-ку у(?). Коллежда ўқийдиган хаста ҳолдаги жиянини пахтага юбормаган ва кейинчалик болалар мехнатига қизиқиши ҳам ўйғонган. Шундай қилиб, эртага фаолимиз тақдирини биламиз. Жамолиддин Ортиқовни +998919469816 рақамлик телефон орқалик Яккабоғ тумани Маданият фукаролар йиғини участка нозири Каримов Мустафо чақиртирган.

Огоҳ бўлинглар, режим яна битта фаолнинг устидан уйдирма жиноят иши қўзғатиш арафасида турибди. Умид қиламиз, Халқаро Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бефарқ бўлишмайди. Ўзбекистон ичкарисидаги консуллардан ҳам умид қилиб қоламиз: “ҳуқуқбон Жамолиддин Ортиқовга ёрдам беринглар!”.


Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти матбуот маркази.

12- ноябрь, 2013-йил.