Nov 102013
 

 

Афанди ва одил судъя орасида қандай фарқ бор?

  • Одамлар иккови ҳам борлигига ишонишади, лекин ҳеч бирини ҳеч қачон ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган.

                                                                -о-о-о-

Судъя қадрдон оғайниси билан улфатчилик қилган ҳолда ҳангомалашиб ўтирар экан, деди:

– Эҳ ошна порахўрлик қай даражада томир отиб кетганини билмайсан-да. Ўтган куни бир ишни кўриб чиқишдан олдин жавобгарнинг адвокати минг доллар бериб кетди. Кўраяпсанми? Кейин эса жабрланувчининг адвокати бир минг икки юз доллар берди. Лекин мен адолат тарафдориман, ишни холис кўриб чиқишим зарур, шунинг учун иккинчи адвокатга икки юз долларни қайтариб бердим.

-о-о-о-

Солиқ инспекторларининг ҳазил ҳикмати: “Одам терисини шилиб олиш мумкин бўлган ягона тирик жонзоддир.

                                                                   -о-о-о-

Чет элга мардикорликка боришни истамай, шу ерда ишлашни хоҳлаган киши билан каттагина корхона директорининг ўзаро суҳбатидан:

  • Сиз ёш, маълумотли, ақлли ва киришимликмисиз?

  • Албатта.

  • Ойига 500 АҚШ долларидан ортиқ маош олиб ишлашни ҳохлайсизми?

  • Бўлмасамчи!

  • Хизмат сафари билан чет элларга боришничи?

  • Жуда ҳохлайман-да! Эй ҳайрият-е!

  • Ундай бўлса, чет элга кетаверинг, биз шунча маош бера олмаймиз. Ҳайр!

                                                                            -о-о-о-

Бир одам кўчада қарсак чалиб кетарди. Одамлар бу ҳолга ҳайрон бўлиб сўрашди:

  • Нима қилаяпсиз?

  • Қарсак чалаяпман.

  • Кимсиз ўзи?

  • Депутатман.

  • Ие,сессияларда шунча қарсак чалганларинг етмасмиди? Бориб сессияда қарсак чалинг.

  • Йўқ. Бизга шундай буйруқ бўлди.Бундан буёғига кўчада ҳам қарсак чалиб юрарканмиз.

                                                           -о-о-о-

Турмага янги маҳбусларни олиб келишгач,улар бир-бирлари билан таниша бошлашди.

  • Сени нега қамашди?

  • Мен ҳокимга қарши чиққан эдим.

  • Сени-чи?

  • Мен ҳам ҳокимга қарши чиққандим. Ўзингни-чи?

  • Мен ўша ҳоким бўламан.

  • Сизни нима қамашди?

  • Мен вазирга қарши чиққан эдим.

                                                                     -о-о-о-

Икки киши танишишаябди.

  • Эй дўстим дунёда ким дўсту ким душман, билиб бўлмай қолди.

  • Нега билиб бўлмай қолар экан. Сен ўзингни яқиндан таништир, дўстинг ким эканлигини айтаман.

  • Мен Президентлик маҳкамасида ишлайман.

  • Мана, мен Сизнинг чин дўстингиз бўламан акаж о о о н!

                                                                       -о-о-о-

Бир катта лавозимли шахс оиласи билан чўмилаётиб чўкиб кетаётган эмиш.

  • Қўлигизни беринг, чўкиб кетасиз, қутқарамиз- дейишибди. У эса ҳеч қўлини узатмас эмиш.Шу пайт бир нуроний отахон ўтиб қолибди ва одамлардан ғала-ғовурнинг сабабини сўрабди.

  • Э, нимасини айтасиз, бу киши катта лавозимли раҳбар. Қўлингизни беринг, чўкиб кетасиз десак ҳам қўлларини бермаябдилар-дейишибди.Шунда чол дебди:

  • Раҳбарга ҳам қўлингни бер дейдими?! Унга мана буни ол, қўлингни чўз дейиш керак.

Раҳбарнинг яқинлари “Мановини олинг, қўлингизни чўзинг!” дейишса, раҳбар дарров қўлини чўзибди.

                                                            -о-о-о-

Бир фермернингхотини эрига, – Ҳўжайин кейинги пайтларда тушингизда сўкинадиган бўлиб қолдингиз, нима бўлди?-дебди.

Шунда фермер: -Эй хотин, ҳоким ҳар куни мелиция, прокурорлар билан ўтириб олиб ҳаммамизни сўкса жим ўтирамиз. Бировга ҳасрат қилиб бўлмаса, шунинг учун ҳаммамиз тушимизда сўкинадиган бўлиб қолганмиз.-дебди.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  10- ноябрь, 2013-йил.