Jul 282013
 

 

 

 

Юридик фанлари доктори Ғ.Абдурасулованинг “Кўнгил кўчалари” номли газетадаги мақоласида айтишича, ҳозирда Ўзбекистондаги жиноятларнинг 12,5 фоизини аёллар содир этар эканлар. Аёллар томонидан содир қилинадиган жиноятларнинг кўп қисмини фоҳишалик билан шуғулланиш ташкил қилар экан. Уларнинг аксарияти эса иқтисодий етишмовчиликларни рўкач қилар экан.

 

 

Бундан ўн йиллар илгари Наманган шаҳри кўчаларининг бўйларини фоҳишалар босиб кетган эди. Қўл телефонлари оммалашиб кетгач, фоҳишалар “ишлар”ини асосан қўл телефонлари орқали бажара бошладилар. Ва улар маълум ҳонадонларда ўтириб олиб, ўша ерда мижозларни қабул қиладилар.

 

 

Мен кўпинча Наманган шаҳрининг 4-чи микрарайони атрофида жойлашган, турли касб эгалари, жамиятнинг турли соҳаларига қизиқувчи фуқаролар кўпроқ йиғилиб турувчи чойҳоналарда бўламан. Бир аёл димо чойҳоначидан пул олиб кетарди. Суриштирсам у аёл ҳонадонига фоҳишаларни қўйиб, ўша куни топган пулини чойхоначига бериб қўйиб, керак бўлганда олар экан.

 

 

-Аҳир бу жиноят-ку! Уларга ҳеч ким ҳеч нарса демайдими?-дедим. Суҳбатдошларимдан бири буни шундай тушинтирди.

 

– Буларнинг аксарияти ҳудуд нозирлари билан келшиб иш қилади. Агар юқорироқдан кутилмаганда текширувчилар келадиган бўлса фоҳишаларни огоҳлантириб қўйишади. Агар улар қўлга тушиб қолса ҳудуд нозири дарров ўзини четка олади.

 

 

Суҳбатимизга қўшилган бир укамиз баъзи воқеаларни сўзлаб берди:

 

– Фоҳишалар ҳозир бошқача йўлга ўтишган. Шаҳарга дам олгани келган бирор бир кишининг пули кўплигини билиб қолса, дарров унга ҳизматини тавсия қилади. Уйига олиб киради. Мижозига ечиниб, ваннага кириб ювиниб олишни айтади. Мижоз чўнтагида тўла пул бўлган кийимларини ҳонага қўйиб ювингани кириб кетади. Чиқса уни рўпарасида бутунлай бошқа фоҳишалар пайдо бўлишади. – Сиз қандай кириб қолдингиз бу ерга? Қани дарров чиқингчи бу ердан! Агар ҳозироқ чиқмасангиз милиция чақирамиз!- деб мижозни ҳайдаб чиқаришади.

 

 

Бир куни бир киши шундай “қопқон”га илинган экан. Фоҳишалар уни пулига қўшиб паспортини ҳам олиб қўйишибди. Ҳалиги кишининг чойҳоначига ялинганини ўз кўзим билан кўрдим. Чойхоначи: – Юз минг берсангиз паспортингизни берар экан-деди.

 

 

Ҳалиги киши милицияга учраша олмайди, учрашса ҳам ҳеч нарса бўлмаслигини яҳши билади, уйдаги бола-чақасига ҳам дардини айта олмайди, аҳир қайси юз билан айтсин?

 

Бундай ҳолатлар рамазон ойида ҳам давом этаяпти.

 

 

Куни кеча Россиянинг ОРТ телеканали орқали Туркиялик Гулсум исмли аёлнинг ногирон бўлган бир рус йигитни қарамоғига олиб қараётгани ҳақида кўрсатув беришди. Руслар телекўрсатувга таклиф қилинган Гулсумни кўкларга кўтариб мақташганини кўрсангиз эди. Бизнинг ҳалқимиз ҳам 2-жаҳон уруши пайти бир неча рус болаларини боққан. Бунда аёлларимиз асосий ролни ўйнашган. Нега бугунга келиб бизнинг аёлларимиз орасидан фоҳишалар чиқмоқда. Совет даврида ҳам бунчалик бўлмаган эди. “Полончининг қизи бузилиб кетибди” деган гапни камдан-кам ҳолларда эшитганмиз. Оиласидан фоҳиша чиққан оила, ўша маҳалладан кўчиб кетарди. Чунки Совет фоҳишабозликка қарши оммавий даражада кескин кураш олиб борган эди. Наҳот-ки, келажаги буюк деб айтилаётган мамлакатимиз аҳолиси, мутасаддилари фоҳишабозликка қарши кураш йўлларини топа билмасалар!?

 

 

Бир аёл топган эди. 2003-2004- йиллари Марғилондаги, инсон ҳуқуқлари билан шуғилланувчи “Ўт юраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева, Ҳамза шаҳарчасидаги фоҳишабозликка қарши оммани атрофига бирлаштириб кураш бошлаган эди. Бунга шаҳсан ўзим гувоҳ бўлганман. Лекин бу ҳаракат маҳаллий раҳбарларга ёқмади шекилли, улар айнан фоҳишаларни Тожибоевага қарши қўйиш билан бу ҳаракатни тўхтатмоқчи бўлишди.

 

 

Тўғри, фоҳишабозлик айрим раҳбарларнинг сиёсий фолиятига зарар етказмаслиги мумкин, шунинг учун улар бунга эътибор бермаётган бўлишлари мумкин. Лекин бу халқимизнинг маънавий ҳаётига шундай зарар етказади-ки, келажакда бу зарарни ҳеч қандай нарса билан қоплаб бўлмайди. Фоҳишабозликка қарши кураш Совет давридагидек ёки терроризмга қарши кураш сингари давлат даражасида олиб борилмас экан, бошқача йўл билан бу иллатни тугатиб бўлмайди.

 

 

 

Носир Зокир

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

 

28-июль, 2013-йил.