Oct 242013
 

 

 

Эмин Усмон

Эмин Усмон

Ҳаётдаги ва ижоддаги тақдирдошлик.

Кейинги 20-30 йил мобайнида ҳаёти ва ижоди мураккаб кечган ва кечаётган адиблар кўпайиб қолди. Эмин Усмон ва Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) шу хил ёзувчилардандир.

Улардан бири –Эмин Усмон (1945 йилда) Шарқий Туркистоннинг  Ғулжа шаҳрида,иккинчиси –Мамадали Маҳмуд ((1942 йилда)) Жиззах вилоятининг  Фориш туманида деярли бир даврда туғилган бўлиб, уларнинг ҳар иккаласи ҳам қамоқ азобларини кўришган,ҳар иккаласи ҳам халқ тақдирига у ёки бу даражада алоқадор мавзуларда адабиётда из қолдирувчи проза асарлари ёзишган.

Эмин Усмон 90 йилларнинг бошларида гўё иқтисодий соҳадаги «нотўғри» фаолияти учун қамоққа олиниб,маълум муддат ўтгач жамоатчиликнинг аралашуви туфайли озод этилганди. Аммо иккинчи бор номаълум сабабларга кўра қамоққа олинганидан кейин тергов жараёнида қазо топган. Ҳозиргача ҳам бу ўлим тафсилотлари оиласидан ва жамоатчиликдан сир сақланмоқда.

            Мамадали Маҳмуд бир гал (иқтисодий жиноятларда айбланиб) 4 йилга қамалганди,у ҳам жамоатчилик вакилларининг,ёзувчи ва адибларнинг аралашувидан сўнг озод қилинди. Аммо иккинчи гал (сиёсий сабабларга кўра1999 йили) 14 йилга қамалди… 14 йиллик қамоқдан бироз ўтиб озодликка чиқди.

Иш фаолиятларидаги ўхшашликлар…

Ҳар иккала адиб Тошкентда яшаб  ижодий ташкилотларда,кўпроқ матбуот соҳасида ишлашган:Эмин Усмон «Гулистон»,журналида,(сўнгроқ  «Ёш гвардия» ва Адабиёт ва санъат нашриётларида) Мамадали Маҳмуд «Саодат» журналида (кейин Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида) ишлаб,шу йиллар давомида қатор публицистик мақолалар,ҳикоялар,қисса ва романлар ёзишган.

Ижодий фаолиятларида ва адабиётга олиб кирган мавзуларида ҳам маълум ўхшашликлар ва фарқлар бор. Эмин Усмон70-80 йиллар орасида халқ ҳаётида муҳим ўрин тутугувчи экология ва табиатни асраш мавзусида «Тилла чаноқ»,«Ёлқин»,«Кўнгил кўзи» номли қиссаларини  ва «Меҳригиё» романини,ёзган.

Мамадали Маҳмуд ижтимоий маъно касб этгувчи  “Тут”,“Эртам яхши бўлади”,“Ариқ ва терак”,“Сой”,“Ғунча очилди” каби ҳикояларини ва тарихий мавзудаги «Боғдон қашқири» қиссасини ва “Бу тоғлар баланд тоғлар” романини яратди.

Биз ушбу мақолада ҳар икки адибнинг муҳим асарларини таҳлилга тортмоқ умидадимиз.

Эмин Усмонннинг “Томир”асари.

«Томир» (1982-85) Эмин Усмоннинг 20-60 йилларда яшаб ўтган ўзбеклардан анча-мунчасининг ҳаётини ҳаққоний образларда бадиий акс эттирган асаридир.

Асар қаҳрамонлари Тилаволди,Муаззам кампир,Икром раис,Кароматхон,Дилмурод,Сожидалар ўз ички дунёлари,изтироб ва дардлари,хатолари ва муваффақиятлари билан шу пайтгача ўзбек прозасида ўхшаши бўлмаган  образлардир. Романдаги Тилаволди,Муаззам кампир,Тўхтамурод кабилар ҳаётнинг мазмун моҳияти,халқ бошига тушган қийинчиликларнинг илдизлари ҳақида бир оддий,покдомон одам каби ўйловчи жонли кишилар сифатида намаён бўлади.

Тиловолди чол Ўзбекистоннинг оғир ўтиш даврида яшаб ўтган оддий,мусулмон ўзбек сифатида сиёсатдан,давр қаерга кетаётганидан хабари ҳам йўқ. Бир шоир ёзганидек:“Босмачи ким,қизил аскар ким,биз фарқига бормасдик ҳали” деб ўйлайдиганлардан.

Ўзи яшайдиган Тошкент яқинидаги Чувалачи қишлоғига ва унинг уйига босмачилар (аслида миллий озодлик қўшинлари вакиллари) кириб келар экан мусулмон сифатида бор-будини тўкиб солади ва вақт келиб худди шу ҳотамтойлиги туфайли қамоққа ташланади.

Ёзувчи бу ерда халқимиз вакилларининг ўша пайтдаги (бугунги кунда ҳам сақланиб қолаётган) “касал”ларидан бир қанчасини ёрқин ифодалайди.

 Халқимизнинг қатор мансабпараст  вакилларида даврдаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб,бировларни қурбон қилиш эвазига бўлсада катта ишга кўтарилиш касали бор. Асарда бу касаллик – бошқаларнинг тақдирига беписандлик,душманона кайфият қаердан,нимага пайдо бўлгани ёрқин лавҳаларда кўрсатиб берилган:

Ўша пайтларда колхоз тузилиб,қишлоқ жамоалари жорий этилаётган пайт эди. Янги тузум учун ўзини ўтга,чўққа уриб юрган фаоллардан Меҳром,Тожимат,Зариф раисликка даъвогар эди. Янги тузилаётган колхозга раис бўлиш учун одамларнинг ҳам,ҳукуматнинг ҳам эътиборини қозонадиган бирор иш қилиш керак эди. Худди мана шу долзарб пайтда Тилаволдининг иши қўзғалиб,терговчилар қишлоққа серқатнов бўлиб қолишди. Меҳром пайтдан фойдаланиб,унинг бошини босиб,раислик курсисига чиқишдан жирканмади. Тилаволдининг қарашлари шубҳали эканини,мафкураси қўнимсизлигини,синфий душманларга ён босиб,уйида қўндирганини тегишли идораларга етказди,ҳатто унча-мунча ёлғон-яшиқ аралаштиришдан ҳам ҳазар қилмади. Йўқ,у Тилаволдини ёмон кўрмас,ҳеч қандай хусумати ҳам йўқ эди. Шунчаки,замоннинг зайли билан қўл келиб қолган имкониятни бой бермасликучун уни қурбон қилди. Тилаволди бошида соябон бўлгудек бирон меҳрибони йўқ одам,у дунёда бор бўлди нимаю йўқ бўлди нима? Ҳеч нарса ўзгармайди! Меҳром раисликка сайланса,кўп нарса ўзгаради. Тўғри,у ҳам Тилаволдига ўхшаган бақадри имкон тирикчилик қилиб юрган бир одам,лекин Шўро ҳукумати учун анча-мунча иш қилиб қўйди. Номи оғизга тушган фаоллардан бири,тарафкашлари ҳам кўп,Чувалачининг ярми унинг уруғ-аймоғи”. Қарангки,бу имонсиз кас ўзининг кўтарилиши учун бошқа бир мусулмонни айблаб ёзиб беришга,шу орқали ифлос бир ҳукуматнинг раиси бўлишга ҳозиру нозир.

            Адиб халқимизнинг нофаол (пассив)лиги,бирлари юртдоши учун оғир пайтларда бошига иш тушганларни ҳатто сўз билан ҳам ҳимоя қилолмаслиги,кўпларининг қўрқоқлиги туфайли миллатдошига,ватандошига ёрдамга ошиқмаслигини бадиий ифодалай олган. Сталин сиёсати сабаб,инсонийлигини йўқотган коммунистларнинг кирдикорларни ҳам,сиёсатда бундай ҳолатлар  қандай пайдо бўлганини ўйлаб ҳам кўрмаган Тиловолди чол ўзининг қамалганидан ҳайрон қолади. У ўзини қамаган ҳукуматнинг хизматидан четга қочмаганини,пода боққанини,кўп қатори далага чиқиб қўш ҳайдаганини,қўни-қўшниларидан биронтасига ёмонликни раво кўрмаганини, умр бўйи орттирган бойлиги – ўнта қўйни эса аввал босмачи (миллий озодлик қўшинларининг вакиллари)га  қолганини уларнинг ғанимларига едирганини эслайди.

Қамоқдан чиқиб келган Тиловолдининг руҳиятини таҳлил этган адиб:“У қисматга ишонадиган соддадил одам,асли шундай бўлиш пешонада бор экан,деб аллақачон тақдирга тан берган. Бироқ,у бир нарсага – одамларнинг бефарқлигига,имонсизлигига сира кўниколмайди...Унинг бегуноҳлигини,Шўро ҳукуматига тариқча хусумати йўқлигини ҳеч ким билмаса-да,қўни-қўшнилари яхши билишарди. Уни суд қилиб,устидан ҳукм ўқишаётганда бир оғиз холис гап айтишса бўларди.»,дея тарифлайди…

Дунёнинг бевафолиги ва ўзининг ноҳақ қамалганига бироз кўниккан Тиловолди чолнинг тақдирини Эмин Усмон Зариф оқсоқол руҳияти таҳлили орқали ҳам акс эттиради. Зариф оқсоқол ҳамма мунофиқлар каби гоҳ ўзини айбдор ҳис қилса-да кўпинча ўзини оқлашга интилади. Адиб унинг руҳиятидаги ўзгаришларни моҳирона ифодалайди:«…қалтис пайтда Зарифнинг қўлидан нима ҳам келарди? Лекин қўлидан тайинли бир иш келмаса ҳам,ҳаракатлари зое кетишини билса ҳам,барибир,рост гапни айтиши лозим эди. Афсуски,ўртада қўрқувдан ташқари илинж номли жуда ҳам қудратли,жуда ҳам чиркин бир нарса бор эдики,Зариф оқсоқол унинг ўзига ром этувчи,сеҳрли оғушидан чиқиб кетолмади. Фақатгина амалдор бўлиш эмас,янги ҳукуматнинг суюмли кишисига айланиш кимга ҳам хуш ёқмайди,ахир. Чарм камзул кийиб,тўппонча тақиб юриш…Оёғингда ғарч солинган этик,остингдаги қиличдай арғумоқни ўйнатиб,кўчаларни тўлдириб юрасан. Сал шубҳали туюлган одамнинг гирибонидан олиб,бир дўқ урсанг,сир-асрори очилиб,тавбасига таяниб турибди. Ўша ур кетди-сур кетди пайтларда баъзи бировлар синфий душманларни тугатамиз,деган ниқоб остида хусумати бўлган қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни ҳам кўчирма қилиб юборишди. У бечоралар олис юртларда ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишди… Тилаволди ҳам мана шундай ҳаракатнинг қурбони бўлди»…

Бу руҳий таҳлилга бугунги куннинг ҳар бир адиби ҳавас қилса арзийди. Зариф оқсоқолнинг ички монологи унинг қон-қонига сингиб кетган худбинлигини,амалпарастлигини мана-мен деб акс эттиряпти. Афсуски,халқимиз вакиллари орасида (шу кунларда ҳам):юқорига ёқиш,улардан қандайдир амал олиш учун қўни-қўшнисини,туғишганларини,дўстларини сотадиганлар ҳозир ҳам оз эмас.

Томир” 82-85 йилларда ошкоралик замони арафасида ёзилган ва Горбачев ошкоралиги даврида чоп этилган. Адиб бошқалар ҳали ўйлашга улгурмаган муаммони,ўзбек жамиятидаги лоқайдлик,амалпарастлик касалини  Муаззам кампир,   унинг ўғли Султонмурод,невараси Дилмурод,невара келини Сожида муносабатлари таҳлили орқали ҳам акс эттиради.

Мусулмон ўзбекларининг типик вакили бўлган Муаззам кампир умрида ҳаммага эзгулик истаб ўтган,муштипар бир аёл. Колхозлаштириш ва уруш даври каби оғир даврларни бошидан кечирган бу муштипар кампир соққан сутини қўни-қўшниларга улашади,ҳовлидаги дарахтларнинг ҳосилини ҳам турмушга чиқиб кетган қизларига,қарингдош-уруғларига,қўшниларгача илинади.

Бошқа бир оилага ичкуёв бўлиб тушган,онасини ташлаб кетган лоқайд ва худбин ўғли Султонмурод эса онани тушунаолмайди:«–Жонингизни койитиб,бўлар-бўлмас нарсаларга сиқилаверманг…Кимга ўрик керак бўлса,ўзи келиб қарасин. Сиз вақтида экиб,ўстириб қўйгансиз…»,дейди.

Муаззам кампир бу ҳолнинг,ўғли нега бунчалик худбинлашиб қолганининг сабабларини тушунаолмайди. Ўзининг «ҳеч қачон ўз қорнини тўйғазишни ўйламагани»ни,ўз фароғатини кўзламаганини эслайди. Сўнг:«Нега умрини тоғдек бардош,улкан қаноти билан ўтказган онанинг болалари бунчалик баднафс? Нега ҳеч нарсага тўйишмайди? Вақти келиб бу мол-дунё,жарақ-жарақ пуллар жонига асқотмаслигини нега тушунишмайди? Бу дунёда топган бойлигинг эмас,кўрсатган меҳр-оқибатинг,қилган яхшилигинг қолади-ку! Қолган ҳамма нарса ўткинчи»,дея ўйлайди. У советларнинг 60 йиллардаги имонсизлик сиёсати одамларни пул ва молга ўч қилиб қўйганини англаб етолмайди. Ҳаммани ўзи каби самимий,ўзи каби нафсини тийган инсон деб хаёл қилади.

Эмин Усмон“Томир” асари билан «Инсон бахтининг моҳияти нимада?»,деган ғояни ўртага қўяди ва ўз қаҳрамонларининг фаолиятини,ҳатти-ҳаракатларини,эътиқодларини тадқиқ қилиш орқали бу мураккаб саволга жавоб излайди. Ёзувчи аввалги қиссаларидан фарқли ўлароқ,янги асарида тавсифга эмас,таҳлилга кенг ўрин беради. Муаллиф танлаган воқеалар ҳам ғоят ҳаётий,ҳам чинакам драматизм билан суғорилган. Адиб инсон ҳаётининг мураккаблигини,ҳар бир одам ҳаётининг,шу жумладан энг оддий,энг камсуқум одамнинг ҳаёти ҳам бошдан-оёқ курашдан иборат эканини кўрсатади. Айни чоқда инсон бахти ҳар бир одамнинг қатъий эътиқодига,юксак инсоний принципларга содиқ бўлишига,ўзгаларни қадрлай билишига,меҳрибон ва мушфиқ бўлишига,фикрининг илғорлигига боғлиқ эканини тасдиқлайди…

«Томир»нинг яна бир фазилати – ёзувчининг  янги бир шакл топишга,қисса композициясини мураккаблаштиришга уриниши. “Томир”нинг ички яхлитлиги китобхонда яхши таассурот қолдиради.

Мамадали Маҳмуднинг “Бу тоғлар – баланд тоғлар” романи.

Мамадали Махмудов-Эврил Турон

Мамадали Махмудов-Эврил Турон

Бу романда Мамадали Маҳмуд мавзуни тарихдан олган бўлсада,ўзгачароқ услубни қўллайди. Биринчидан,у ҳар бир саҳифани Ватанга ва халққа муҳаббат туйғуси билан сарафроз этишга интилади. Шунинг учун ҳам зарур ўринларда  Ватан табиати,унинг тоғ ва ўрмонлари,бу ерлардаги дарахтлар,ўт-ўланлар,майсалар,кушлар ва ҳайвонларнинг номларини келтиришдан эринмайди. Ҳар бир сўзга,образга маъно юклашга,сўзлари орқали юртга муҳаббат уйғотишга ҳаракат қилади.

Шу тариқа ХIХ асрнинг 50-80 йилларидаги чет бир қишлоқда яшаган,шаҳар цивилизациясидан бир оз узилиб қолган,бугунги ўзбеклардан аксариятига ўхшамайдиган,дунёда бўлаётган воқеаларни ўзича тушинадиган мард,жасур,дангалчи туркий ўзбекларнинг асардаги ҳаёт тарзи,руҳиятини таъсирли ифодалайди.

Унинг Ватанпарвар қаҳрамонларидан  бири ўз фарзандларига туркча исм қўйганини асослаш учун:«Ўзим тушунмайдиган арабча,порсча яна аллакандай чучмал отларга тоқатим йўқ. Ўғлим туркми,унинг оти туркча бўлади»,дейди.

Маълумки,рус босқини пайтида ва ундан кейин ҳам босқинчилар:«Ўрта Осиё халқлари,шу жумладан,ўзбеклар,маданиятсиз,ахолисининг 99 фоизи саводсиз,улар ювинишга,кийинишга эътибор беришмайди,биз уларга маданият олиб келдик» тарзида тарғибот юргизишган. Мамадали Маҳмуд эса ўзининг рус босқини арафасида яшаган асосий қаҳрамонларининг мактаб ва мадрасаларда ўқигани,  озода ва маданиятли кишилар эканлигини бўрттириброқ ифодалайди. Бош қаҳрамони Раҳмат палвон,унинг ўғли Бўронбек кабилар бир марта артинган сочиғига у ювилмай туриб артинишмайди. Бошқа қаҳрамонлар ҳам кўплаб эпизодларда маданиятли,мактаб ва мадрасларда ўқиган олийжаноб кишилар тарзида кўрсатилади.

Мамадали Маҳмуд ўз асарида ўзбекча урф-одатларни ҳам бадиий йўсинда,бироз бўрттириб (Маслан,аёлларнинг Сув Хотин сув хотин маросимини ўтказишларини) қизиқарли ифодалайди. Бинобарин марҳум адабиётшунос олим Очил Тоғаевнинг:«Романда ўринли келтирилган халқ қўшиқлари янгилиги,табиийлиги,воқеа ва кишилар мижозига айни мувофиқлиги билан китобхонни хаяжонга солади»,деган фикри асослидир.

Ёзхувчи муҳаббатга боғлик эпизодларни,(Раҳмат палвон ва қозоқ кизи,Бўронбек ва Райҳон ўртасидаги висол онларини) шарқона,аммо ниҳоятда таъсирли кўрсатаолади.

Ўзбек,қозоқ,туркман халқларининг ўзига хос меҳмондўстлигини тасвирловчи эпизодларни айрича ихлос билан ёзади. Хусусан,Раҳмат палвон ва Кудрат тегирмончи иккови Бухорога бориш олдидан қозоқ овулида бўлган меҳмондорчилик  эпизодлари,бу ерда бўлган суҳбатлар таъсирлидир. Адиб ўша пайтдаги ижтимоий-сиёсий масалалардаги,рус боскини,туркий халқлар бирлиги мавзуларидаги баҳсларини жўшқин ифодалайди. Охирги муаммо бўйича бўлиб ўтган баҳсда бир-бирига карама-карши икки хил фикр ҳақида гап кетади. Баъзилар Амир Темур ҳукмронлиги пайтидаги каби,туркий халқлар бир бўлиши лозимлигини айтса,баъзилар бунга қарши фикр билдиради. Бунинг устига,бир-бири билан қўшни бўлган халқлар (ёки уларнинг ғанимлари) уларни ўзаро жиққа мушт бўлишига йўл очадиган турли-туман латифалар,мақоллар тўқиб,уларни бир-бирига ёвлаштиришга хизмат килишишини салбий факт сифатида келтиради. Бу зиёфат пайти ҳам ўзбек ва қозоқ орасини бузадиган латифа айтилади. Бошидан кўп кийинчиликлар ўтган,оқподшонинг зулмини кўрган туркий қозоқ йигити Бўрибойга бу каттик таъсир қилади.

«- Мана шунга ўхшаш иркит аскиялар оға-ини, уруғни бир-биридан совутади,дейди алам билан …- Бу фикрга қозоқ зиёлиси хисобланган Валихон ҳам қўшилади. «-Биз бир туғишган – турк бўлатуриб:«ҳой сарт, ҳой қайсақ,хой қирғиз» деб бир биримизнинг жиғимизга тегамиз. Тағин:«Қўнғиротмисан,Ёвмутмисан,Ўғизмисан?!!» деб тинмай уруғ суриштирамиз. Биз туркларнинг шурини қуритаётган нарса шу эмасми?», дейди.

Роман охирларида тасвирланган асосий ижобий қаҳрамонлар (Бўронбек,Бўривой,Уйғокбек,Яшарбек) Туркистонга руслар бостириб кирганида оёққа туришади,маънавий тубан кимсалар (Мансур пучуқ,Нурҳез) эса бу босқиндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади.

Романда яхши қуролланган рус армиясига қарши деярли партизанчасига жанг олиб борган туркийларнинг жанг лавҳалари қисқа бўлса-да,ишонарли ифодаланган. Зеро ёзувчи асар охиригача ўз қаҳрамонларини шу жангга «тайёрлаб» келган. Асардан она юртнинг рус чоризми оёғи остида топталишига кадим Туроннинг бир қанча хонликларга,уруғларга,юзларга бўлинганигина эмас,юрт ғамини ўз қайғуси деб билган кишиларнинг камлиги,уюшмаганлиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилганки,бу ҳол ҳозирги мухолифат лидерларга ҳам тааллуқлидир. Шўро даврида ёзилган «Бу тоғлар –баланд тоғлар» романи Мамадали Маҳмуднинг ўзига хос жасорати эди.

2013 йилнинг май ойида 14 йилдан ошиқ қамоқда ўтирган адиб (жаҳон жамоатчилиги ва зиёлиларнинг ҳам ёрдамида) уйига қўйиб юборилди. Хурсанд бўладиган томони шуки,адиб ҳозирги кунда,қамоқдаги оғир азоблардан кейин ҳам ижодий ишларини давом эттирмоқда.

Ботир Норбой,

Филология фанлари доктори.

http://birdamlik.info/blog/2013/10/23/