Jul 042013
 

 

Elchixona. 04.07.2013. 1.

Elchixona. 04.07.2013. 2. jpg

Nodir Ahatov. 04.07.2013.

1 июль куни бизни, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қарши шаҳридаги фаолларини (Гулшан Қораева ва Нодир Ахатов) АҚШ нинг Тошкентдаги элчихонаси  АҚШ Мустақиллиги куни байрамига таклиф этишди. Бу маросим 19.00  да бошланиши маьлум қилинган экан.

Шундай қилиб тонг саҳарда  “ҳаё –хуйт” деганча, таваккал қилиб йўлга тушдик. Йўлнинг узоқлиги бироз панд бермаса, қолгани яхши эди. Америка элчихонасига сал кечикиброқ кириб бордик, баьзи бир юмушлар сабаб десам муболаға қилмаган бўламан. Таниқли журналист Малоҳат Эшонқулова ҳам биз билан бирга эди ва ҳар биримизнинг юзимизда байрамона кайфият сезилиб турарди. Элчихонада сафдошларимизнинг барчалари  жамулжам  эканлар. Хуллас, бу кун жуда мароқли ўтди. Шахсан мен бу тадбир учун АҚШ элчихонасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўз Ватанимизнинг мустақиллиги байрами тантаналарига сира қадам ранжида эта олмайман, уни фақат телеэркан орқали кўра оламан. Шунда ҳам электр узилиб қолмаса. Бизнинг мустақиллигимиз байрами ”катталар” учун бўлса керак? Одатда амфитеатрда уюштириладиган бу тантаналарга таклифномасиз киритишмайди, таклифнома эса “танланган ва муҳим” одамларга берилади. Бизни АҚШ элчихонаси  Американинг Мустақиллик байрамига таклиф қилибдими, демак бу таҳсинга сазовор!

Элчихонада  байрам сал кечроқ тугади, биз Тошкентда меҳмон бўлиб қолишимизга ҳам тўғри келди. Малоҳат опа Эшонқулова билан илиқ суҳбатлар қурдик, аммо бу суҳбатларнинг адоғи кўринмасди.

2 июль кунида, тахминан соат 10.00 лар атрофида  Қаршига қараб йўл олдик ва тахминан соат 16.30 ларда шаҳримизга кириб келдик. Нодир Ахатов такси ҳайдовчисидан аввал мени уйда қолдиришни илтимос қилди. Шундай қилиб, таксидан аввал мен тушиб қолдим, Нодир Ахатов унда ўз уйига кетди. Кулоқларим ғувиллаб қолган экан машинада, бироз ўзимга келай деб уйда мизғиб қолибман. Уй телефонимиз жиринглашидан уйғондим, жавоб берсам Нодир аканинг оиласи экан.

Гулшан  сизлар қачон келдинглар?”- сўради у киши.

Ҳайрон бўлдим, уйга кириб келганимга икки ярим соат бўлганди ва нима гаплигини сўрадим.

Нодир акангиз келганлари йўқ, телефонлариям ўчиқ” – дедилар янгам.

Қандай йўқ бўлишлари мумкин, анча соат бўлдику уйга кетганларига”- дейман ҳайратланиб. Шу топда юрагимга ваҳима оралади.

Ҳавотир олманг, топишга ҳаракат қиламан, дараклари чиқади, нари  борса “қудалар” олиб кетишгандир. Ҳа, айтгандай, эртага Чориевнинг уйидагилари пикет қилишмоқчи эдилар, балки шунга олиб кетишгандир”. – “тинчлантиришга” уринган бўлдим.

Аёл билан гаплашиб бўлгач, дарҳол Малоҳат Эшонқуловага қўнғироқ қилиб, Нодир ака  йўқолиб қолганликларини айтдим.

Информация тарқатиш керак, ҳозир тайёрлайман”. – деди  Малохат опа. Нодир ака ҳам  йўқолиб қоладиганлардан  эмасда. Одатда кимдир йўқолиб қолгудек бўлсак, албатта уни ИИБ дан излаш  керак. Уларнинг бошқа олиб борадиган  жойлари йўқ. Орадан ярим соатлар ўтди, тағин телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам Нодир аканинг рафиқалари эди.

Гулшан Нодир акани телефонлари “доступен” бўлди, телефон қилдим, уйга келаяптилар экан. Йўлда машина бузилиб қолибди”. – албатта янгам хурсанд эди. Мен эса, сасимни чиқармай худога шукур қилдим. Ҳар қалай, бор экан, соғ-омон экан.

Ўйловга тушдим. Машина бузилиб қолибди, нима машина Самарқандамиди бузилиб қолса уйигача пиёда бўлсин, етиб кела олмайди? Қарши шаҳрида таксидан кўра кўпроқ “маршруткалар” бўлса, қора пиёда юрганида ҳам уйларига аллақачон етиб борардилар. Бу гаплар асл ҳолатни ифода этаётгандек бўлмади. Афтидан, аёлини тинчлантириш учун айтилган гап эканлиги кундай равшан эди. Ўзим телефон қилдим.

Ҳўш ака, Нодир Ахатовни интернет орқалик қидирувга берамиз деб тургандик. Сизни ким босиб олиб кетди?”- савол ташладим.

Жўралар билан бирга эдик”. – гапни қисқа қилди у.

Жўралар билан бўлсангиз телефонингиз ўчиқ бўлармиди? Ҳамма тарафга хабар бериб қўйдимку”. – дейман ажабланиб.

Ҳеч нарса тарқатманг, бекор қилибсиз. Дарҳол тўхтатинг”. – жавоб қилди Нодир ака,

Сира-сира мен тушунмайдиган ишлар бўлаётганигидан ҳайрон қолдим. Ўзимку телефонимни истаган вақтимда қўшишга одатланганман. Мени билганларнинг барчаси хабардор бундан ва ўрганиб ҳам қолишган. Керак бўлса “қудалар” ҳам билишади бу одатимни. Телефоним ИИБ га “тушавериб”, “тушавериб”  чарчаб қолган. Бечорани азобламай дейманда кўп ишлатиб. Хулласи калом, “жўралар” деганлари аслида ”қудалар” бўлиб чиқди.

Кейин мени бошқа бир важ ўйлантираяпти. Пикет қилувчилар бошқа бўлса, нега энди  Нодир акага ёпишишди экан? Ўз уйингиз бўла туриб, қўшниникига кириб яшамайсизку. Нодир ака ниманидир яшираётганини юрагим сезиб турарди. Борай десам кўчамизда назорат кўчайтирилган. Қанотим бўлса эди, учиб борган бўлардим. Бугун Нодир акага тағин қўнғироқ қилди.

Уларни тўхтатиш керак”. – дейди у пикетчиларни назарда тутиб. Бир инсонни бу ҳолатга тушишига нима сабаб бўлиши мумкин деган савол туғилди. Саволнинг жавобни топгандай бўлдим: ”таёқ айиқ ўйнатган” эмасми? Ўз кўзларим билан кўрмагунимча ишонмайдиган аёлар тоифасиданман.

Нима учун уларни тўхтатиш керак, тушунтириброқ айтинг. Елена Урлаева келганлар у кишини тўхтатиб бўлмасликларини биласизку”. – дейман.

Айтинг уларга, пикетга чиқишмасин. Дело қўзғатишлари мумкин”. – фикрини очиқлайди Нодир Ахатов. Сўраб-сўраб Маккани топганларидек, биз ҳам кўпайлашиб Ҳасан Чориев “жиноят содир этган” уйни топгандик. Ҳозир эса калавани учини топа олмай ҳайрон бўла бошладим. Ҳар неки, бу “қарз гапни” Малоҳат Эшонқулова ҳамда Елена Урлаевага етказиб етказиб қўйдим.

Шундан сўнг эшигимиз тагидаги назорат, пазоратларига қарамай аввал дорихонага, сўнг Нодир Ахатовникига йўл олдим. Мен билан бирга Матиз русумли машина ҳам ортимдан “ҳамрохлик қиларди”. Борсам, Нодир ака уйида экан. Синчовлик билан елка қисмларини кўрсатишларини талаб қилдим. Милицияда кўкармайдиган жойларга уришларини жуда яхши билиб қолганмиз ахир. Ҳар қалай, бирон из топа олишимга умидим бор эди. Елка қисмларида гематома бор экан, аммо бу гематома урилганники емас, бошқа нарсага ўхшар эди. Кўпроқ  ерга ишқалнган одамнинг танасидаги гемотомага ўхшарди.

Нодир Ахатов тушунтирганига кўра, Қарши шаҳар давлат автоинспекцияси яқинида уни маршруткадан тушириб олиб, ерга ётқизиб олишган, шундан сўнг уни судрашган экан. Сабаби, вазни жуда оғир бўлган бу одамни кўтариб олиш ҳам осон эмас, шунинг учун ҳам олти нафар ҳуқуқ-тартибот органларидан 6 нафар формасиз ходим судрашган эакн. Сўнг Нодир Ахатовни худди ўтин юклагандай қилиб, Дамас микроавтобусига ортишибди.

Горотделга, ўзларининг тили билан айтганда “разборга” олиб боришди”. – аниқлик киритди у. Қарши милициясини бу даражада жиғибийрон қилган ҳолат эса, 1 июль кунида Тошкентда, АҚШ элчихонасида ҳуқуқбонлар элчи Жорж Кролга номига  Ҳасан Чориевни ҳимоя қилишга ёрдам беришларини сўраб илтимоснома имзолашганди.

Нега Обамага хат ёздинг, сенинг президентинг Каримовми ёки Обамами?” – дея қаршилик милицонерлар Нодир Ахатовни қийноққа тутишибди.

Нодир аканинг уйидан чиқганимда эса, кўчада ўша ўзимга таниш Матиз ҳамон қорвуллаб турганини кўрдим. Нодир акага машинани номерини   ёзиб олишларини айтиб, маршруткага миниб уйга кетдим. Уйга келиб Нодир ака билан телефонда қайта боғландим. Мени кузатиб юрган Матизнинг давлат рақами 70А 846 FA эканлигини билдим.

Бизга 2 июль кунида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қарши шаҳар бўлими раиси Нодир Ахатовга нисбатан Қарши шаҳар милицияси идорасида қийноқ қўлланилгани маьлум бўлди. Ўзим  бу каби бир воқеанинг шоҳиди бўлганман ва кераклик даражада хулосага эга бўлганман, шуни сизлар билан  баҳам кўрмоқчиман. Гапнинг тагида гап ётади дейдилар ахир. Диққат билан  ўқисаларингиз,  бу гапнинг ҳам маьносини тушуниб етасиз.

Бир куни уйда музлаткични учириб, ичини ювмоқчи бўлиб, нарсаларни бирин-кетин чиқара бошладим. Бу матоҳнинг тўрида ёдимдан чиқиб кетган, усти ёпиқ идиш турарди. Унинг қопқоғини аста кўтардим. Бу нима нарса эканлигига сира тушунолмадим, чунки унинг усти моғорлаб қолган экан. Устини авайлаб очдим, тагидаги нарса нималигини билишни истадим. Бақлажондан ёпилган икра экан. Нютонннинг калласига олма тушиб, бутун олам тортиши қонунини яратганидай, менинг ҳам миямни очилмаган қирралари очилди. Музлаткич бўлгани билан, унда ҳаво кирадиган туйнук бўлмаса, ҳар нарсанинг устини моғор босар экан.

Демак, жамиятимиз қанчалик ёпиқ экан, тоза ҳаво кирадиган туйнуги бўлмаган бу жамиятда халқ ҳам, ҳукумат ҳам моғорлаб кетиши ҳеч гап эмас экан. Бирорта бўлсин туйнук очиб олиб, ундан муаммоларни ташқарига чиқариб туриш керак, акс ҳолда бу ёпиқ жамиятда туйнуксиз қолиб биз ҳам моғорлаб кетишимиз ҳеч гап эмас азизлар! Бу жамиятимиз бутунлай моғорлаб кетмаслиги учун биз кабилар туйнук вазифасини ўташлари лозим.

4 июль куни ҳам уйим атрофини назоратчилар пойлаб туришибди. Нега пойлашаётгани менга маьлум эмас. Соат 8.20да 70 N344DA рақамли элда “08” дея аталадиган ВАЗ русумли машина турганини пайқадим. Бу машинани илгарилари ҳам кўчамизда жуда кўп маротаба кўрганим бор эди.

Гулшан Қораева

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

 Қашқадарё вилоят бўлими раиси

 4июль, 2013-йил.