Jul 052013
 

 

Ҳозиргина Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг етакчи фаолларидан бири Гулшан Қораеванинг “Ҳуқуқбонлар моғорлаб кетаётган жамиятнинг туйнукларидир” деган маъқоласи билан танишиб чиқдим.

 

 Барча қатори унда баён қилинган воқеалар, теши тегмаган фикрлар мени ҳам бефарқ қолдирган эмас.

 

 Айниқса, Қашқадарёлик жонкуяр ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов ҳуқуқларининг айнан қонун идоралари томонидан топталиши ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай киши учун таҳқирли ҳолатдир.

 

 Савол туғилади: Хўш, нега шундай бўлди?

 

 Негаки, Нодир Аҳатов чор-атрофида рўй бераётган воқеа ҳодисаларга лоқайд қараб турадиган, бефарқ кузатиш билангина чекланиб қоладиган шахс эмас.

 

 У барча Ўзбекистон фуқароларинниг тақдири хусусида қайғуради, ғам чекади. Ўзбекнинг эртаси деб ёлиб-югуради.

 

 Шунингдек, Нодир Ахатовни “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоли, айбсиз айбдорлик тўрига тушиб қолган 71 ёшли содда отахон Ҳасан Чориевнинг тақдири ҳам бефарқ қолдирган эмас.

 

 Нодир ака Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг жонкуяр вакили сифатида биринчилардан бўлиб Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун отланган фидоийлардан бири.

 

 Тақдири ҳамон номаълум қолаётган Ҳасан Чориевни вилоят шифохоналаридан қидириш ва “морг” –ўликхонани кўздан кечириш жараёнларида айнан Нодир Ахатов билан Гулшан Қораевлар Чориевлар оиласи вакилларига ҳамроҳлик қилдилар.

 

 Нафақат ҳамроҳлик қилдилар, балки уларга ҳуқуқий маслаҳат кўрсатдилар, қайғуларига шерик бўлдилар, руҳий далда бердилар.

 

 Қашқадарё вилоят ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг ғазабини қайнатган яна бир нарса шундаки, Нодир Ахатов ва Гулшан Қораеваларнинг жонбозлиги туфайли “жабрдийда” Матлуба отлиғ қизалоқнинг номуси топталганлиги иддао қилинаётган хонадонда нафақат “шаъни топталган қиз”, балки ҳеч қандай шахс йиллар оша ижарада турмаганлиги, ва умуман ушбу хонадонда номусга тажоввуз қилиш жинояти содир бўлмаганлиги ўз исботини топди. Буларнинг бари Қашқадарё вилоят қонун идоралари томонидан саҳналаштирилган театр томошаси эканлиги оммага ошкор этилди.

 

 Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг уринишларига қарамасдан, улар айтаётган ҳақиқий ҳолатга Ўзбекистон Ҳукуматининг бирор бир арбоби қулоқ осай, ҳуқуқлари оёқ ости қилинган фуқаро манфаатларини ҳимоя қилай демади: Ҳукумат расмийлари қулоқларини кар, кўзларини кўр қилишдан нарига ўтмадилар.

 

 Хўш, Ўзбекистон расмийлари мамлакатда рўй бераётган адолатсизликларга қарши лом-мим демасдан, мум тишлаб туришган айни бир дамда нима қилмоқ керак? Кимдан кўмак кутиш мумкин?

 

 Ноумид шайтон ахир!

 

 Адолатсизликлар ин қурган мамлакат ҳуқуқбонлари, айниқса, Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари ноҳақликларга жим қараб турадиган кимсалар эмас. Улар қонида қашқадарёликларга хос мардлик, жўмардлик, дангаллик жўш уриб, ростгўйлик руҳи уфириб туради.

 

 Шундай ҳам бўлди.

 

 Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари ўз позицияларини мардоновор ҳимоя қилдилар.

 

 1 июль куни Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасида океан орти мамлакат мустақиллигининг тантанасига бағишланган катта тадбирда Нодир Ахатов бошлиқ бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари провокация орқали ҳамон хибсда қолаётган 71 ёшли отахон Ҳасан Чориевнинг озод этилишида амалий ёрдам қўлини чўзишларини сўраб элчи жаноблари Жорж Крол ва у орқали АҚШ президентига ёзма равишда мурожаат қилишга аҳд қилдилар.

 

 Табиийки, Ўзбекистон расмийлари ва ғайриқонуний ҳаракатлардан ўзларини тия олмаётган Қашқадарё вилоят қонун идоралари ходимлари Нодир Ахатовдан бунингдек жасоратни кутмаган эди.

 

 Айниқса, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти жонкуярлари билан “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзолари ва “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаолларининг бир мақсад – ҳуқуқлари топталаётган кекса отахон Ҳасан Чориев ҳимояси йўлида бирлашиши шубҳасиз Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларини саросимига солиб қўганди.

 

 Эрксевар ва элсевар турли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолифат одамлари орасига тинимсиз қутқу солиш орқали улар ўртасида мунтазам низо келтириб чиқаришга муваффақ бўлиб келаётган куч ишлатар тизимлари турли ташкилотларнинг ўзоро ҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришларини умуман кутмаганди. Бу ҳолат уларни етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

 

 Шуни баралла айтишим мумкинки, айни дамда Ўзбекистон расмийларини бир нарса: Ўзбекитсон ичкарисидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи турли ташкилотларнинг, шунингдек, мухолиф ҳаракатларнинг ўзоро ҳамкорлиги, ҳамжиҳатлиги қўрқувга солади. Айтиш мумкин бўлса, оромини бузади.

 

 Худди ана шундай хатардан ҳадиксариган ва даҳшатга тушган Қашқадарёлик куч ишлатар тизимлари ходимлари кўп кечиктирмасдан, 2 июль куниёқ Тошкент сафаридан қайтаётган ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатовга таҳдид ўтказишни бошлаб юборганликларига шубҳа йўқ.

 

 Ягона мақсад: Қаршилик ҳуқуқ фаолининг кўзини қўрқитиб қўйиш, овозини ўчириш ва жим юришга мажбур қилиш бўлган.

 

 Мен дунё ҳамжамиятини, Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларини, Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида ўзбекнинг эртанги озод ва обод куни учун ҳаётларини хатарга қўяётган барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоларини, жамики мухолифат фаолларини Қашқадарёлик фидоий ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатовнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақираман.

 

 Барчамиз бир тану бир жон бўлиб Нодир Ахатов хаётининг хавфсизлиги учун, ҳуқуқлари топталмаслиги учун курашга отланишимиз, сергак ва шай турмоғимиз шарт.

 

 Акс ҳолда Ўзбекитсоннинг адолатсиз куч ишлатар тизимлари “Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри” ер деганларидек, ҳур фикрли инсонлар руҳини битта-битта осонгина синдиришга муваффақ бўлишлари, ва ҳатто жисмонан йўқ қилиш имкониятини қўлга киритшлари аниқ.

 

 Шу маънода биз, ўзини ўзбекнинг эртаси учун масъул деб биувчи ҳар бир шахс, ҳар қандай ташкилот “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган халқимизнинг доно ўгитига итоат этишга, ҳамжиҳат ҳаракат қилишга мажбурмиз. Зеро Ўзбекистондаги қалтис вазият шуни тақозо этади.

 

 Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

 “Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

ЎЗБЕКИСТОН:ҚАШҚАДАРЁДА “ЎҒИРЛАШ” НАВБАТИ НОДИР АХАТОВГА ЕТГАН

 

ДИҚҚАТ:ЭЪЛОН! ҚАРШИЛИК ҲУҚУҚ ФАОЛИ НОДИР АХАТОВ ҚИДИРИЛМОҚДА!

Ўзбекистон  Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қарши шаҳар бўлими раиси Нодир Ахатов бедарак кетди.

Куни кеча АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси тадбирида иштирок этган Нодир Ахатов бугун  уйига қайтмади.

Гап шундаки,АҚШ Мустақиллик куни тантанасида иштирок этган Нодир Ахатов сафдоши Гулшан Қораева билан Тошкентга икки мақсадни кўзлаб ташриф буюрганди.

Биринчиси,Мустақиллик кунларида АҚШлик фуқароларнинг шошдилига шерик бўлиш истаги бўлса,иккинчиси маҳаллий қонун идоралари ходимлари томонидан ноҳақ айблов билан ҳамон ҳибсда қолаётган “Эзгулик” Инсон Ҳуқларини Ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли,“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати аъзоси 71 ёшли Ҳасан ота Чориевнинг зудлик озод этилишида элчи жанобларидан ва улар орқали АҚШ ҳукуматидан амалий кўмак сўраб маҳаллий ҳуқуқ фаоллари номидан ёзилган илтимосномани топшириш режаси Нодир Ахатовни пойтахтга бошлаб келган эди.

Тантаналар давомида Ҳасан ота Чориевнинг ҳимоясида ёрдам сўраб  ёзилган ва ҳуқуқ фаоллари томонидан имзоланган илтимоснома ишончли қўлларга топширилди.

Бугун,2 июль куни эрталаб  маҳаллий вақт билан соат 9.00 ларда Бек Барака бозори биқинидаги Қаршига қатнайдиган автоуловлар бекатидан манзиллари томон йўловчи таксига ўтирган ҳуқуқ фаоллари Гулшан Қораева ва Нодир Аҳатовлар,охирги маълумотларга қараганда,16.30 ларда туғилиб ўсган шаҳрига “беталофат”  етишга муваффақ бўлганлар.

Бироқ биргина Нодир Аҳатов Қарши шаҳридан уйигача бўлган 10 км.лик масофани босиб ўта олмаган.

Ҳуқуқ фаолининг рафиқасини Гулшан Қораевага сим қоқиб,қилган  хабарига кўра,“турмуш  ўртоғи соат 19.30 ҳам бўлибдики,уйига кириб келмаган”.

ЎИҲЖ Қарши шаҳар бўлими раҳбари Нодир Аҳатов қай бир сабабга кўра 10 км.лик йўлни 3 соат давомида босиб ўта олмади,нега шу чоққача ўз уйига ета олмади  экан?

Айни дамда Н. Ахатовнинг мобил (рақами + 99893 4205748)  телефони ҳам ўчирилган.

Тахминимизча,ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатов ўз фаолиятининг кечаги “қирраси” учун,Ҳасан ота Чориевнинг ҳимояси йўлидаги уриниши,ташкилотчилиги учун “тавон” тўлашга мажбур этиш илинжида маҳаллий куч ишлатар тизимлари томонидан “ўғирлаб” кетилган.

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот хизмати

Share and Enjoy:

  • Add to favorites

  • Diigo

  • Facebook

  • LinkedIn

  • Twitter

 

July 2nd,2013 | Category:Янгиликлар

 

 

http://birdamlik.info/?p=29266#more-29266