Aug 092013
 

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ҳасан Чориев томонидан номусга тегиш жинояти содир этилганлиги ҳақидаги айбловнинг ҳақиқат эканлиги сўроқ остида қолмоқда

Шу кеча кундузда “Бирдамлик” мухолиф ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг Шаҳрисабзлик 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевга ёпиштирилган номусга тегиш айбловининг елими жойидан кўчиб кетмоқда.

Буни Ўзбекистон дейдилар.

Бу мамлакатда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Сиз,азиз ўқувчига масала моҳиятини янада ёрқинроқ ва кенгроқ  ифодалаб,очиб  бериш мақсадида яқин ўтмишга мурожаат қилмасам бўлмайдигандек….

1995 йил эди,адашмасам.  Самарқандда ҳеч бирига ўхшамайдиган ғаритабиий суд иши кўрилганди ўшанда.

Айбдорлар уч киши:икки милиция ходими ва тўй-ҳашамларда раққосалик қиладиган ёшгина қиз.

Гап шундаки,бу уюшган жиноятчилар бойиш ва дунё орттириш илинжида кўз кўриб,қулоқ эшитмаган режа тузишади.

Режага мувофиқ раққосалик ҳунари ўтмай қолган қиз  Самарқанд-Қарши М39 магистрал  йўлида гуё “тунги капалак”лардек калта юбка кийиб туриши ва оғир юк   машиналарини тўхтатиб,   йўловчи тариқасида ўтириши,йўл-йўлакай зерикиб кетаётган ҳайдовчини йўлдан уриши лозим эди.

Айтишади-ку,“Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади” деб.

Қиз йўл-йўлакай нозу карашма билан Камаз ҳайдовчиларини хилватга бошлайди.

Олдиндан режа қилинганидек,шаҳвоний муносабатга ҳам йўл қўйиб берилади.

Шунда воқеа жойига кутилмаганда  милиция формасидаги икки тезкор ходим етиб келади ва шофёрни “номусга тегиш жинояти устида” қўлга олишади.

Ушбу театрлаштирилган томошадан мақсад,ҳайдовчиларни шилиш бўлган.

Воқеа устида ҳозиру нозир бўлган орган ходимлар “жабирдийда” қиздан даъво ариза оладилар ва “номусга тажоввуз қилиш жинояти”ни ёпди-ёпди қилиш мақсадида айбдорга маълум миқдорда “ставка” ҳам қўядилар.

Ана шундагина шантажчи аёл тузоғига тушганини англаб етган ҳайдовчилар чапакларини чалиб қолаверадилар…Бироқ,энди кеч…

Орган ходимлари томонидан “жиноят”ни ҳаспўшлаш мақсадида савдо қилиш тариқасида талаб қилинган отнинг калласидек,йўғ-э,АҚШ собиқ президентларининг калласи акс этган даста-даста “кўкат”ларни  шу ондаёқ муҳайё қила олганлар жазодан омон қолишган.

Белгиланган миқдордаги “товон” пулини –долларни топа олмаган ҳайдовчилар эса қаердасан қамоқ дея қулоқларини ушлаб кетаверишган.

Шу режа асносида бир ёшгина раққоса жувон ва иккита милиция ходимидан ташкил топган жиноий тўда 6 нафар ҳайдовчи (талаб қилинган сармояни ҳозир қила олмаган)нинг бошига етишган,қамалиб кетишига сабабчи бўлишган.

Тасодифни қарангки,ўша уюшган жиноий тўданинг тўрига бу гал анойи “мижоз” тушган эмас. Лаққи бўлиши мумкину,аммо лаққа эмас экан,кит бўлиб чиқибди.

Товламачи жиноий гуруҳнинг навбатдаги “ўлжа”си қўли узатган жойига етадиган қайсидир амалдорнинг куёви чиқиб қолибди.

Катта арбобнинг қудрати билан икки нафар милиция ходими ва раққосанинг “история”си титкиланибди.

Қарашсаки,суд қарорига мувофиқ бир эмас,6 нафар  камаз русмли машина ҳайдовчи йигитлар навбатма-навбат номусга тегиш жинояти билан қамалиб кетишганмиш.

Даъвогар эса битта:ўша,ўзимиз билган раққоса қизимиз.

Қизиқ-да,қаранг,барча суд иши ҳужжатларида раққоса қизимиз қош қорайди дегунча Қаршига боргиси келиб қолаверган,Самарқанд-Қарши М39 магистрал йўлида пайдо бўлаверган.

Овчи” қиз ҳар гал Қаршига қатновчи махсус транспортга,енгил машинага эмас,катта юк машиналарига “мижоз” бўлаверган.

Ва янаям қизиғи,ҳар гал ҳайдовчилар йўл-йўлакай раққоса қизимизнинг номусига “тажоввуз” қилаверган,қамалиб кетаверган….

Ҳали бу қамоққа қараб кетиворган олтовлон талаб қилинган маблағни топиб бера олмасдан панжара ортига ташланганлари,АҚШ  собиқ президентлари бошининг акси туширилган   “кўки”дан даста-дастасини “туҳфа” этиб,жазодан халос бўлган номусга тажоввузкор “жиноятчилар”нинг сони нечта бўлган,энди буни бир Худо,бир уюшган тўданинг ўзи билади,холос…

Яхшиям амалдорнинг куёви қармоққа тушиб қолгани. Акс ҳолда бу отарчи қиз яна қанчадан қанча  оғир юк машиналарининг ҳайдовчиларини қақшатган бўларди дейсиз?

Хуллас,махсус хизмат ходимлари жиноий гуруҳнинг изидан тушади ва уларнинг барча кирдикорларини очиб ташлайди.

Суд отарчи қизни 5 йилу 6 ой,милиция формасидан фойдаланиб,мансабини суиистеъмол қилган икки нафар милиция ходимининг бирини 7 йил,бошқасини 9 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарганди ўшанда….

Бир ҳафталарча бурун қўлимга Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Отабек Мустафаев  томонидан 2013 йилнинг 10 июль куни чиқарилган “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида”ги ажрим тушиб қолди.

Ажримда айтилишича,“…Д. (Дилшод –муаллиф) Бўронов 2013 йил 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси соат 01.30 ларда….. ўзининг жиноий шериги Валиев Шаҳбоз Фахриддин ўғли  билан олдиндан ўзоро жиноий тиил бириктириб,Қарши шаҳар 1-митти тумани 16-уй,34-хонадонда вақтинча истиқомат қилувчи Абдураҳмонова Матлуба Маҳмудовнанинг  қаршилигини енгиб,яшаш уйига ғайриқонуний равишда киришиб,жабирланувчининг ёлғиз ва ожиз аҳволдалигидан фойдаланиб,унга нисбатан зўравонлик ишлатиб,…. Ш Валиевнинг ўзи сўнгра такроран жиноий гуруҳ аъзоси Бўронов Дилшод Нурали ўғли навбати билан номусига тегишган….” эмиш…

Номуси топталган жабирдийда” қизнинг исм шарифи жуда-жуда таниш,шундай эмасми?:Матлуба Абдураҳмонова.

Юқоридаги ажрим мазмуни билан танишарканман,журналист сифатида ўзим гувоҳи бўлган шунинг каби номусга тегиш жинояти билан боғлиқ бўлган бир воқеа эсламайман десам ҳам,ёдимга тушиб кетаверди.

Самарқандда,СТВ телекомпаниясида ишлаб юрган кезларимда қаршимга бир кекса онахон келганди:“24 ёшли ўғлим вояга етмаган қизнинг номусига тегиш жинояти билан ноҳақдан 11 йилга қамалиб қоди. Кўмак беринг,қизим,ҳақиқтани ойдинлаштиринг. Ўша қизгина ўлгур аслида танасини сотиб кун кўрадиган ахлоқсиз қиз бўлган” деган эди қақшаб.

Воқеага аниқлик киритиш учун микрафонимни кўтариб Пойариқ туманига,Челак бозорига боргандим. Қиз яшайдиган ўша хонадонни топгандим ҳам. Бу 1999 йилнинг бошлари эди.

Аслида воқеа мана бундай бўлган:

Челак деҳқон бозорининг биқинида яшайдиган 16 ёшли қизнинг номусига тегиш жинояти билан 4 ой олдин 63 ёшли эркак узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган экан. Орадан 4 ой ўтгач эса Челак шаҳарчасида сураткашлик қиладиган 24 ёшли йигит ҳам айнан ўша балоғат ёшига етмаган қизнинг номусига тажоввуз қилишда айбланиб,11 йилга “кесилиб” кетган.

Журналстлик суриштирувларим натижаси шуни кўрсатдики:аслида қизнинг 16 ёшлиги ҳам рост. Балоғатга етмаганлиги ҳам ёлғон эмас. Аммо гап шундаки,унинг татар миллатига мансуб ота-онаси ичкиликка ружу қўйган ишсиз одамлар экан.

Тўкилиб қолай деган икки уй,бир даҳлизда истиқомта қилишаркан.

Алкаш” бу оила қовун-тарвуз,картошка-пиёз сотиш учун бозорга узоқ-яқиндан келган сотувчиларга тунашлари учун бошпана бериш,бозорчи йигитларни ижарага қўйиш орқали кун кўришаркан.

Бозорчи йигитлар зеҳн солиб қарашса,тунашга келаётган уйларида дуркунгина қиз бор.

Битта винони кўтариб келиб,ота-онани ичириб маст қилган бозорчи йигитлар ўша тун 15 яшар қизчага кўз олайтириб,номусини бадном этишади.

Эртасига эса қизнинг ота-онасига бир машина картошкасининг пулини “инъом” этиб қутилиб кетишади.

Шунда ичкиликка муккасидан кетган ота-она қарашсаки,бозорчиларни бир-икки кечага ижарага қўйиб нон пули,вино пули топиб,қўл учида кун кўрганларидан кўра,шусиз ҳам иффатидан айрилган қизларини кимларгадир қўшиб қўйиш эвазига мумайгина даромад қилишлари тузукроқ,ёғлироқ экан…..

Иймонсиз ота-она шундай ҳам қилишади.

Улар бир йил давомида бозорга келган сотувчи деҳқонларга ҳали балоғатга етмаган қизларининг танасини сотиш эвазига кун кўриш машқини оладилар.

Табиийки,туманда гап тез тарқайди.

Бу “қисса”ча маҳаллий милиция ходимларининг,участка нозирларининг ҳам қулоғига етиб боради.

Барча воқеадан воқиф бўлган участка нозири аввалига қизнинг ота-онасини “Қаматаман!” деб қўрқитиб ҳам кўради. Кейин ўйлаб қараса,қизнинг “алкаш” ота-онасини қаматиб юборишдан унга ҳеч бир наф йўқ.

Шунда участка нозири мўмайгина даромад топишнинг ажойибу ғаройиб усулини “ихтиро” қилади.

Ижодкор” милиция ходимига кўра,у балоғатга етмаган қизга (бу пайтда у 15 ни тўлдириб,эндигина 16 га қадам қўйган эди) “харидор” бўлиб келган мижозларни чув тушириши керак эди.

Тўлиб-тошиб,бозор-учарини кўтариб келган мижоз мақсадини амалга оширади. Балоғатга етмаган қиз билан қўшилади.

Шунда уй яқинида ўлжасини пойлаб турган қашқирдек бетоқат ириллаб турган участка нозири гувoҳлар қуршовида хонадонга бостириб киради ва балоғатга етмаган қизнинг номусига теккан “зўравон жиноятчи”ни аср олади.

Сценарийнинг давоми ўзингизга маълум.

Шоҳидлар иштирокида далолатнома тузилади,тушунтириш хатлари,тилхатлар олинади. Қизчага суд тиббий экспертизасига йўлланма бериш тараддуди кўрилади.

Шунда кимдир ўртага даллолликка тушади.

Келишилса,келишилди:участка нозирларини,балоғатга етмаган қиз ота-онасининг ўпқон нафсини қондиришга қодир соққани топиб берса берди,топиб беришга қурби етмаса “жиноят устида қўлга тушган” эркак балоғатга етмаган қизнинг номусига тажоввуз қилган ашаддий жиноятчи сифатида узоқ муддатга қамалиб кетаверади….

Мазкур иш юзасидан журналистлик суриштирувини ўтказарканман,мен энг аввало балоғатга етмаган ўша қизалоқнинг номусига тегиш жинояти билан қамалган кишилар рўйхатини тузгандим:улар сони битта эмас,бин нечта….

11 йилга озодликдан маҳрум этилган йигитчани қутқариш илинжида бир нарсани:қизалоқ аслида иффатсиз эканлигини,ичкиликбозликка ружу қўйган ота-онаси қизини бир йил давомида танасини сотиб кун кўришини,йигитча билан қизнинг бирикуви,бу балоғатга етмаган қизнинг номусига тажоввуз қилиш эмас,аслида,икки жинс вакилининг ўзоро келишуви,савдолашуви орқали содир этилган жинсий алоқа эканлигини исботлашга уринганман.

Ҳа-да,икки шахснинг ўзоро келишуви орқали амалга оширилган жинсий муносабат эди бу. Аслида ҳам шундай. Ҳа,сизнингча шундай бўлмай нима? Бири нафсини қондирган,иккинчиси пулини олган:тамом. Бундан бошқа нарса эмас! Бунингдек ҳолатда ана,қонунчиларнинг ўзлари айтишсинчи:қани бу ерда 118- модданинг аломатлари? Қани бу ерда куч ишлатиб,зўрлик билан,қизнинг ожизлигидан фойдаланиб номусига тажоввуз қилиш ҳолати? Борми? Йўқ. Никоҳсиз қўшилиш –ахлоқсизлик бўлиши мумкин,лекин 118-модда аломатлари йўқ,шундай эмасми? Виждонан айтганда,аслида ҳам шундай-ку.

Ўшанда ҳатто ахлоқ милицияси ходимлари билан ҳамкорликда қизнинг танасини сотиб кун кўришини исботлаш мақсадида унинг ёнига ёлланма мижоз ҳам киритишга уриниб кўрганмиз…

Бироқ менинг мақсадимдан воқиф бўлган маҳаллий орган ходимлари ота-онани қизи билан қўшиб Россияга,ишлаш учун “бадарға” қилишга муваффақ бўлишганди ўшанда… Ҳақиқатнинг ойдинлашиб қолуви ташвишга солиб қўйганди ўшанда айрим орган вакилларини…

Бу эшитганларингиз эртак эмас,ҳақиқат эди….

Кейинчалик юқоридаги фожиа юзасидан ўтказган журналистлик суриштирувларим натижаси сифатида  “Даракчи” газетасида “11 йиллик жазо” сарлавҳали икки қисмли мақола ҳам эълон қилгандим….

Мен бу билан нима демоқчиман:айтдиму,буни Ўзбекистон дейдилар. Бу маконда ҳар қадамда ҳамма нарса бўлиши ҳам мумкин,ҳамма нарсани кутиш ҳам мумкин….

Айниқса,номусга тегиш жинояти ҳақида гап кетганида ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади.

Менинг ҳаётий кузатувларим ва касбий суриштирувларим даврида  азборойи ўз турмуш ўртоғидан безиб кетганлиги учунгина,жуфтидан осонгина қутилиш мақсадида қонуний эрини “номусимга тажоввуз қилди” дея қамоққа тиққан хотинларни-да учратганим ҳақиқат.

Худо кўрсатмасину,мен шундай аёлни биламан,у ичадиган ва тинимсиз калтаклайдиган эридан қасд олиш мақсадида ўз умр йўлдошини “Балоғатга етмаган қизимнинг номусига тегмоқчи бўлди” дея маҳкамага арз қилиб,ёстиқдошини панжара ортига ташлашга муваффақ бўлган. Ҳозир ҳам ҳаёт. Онда сонда кўриб қоламан….

Шу нуққтаи назардан ҳам мен замондаошларимизга номусга тегиш масаласидаги ишларга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашишларини маслаҳат берган бўлардим….

Тўғри, 71 ёшли Шаҳрисабзлик Ҳасан Чориев масаласи муҳокама этилганида юзимга рўйи рост “Эркакчилик-да,ҳойнаҳой бу ҳақиқат бўлса керак. Отахон 19 ёшли қизга кўз олайтирган бўлса эҳтимол? Ростанам номусига теккандир?” дея айтувчилар,масалани сўроқ остига қўйувчилар,отага нисбатан гумонга борувчилар ҳам  ҳам бўлган.

Бугун мен гумон дея иймонидан айрилаёзган ана шундай кишиларга қўлимдаги ўшбу АЖРИМ мазмунини ҳавола қилмоқчиман:

Мана, ўқинг,мағзини ўзингиз чақиб кўринг.

 Matliyuba Abdur

Такрорлайман,юқорида кўриб турганингиз –Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Отабек Мустафоевнинг “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида”ги 2013 йилнинг 10 июлида чиқарган АЖРИМИ.

Мазкур АЖРИМда битилган сатрларни айнан қайта урғулаб ўтаман:

“…Д. (Дилшод –муаллиф) Бўронов 2013 йил 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси соат 01.30 ларда….. ўзининг жиноий шериги Валиев Шаҳбоз Фахриддин ўғли  билан олдиндан ўзоро жиноий тил бириктириб,Қарши шаҳар 1-митти тумани 16-уй,34-хонадонда вақтинча истиқомат қилувчи Абдураҳмонова Матлуба Маҳмудовнанинг  қаршилигини енгиб,яшаш уйига ғайриқонуний равишда киришиб,жабирланувчининг ёлғиз ва ожиз аҳволдалигидан фойдаланиб,унга нисбатан зўравонлик ишлатиб,…. Ш Валиевнинг ўзи сўнгра такроран жиноий гуруҳ аъзоси Бўронов Дилшод Нурали ўғли навбати билан номусига тегишган….” эмиш…

Эътибор бердингизми,ушбу ажримдаги  “жабирдийда” ҳам яна ўша –ўзимизнинг машҳур Матлуба Абдураҳмоновамизу!

Дарвоқе,Ҳасан ота Чориев ҳам айнан мана шу қизгинанинг номусига тажоввуз қилишда айбланиб хибсга олинмаганмиди?

Биз  судья Отабек Мутафоев томонидан чиқарилган юқорида кўриб турганингиз –ушбу АЖРИМ қўлимизга тушгач,ҳовлиқиб қолган эмасмиз.

Аввало,ажримдаги фактлар тасдиғини топишга киришдик.

Энг биринчи амалга оширган юмушимиз,мазкур ажримда зикир этилганидек,  Матлуба Абдураҳмонованинг номусига “тажоввуз қилган” 1994 йилда туғилган,Бўронов Дилшод Нурали ўғли яшаган  Қарши шаҳар,Алишер Навоий маҳалласи,Ўлжабоев кўчаси,2- проезд,14-уйни қидириб топдик:қаршимизда кўп қаватли ҳашаматли қаср турарди.

Худо зиёда қилсин,қизболанинг номусига “тажоввузкор”лик қилган 19 ёшли  Дилшоднинг отаси бели кў-ўўўп бақувват кишидек туюлди менга.

Бироқ муҳташам қаср дарвозаси берк эди. Хонадон соҳибларини учратишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли қўшниларни саволга тутишга мажбур бўлдик.

Тахминда адашмаган эканмиз,айтишларича,эҳтиёт чораси сифатида қамоққ олинган Дилшоднинг отаси  –уй эгаси Нурали аканинг Қаршида мана-ман деган меҳмонхонаси бормиш.

Мазкур меҳмонхонани бошқарадиган оила аъзолари кун узоқ меҳмонхоналаридан бери келишмасмиш.

Қаердасан,меҳмонхона?” дея Нурали акани қидириб кетдик.

Қаршида иккита бўлсаям биттаси,битта бўлсаям ўзи – битта экан-да Нурали аканинг меҳмонхонаси. Ҳаял ўтмай  “Назира она” меҳмонхонасига кириб бордик:Бу меҳмонхона деганлари қиёмат! Рисоладагидек,ками йўқ.

Меҳмонхона хўжайини Нурали ака билан бўлган суҳбатимиз кўп узоққа чўзилган эмас.

Биз кутилмаган кўргуликдан руҳияти чўкиб қолган ота билан суҳбатлаша туриб,  19 ёшли ўғли Дилшод Матлуба исмли қизнинг номусига тегиш жинояти билан айбланиб,хибсга олинганлиги ҳақидаги хабарнинг  ҳақиқат эканлиги амин бўлдик….

– Дилшоднинг қандайдир Матлуба деган қизнинг номусига тегишда айбланиши,ўша хонадонга кириб қолиши тасодифий деб ўйлайсизми? Менда шубҳа бор. Сизнинг ёшингиз улуғ. Сизни аёллар тузоғига тушириш анчайин қийин кечиши мумкин. Бироқ Дилшод бошқа масала. Тажрибасиз ўғлингизни қармоққа илинтириш мушкул иш эмас, айни муддао. Назардимда,бу қиз айрим маҳаллий қонун идоралари вакилларига Қаршининг ўзига тўқ,бойвачча одамларини ўлжа сифатида емиш қилиб бериш учун ёллангандек. Адашмасам,бу кўргуликлар режа асосида узоқ вақт тайёргарлик кўриш оқибатида амалга оширилган бир тузоқ бўлган…Менимча,улар ўғлингизни узоқ вақт кузатишган,сизни шилиш мақсадида Дилшодга тузоқ қўйишган. Бизнинг энг асосий ваазифамиз ёш бир йигитнинг жувонмарг бўлиб кетмаслиги учун аслида бу қизнинг ўзи бокира эмаслигини,бойваччаларни қармоққа тушириб берадиган бир восита –хўрак эканлигини,буларнинг бари уюштирилган ўйин эканлигини исботлашдан иборат бўлиши керак. Сиз нима дейсиз?,–савол ташладим Нурали акага.

Ота ҳорғин ва оғир “уф-ффф” тортди.

– Илтимос,интернетга менинг ўғлимнинг исм-шарифини чиқармасанглар…. Умид қиламан,ўғлимни бир иложини қилиб бу туҳматлардан ўзим халос қиламан,–деди суҳбатдошимиз маъюс оҳангда.

Ана энди,масаланинг асл моҳиятига диққат қилинг:Мухолиф ташкилот етакчиси Баҳодир Чориевнинг 71 ёшли отаси шу йилнинг 17 июнь куни айнан мана шу Матлуба Абдураҳмонованинг номусига тажоввуз қилишда айбланиб эҳтиёт чораси сифатида суд ажримига кўра қамоққа олинган эди.

Ҳасан Чориев билан боғлиқ “номусга тегиш жинояти” қай манзилда содир бўлганди ўзи?

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг раиси О. Элмуродовнинг 18 июндаги “Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида”ги  ажримида Ҳасан ота томонидан бечора Матлуба вақтинча ижарада яшаш манзилида,яъни –Қарши шаҳар,Пахтазор митти тумани,  26- уй,3- хонадонда “зўрланган” эди.

Орадан роппа-роса 17 кун ўтгач эса  шўрлик Матлуба Абдураҳмоновани мутлақо ўзга бир манзилда,бошқа бир ижара уйида –Қарши шаҳар,1-митти тумани,16-уй,34-хонадонда бир неча кишидан иборат жиноий гуруҳ унинг ожизлигидан фойдаланиб “номусига таждоввуз қилган”.

Намунча тез? Ҳасан Чориев билан “бўлиб ўтган номусга тегиш” фожиасидан кейин орадан лоақал бир ой ўтмасдан-а?

Юқоридаги ажримда 19 ёшли Матлуба Абдураҳмонованинг номусига тажоввуз қилишда икки киши айбланмоқда.

Бироқ биздаги кейинги маълумотларга қараганда,бундан ташқари 17 кун ичида Матлуба Маҳмудовнани зўрлашда айбланиб яна 3 киши қамоққа олинган.

Бу қизгинанинг магнит майдони борми дейман-да,Қаршидаги эркакман деганини ўзига оҳанграбодек тортиб оладиган?

Қизиқ…. Тасодифми бу? Ё ташкилий ишми?

Бу ҳолат сизга шубҳали туюлмаяптими мабобо?

Эҳтимол,сиз сезмаётгандирсиз. Бироқ журналистик фаолиятим давомида бу каби иллатларга ўқтин-ўқтин рўпару бўлган шахс сифатида шубҳаланмасликнинг имкони ҳам йўқдек-да назаримда.

Ҳасан ота ва Дилшод можоролардан юқорида айтиб ўтганимдек,Самарқанддаги раққоса қиз билан содир бўлган “воқеалар”нинг ҳиди келмаяптими сизнингча?

Ёинки,Пойариқ туманидаги Челак бозори биқинида яшовчи ичкиликбозликка берилган ота-онанинг вояга етмаган ўз қизларини танасини сотиб кун кўришларичи? Камига ўз ихтиёрлари билан қизига қўшиб қўйган “мижозлар”ини шилиш мақсадида кўрсатган томошаларичи?  Ана шу фактларни бир эслаб,таҳлил қилиб кўринг-а?

Ҳасан ота ва Дилшод тақдирида ҳам яқин тарихдаги ўша воқеалар айнан такрорланмаётганлигига кафолат борми? Бўлса қани?

Эҳтимол,Матлубанинг “тарихи”ни ҳам титкилаб кўрадиган мард керакдир?

Ана шунда сизу бизга аниқ бўлмаган айрим ҳолатлар ойдинлашармиди?….

Мана,менинг журналист сифатидаги суруштурувларим ва мулоҳазаларим баёнидан огоҳ бўлдингиз.

Ана энди бирни кўриб шукур қилиш,бирни кўриб фикир қилиш гали сизники.

Матлуба билан кетма-кет содир бўлаётган номусга тегиш билан боғлиқ “зўрлаб қўйиш” воқеаси сизнингча нима?

Номусга тажоввуз қилиш” эпизодининг кетма-кетлиги,давомийлигичи? Сизнингча бу ҳам бир тасодифмикин ё?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мустақил журналист

http://birdamlik.info/blog/2013/08/09/