Jul 092013
 

 

( Фарғона вилояти раҳбарлари диққатига)

Бизга бу хабарни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона вилоятидаги фаоллари юборишди.

Эсингизда бўлса 1990- йилларнинг бошида Ўзбекистонда зўравонлик билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлган эди. Машинасини йўқотган, бировларга қарз бериб қайтариб ололмаганлар ўша гуруҳларга мурожаат қилишса, улар тезда маълум сумма эвазига уларнинг ишини зўравонлик билан битириб беришарди. У пайтларда бу ҳақда ҳеч қандай қонун бўлмаганлиги учун одамлар ҳуқуқ тартибот ҳодимларига эмас, юқоридаги гуруҳларга мурожаат этиш орқали ишларини бажарар эдилар. Кейинчалик бундай жиноятлар ҳаммаси қонунийлаштирилиб, бундай гуруҳ раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилдилар. Шундай қилиб бундайларнинг фолиятига чек қўйилди.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича яқиндан бошлаб яна шунга ўхшаш гуруҳлар Фарғона вилоятининг Қува туманида пайдо бўлибди. Олдинроқ Ҳосил ( бойвачча) исмли қирқ ёшлар атрофидаги йигит турли корҳоналарнинг раҳбарлари, фермерларини ертулага (подвалга) тиқиб, тазйиқ ўтказиб, уриб, уларни турли ишларга мажбур қилар эди. Кейинчалик одамлар норозилик қила бошлагач Тошкентдан кимлардир келиб кетгач, бу ишлар тинчиб қолган эди. Лекин яқиндан бери Ҳосилбойнинг ёнига унинг укаси Ҳошимбой ҳам қўшилибди. Энди ака-укалар биргаликда фермерларнинг ерларини зўравонлик билан олиб қўйиш, раҳбарларга тазйиқ ўтказиш, маънавий бузуқ аёллар орқали иймон-эътиқодли одамларга нисбатан “шантаж” ва бошқа ноқонуний ишлар билан шуғулланишаяпти. Ҳатто Ҳосилбой туман ҳокими бўлиш учун ҳаракат ҳам қилиб кўрган экан.

Қизиқ, бир туманда шундай зўравонликлар бўлади-ю нега вилоят, туман раҳбарлари эътибор қаратишмас экин? Наҳотки бу ака-укалар шу қадар маҳаллий раҳбарларнинг ҳам кучи етмайдиган даражадаги қудратга эга бўлишса? Улар кимларига ишонадилар? Бу саволларга тезда Фарғоналик мутасаддилар жавоб топмасалар, бу ишларнинг охири яҳшилик билан тугамаслиги аниқ.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

9-июль, 2013-йил.