Sep 232013
 

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани аьзоси Жамолиддин Ортиқовга маҳаллий ҳокимият томонидан босимлар бошланган. Жамолиддин Ортиқовнинг хабар беришича, 22 сентябрь куни (якшанба кунида) кундуз соат 10 лар чамасида, бирор асос бўлмагани ҳолда, унга тегишли бўлган 70 G 807 DA Nexia русумидаги автомобилини икки нафар ДАН ходими у ижарага ишлатаётган автомобилларни ювиш пунтидан олиб кетган. Ҳозирда автомобиль Яккабоғдаги ДАН жарима майдонида сақланмоқда.

Мазкур пункда унинг ўзи эмас, балки жияни Оролов Баҳриддин  ва бир нечта ёш
йигитлар ишлаётган бўлишган. ДАН ходимлари дарҳол пртокол тузишган ва жияни Оролов Баҳриддинни уни имзолашга мажбур қилишган. Дўқ пўписадан қўрққан Б.Оролов протоколни имзолаб беради. Шу куни Жамолиддин Ортиқов машинасини излаб жарима майдонига борган. Нимага улар бундай қилганликларини сўраганида, ДАН ходими Ёқуб  Рахимов унга прокурор Насим Каримовдан шунақа буйруқ бўлганлигини таъкидлаган.

ДАН ходимларидан протокол  унга эмас, унинг жияни Оролов Баҳридддинга
тузилгани сабабини суриштирган Жамолиддинга шундай жавобни беришибди:

“Машинада парда тақилгани учун тузилган, яна прокурорни обгон қилиб ўтган”.
– деб тушунтиради ДАН ходими Ёқуб Раҳимов. Бироқ автомобилда парданинг ўзи
йўқ!

Шундан сўнг Жамолиддин Ортиқов 11.30 лар чамаси,  туман прокуратурасига
бориб, эшик олдидаги қоровулдан суриштирса, у прокурор йўқлигини айтган.
Якшанба куни прокурор бўлиши ҳам мумкин эмас эди-да ахир. Бўлиб ўтган
воқеани  диққат билан ўрганар эканмиз, умуман олганда тушунарсиз ҳолат акс
эта бошлайди. Фаолимизга қайта-қайта савол беришгача бордик. Калаванинг учини қидира бошладик. Ҳуқуқбонларга босим ўтказиш мақсадида қўлланадиган фитнага ўхшаб кетарди бу ҳолат. Янаям чуқурроқ ўрганишга уриндик.

Маьлум бўлдики, 19 сентябрь кунида у  акаси Ортиқов Низомжоннинг уйига
борганида,  Иқтисод колледжининг 1- курсида ўқийдиган жиянини пахтага
мажбуран олиб кетишларига йўл қўймаган экан. Ж.Ортиқов воқеани шундай
хотирлайди:
“Яккабоғдаги Иқтисод коллежининг 1-курсига ўқишга кирган жиянимни пахтага
мажбурий олиб кетамиз, деб 19 сентябрь куни бир милиция ходими, колледж
домласи, маҳалла котиби ва 45-мактаб директори, жами беш-олти киши акамнинг
уйига кириб, дўқ-пўписа қилишган. Мен қарши чиқиб “жиянимни пахтага
жўнатмайман!” – дедим. Шунда милиция ходими “сен давлат сиёсатига қарши
чиқаяпсан, автомойкангни ёптириб ташлайман!” дея огоҳлантирганди”. –
эслайди у.

Шундай қилиб, Ж.Ортиқов жиянини пахта теримига юбортирмаган. Жияни эса
яқиндагина ангинасини олдирганини ҳам қўшимча қилди у.

“Биринчидан шароит йўқ, борганлар чидолмай қайтиб келяпти. Бу қиз бола
бўлса, ёш бўлса! Иккинчидан, яқинда ангинасини олдирган эди, ўзи нозиккина
қиз. Шунинг учун ҳам нима қилса қилсин, бормайди деб туриб олдим”. – дейди
у.

Туман прокурорини “обгон қилиб ўтгани” – бу жиноят эмас, чунки прокурор
машинасида алоҳида белги бўлмайди, тағин уни қувиб ўтиш ҳам таъқиқланмаган.
Прокурорларнинг автомашинасини қувиб ўтиш қонунга хилоф” – деган  модда
эса Ўзбекистон  жиноят кодексида мавжуд эмас. Ажабки, прокурор жаноблари
даьвогар эканлар!

Нега энди Ж.Ортиқовнинг жиянига протокол тузганини сал бўлсада фаҳмлайдиган
бўлсак, бир жиянининг тарафини олиб пахта теримига юбормаганлиги учун,
автомобилларни ювиш пунктидаги бошқа жиянига протокол тузганликлари
ойдинлашади. Ахир Алининг қасдини Валидан олиш одати борку, айниқса
милицияда. Яна бир мақсад эса, қариндош-уруғчиликка ҳам совуқчилик тушириш
бўлса керак. Бу каби фитналарни кўпдан кўп ҳуқуқбонлар ўз бошларидан
ўтказишган.

Энди эса, ДАН ходимлари автомашинада  ўзи бўлмаган пардани қандай қилиб бор
қилиб кўрсатишаркин? Фаолимиз пахтага жиянини юбормагани учун жазога
тортилаяпти! Воқеа ривожини кузатиб борамиз ва дунё ҳамжамиятига маьлум
қиламиз.

 

Гулшан Қораева

  Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

  Қашқадарё вилоят бўлими раиси

  23- сентябрь, 2013-йил.