Aug 302013
 

 

Муҳтарам юртдошлар!

 

 

 

 

Биз,“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари  Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 22- йиллигини Сиз билан биргаликда  демократик мезонлар томон дадил қадамлар қўйиш ила кутиб олсак дегандик.

 

Демократия сари мардоновор одим отиш,ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиш,адолатли жамият қуриш,тўкин турмуш таъмини тотиш,адолат тантанасини кўриш азалий орзуингизми?

 

Ана шундай  ўлмас орзулар армонга,умидлар саробга айланиб қолмасин десангиз бизга – “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг нозўравон кураш йўлига,рангли инқилоб қилиш ғоясига эргашинг!

 

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Каримов диктатурасига барҳам беришнинг энг безарар,қурбонларсиз кураш йўли сифатида –  нозўравон кураш усули – фуқароларнинг оммавий  бўйсинмаслик амалиётини, Рангли Инқилобни бошланғич биринчи босқичини тавсия этади!

 

Мустақилликнинг 22 –йиллик байрам  кунларида  руҳий қарамликдан қутилишга интилинг,қўрқувларга чек қўйишга киришинг,оммавий бўйсунмаслик   тадбири –ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР томон Биз билан бирга мардоновор одим отинг!  

 

Ўзбекистон Мустақиллиги учун кураш йилларида халқимиз ўзбек тилига давлат мақомини беришни,ривожланган Ғарб давлатлари изидан бориб,озодликка,демократия ва инсон ҳуқуқларига асосланган жамият яратишни орзу қилди.

 

Ўзбекистон аҳли ўз озодлиги ва ҳуқуқларига эга бўлгач,эркин бозор муносабатлари ўрнатилиб,адолатли жамиятда фаровон турмуш кечиришга умид боғлади.  Лекин элатимиз орзуси армонлигича қолаверди.

 

Муҳим бир мисол:мамлакатда ўзбек тилига хўжакўрсингагина  давлат тили мақоми берилди. Амалда эса собиқ Шўролар давридагидек,барча расмий идораларда рус тили ҳукмрон бўлиб қолаверди.

 

Озодлик,демократия ва инсон ҳуқуқларига оид  ақидалар давлат ва жамият,фуқаролар учун нечоғлик зарурат бўлишига қарамасдан ҳеч бирига амал қилинмади. Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ҳақидаги ҳақиқатлар халқ ҳаётида мутлақо акс этмади,аксинча,қоғозлардаги қолиб кетди.

 

Ҳаётий кузатувларимиздан маълумки,тараққий этган мамлакатларни қудратли қилган куч бу – ишлаб чиқариш кўламини ошириш,тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш,мулкдорлар синфини шакллантиришдир.

 

Ўзбекистон ҳукумати эса бунинг каби умумбашар ақидаларга амал қилмади. Аксинча,мамлакатда Каримов ва унинг оила аъзолари,бир ҳовуч тўралар-у,куч ишлатар тизими раҳбарларигина тадбиркорлик ҳуқуқидан,оилавий бизнисни ривожлантириш имкониятидан баҳраманд бўлмоқдалар,холос.

 

Халқ эса ҳар доимгидек тамшаниб қолаверди. Тадбиркорлик қиламан,хунармандликка қўл ураман,фермер бўлиб ерни гуллатаман, тижорат ортидан мулкдор бўламан деган оддий фуқороларнинг йўлига порахўлик ва зўравонлик тўсиғи қўйилди. Зўрға оёққа турган тадбиркорлар ҳам ҳукумат томонидан қўшимча пул ва мулк топиш мақсадида,режа асосида битта-битта “синдирилди”.

 

Хабарингиз бор,жаноб Каримов  Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги йиғилишларидан бирида,кейинчалик эса   Жиззах вилоятига  қилган сафарида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангаса”  дея ҳақорат қилишдек қабихликкача бориб етди. Бу ҳолат мамлакат “президент”ининг мамлакат муаммоларидан,халқ ҳаётидан минглаб масофа олисларда эканлигидан далолатдир.

 

Ўзбекистон  аҳолиси кимнинг ва ниманинг эвазига кун кўраётганини наҳотки жаноб Каримов чиндан ҳам билмайди деб ўйласангиз?

 

5 миллиондан зиёд ўзбекистонлик муҳожир “дангасалар”  Россияда,1 миллиондан ортиқ “мардикор”лар – Қозоқистонда,яна 1 миллиондан кўпроғи бошқа хориж мамлакатларда қулчилик қилишмоқда.

 

Мамлакатимиз аҳлининг иқтисодий тангликлари, айнан ана шу мардикор “дангаса”лар ҳисобига ҳал этилаётгани,иқтисод эса шулар юбораётган долларлар эвазига оёқда турганидан Ўзбекистон “президент”и бехабар деб ўйласангиз,адашасиз.

 

Аслида,мамлакат аҳолисини ёппасига мардикорга айлантирган унинг ўзи-ку! .

 

Муҳтарам ватандошлар!

 

Наҳотки,бунинг каби чидаб бўлмас ҳақсизликларга чек қўйилишини истамасангиз?!

 

Каримов бунёд қилган адолатсиз тизимга Сизу бизгина барҳам беришимиз мумкин!

 

Унутманг,фуқоровий нозўровон кураш амалиётида қўлни-қўлга беришимиз,ҳамнафас ва ҳамқадам  бўлишимиз -Ҳақсизликларга қарши тура олишимиз ва ғалаба қилишимизнинг калитидир!

 

Ўзбекистоннинг эртаси учун қайғуриш ҳисси кўнгилларга ошно бўлса ОШ амалиётига қўшилинг,сафимиздан ўрин олинг!

 

Сир эмаски,ўлкамизнинг аксарият фуқоролари инқилоб деганда,куч ишлатиш кўмагида ҳокимиятни ҳукумрон гуруҳдан зўравонлик билан тортиб олишни тушинадилар.

 

Аслида эса,энг муҳим инқилоб –инсонлар  қалбидан қўрқувни қувиш,кишилар руҳиятидан  лоқайдлик ва бепарволикни улоқтириш,ёлғонларга нафрат ҳиссини уйғотишдан бошланади.

 

Ҳақиқий инқилоб энг аввало киши руҳиятини ишғол қилмоғи даркор.

 

Халқ қачонки ўз фуқаровий бурчини том маънода англаб етганидагина,билингки,руҳиятимиздаги ўзгаришлар ҳаётимизга кўчади,жамиятда инқилоб юзага келади.

 

Ишонинг,ҳеч бир шахс,бирор бир инсон,ҳар қандай фуқаро жамият олдидаги ўз  бурчини амалга оширишдан қўрқмаслиги,чўчимаслиги керак!

 

Биз  Ўзбекистонда деярли чорак аср ҳукумронлик қилаётган зўрлик ва порахўрликка таянган диктатурага барҳам беришдек буюк мақсад йўлида  фуқороларнинг бўйнсинмаслик амалиётига асосланган нозўравон курашини –ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР тадбирларини ўтказишга шаймиз!

 

Азиз ватандош! Сизчи!

 

Курашга руҳан тайёрмисиз?!

 

Ўзингизга маълум,ОШ ўзбеклар учун фаровонлик рамзи ҳисобланади. Одатда, ОШга кўнгилга яқин кишилар,дўстлар,ўртоқлар,биродарлар,дилни шод,руҳни обод этувчилар чақирилади.

 

Зеро, Ҳаракатимизнинг,бизнинг яқинимиз,кураш йўлида қувватловчимиз,орзуларни амалга оширишдаги энг яқин кўмакдошимиз,маслакдош,ҳамфикр ва ҳамнафас дўстимиз – Сиз – халқимизсиз!

 

Сизни,бутун Ўзбекистон аҳлини “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати ташаббуси билан Мустақилликнинг 22 – йиллигига бағишланган навбатдаги ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР тадбирларини  ўтказишга таклиф этамиз.

 

Биз билан бирга бўлинг,тадбирларимизнинг фаол иштирокчисига айланинг.

 

Яхши яшаш ҳақидаги орзуингиз рўёбини кўришни,ғалаба нашидасини суриш бахтини қўлдан бой бериб қўйманг!

 

Бирдамлик” ҲДҲ ташаббуси билан 1 сентябрдан то 10 сентябрга қадар ўтказилиши режалаштирилган ОШ тадбирида   барча Ўзбекистон халқи,жамики юртдошларимиз,Ўзбекистон Республикаси ва Қарақалпоғистон Республикасининг барча вилоят,шаҳар,туман ва қишлоқларида истиқомат қилувчи 7  ёшдан 70 ёшгача бўлган барча фуқаролар иштирок этишлари мумкин.

 

ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР тадбирларида иштирок этишнинг шартлари:

 

Мазкур тадбирда иштирок этишни истаган ҳар бир фуқаро 1 сентябрдан бошлаб то 10 сентябарга қадар амалдаги ҳукуматнинг ҳақсизлигига қарши ўз норозиликларини ифода этиш мақсадида кўчаларда,ишхона-ю жамоат жойларида ўн кун давомида  Оқ Бош кийим,аёллар Оқ Рўмолда,Оқ кўйлак (шим,юбка,оёқ кийимлар бошқа рангда бўлиши мумкин) Оқ Лента,Оқ Шарф,муҳими,эгнингизга Оқ рангли кийим кийиб юришлари керак бўлади.

 

Илгари ҳам айтганимиздек,аслида,қора қисматга қарши турувчи куч,нур – бу – оқ ранг ҳисобланади.

 

Шу маънода,Каримовнинг зўравонликка асосланган ғайриинсоний тузумига қарши ўз норозилигимизни бор бўйимизча оқликка буркаш орқали намойиш этишга нима етсин.

 

ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР  амалиётида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган:

 

Суратлар танловини ўтказиш:

 

Ҳаракат  суратлар  танловини эълон қилади. Танлов шартлари қуйдагича:ўн кун давомида Оқ Бош кийим,аёллар Оқ Рўмолда,Оқ куйлак (шим,юбка,оёқ кийимлар бошқа рангда бўлиши мумкин) Оқ Лента,энг муҳими,устингизда Оқ аломатли кийим бўлиши,Оқ рангга мослаб, кийим кийиб  юрган ватандошларимиз хонадонларида,ҳовли,кўча,ҳокимият бинолари олдида,хиёбонларда,Олой бозорида  якка ўзлари,ёки жамоа бўлиб суратга тушишлари ва ўз расмларини интернет орқали ОШ тадбирининг суратлар танлови ҳайъатига тақдим қилишлари керак бўлади. Интернетдаги Email манзилларимиз:

 

markaz707@gmail.com

 

birdamlik@gmail.com

 

WWW.birdamlik.info

 

https://twitter.com/Birdamlik

 

http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik

 

https://www.facebook.com/groups/birdamlik

 

2) Шу ўринда танловнинг кичик бир сирини ҳам очиқлаб ўтамиз:ҳокимият бинолари қаршисида,Олой бозори қаршисидаги майдонда имкон қадар гуруҳ бўлиб,жамоа бўлиб суратга тушган танлов иштирокчиларида ғолибликни қўлга киритиш имконияти юқори бўлади.

 

3) Олий соврин –Шўролар даврида ҳам,Мустақиллик йиллари ҳам зулмкор хокимиятга бош эгмаган,ҳалқимизни диктатурадан озод этиш йўлида   ўғли Баҳодир Чориев раҳбарлигида «Бирдамлик» олиб бораётган курашни доимо қўллаши ва шу ташкилотнинг Қашқадарё вилоят етакчиси сифатида олиб борган самарали фаолияти туфайли  айни дамда куч ишлатар тизимлар томонидан сиёсий маҳбусга айлантирилган Ҳасан Чориев номидаги Олий мукофот  –  3 минг АҚШ доллари ҳажмида.

 

4) Биринчи ўрин бир йўла 6 нафар юртдошимизга насиб этиши мумкин. Биринчи ўринга муносиб деб топилган 6 нафар ғолибнинг ҳар бирига  бир минг АҚШ доллари хажмида мукофот ҳадя этилади.

 

5) Иккинчи ўрин совриндорлари сони ҳам 6 нафарни ташкил этади.  Ғолибларнинг ҳар бирини   500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан рағбатлантириш кўзда тутилган.

 

6) Учинчи ўрин ғолиблигига  18 та ҳамюртимиз эгалик қилиши мумкин. Уларнинг ҳар  бирини  170 АҚШ доллар миқдоридаги мукофот кутади.

 

7) Суратлар 11 сентябрга қадар қабул қилинади. Танлов натижалари,ғолиблар 20 сентябрдан кейин эълон  қилинади.

 

8) )  Мукофотлар 25 сентиябрдан бошлаб ўз соҳибларига  етказилади.

 

Ушбу Ош тадбирини ўтказишда “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати суратлар ғолибларига соврин тариқасида ўз маблағидан  16 минг АҚШ долларини сарфлашни режалаштирган.

 

Мазкур сармоядан 15060 доллари   мукофот тарзида ғолибларга ҳадя этилади. 940 доллар эса мукофотларни ўз соҳибларига етказиш борасидаги банк пул ўтказмаси каби турли харажатларга сарф қилинади.

 

Ҳурматли тадбиркорлар!

 

Каримовнинг ноинсоний салтанатини қулатишда бизга,ўзбек халқига имкон даражасида маъаний ва молиявий жиҳатдан кўмак беришингизни сўраймиз.

 

Келгусида бунданда кенг қамровли,улкан ва сермазмун ОШ ва шу каби  турли  тадбирларни амалга тадбиқ этиш ниятидамиз.

 

Каримовнинг ноинсоний тузумига лоқайд бўлмоқлик бу –ўз келажагимизга,болаларимиз бахтига бефарқ қарамоқлик демакдир.

 

Турмушингиз беташвиш бўлишини истайсизми? Ўзингиз ва фарзандларингиз тақдиридан ташвишдамисиз? Эртамиз хусусида қайғуриш ҳисси қалбингизни кемирмоқдами?  У ҳолда,келинг,биз билан,“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати билан бирга бўлинг,қўлни қўлга беринг.

 

ОШ амалиётимизни уюшқоқлик билан ўтказайлик,қўрув ҳиссини,лоқайдлик балосини ва ёлғонларга ишониб яшаш ўйини кўнглимиздан  улоқтириб ташлайлик,ўз ҳақ –ҳуқуқимизни талаб қила олишни ўрганайлик,бунинг учун ўзимизда куч топайлик!

 

Айнан шуни истайсизми?

 

Унда,қани,кетдик!  ОШ (Оммавий Шодлик),ОШ (Оқ Шарф),ОШ (Оммавий Шикоят),ОШ ( Олойга Шошилинг),ОШ (Оқ Саройга Шошилинг),ОШ –ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР сари шаҳдам қадамлар қўйишга тайёрмисиз? Шаймисиз? Унда орзуимиздаги олам сари олға!

 

Навбатдаги ОШимизда ташрифингизга муштоқ бўлиб қоламиз!

 

Қани,ОШга марҳамат!

 

Интернетдаги Email манзилларимиз:

 

markaz707@gmail.com

 

birdamlik@gmail.com

 

WWW.birdamlik.info

 

https://twitter.com/Birdamlik

 

http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik

 

https://www.facebook.com/groups/birdamlik

 

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 

 

http://birdamlik.info/blog/2013/08/30/