Sep 282013
 

 

 

Ўзбек адабий ва сиёсий жамоатчилиги 70 ёшлик юбилейини нишонлаётган марҳум шоиримиз Рауф Парфи ҳақида мақолалар ҳам хотиралар ҳам оз эмас. Уларни курсдошлари (Дадахон Ҳасан,Бахтиёр Исабеков,Ортиқбой Абдуллаев,Нуъмон Раҳимжонов,),дўстлари (Шукур Холмирзаев. Омон Матжон) шогирдлари (Хуршид Даврон,Баҳром Рўзимуҳаммад)  ва қатор мухлислари ёзишган.

Улар Рауф аканинг Машрабона қиликлари,шеъриятининг ранго-ранг қирралари,ҳазил ҳузулларию,дарвешона табиати ҳақида қизиқ фактлар келтириб ёзишади. 1995 йил ёзидан то 2004 йил ёзигача  у билан “шишадош” (Рауф аканинг ибораси) бўлган шогирди Баҳром Рўзимуҳаммад қизиқ воқеалардан мисоллар келтириб шундай ёзади:

Тўққиз йил мобайнида кўп бора суҳбатлашиб шахсиятининг баъзи қирраларини кўрдим,тушундим. Назаримда,устоз ҳеч кимдан хафа бўлмаган. Яъни содир бўлган воқеликни худди туш каби қабул қилган.

Хафа бўлиш туйғусидан кейин туғулганман,–дерди у…

Нашриётда Рауф ака билан бирга ишлар эканмиз бир нарсани сезиб қолдим:назаримда,кўп ҳолларда. олган ойлигини алиментга тўлар ва камхарж бўлиб қоларди. Кўпинча иш вақти тугагач,учраб қолган дўстларига:“Қани бугун ким раҳбар бўлади”,деб ҳазиллашарди. Бу дегани “бугунги ўтиришимизга ким бош бўлади,тўғрироғи ким пулини тўлайди”,дегани эди. Шоирга “раҳбар” бўлишдан ҳеч ким оғринмасди…

Мен нашриётдаги кўнгилтортар биродарларга “РПФ” –Рауф Парфи фонди очганимни,ҳоҳлаганлар бу фондга озми кўпми ҳисса қўшишлари мумкинлигини айтардим. Бу фондга ношир,ёзувчи ва олимлардан Маҳкам ака,Асқарали Шаропов,Пирмат Шермуҳамедовлар гоҳ гоҳ пул бергани эсимда…

Мен эса ўша пулларни Рауф акага илинардим.

Аммо кўп ўтмай уни нашриётдан бўшатишди. Нега бўшадингиз,десам,бир шеърини ўқиб берди. Унда:“Ҳайҳот қилиб қўйдим,қилганини ҳам” мисраси бор эди. Бу мисра мазмунини адабий жамоатчиликкина тушунади…

Шоирнинг камхаржлиги ҳақида Баҳром Рўзимуҳаммад ҳам яхши ёзган:“Рауф ака пул санашни ёқтирмасди. Кафега кириб овқатланиб,у-бу нарса ичсак,ҳақини тўламоқчи бўлиб чўнтакка қўл юборсам,менинг олдимга пул санаманг,дер эди. Мол-дунёга,менимча,умри мобайнида парво қилмаган. Шунингдек,кимдир пакетга солиб пул берса,санаб кўрмасди”,дейди у

Бир гал Маҳкам Маҳмудов ўз машинасида адабиётшунос Асқар Шаропов,камина ва Рауф акани қаергадир олиб бормоқчи бўлди. Аммо бир жойга борганда,машинасини тўхтатиб:“Мен бу ёғига бораолмайман,аммо таксига пул бераман”,деб чўнтагидан сўм чиқарди. Асқарали ака,ия:“Маҳкамжон,нима қиляпсиз”,дея оғринганини билдирган эди,Рауф ака ҳазил аралаш:“Пулни менга бераверинг,уни орияти бор”,деганини эшитиб роса кулганмиз.

 Рауф аканинг ичкиликни ёқтириши ҳақида кўп ёзишган. Аммо у жуда кўп ичмасди,даврадагилар бардоқ ёки пиёлани тўлдириб,бир кўтаришда ичиб қўйишса у бир ёки икки пиёлани ўтириш давомида оз оздан ичиб тугатарди…

Бир гал мен ундан ичкиликка қизиқишининг сабабларини сўраганимда КГБчилардан қаттиқ калтак еганини сўзлади ва:“шундан кейин бошим қаттиқ оғрийдиган бўлган. Шу сабабли,озгина олиб турмасам бўлмайди”,деганди.

Бир гал коммунист арбоб ва шоирлардан бири минбарда гапираркан,ўзининг Туркияга борганини,турклар унга “Туркий халқлар бирлашиши керак…”,деб тарғиб қилишганини,аммо арбоб уларга рус тилида:“Я отец своего народа,если вы нечего полохого не скажете об советском Узбекистане,я буду и вашим отцом» (Мен ўзбек халқининг отасиман,агар сизлар совет Ўзбекистони ҳақида ёмон гаплар гапирмасанглар,сизларнинг ҳам оталаринг бўламан”) деб рад этганини гапириб қолди.

Мажлис залидан чиққанимиздан кейин бир гуруҳ қаламкашлар давра бўлиб йиғилиб қолдик. Мен,арбобдан кўчирма келтирароқ,ҳазил аралаш унинг гапларини такрорладим ва:“агар яхши бола бўлиб,жим юрсанглар,Сизларнинг ҳам оталаринг бўламан”,дедим.

Рауф ака зукко ҳазилкаш эди. Ўша сухандонни кўзда тутиб:“Ўзбек халқининг падарларига лаънат”,деганида ҳаммамиз қаҳ қаҳ отиб кулгандик…

Ўзбек шеъриятига хизмати сингиган шоирлардан иккитасини мухолифат ҳам,ҳукуматдаги баъзилар ҳам ҳурмат қиларди. Булардан бири Рауф Парфи бўлса иккинчиси Муҳаммад Юсуф эди…

Одамлар Муҳаммаджоннинг шеърларини тушунгани учун яхши кўрсалар,кўпчилик шеърхонлар Рауф Парфининг шеърларини тушунмагани учун,аммо дарди борлиги учун яхши кўришарди…

Рауф ака фаранглар,англизлар ва немисларнинг,умуман,Ғарб шеъриятининг зукко билимдони ва ўша миллатларнинг етук шоирларидан кўп таржималар қилган шоир эди.

Балки шу туфайлидир,балки СССР даврида нафратини очиқроқ айтишга ҳайиққаниданир,у мисраларини чийлаб ташлар,ундан цензура ҳам бирон “иллат” топаолмасди.

Унинг шеърларига дастлаб “Оқ йўл” тилаган коммунист шоир Асқад Мухтор ҳам шеърларидаги бу хусусият ҳақида бошқача сўзлар билан шундай деган:“Рауф Парфи поэзияда мураккаб ва динамик метафоралар усулини танлади. Унда айрим образларгина эмас,балки бутун шеър метафора ҳаракатига қурилади,метафора поэтик тилга,образ мантиқига,шеърий тафаккур бойлигига айланади”.

Бу ҳолни унинг “Сабр дарахти”,“Қайтиш”,“Кўзлар”. “Тасвир” сингари кўплаб китобларидаги шеърлардан мисоллар келтириб исботлаш мумкин.

Аммо  ҳозир Рауф Парфи шеърларини инжалаб таҳлил этиш мавруди эмас,гап унинг ғаройиб қилиқларию,мухолифатга хизмати ҳақида кетмоқда.

Дарвоқе,Рауф аканинг мухолифат билан тиғиз алоқаси бор эди.

Рауф ака,қалбан,руҳан замонга мухолиф кўз билан қарайдиган,аммо кўпчиликка ишонмагани учун бу туйғуларини очиқ айтмайдиган,шеърларига сингдирадиган ўзгача Инсон ва ўзгача Шоир эди.

СССР гуллаб яшнаётган пайтда ҳам бу тузимнинг бадкирдорликларини ҳаммадан кўра яхши билар ва ўзи ишонган суҳбатдошларига англатарди…Бир гал менга бир латифа айтиб бергани ҳамон эсимда:”Хуллас,чет элда  эркак ва аёлнинг ҳалиги ишни қилаётганининг сурати босилибди. Шунга тагсўз ёзишни,энг зўр тагсўзга мукофот берилишини сўрашибди. Шунда бир дарвеш СССРда чиқадиган “Правда”. “Известия”,“Народное слова”,“Комсомолская правда” сингари энг катта газеталарнинг  номларини ёзибди ва мукофот олибди“,деганди,жилмайиб.

Усмон Носир “Кулгиларим орқасида заҳарим бор”,деганидай,Рауф аканинг баъзи латифалари ва кулгилари ҳам нафрат ифодаси эди…

Қизиғи шундаки,юқорида ҳам айтганимиздай,шоирнинг мухолифатдагилар орасида ҳам,ҳокимият идорасидагилар ичида ҳам уни яхши кўрадиганлар кўп эди. Худди шу сабаблар туфайли (назаримда девондагилардан кимдир рўйхатга қўшиб қўйгани учун бўлса керак) И. Каримов даврида бўлсада,унга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. Менимча,И. Каримовнинг ўзбек адабиётига ўзи билиб-билмай қилган бир яхшилиги ҳам шу бўлса керак. Чунки бу (шоирнинг ўзи бориб олмаган ва шогирдлари келтириб берган “Ўзбекистон халқ шоири” дафтарчаси) ҳужжат уни кўп бора нохушликлардан асраб қолган.

Рауф ака кўп ҳолларда ширакайф ҳолда,соқоли олинмаган,дарвешона қиёфада юрарди. Бир гал миршаблардан бири уни ушлаган ва Панелныйдаги 15 суткаликлар қамаладиган жойга олиб кетмоқчи бўлган. Ўзининг менга ҳикоя қилишича,у ҳужжатни кўрсатган. Миршаб эса шунчаки бир дафтарчадирда,деб ўйлаб қўлидан судрай бошлаган. Шоир эса унга:“Ҳў,инсон бу ҳужжатни очиб қара,унда отангнинг имзоси бор”,дегандан сўнг дафтарчани очиб қараган ва И. Каримовнинг имзосини кўриб анграйиб қолган ва дарҳол такси тўхтатиб:“шу одамни уйига элтиб қўясиз”,деб иложсиз “яхшилик” қилган…

Рауф Парфи бу ҳужжатни кўрсатиб нашриётларнинг,газета журнал таҳририятларининг қоравуллари олдидан бемалол ўтиб юрарди. Папкасида эса,қоравуллар ҳеч кутмаган мухолифатнинг газета ва журналлари бўлар,Рауф ака уларни ўзи ишонган шоир ва ёзувчиларга тарқатиб завқ оларди…

Баҳром Рўзимуҳаммад яна ёзади:“Кимларгадир телефон қилса,нариги ёқда “Кимсиз?”сўроғи янграса “Рауф Парфи деган девонаман”–деб қўярди. Ҳақиқатдан у девона –шеър ва ишқ йўлидаги савдойи инсон эди…У ҳамма нарсасини оз-оздан йўқота бошлади:уйини,аёлларини,пулини,дўстларини,шогирдларини. Охир –оқибат ўзи ҳам биздан узоқ-узоқларга йўқолиб кетди. Лекин унинг сиймосини ўйласанг ич-ичинг ёришгандек туюлади. У ажойиб ва ғаройиб,гўзал,ниҳоятда гўзал,гуноҳларини тутдек тўккан инсон эди”.

Бу Рауф парфига берилган энг тўғри ва энг гўзал тарифдир.

Ботир НОРБОЙ.

http://birdamlik.info/blog/2013/09/27/