Jul 102013
 

 

Б И Л Д И Р И Ш Н О М А

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ  ПРЕЗИДЕНТИ

 

Б И Л Д И Р И Ш Н О М А

 

И. А. КАРИМОВга

 

Нусхаси:   ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ

Р. ҚОДИРОВга

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК

ХИЗМАТИ РАИСИ Р. ИНОЯТОВга

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ Б. МАТЛУБОВга

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИга

ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИга

Қашқадарё вилоят ҳокимига

Қашқадарё вилоят прокурорига

Қашқадарё вилоят Ички ишлар Бошқармаси бошлиғига

Қашқадарё вилояти,Шаҳрисабз шаҳри,Носир Бердиев

Кўчаси,10 уйда яшовчи қария

Чориева Норой момонгиздан

Б  И  Л   Д  И   Р   И   Ш   Н   О   М   А

Чорак аср бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошим,10 нафар фарзандларимнинг отаси,71 ёшли Ҳасан Чориевнинг бошига Қашқадарё вилоят прокуратураси етди.

 

Шу йилнинг 12 июнь куни эртаминан соат 8.00 ларда  иккита милиса бола келиб чолим Ҳасан Чориевни “Вилоят прокурорининг ўринбосари сиз билан президентга ёзган хатларингиз бўйича гурунг қиларкан” деб алдаб ўз уйимиздан,Шаҳрисабздан Қарши шаҳрига олиб бориб,прокурорнинг ҳузурига эмас,нима бало бирорта шаҳардаги ислводхонага мажбуран киритиб,шўрлик касалманд бобойимни мажбурлашганми дейман-да,ёшроқ бирорта бир фоҳишага қўйишб қўйиб қийнашган кўринади,мана,энди қариган чоғида боши  балода,туҳматга қоли-иииб ўтирибди.

 

Ана энди,прокурорлар ўзлари қилар ишини қилиб қўйиб,камига  “Сенинг эринг Ҳасан чол  2013 йилнинг 12 июнь куни соат 10.00 да  ёш қизнинг  кўрпасига кириб қўйибди,тегожақлик қилибди” деб ўзлари даъво  қилиб,қамаб ўтиришибди.

 

Агарда,“Ҳасан чол ёш қизни бузиб қўйди,шаънига тегди” деган айбномалар қўйилаётган айнан ўша кунда –12 июнь кунида  чолим Ҳасан Чориевни ўз уйимиздан “вилоят прокурорининг “зам”и сиз билан Президентга ёзган хатларингиз ҳақида гурунг қилмоқчи” деган баҳонада икки милиса бола алдаб олиб чиқиб кетмаганида эди,мен “Бобойимга туҳмат қилаяпсанлар!” деб бунчалар вилоят прокуратурасининг ёқасига ёпишмаган бўлардим.

 

Жиноят содир бўлди дейилаётган куни эрталаб  чолимни милисалар прокурорга обармасдан,қаерга обарган,буни энди Худо билади.

 

Чунки биз оила аъзоларимиз билан болаларимнинг отаси ҳозиргача қаерда эканлигини билмаймиз.

 

Бобойим Ҳасан Чориев билан кўришишга мен,болаларим тугул,ҳатто адвокатгаям йўл беришмаяпти.

 

Хуллас,“Ўт балосидан,сув балосидан,туҳмат балосидан асрасин” дегувчи эди мошойихлар.

 

Чолим шўрлик туҳмат балосига учраб қолди.

 

Менинг Америкадаги катта ўғлим интернет деган «телвезор» ўлгурда қайданам “Ўзбекистонга Президент бўлсам экан!” деб орзу қилиб  қўйганакан,“Қўл югуриги ошга –  тил югуриги бошга” деганларидай,ўғлимнинг узун тили отасининг – шўрлик бобойим бечоранинг бошига бугунги кунда бало бўлиб ўтирибди.

 

Болагинам Баҳодирни биргина “Президент бўламан” деган гапига бунчаларам қахр қилманг,Ислом  бова. Қиличингиздан бунчаларам қон томмасин. …Ҳамма айб менда,Ислом бова,Мен-да болаларимга “Худодан сўрасанг катта насиба сўра” деб ўргатган.

 

Баҳодирим ҳали ёш,бола-да. Сиз унинг отаси қаторисиз. АҚШдаги бир ўзбек бола Каримопнинг ўрнига ўтираман деб билмасдан ёшлик қилиб қўйибти-да,орзуга берилиб қўйипти. Орзу қилса қипти-да. Орзу қилган минан дарров тахтингизни тортиб олиб қўя қолдими болам шўрлик? Президент бўламан деб орзуманда бўлганларнинг бариям тахтга ўтираверганида эди,халойиқ қолмаган,ҳаммасиям подшолик тахтига ўтирган  бўларди. Одам бошида биттадан подшо бўларди-ку то шу пайтгача,Ислом бова.

 

Қолаверса,сизам мана,биз каби бир оёғингиз тўрда бўлса бири гўрда-ку…Қариганингизда нима қилмоқчисиз ўзи? Нима,Ўзбекистон президентлик тахтини ортингизга ортмоқлаб у дунёга об кетмоқчимисиз? Битта курси ўлгурни намунча қизғанмасангиз. Эрта-индин ҳа-ю ҳуд деб ўтамиз,кетамиз,бу дунёдаги борини ортмоқлаб кетолмаймиз-ку,ўзингиздан қолар гап йўқ,бор молимиз,шарафу шонимиз ортимиздан садқаи сар бўлиб қолади,Оллоҳ биргина жонимизни –  омонатини олади-ку,Каримов бова…. Бу дунёдаги боримизни минг истасагам ортмоқлаб кетолмаймиз барибир,Ислом бова.

 

Ўғил туғдим – ўрис об кетди,қиз туғдим – қирғиз об кетди” деган экан менга ўхшаган бир бечара. Ўғилларим,қизларим ўз кунига ўзлари омон бўлсин,ўзлари билан ўзлари  овора. Менинг кексарганимда суянчиғим шу чолим.

 

Чолим Ҳасан Чориевга,унинг ортидан менга бундайинам жабр қилманг,Каримов бова. Худо инсофингизни берсин.

 

Бу Қашқадарёдаги катталар,органдаги оёғи узангида ўтирганлар гапга кўнмаяптиям,чолимни кўрсатмаяптиям. Адолат қиламиз деб 3 июль куни вилоят прокуратурасининг олдига оилавий норозилик намойишига чиқиб эдик,прокурорлар 20 та аёлу 6-7 та эркакдан “армия” тузиб кутиб турган экан. Прокурорлар асос солган “лашкарлар” ўша куни бизни – намойишга чиққанларни калтаклай-калтаклай ўлмасак ҳам билайроқ қилди.

 

Энди Қашқадарёда норозилик намойишига чиқиб,Қашқадарёдаги прокурорнинг эшигида ёлланган аёлларнинг тепкисидан жон берадиган ахмоқ борма,бова? Йўқ,энди болаларимнинг ширин жонига аччиқ таёқ сотиб олиш учун икки дунёдаям Қашқадарёда намойишга чиқмайман.

 

Ҳарна,Тошкнетда бир талай элчихоналар,ваколатхоналар бор,пойхатда озма-кўпма ҳақиқат бордир-ов,деган ўйдаман.

 

Шунинг учун ҳам ёнимдаги ўғил-қизларим,қариндош уруғларим.,невара-чевараларим – ўзим бошлиқ Чориевлар оиласининг барча вакилларини 26 июль куни пойтахтга – сиз ўтирадиган ҳашаматли президент кошонасининг олдига бошлаб бориб,норозилик намойишини Тошкентда давом эттирмоқчиман. Зора буни кўриб,эшитиб чолимга раҳм қилмасангиз дейман. Чолим Ҳасан Чориевни туҳматдан халос қилиб қолсангиз дейман-да.

 

Шу режамга не дейсиз?

 

Ҳурматли ҳукумат эгалари!

 

Мен Қашқадарёнинг Шаҳрисабзида яшовчи Чориева Норой момоларинг,сизларга шуни маълум қиламанки,мен шу йилнинг 26 июль куни 20 нафардан ортиқ бола-чақам,набираларим билан Тошкентда,президент аппарати ёнида чолим Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун бу ўлар дунёда Ўзбекистон Конститутсиясининг 33- моддасидаги ҳақ-ҳуқуқимдан бии-ииир фойдаланиб қолмоқчиман,бола-чақам минан   норозилик намойиши ўтказмоқчиман. Мен шуни сизларга  маълум қиламан.

 

Яна бу эълонни эшитмадим деб,оғримаган бошимни оғритиб,калламни  қотириб,болаларимни Қашқадарёдагидай  дўппослаб,камига жаримага тортиб юрманглар. Мана,мен айтдим,сизлар эшитдинглар ҳисоб. Эшитмадик деб кечагидек ғирромлик қилиб юрманглар яна.

 

Милисалардан эса мени ва намойишга чиққан болаларимнинг хаётини хавфсизлигини ҳимоя қилишларини сўрайман,деб

 

Ушбу билдиргини ёзувчи туҳматдан қамалиб қолган 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг кекса  кампири:-

 

 

Чориева Норой   момонгиз.    2013 йил,8 июль.

 

 

http://birdamlik.info/?p=29449#more-29449