Sep 092013
 

 

Абдумўмин Исоқов

ОВИР – бу Ислом Каримов диктатор дегани

 

(Бўлган воқеа)

Чет элга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси собиқ СССРдан мерос қолган ОВИРдан паспортига муҳр бостириб, руҳсат – виза олади.

Гарчи ҳозирги кунда ОВИРнинг номи жимжимадор қилиб “Ҳорижга чиқиш ва келиш фуқаролик бўлими” деб аталса ҳам одамлар уни ҳали ҳануз ўша эски ўрисча номи билан ОВИР дейишади.

Буни қарангки бугун Америкадай каттакон қитъада, нафақат фуқаролар, балки кўпчилик расмий шахслар ҳам ОВИРни билмаскан ва унинг нима мақсадда фаолият олиб боришини тушунмаскан.

АҚШда ва Мексика, Никарагуа, Чили мамлакатларида бўлганимда, у ердагилар ОВИРнинг визасини кўриб таажжубланишганидан билакс мени ҳам ҳайратим ошди.

Аэропортда забардаст қора танли, истарали бир зобит яшил муқовадаги паспортимни синчиклаб текшириб қолди ва ниҳоят жинихонадан қочган одамни кўраётгандай менга тикилиб, паспортимнинг муддати ўтганини айтди.

Испан тилидаги таржимоним орқали бу бўлиши мумкин эмаслигини, чунки 45 ёшдан кейин бизнинг мамлакатда муддатсиз паспорт берилишини ва менинг паспортим ҳам муддатсиз эканини изоҳладим. Бу гапимдан зобит яна-да таажжубланди.

– Муддатсиз?! Қанақасига муддатсиз?! Муддатсиз – бу абадий деганими? Нима, сизларни Афғонистонингизда одамлар абадий яшайдими? – сўради зобит.

Зобитнинг гапидан жаҳлим чиқди, лекин ўзимни босиб, таржимонга:

– Жанобга тушунтириб қўйсангиз, Афғонистондан ташқари  ер юзида, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон деган яна бир қатор мамлакатлар ҳам бор, – дедим.

– Кечирасиз! Мени гапларим малол келган бўлса узр сўрайман! Бироқ сизнинг паспортингизни ҳақиқатда ҳам муддати ўтган экан, – деди таржимоннинг гапидан кейин аэропорт ходими ва паспортимни очиб, 3 йил аввал  ОВИРнинг муҳри урилган, ҳозирда муҳрдаги муддат тугаган жойга бармоғини нуқтади.

– Э-мен жаноб зобитни энди тушундим, марҳамат қилиб айтсангиз, – дедим таржимонга. – Бу муҳр паспортнинг муддати борасида эмас. Паспортнинг муддатини билдирувчи белги биринчи саҳифада. Бу жойдаги муҳр бизнинг мамлакатимиздаги ОВИР деган ташкилотники. ОВИР фуқароларнинг Ўзбекистондан чиқиб, қайта киришига руҳсат бериб, муҳр қўяди. Мен  мамлакатимдан чиқиб кетганимга 2 йилдан ўтгани учун ОВИРнинг муҳрини янгилай олмадим. Энди буни уйга қайтганимдагина янгилашим мумкин холос.

Менинг гапимни испан тилига ўгирган таржимонни тингларкан, қора танли аэропорт ходими жиддийлашди.

– Демак сиз судланган экансизда? – деди зобит.

– Қанақасига?

– Шунақасига – агар сиз мамлакатдан чиқиб, қайта киришга ОВИРдан рухсат оларкансиз – демак сиз қандайдир жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилгансиз ва мамлакатингиздан эркин чиқиб кетиш ҳуқуқидан сизни маҳрум қилишган-да.

– Оҳ худойим-эй! – деб юбордим мен ва Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро четга чиқиши учун  ОВИРдан руҳсат олиши  ва бу рухсат 2 йил муддатга берилишини, бу Ўзбекистонда қонун эканини тушунтирдим.

– Мм..мм-да!  – деди зобит ва бизни кутиб туришимизни айтиб, паспортимни олганича қаёққадир кетди. Унинг ортидан, бошлиқлари билан маслаҳатлашгани кетди-ёв дедим ўзимча. Лекин кўп ўтмай зобит юзида хижолат акс этганича қайтиб келди ва менга қараб, паспортимни бераркан, қайта-қайта кечирим сўради. Таржимонга эса узундан-узоқ бир нарсаларни гапирди. Таржимон менга зобитнинг гапларини қисқача тушунтирди:

– Текширувчи, ҳеч қачон бундай ҳолни кўрмагандим деяпти. Ўзбекистонда ОВИРнинг нега кераклигига ҳеч ақли етмабди. Миллионлаб аҳоли ҳукумат ҳамда президентни сайласа-ю, кейин ўша ҳокимият ўз сайловчиларига четга чиқишлари учун ҳар 2 йилда бир рухсат бериб турса – бу қанақаси бўлди, тушунмадим, деяпти зобит.

Мен қора танли текширувчига, ОВИР – бу президент Ислом Каримов диктатор дегани, дедим.

http://zamondosh.blogspot.com/2013/09/blog-post_6234.html#more