Sep 172013
 

 

 

( Ёки футболчиларни ким ҳимоя қилади?)

Давлатни ёки бир ташкилотни зўравонлик билан бошқариш яҳшиликка олиб келмаслиги исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Бундай жойларда тинчлик ҳукмрон бўлиб туюлсада одамлар доимий равишда ваҳимада, қўрқувда яшайдилар. Бу жамиятни ёки ташкилотни охир-оқибат пароканда бўлишига олиб келади.

Ўзбекистоннинг асосий қомусида демократик, ҳуқуқий давлат қуриш вазифа қилиб белгиланган. Футболчилар ҳам оддий фуқаролар сингари жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларидир. Лекин мавжуд реал ҳаётга қарасангиз футболчиларнинг ҳуқуқлари жамоа мураббийи ва раҳбарлар қўлига бериб қўйилганига гувоҳ бўласиз. Ҳозирда Ўзбекистон футбол федарацияси раҳбарлари ҳакамларни доимий равишда ҳимоя қилиб келадилар, лекин футболчиларни ҳимоя қиладиган, уларни ҳуқуқлари раҳбарлар томонидан паймол этилса улар бориб мурожаат қиладиган бирорта ташкилот йўқ. ЎзФФ қошида ҳалигача касаба уюшмаси тузилмаган.

Энди бу мақолани ёзилишига сабаб бўлган воқеа тафсилотларига ўтсак. Бундан бир мунча олдин “Навбаҳор” жамоасининг бир неча футболчилари ўз ҳуқуқлари жамоа раҳбарияти томонидан паймол этилаётгани тўғрисида ҳокимга арз билан киришган эди. Яқинда эса раҳбарлар бундай ноҳақликларга чора кўриш ўрнига жамоанинг асосий таркиб ўйинчилари бўлган ўша футболчиларни ўйин амалиёти йўқ деган баҳонада ёшлар жамоасига ( дублга) ўтказиб юборишди. Охирги бўлиб ўтган воқеа эса жамоадаги ички муҳит чидаб бўлмас даражага етганидан далолат бериб турибди.

Жаҳон футболи тажрибасидан шу нарса аёнки, жамоа раҳбарлари, мураббийлар футболчиларни ишлаган ҳақини вақтида бериб, ҳар бир ўйиндан олдин уларнинг руҳини кўтариш йўли орқали яҳши натижаларга эри

 шадилар. Лекин Наманганлик мутасаддилар мамлакатда катта обрўга эга бўлган “Навбаҳор” жамоасини зўравонлик билан бошқариб келмоқдалар. Қарийб уч ойдан бери футболчиларга бир тийин пул берилгани йўқ. Жамоани “Бухоро” билан ўйнайдиган -14- сентябр куни футболчиларнинг руҳини кўтариш ўрнига, уларнинг кийиниш ҳонасига Наманган вилояти маданият ва спорт бошқармаси бошлиғи Расул Низомбоев, жамоа катта мураббийи Роберт Гайлар кириб, “Агар бугун ютқазсаларинг Рўзим Аҳмедов, Лионид Кошилев ва Акром Баҳриддиновлар ҳамманг ҳайдаласан!” деб дўқ-пўписа қилишган. Ўйин куни мен стадионда эдим. Йигитлар ҳаммаси яҳши ўйнади, лекин уларнинг ўта тушкун аҳволда эканликлари шундоқ кўриниб турди. Жамоа 2:3 ҳисобида ютқазди. Стадионга кирган минглаб ишқибозлар мутасаддиларни номини айтиб, очиқдан-очиқ танқид қилиб, уларни истефосини талаб қила бошлашди.

Олдинги мураббий Усмон Асқаралиевни Низомбоевлар футболчиларни ҳақорат қилиб сўкади деб гап тарқатиб ишдан олиб ташлашган эди. Буларнинг ўзини тутаётган йўлини қандай изоҳлаш мумкин? Нега туппа-тузук ишлаб турган, халқ орасида катта обрўга эга бўлган мураббий ишдан олинди-ю, ҳалигача унинг ўрнини босадиган мутаҳассис топилмаябди? Нега раҳбарлар футболчиларни ҳуқуқларини ҳеч кимдан қўрқмай паймол қиладилар? Аҳир улар сиёсатчи ёки мухолифатчи эмаслар-ку!

Футболчилар ўзларининг ҳуқуқлари паймол этилаётгани тўғрисида ҳокимиятга мурожаат қилай дейишса жамоа раҳбарларини айнан вилоят ҳокимининг ўзи тайинлаган. ЎзФФга мурожаат қилай дейишса бу ташкилотда уларни ҳимоя қиладиган одамнинг ўзи йўқ.

Вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда шахсан мен агар Расул Низомбоев раҳбарлик лавозимида турар экан Наманганда футбол бўлмайди деб айтган эдим.Вилоят раҳбарияти бу инсонга нисбатан ҳеч қандай чора кўргани йўқ. Эшитишимизча Низомбоев иқтисодий томондан вилоятнинг энг бақувват кишиларидан бири экан. Шунинг учун бўлса керак мени олдинги мақолам чоп этилгач, “Мен ҳеч кимдан қўрқмайман!” дебди. Мен у мақолани кимнидир қўрқитиш учун ёзмаганман. Мен кўтарган муаммолар ҳал бўлишига озгина туртки бўлармикин деган ниятда ёзган эдим. Ўзи бизнинг раҳбарлар танқидни ҳақорат деб тушинадиган бўлиб қолишган.

Мен терма жамоамизни ҳалигача жаҳон чемпионатига чиқа оламаётганига ҳам бу тизим ичидаги бўлаётган ноҳақликларни сабаб қилиб кўрсатган бўлар эдим.Совет даврида биргина “Навбаҳор” жамоасининг ўзи Жанубий Корея, Япония, Африка мамлакатлари жамоаларини ўта йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб келган. Энди кўпчилик танимайдиган Иордания ўз майдонимизда шарманда қилиб ўтирибди. Демак ҳар куни телевизорга чиқиб, “мустақиллик туфайли футболимиз ривожланди!” деган гапларни барчаси ёлғон. Аҳир қачонгача футболга умуман алоқаси йўқ одамлар раҳбарлик лавозимларига ўтириб олиб футболни тирикчилик манбайига айлантиришади! Пораҳўрлик билан тирикчилик қилиш етмайдими?

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  17– сентябрь, 2013-йил.