Oct 152013
 

 

Хайит номози олдидан

Эр дуоси элнинг қаддин тутиб турар
Яратган ҳам мард саждасин кутиб турар
Омин деса шайтон тилин ютиб турар.
Лаъинни гунг- соқов қилсин овозингиз
Мақбул бўлсин, манзур бўлсин номозингиз!

Жамоат жам бўлса ахил жамият ҳам,
Кўпдан қўрқиб чекингай ғам, азият ҳам
Сиз борсизки Хаққа суюк раийат ҳам
Эгасиз қолмасин жойинамозингиз,
Тўқсонда ҳам тўлиқ бўлсин номозингиз!

Юрсангиз ер гурсилласин полвон болам,
Солиҳ бўлинг,саҳий бўлинг султон болам.
Жоҳилларга ошно бўлманг асло болам.
Илм бирла баланд бўлсин парвозингиз.
Руҳингизга рағбат бўлсин номозингиз!

Акам, укам- инимдирсиз бегонамас,
Кимга опа, кимга сингил бўлмоқ хавас.
Дуоингиз ёву ётга метин қафас.
Ёмон кўздан асрар бизни чин розингиз,
Ёмонларни забун қилсин номозингиз.

Дунёйи дун омонатдир бегим қаранг,
Тинчимизмас, жумла олам тинчин тиланг,
Ғофилнинг ҳам иймонини чин- чин тиланг.
Охиратни обод қилсин дил созингиз
Қутлуғ бўлсин бу тонг Хайит номозингиз!!!

Муаззам Иброҳимова

Манба: facebook.com