Jul 162013
 

 

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

 

17. ЖИЗЗАХ ҚЎЗҒОЛОНИ

Бир кун Ислом Каримовнинг номига ёзилган шикоятни Крайнов “Сиз кўриб чиқар экансиз”, деб менга берди. Кейин Каримовнинг ҳузурига кирганимда у:

-Яхшилаб кўриб чиқинг-чи, орқасида нима гап бор? Бу эшак Турсунов ҳам жонга тегди. Аблаҳнинг бурнини ерга ишқаламоқ керак!- деди.

Аввал жиззахлик депутат Мели Қобиловга сим қоқдим:

-Юздан зиёд оқсоқол имзо чеккан шикоят бор. Шуни текширишда сиздан ёрдам олмоқчи эдим,-дедим.

-Нима ҳақда ёзишган экан? -деб сўради Мели ака.

-Турсунов ҳақида,- дея жавоб берар эканман, кўнглимдан ўтган саволни ҳам сўрай қолдим. -Нега вилоят раҳбари ҳақида нафақахўр оқсоқоллар ёзиб юришибди? Яна бир эмас, юздан зиёд киши имзолаган. Бунинг устига улар бу хатни олиб, президент девонига келишган экан.

-Жаҳонгиржон, овора бўлманг, калаванинг учи Каримовнинг ўзига бориб тақалади. Менинг ҳузуримга ҳам ўнлаб жабрдийдалар келдилар. Текширдим, текширтирдим шикоятлари тўғри. Кейин жумҳурият прократураси, Халқ назорати қўмитаси, Олий кенгаш ҳайъатига чиқдим. Оқибат нима бўлди, ҳозир ўзимни кузатиб юришибди. Мени сессияда “сайратган”, номимни шикоятчига чиқарган ҳам шу масала. Аввалига сотиб олишга уринишди, кейин қўрқитишди, бу ҳам ишларига ярамади, сўнгра олдинги иш жойимдан “Бунинг ақли ерида эмас, шу боис ҳайдалган” деган ҳужжат қилдириб, газетага ёзишди.

-Ҳа, Олий кенгаш сессиясида гапирганингиз шу масала эдими? У ерда сизни вилоят кенгаши мажлисидан ҳайдаб чиқаришганини айтгандингиз, шекилли?

-Биласиз, мен вилоят кенгашининг ҳам депутатиман, шу боис масалани олдин шу кенгашда кўтариб чиқдим. Лекин гапиртиришмади. Агар орқаларида Каримовнинг ўзи турмаганида арқони узилган ҳўкиздек ҳаракат қилмаган бўлишарди.

-Президент билан гаплашдим, бу масалани охирига етказишимни сўраяпти-ку?!

-Ундай бўлса жумҳуриятдаги барча ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралардан мутахассислар олиш керак. Агар бу ишни бир ўзингиз текширадиган бўлсангиз, сотиб олишга ҳаракат қилишади, сотиб ололмасалар “саккизта машина” сўраганга чиқиб қоласиз.

-Саккизта машина деганингиз нима?

-Хабарингиз йўқми, вилоят раҳбарлари менга пора учун саккизта машина сўради, дея туҳмат қилишди. Ҳозир изимга хавфсизлик хизматидан пойлоқчи қўйишган, қариндош уруғларимни ҳам бир-бир элакдан ўтказишмоқда.

-Сиздан ёрдам оламан десам, ўзингиз ёрдамга муҳтож экансиз-ку?-дедим Мели Қобиловга.

Ҳақиқатдан ҳам Жиззах масаласи тобора чигаллашиб борарди. Кимга мурожаат қилмайин, ё текширишда иштирок этишдан воз кечарди ёки хасталаниб қоларди, ёхуд бошқа бир муаммо ўртага чиқарди. Хуллас, Девондан, Олий кенгаш раёсатидан ва ҳуқуқ идораларидан вакиллар олиб, ўзим Жиззахга бордим. Вилоят раҳбарларини Олий кенгаш мажлисларида кўрганим учун узоқдан танирдим. Жиззахга келгандан сўнг уларни дарров “кашф” этиб қўя қолдим. Вилоятнинг биринчи раҳбари Турсунов:

-Ука, мен бу ерга бошқа вилоятдан келганман, ижроқом раиси Олимов бошчилигида бир гуруҳнинг туҳмати остида қолдим. Улар вилоятни сўмиришмоқда. Мен эса йўлларига тўғаноқман, маҳаллийчилик қилишаяпти, – деди.

Ижроқўм раиси Олимов эса:

-Ука, “биринчи”миз асли  бошқа вилоятдан. Бу ерга ҳам асосан ўз вилоятидан бўлганларни олиб келиб, масалани чигаллаштирди. Ислом ака билан бу масалани гаплашдим. Ҳужжатларни тайёрла, уни йўқотамиз, деб айтдилар,- деди.

Аввалига бу масала икки раҳбарнинг ўзаро кураши манзарасини касб этди.

Биринчи котибнинг кўп гапларига ишонмасам-да маҳаллийчилик тўғрисидаги сўзларига ишондим. Бу бизга қўндоқда теккан иллат. Бир ариқ нарёғдан келган раҳбарни ҳам бегона ҳисоблаймиз. У сув келтирса ҳам, ўзимиздан чиққан кўзани синдирсада ўзимизникини қўллаймиз. Бунинг устига ўша раҳбар келган жойдагиларни ҳам душман ҳисоблай бошлаймиз. Рашидов пайтида жиззахликлар шу куйга тушган бўлсалар, ҳозир самарқандликларга душман кўзи билан қарайдиган бўлиб қолишган. Ваҳоланки, Рашидов пайтида энг  ривожланмай қолган жой Жиззах эди. Мана энди Каримов пайтида Самарқанд эътибордан четда. Боболаримиз буюк императорликлар қурганлар, илм сирларини очганлар, юлдузларга йўл топганлар, лекин маҳаллийчиликка келганда дар қолганлар. Наҳотки бу миллатимизнинг қонида бор?!

Талабалик йиллари “Сурқаш”, “Самбух”, “Фан” каби номлар бўларди. Бу талабаларнинг қайси минтақадан келганини билдирувчи “парол” эди. Кейинчалик пойтахтда ишлар эканман, радиода кекса журналист Зайниддин ака менга “Келгинди” деганида юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандек бўлганди.

Биз қачон ана шу хасталикни енга олсак, ўшанда катта миллатга ва катта давлатга айланамиз. Акс тақдирда чумолидек, инимизнинг бошида уймалаб, пуч қобиғни орқалаб, у ёқдан бу ёққа ташиб  юраверамиз.

Ҳатто бир туманга борсанг ҳам, бир қишлоққа борсанг ҳам маҳаллийчилик илон каби оёғинг остидан чиқади.

Мана булар эса маҳаллийчиликнинг илдизини яшнатишади-да, кейин ўзлари шикоятчи бўлишади. Хаёлимдан “йилт” этиб ўтган бу фикрни таҳлил тарозисига қўйишни бошқа пайтга “отдим”-да Турсуновга:

-Бўлиши мумкин,-дедим, -Лекин ана бу иддаоларни охирига қадар текширишимиз керак. Баъзилари аллақачон тасдиқланди. Масалан, гўшт комбинатига жиноятчилик қилган, ўн йил ҳукм олган ва қамоқдан қочган узоқ қариндошингизни мудир қилиб қўйибсиз ёки давлат ҳисобига бўлган болалар боғчаси биносини ёш бир қизга ҳовли қилиб берибсиз…

Турсунов ўрнидан туриб, қизариб-бўзарганча бир нималар демоқчи бўлди, лекин тили айланмади. Хонада у ёқдан бу ёққа бир-икки бориб келди-да, қаршимда ўтириб:

-Нархини ошириб юбораяпсиз. Кўнглингиздагини айтинг!-деди.

Бошимга яшин тушгандек бўлди.

-Сизни тушунмадим, нима деяпсиз ўзи?-дея олдим.

-Мен ўғил болача гапиришни яхши кўраман. Бу ишга нуқта қўяйлик. Ўша нуқтанинг баҳосини айтиб қўя қолинг,-деди у.

Узоқ йил газетада ишлаганим ва турли одамлар билан рўбарў бўлганим учун ўзимни тутиб қолдим. Турсуновга қараб жилмайганча ўрнимдан турдим ва:

-Нуқтани халқ қўяди,- дедим киноя билан.

-Ундай бўлса, сиз вергул билан битирасиз ишингизни ва ўзингиз ҳам вергулга айланиб қоласиз,-деди заҳарханда жилмайиш билан Турсунов.-Мажлисда Ислом акага қарши гапирганингиз унутилди, деб ўйлайсиз-ми?

Аслида расмиятчилик учун у билан учрашгандим. Унинг ҳақоратомуз гапларига кескин жавоб қилмадим, дея ўзимни койий бошладим.

Аввалига у билан нега учрашдим, дея ўзимни қийнадим. Сўнгра ҳеч бўлмаса унинг кимлигини ўргандим, деб овундим. Турсунов каби раҳбарлар билан кўп учрашганман, лекин бундай безбетига илк бор рўбарў келдим. У бундай таври билан ўзини кўрсатмоқчи бўлдими ёки орқасида катта тоғ борлигига ишора қилдими? Агар Каримов билан ораларида булбул сайраса, нега Каримов уни бу қадар ҳақорат этти? Ахир Каримовнинг ўз қардошига ҳам ишонмаслигини, ҳатто билмасдан оёғини босиб қўйса, севган дўстидан ҳам кечиб юборишини наҳотки билмаса? Йўқ, билади, бунинг аҳволи жони узилаётган одамни эслатади. Жони чиқишидан олдин оёққа қалқиб, ҳаётга ташналигини кўрсатишга интилади инсон. Бу ҳам “ўзини” кўрсатаяпти. Балки орқасида бошқа куч бордир? Бу куч балки Каримовдан ҳам оғир босар?

Шикоятчиларни қабул этарканман, шом иниб қолган бир пайтда қўшни хонада телефонга чақиришаётганини айтишди. Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов экан, салом-аликдан кейин:

-Оқсоқол илтимос қилдилар Муборакка бориб икки дўстингизни яраштириб келар экансиз, -деди.

-Муборакда менинг дўстларим йўқ-ку? -дея ажабландим.

-Нега ундай дейсиз? Мурод Жўраев яқин дўстингиз,  Райкомнинг биринчи котиби эса университетда бирга ўқиган курсдошингиз. Мурод Жўраевнинг ўттизга яқин йигити очлик эълон қилган. Ислом акам сизга ваколат бердилар, ким айбдор бўлса, уни ишдан четлаштиришни таклиф қиласиз ва вилоят раҳбарлари дарров ижро этишади.

Очлик қилишаяпти” деган гапни эшитгандим. Ҳақиқатдан ҳам масалани фавқулодда жиддий, деб ўйладим. Дарҳақиқат, Муборак масаласи икки йилдан буён Каримовнинг ҳам, жумҳурият ташқарисидаги матбуотнинг ҳам кун тартибида. Лекин шу дақиқада Жиззахдаги ишни чала ташлаб кетгим йўқ эди. Бу ишни охирига етказишга қарор қилгандим. Агар кетиб қолсам, бирга келган текширувчиларнинг ҳоли нима бўлишини яхши тасаввур қилардим. Шу боис Муборак масаласини икки кун кейинга қолдирмоқчи бўлдим. Кечки овқат пайтида текширувчиларга:

-Икки кундан кейин пойтахтга қайтамиз. Шу сабаб текширишни бироз тезлаштирсак,- дедим.

Икки кун у ёқда турсин, икки ойда ҳам натижа олишимиз қийин. Менинг қўлимда дом-дараксиз йўқолган ўн икки кишининг исми-шарифи бор. Уларни миршабхонага қадар келтиришгани ҳақида маълумот берувчи гувоҳлар бор. Лекин миршабхонадаги барча ҳужжатларни вилоят раҳбарлари талаб қилиб олишган. Сўрасак, ҳар турли баҳона кўрсатишаяпти” каби қанча важларни айтишди.

-Биз ревизия қилиш учун келмадик,- дедим .- Бизнинг мақсадимиз шикоятларнинг тўғри ёки нотоғри эканлигини, сиёсий хулосани айтишдир. Йўқолган инсонларнинг вилоят раҳбарлари ҳақида шикоят ёзганлари ва миршабхонага келтирилганлари биз учун етарли далил. Уларнинг қисматлари ҳақидаги далилларни ўртага чиқариш эса иккинчи этапда амалга ошади. Ҳозирги раҳбарлар турган экан, икки ой эмас, икки йилда ҳам кўр тугунни ечолмаймиз.

Муборакка бормай Тошкентга қайтиб Каримов учун ҳисобот ҳозирладим ва унга олиб кирдим. У Муборак ҳақида гап очмади, аксинча эринмасдан ҳисоботни ўқий бошлади. Гоҳида ажабланар, гоҳида тутоқиб кетарди.

-Ростдан шу ишларни Эркин қилибдими, тамом, унинг онасини…,- у Эркин Турсуновни куракда турмайдиган сўзлар билан  сўкиб, айблай бошлади.

-Раҳмат сизга, ҳақиқатни ўртага чиқардингиз,-деди кейин мен билан хайрлашар экан Каримов,- Эртага яна Жиззахга бориб ана у чоллар билан ҳам учрашинг ва Турсуновни ишдан олиб ташлашимиз ҳақида билдириб қўйинг. Яна Тошкентга келишга тайёргарлик кўришаётган экан.

У кейин яна бир икки нуқталарни аниқлаштиришни ҳам сўради. Жиззахга қайтсам,  текшириш учун келганларга тазйиқ яна ҳам ошибди.

-Парво қилманглар, текширишда давом этамиз, ҳақиқат барибир ўртага чиқади,-дедим.

Бу гапимга вилоят идорасидан ҳайъатга қўшилган киши эътироз билдирди:

-Нима, Сиз раҳбарларимизни айбдор, деб ўйлаяпсизми?

-Биз суд ёки қарор берувчи эмасмиз, лекин ҳайъатнинг йўлига тўсиқ қўйилаётгани кўриниб турибди,- дедим.

-Сиз бу соатдан эътиборан текшириш ҳайъатининг бошида эмассиз. Президент сизга бошқа иш буюрдилар,- деди вакил жаҳли чиққанини очиқ намойиш этиб.

-Президент бу ҳақда сизга айтдиларми?

-Бизга  сизни Муборакка кузатиб қўйиш айтилган,-деди у.

Аввал Муборакка телефон қилиб, Мурод Жўраевдан вазиятни ўрганишим керак, сўнгра Каримов билан гаплашиб, бу текширишни охирига қадар етказиш муҳимлигини тушунтиришим лозим деб ўйладим.

Мурод Жўраевнинг пойтахтда эканлигини айтишди. Крайновга телефон қилдим. У Каримов уйига кетганлигини айтиб, девонда навбатчи бўлиб ўтирган маслаҳатчи Шохобиддин Зиёмовни боғлади.

-Оқсоқол менга бу ишни назорат қилиб туришимни айтдилар. Сизни аллақачон Муборакка етиб борган деб, ўйлагандик. У ерда вазият жиддий, райкомнинг биринчи котиби бу кеча ухламасдан сизни кутади,-деди у.

-Жиззах нима бўлади? Бу ердаги ҳайъатни орқага чақириб олишни ким буюрди?-деб сўрадим ундан.

-Ким бўларди, ўзлари буюрдилар. Қайтганингизда қўлингизда тўпланган далиллар бўйича ҳисоботни тўлдириб, топширар экансиз. Иш пишиб қолган,  яқинда бориб сессия ўтказиб, вилоят раҳбарини бўшатиб келар эканлар. Муборакда вазият жиддий, сиздан шахсан илтимос қилдилар, – деди Зиёмов Муборак масаласига урғу бериб.

Қаршида вилоят раҳбарининг биринчи ўринбосари кутиб олди. Уни танидим. Илгари ҳам бир маротаба келгандим, ўшанда танишгандик. У билан Муборакка қараб йўлга тушдик.

-Мурод Жўраев пойтахтда экан, борганимиз билан у бўлмаса, нима қиламиз?-дедим мен.

-Мурод Жўраевни ишдан бўшаттик.У шикоятга кетган. Бугун президент билан учрашди. Юртбошимиз унинг таъзирини бериб қўйдилар, энди бу ерларга қайтиб келмаса керак,-деди ўринбосар.

-Бу хусусда адашмадингизми?-дедиму ўйланиб қолдим.

Мурод Жўраевнинг номини илк бор “Озодлик” радиосидан эшитгандим. Сайловлар арафасида у ҳам шаҳар кенгашига, ҳам Олий кенгашга номзодини қўйганди. Ўшанда шаҳардаги Газни қайта ишлаш заводи русларнинг қўлида бўлгани ва шаҳардаги хонадонларга атайлабдан газ берилмаганини айтганди. Сайловда у нафақат ўзи балки ўттизга яқин тарафдори билан бирга ғолиб чиқди уни ижроқўм раиси этиб сайлашди. Биринчи қилган иши миршабхона ва прократурадаги коммунистик партия шўъбаларини тарқатиб юборди. Яъни бу идораларни партиядан холи, деб эълон қилди. Бу ўша кезда коммунистик партиянинг бошида турган Каримовга қарши исён эди. Исён бўлганда ҳам икки карра исён эди. Чунки Москва газеталари Каримов жумҳуриятда илк зарбани ўзи ишлаган вилоятдан олди, дея ёзишди.

Вилоят раҳбарлари ҳам типирчилаб қолишди, чунки улар миршабхона ва прократурани партия йўли билан қўлда тутардилар. Мурод Жўраев эса бу идораларни уларнинг қўл остидан чиқариб, шаҳар  депутатлар кенгаши назоратига олди. Бу орада шаҳарда мустақил телевидение очиб, ҳамма нарсани ошкоралик йўли билан ҳал қила бошлашгани маълум бўлди. Ўшанда Каримов бу телевидениени ёпиб ташлагани боис Мурод Жўраев Олий кенгашнинг биз ишлаган Ошкоралик қўмитасига шикоят қилиб борганди.

Хулласю бу ёқларга юборилишим ортида қандайдир ўйин ўйналаётганини сезардиму лекин бу ип учини тополмаётган эдим. Тошкентга қайтгачгина ўйиннинг сири очилди. Каримов Жиззахга  бориб, сессия ўтказиб, партия биринчи котиби Эркин Турсуновни ҳоким, ижроқўм раиси Ўктам Олимовни биринчи ўринбосар этиб тайинлабди. Кейин сабаблари ҳақида кўп гаплар эшиттим. Каримовнинг ўзи эса ҳеч нарса бўлмагандек, “Вилоятдаги вазият ёмонлашган экан, бошқа чорамиз қолмади” деб ўзини оқлаган бўлди.

Жиззах сессиясидан кейин кўп ўтмай Каримов оқсоқоллар ҳақида “Автобус ҳокимияти” деган фельетон чиқартирди. Девонда ишлаб турган жиззахлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев ёзган бу фельетоннинг асл муаллифи Каримовнинг ўзи эди. Каримовни  Эркин Турсунов қандай сотиб олди бу ёғи менга қоронғу, лекин у Турсуновни лимондай қисиб сувини олиб, кейин ўзини “отиб юборди”. Ўктам Олимовдан ҳам воз кечди. Мели Қобилов эса узоқ йилларга қаматилди. Шароф Убайдуллаевнннг ҳам “қадри”га етмади. Яна бир икки фельетон ёздириб, кейин девондан ва умуман ишдан четлаштирди.

Кейинроқ ўргандим-ки, Каримов “Ўзбекистон меники ва бошқа одам чанг солмаслиги” керак деб ўйлар ва ундан яшириб хазина тўплаган вилоят ҳокимларининг бойликларини турли йўллар билан тортиб олар экан.  Гулнора Каримованинг миллион-миллион доллар миқдоридаги бойликлари қаердан келганини энди фараз қилишингиз мумкин.

Шунингдек, Каримов ариза ёзган ва шикоят қилган одамларни ёмон кўришни ўргандим. Бундай одамларни гарчи улар ҳақни ёзган бўлсалар ҳам иғвогар, деб билади. Шу сабабдан жиззахлик оқсоқоллар ҳам унинг наздида иғвогарлар эдилар ва ҳар бирлари алоҳида қувғинга олиниб, оила аъзолари таъқиб этилиб, кимлари ўлдирилиб, кимлари дарбадар қилиндилар. Каримов қўзғолон ҳолига кўтарилмаган  “Жиззах қўзғолони”ни ан шундай бостириб ташлаган эди.

Лекин Жиззахда ҳокимлар алмашаверди, Тошкентбоев, Мирзиёев, Ёмонқулов ва ҳоказо. Халққа зуғум ва зулм кучайиб бораверди. Бир ҳоким халқни талаб бўлгандан кейин иккинчиси талашни бошларди. Калтакланиш, қамалишларга қарамай халқнинг “қўзғолонлар”и ҳам турли кўринишларда давом этаверди. Тошкенбоевга қарши чиққанлар сургун бўлдилар, Мирзиёевга дардини айтаман, деган аёллар ва чоллар калтакландилар, Ёмонқуловга арз қилганлар бозору мозорларидан айрилдилар.

1916 йилда мардикорчиликка қарши бош кўтарган Жиззах ўшa кезда “боши”дан айрилганди. Қаранг-ки бундай кўргулик мустақиллик йилларида ҳам унинг пешонасига ёзилган экан. Фақат Жиззахнинг-ми? Йўқ, бу ҳол барча вилоятларда айни кўринишда давом этди ва давом этмоқда. Бошқача айтганда бутун Ўзбекистон бостирилган қўзғолонларнинг қабристонига, майдонига айланди. Шундай эмасми? Ўзингиз бу саволга жавоб қидириб кўринг-а?

Бундай девонлик, майнавозчилик, алдовлардан безишим учун 100 кун етарли бўлди.  Бу жойлар учун бегона эдим. Шу боис бир кун ёзган нутқимдан хурсанд эканлигида, Каримовдан ўз соҳамга ишга юборишини сўрадим. У бир-икки ишни таклиф қилди рози бўлмадим, телевидениега боришим мумкинлигини айтдим. Очиқ штат йўқ. Аммо Президент учун бу муаммо эмас. Янги штат очди.

(ДАВОМИ БОР).

http://turonzamin.org/2013/07/16/iak17/