Jun 232013
 

 

Ҳа,шундай!

Кўпам ваҳима қилаверманг,“Бирдамлик” мухолиф ҳаракати етакчисининг отаси Ҳасан Чориевга нисбатан бирор бир айблов юзасидан умуман жиноят иши қўзғатилмаган. Ва отахон айни дамда вақтинча сақлаш хибсхонасида ҳам эмас.

Худди шундай!

Бу менинг журналистлик суриштирувларим хулосаси.

Негаки,то шу пайтгача маҳаллий ҳуқуқ идоралари томонидан  Шаҳрисабзда истиқомат қилувчи Чориевлар хонадони аъзоларининг қўлига оила бошлиғи Ҳасан Чориевни “номусга тажоввуз қилиш” жинояти  юзасидан жиноий жавобгарликга тортилганлигини тасдиқловчи бирор бир расмий маълумот тутқазилмаган.

17 июндан 18 июнга ўтар кечаси Қашқадарёга қилган сафарим ва Ҳасан отанининг дарагини топиш мақсадида ўтказган 5 кунлик журналистлик суриштирувимнинг натижаси шуни кўрсатмоқда.

Бир ҳафта давомидаги суриштирувларимга таянган ҳолда,гувоҳлик беришим мумкинки,Шаҳрисабз туман прокуратура ва ички ишлар бўлими,туман миллий хавфсизлик хизмати идораси,  Қамаши ва Чироқчи туман  прокуратураси ва ички ишлар бўлими ва миллий хавфсизлик хизмати идораси,қолаверса,Қашқадарё вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси,Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси масъуллари ва маҳбусларни вақтинча сақлаш хибсхонаси ходимлари,шунингдек,Қарши шаҳрида жойлашган СИ-5  деб аталувчи  жиноят иши ҳужжат(дело)лари судга ошган маҳбусларни вақтинча сақлаш хибсхонаси маъмурларининг “Шаҳрисабзлик 71 ёшли отахон Ҳасан Чориевнинг тақдирига аниқлик киритиб беришингизни сўраймиз” деган оғзаки сўровларимизга берган оғзаки жавобларига таянадиган бўлсак,“Шаҳрисабзлик Ҳасан Чориев 17 июнь куни туман,вилоят прокуратурасига,туман ва вилоят ИИБсига чақиртирилмаган,бундай шахс вақтинча сақлаш хисбхонасида ҳам сақланмаётир. Ҳасан Чориевга нисбатан ҳеч бир жиноят иши ҳам қўзғатилмаган”.

Биз Қашқадарё ҳуқуқ-тартибот идораларига Ҳасан Чориев тақдирига аниқлик киритиш юзасидан оғзаки мурожаат этиш билангина чекланиб қолганимиз йўқ,албатта. 18 июнь кунининг ўзидаёқ  юқорида номлари зикир этилган барча  идораларга “Ҳасан Чориевнинг тақдири хусусида маълумот беришингизни сўраймиз”   деган  мазмунда ёзма ариза ҳам топширилган.

Тўғри,ҳали ёзма сўровларимизга жавоб олишга улгурган эмасмиз. Вилоят прокуратураси фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими,подполковник Дилфуза Қўчқоровага кўра “Ёзма сўровга ёзма жавоб олиш учун камида 15 кун кутишга мажбур”миз.

Боз устига биз айнан Қашқадарё  вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимларининг тавсиясига кўра,19 июнь куни Ҳасан Чориевни қидирувга бериш борасида Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлимига ёзма ариза ҳам топширганмиз.

Шаҳрисабз туман Ички ишлар бўлими  қидирув ҳақидаги аризамизни қабул қилиб қолишган. Аммо Ҳасан Чориев ҳақида қидирув эълон қилиндими,йўқми,аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бу борадаги сўровимизга туман ИИБсидан “Суриштирув ишлари кетаяпти” деган қабилидаги мужмал жавоб олаолдик,холос.

Энди,ўзингиз ўйлаб кўринг,мабодо Ҳасан Чориевнинг устидан номусга тажоввуз қилиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган бўлса-ю,  отахон хисбхонада вақтинчалик “тутқунда” турган бўлса, Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими Ҳасан Чориевни қидирувга бериш ҳақидаги ёзма аризамизни қабул қилиб олишармиди? Қидирув эълон қиламиз,дея ваъда қилишармиди? “Йўқ,арзларингизни ололмаймиз. Негаки,оталаринг бедарак кетган эмас,жиной жавобгарликка тортилиб,хибсга олинган” дейишмасмиди?

Тўғри,Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимларидан ҳамма нарсани кутиш мумкин,бироқ,шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки,айни дамда “Бирдамлик” лидерининг отаси Ҳасан Чориевга нисбатан номусга тажаввуз қилиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган” дея якуний хулосага келишга ҳали эрта. Чунки,юқорида айтганимдек,бунингдек тўхтамга келиш учун қўлимизда маҳаллий қонун идоралари ходимлари томонидан берилган бирортаям тасдиқловчи расмий ҳужжат йўқ.  Ҳуқуқ-тартибод идоралари мутасаддиларининг оғзаки жавоблари мазмунини эса ўзингиз эшитдингиз.

Хўш,ана энди,айтингчи,қўлимизда ички ишлар ёинки прокуратуранинг “Ҳасан Чориев жиноий жавобгарликка тортилган. У номусга тажаввуз қилиш жиноятини содир этганликда айбланиб,гумондор сифатида хибсда сақланмоқда” деган бирор бир қоғоз бўлмагандан кейин,“Ҳасан ота хибсхонада,отанинг устидан жиноий иш қўзғатилган” деган гапни айтиш учун қайси фактга таянамиз,қай бир далилга ишонамиз?

Замондош” сайтида сизган тахаллус остидаги хабарларгами? Минг афсуски,бунингдек аноним “деди-деди”-“ғийбат”лар Қашқадарё вилоят прокуратурасининг “айблов хулосаси” эмас,ёинки “Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят иши очилганлиги тўғрисидаги қарор” нусхаси ҳам бўлолмайди,эҳтиёт чораси сифатида отахонни вақтинчалик хибсхонада ушлаб туришга оид қонун идоралари қарорининг “копияси” ҳам эмас,бўлолмайди ҳам,қонун идоралари томонидан тақдим этилиши лозим бўлган расмий ҳужжатларнинг ўрнини боса олмайди ҳам.

Яна бир гап:журналистлик суриштирувим давомида шунга амин бўлдимки,  отанинг кутилмаганда “ғойиб” бўлиши – бу шунчаки оддий иш эмас.

Биринчидан,Россия интернет сайтларида Ҳасан отанинг ўғли – “Бирдамлик” мухолиф ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг фаолиятига оид мақолалар эълон қилингач,илк бор шу йилнинг 12 июнь куни Ҳасан ота Чориев ҳеч бир чақирув қоғозисиз ички ишлар ходимлари томонидан вилоят прокуратурасига “суҳбат”га олиб кетилган эди. Ўша куни ҳам отага “Президентга ёзган шикоятларингиз юзасидан суҳбат бўлади” дейилганди.

12 июнь куни Ҳасан Чориев кун узоғи вилоят прокурорининг ўринбосари қабулида “қоровуллик” қилиб ўтирган. Аммо бу куни отага аниқ бир гап айтилмаган.

Фақат Ҳасан отанинг чорвачилик фермасини талон-тарож қилиб,отага нисбатан “туҳмат” айблови билан 29 миллон сўм жарима солинишида “ташаббус” кўрсатган вилоят прокуратураси терговчиси Тоғаев деган шахс отанинг олдига кириб,“Сиз менга илгариги – чорвачилик фермасига оид ишларингиз юзасидан тергов беришингиз керак” деган холос. Ва терговчи ушбу сўровига Ҳасан Чориевдан “Вақтида мени хў-ўўўп тергов қилиб,хонавайрон этгансан. Яна нима керак? Гапинг бўлса,чақирув қоғози юбор,келаман” деган терс жавобга эга бўлган.

Ўша учрашувдан бир кун ўтиб Ҳасан ота билан телефон орқали қилган суҳбатимга кўра,вилоят прокурорининг ўринбосари (шахсини сўраб олмаган эканман) Ҳасан отага қарата ҳазиломуз (эҳтимол,билса ҳазил,билмаса чин дегандир) “Отахон,тинч яшай десангиз,чет элдаги ўғлингизни тинчлантиришингиз керак” деган мазмунда илмоқли гап қилган.

Ҳасан ота қашқадарёликларга хос бироз жайдари,бироз тўпори,камгина дағал ва дангал одам эмасми,“Менга нима дейсан,болам. Мен ўғилни дунёга келтириб,учирма қилганман. Энди ўғлимнинг ихтиёри ўз қўлида. У узоқда. Эндиликда,мени тўғри тушунинглар,ўғлимга кучим етмайди,унга гапим ўтмайди. Йўлидан қайтараман деб гапирганимдаям,менинг гапимни олмайди энди у,барибир қайтмайди. Қурбим етмаган ишни сўраб,мени азобламанглар. Мендан қўлимдан келадиган ишни сўранглар” деган мазмунда кескин жавоб қилган.

Тўғри,вилоят прокуратурасида бўлиб ўтган ўша суҳбатдан кейин,12 июнь куни кечга яқин Ҳасан Чориев ўз кулбасига қайтди.

Эҳтимол,шу сабаб ҳам орадан беш кун ўтар-ўтмас икки милиция формасидаги ходимлар такрор келиб “Сизни вилоят прокурорининг ўринбосари яна президентга ёзган шикоятингиз юзасидан суҳбатга чақираяпти,юринг” дейишганларида,ходимларнинг исм-шарифларини сўрамасдан,чақирув қоғозини қўлига олмасдан,17 июнь куни эрталаб   “Эски гап бўлса керак,ўтган галгидек кечаси яна уйга қайтаман-ку” деган ўйда Ҳасан ота милиция ходимларининг олдига тушиб кетгандир,ким билсин.

Бироқ,ота кутгандек бўлмади. Ўша куни у уйига қатймади,қайта олмади.

Суриштирув давомида мени таажжубга солган яна бир сирли ҳолат шу бўлдики, 17 июндан,яъни Ҳасан ота дараксиз кетган кундан 4 кун ўтиб,яъни 20 июнь куни тунги соат 21.40 да Шаҳрисабздаги Чориевлар хонадони телефони кутилмаганда жиринглаб қолди.

Гўшакни кўтарган хонадон келини кутилмаган хабардан ҳайрон қолгани аниқ.

–       Мен отангиз Ҳасан Чориевнинг адвокати бўламан. Сизлар бунчалар беоқибат болаларсиз? Нега шунча кундан бери хисбдаги отангизни кўргани бир бора ҳам келмадингиз? – дея гап бошлади гўшак ортидаги овоз.

–       Отамизни қидирувга берганмиз. Қаердалигини билсак борамизда. Нега шу чоққача отамизнинг қаердалигини хабар бермадингиз? – ажабланди келин.

–       Оталарингга мен 17 июндан бери адвокатлик қилаяпман. Терговлар ҳам охирлаб қолди. Даъвогар билан юзлаштириш бўлиб ўтди,экспертизадан ўтказилди. Ҳамма этаплар тугади. Ҳасан Чориев ҳозирда Қаршидаги СИ-5 да,вақтинча сақлаш хибсхонасида. Тергов ҳаракатларини вилоят прокуратураси терговчиси Рустам Новчаев олиб бормоқда. Оила катталари келса,айтинг,сизларнинг биринчи галдаги вазифаларинг,менинг адвокатлик хизматим учун хамир учидан патир сифатида 200 000 (икки юз минг) сўм тўлаш. Ҳасан ота менга ҳимояси учун ордер олишимга ҳақ тўлай олмаганди.

Иккинчи қиладиган энг муҳим юмушларинг,Ҳасан Чориевга Абдураҳмонова деган жувон номусимга тегди деб даъво қилган. Сизлар бу аёлни топиб,оилавий уйига бориб,унинг оёғига йиқилиб,алдаб-авраб,рози қилиб,ялиниб ўша даъвосига қарши ариза ёздириб келишларингиз шарт,-  дея ҳуқуқий “консультация” берди ўзини Убайдулло деб таништирган “адвокат”.

Билими “уммон” адвокатнинг телефон рақами –+99890 425 07 65 – суҳбатлашиб кўришларингиз мумкин.

Шу суҳбатнинг эртасига,21 июнь куни эрталаб Чориевлар хонадони вакиллари ва отанинг мустақил ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов билан вилоят прокуратураси томон йўл олдик. Мақсад,терговчи Рустам Новчаевдан ҳимоячи Шуҳрат Рустамовнинг  Ҳасан Чориев билан учрашуви учун рухсат олиш эди.

Шаҳрисабз билан Қарши оралиғи 2 соатлик йўл эди.

Қизиғи,мен  йўл-йўлакай,тахминан соат 9.30 ларда вилоят прокуратурасининг ишонч телефонига  қўнғироқ қилиб,“Ҳасан Чориев ҳақида маълумотга эга эмасдик,дегандинглар. Отахонни қидирувга беришга ундагандинглар. Аслида ҳақиқат шунда эканки:Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Ҳасан ота 5 кундан бери  СИ-5 да сақланаётган экан. Отага нисбатан номусга тажоввуз қилиш айбловига оид жиноят иши қўзғатилганмиш. Тергов ҳаракатларини вилоят прокуратураси терговчиси Рустам Новчаев олиб бораётганмиш.

Илтимосим,Новчаевни огоҳлантириб қўйсангиз,5 кунлик саргардонлигимиз ҳам етар. Биз Ҳасан отага Тошкентдан адвокат келтирганмиз. Терговчи ҳимоячимизнинг Ҳасан ота билан учрашишига русатнома бериши шарт” дея огоҳлантириб қўйгандим.

Менинг бу каби “тадбиркорлигим”,вақтни тежаш ниятидаги “ишбилармонлигим”  панд бериб қўйишини қаердан ҳам билибман.

Ишонч телефонига қилган тезкор қўнғироғим ўзининг салбий самарасини кўрсатди:2 соат ичида биз то Қаршига етиб келгунимизга қадар вилоят прокурори Турдибоев Худойқул Тўраевич Ҳасан Чориевнинг терговчиси Рустам Новчаевни узоққа (кейин айтишларича Тошкентга) 15 кунлик хизмат сафарига “қочириб” қўйибдилар.

Шунда ҳам ҳимоячи Шуҳрат Рустамов  бўш келган эмас. Аввалига фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими Дилфуза Қўчқоровадан  Ҳасан Чориев билан учрашувга эришиш мақсадида вилоят прокуратурасининг тергов бўлими бошлиғи қабулига кириш учун изин сўради.

Афсуски,тергов бўлимининг бошлиғи ўз ўрнида йўқ экан. Фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими,подполковник Дилфуза Қўчқоровага кўра “Тергов бўлимининг бошлиғи  аммасининг ўғлини никоҳ тўйига қўллуқ бўлсинга кетган”миш.

Ҳафсаламиз пир бўлиб,ортга қайтмоқчи ҳам эдик. Бироқ шу ердаги арзнома кўтариб келган фуқаролардан бири “Бугун вилоят прокурори Турдибоевнинг ўзларини қабул кунлари. Вилоят прокурори ҳузурига кирсанглар бўлмайдими?” деб қолди.

Омадни қаранг-а! Қувониб кетганимиздан,Шуҳрат Рустамовни Қашқадарё вилоят прокурори Худойқул Тўраевичнинг қабулига ёздиргандик.

Афсуслар бўлсинким,айнан ўша,21 июнь куни прокурор Турдибоевнинг қабули бўлмади. Ҳатто уларнинг ўрнига бирор бир ўринбосарлари,ёрдамчилари,ва ҳатто бирор бир бўлим бошлиғи ҳам қабулхонада ўтирган,фуқароларни қабул қилган эмас.

Фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими,подполковник Дилфуза Қўчқорова таъбири билан айтганда,“21 июнь – жума куни вилоят прокурори Худойқул Тўраевич бошчилигида бутун прокуратура аппарати ходимлари “ғаллани нест-нобут қилмасдан йиғиб-териб олишга бағишланган “селектор”га сафарбар қилинган. Айтишларича,вилоят ҳокимиятида ўтказилиши режалаштирилган ушбу “селектор”га шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари Тошкентдан туриб,алоқа воситалари орқали  бош-қош бўлиб туриши айтилган.  Шу сабаб,бугун вилоят прокуратурасида бирорта бир ходим қолмаган. Ҳамма йиғилишда. Бугунги қабул ҳам номаълум кунга қолдирилган”.

Назаримизда,Мирзиёевнинг номини эшитган вилоят прокурори Худойқул Турдибоев бош вазирдан тепки еб қолишдан қўрққанидан “ўпкасини қўлтиқлаб” “селектор” деганларига қанот қоқиб учиб кетган бўлсалар,ажаб эмас….

Ким билсин,прокурор жаноблари ўша куни Мирзиёев ўтказадиган тадбирда эмас,Китоб давонидаги  орамижон оромгоҳларда ишратда бўлгандир,эҳтимол?  Буниси энди ўзига ва ёлғиз Худога аён холос.

Хуллас,ўша куни вилоят прокурорининг қабули бўлмади.

Бу дегани бугун  ҳам Ҳасан Чориевнинг тақдиридан бехабар қолдик деган гап.

Шу сабаб ҳам “маслаҳатгўй”   Убайдулло отлиғ адвокатни учрашувга чорлашга мажбур бўлдик.

Бундай қарорга келганимизда соат миллари маҳаллий вақт билан 12.00 ни кўрсатарди.

Терговчи сафарга кетиб қолганлиги сабаб,бугун ҳам Ҳасан Чориев ҳақида тўлиқ маълумот олиш бахтидан бебаҳра бўлдик. Илтимос,энди биз билан учрашиб,отахоннинг саломатлиги,“иш”га оид материаллар ҳақида бизга батафсил гапириб берсангиз?”,деди Убайдулла акага сим қоққан Шуҳрат Рустамов.

Қаердасизлар? Вилоят прокуратураси биноси олдидами? Ҳиммм…. Ҳозир ниҳоятда банд эдим,соат 14.00 ларда кўришсак бўладими?” деди Убайдулла адвокат.

Нимаям дердик,рози бўлдик.

Ана,бораяпман,мана бораяпман. Йўлдаман. 20 дақиқада етаман” деган алдовлар билан соат 19.30 ҳам бўлдики,Убайдулло адвокат қорасини кўрсатмади.

Ниҳоят,сирли адвокат билан ўзим гаплашишга қарор қилиб,унинг рақамини тердим.

–       Тўлиқ исм шарифнигиз? – салом-аликдан кейин конкрет саволга ўтдим.

–       Жумаев Убайдулло Исломович…

–       Неча йиллик стажингиз бор бу соҳада?

–       18 йиллик…

–       Чориевлар оиласи бир дамас бўлиб соат 12.00 дан буёғига сизни интиқ бўлиб кутиб ўтиришибди. Нега мижозингизни оиласи билан кўришишдан қўрқаяпсиз?  8 соат ҳам куттирасизми одамларни?

–       Синглим,мен Ҳасан Чориевнинг ҳимоячисиман. Отанинг оиласи билан учрашиш,уларга Ҳасан Чориев ҳақида,уларнинг жиноят иши ҳақида ҳисобот бериш мажбуриятини олмаганман. Тушунарлими?

–       Нима демоқчисиз? Аниқроқ гапиринг?

–       Сизлар билан кўришаолмайман демоқчиман. Нимаси тушунарсиз?

–       Кўришишни истамас экансиз,бир дамас одамни нега 8 соат куттириб қўясиз? Қашқадарё халқи кўп жумрад,мард бўлади. Сиз адвокат сифатида эмас,лоақал инсон сифатида 8 соатлик куттирувдан кейин кўришишга мажбурсиз. Ўқдингизми?

–       Истамайман.

–       Ўз мижозингизнинг оила аъзолари билан кўришишдан қўрқаяпсизми,демак сиз ҳеч қанақанги адвокат-подвокат эмассиз? Сиз ё адвокат ниқобидаги “провокатор”сиз,ва ё даллолсиз. Бўгани шу.

–       Сиз ноҳақ ҳақорат қилаяпсиз?

–       Мен сизнинг “провокатор”лигингизни кеча кечаси Ҳасан отанинг  келинига телефон орқали берган “доно маслаҳатларингиз”  “мағзидан” ҳам англагандим.  Агар адвокат сифатида сизнинг принципингиз бўлганида эди,Чориевлар хонадонига қўнғироқ қилиб,“Оталарингга номусимга тегди деб даъво қилган Абдураҳмонованинг уйига оилавий бориб,оёғига бош қўйинглар,алдаб-авраб,рози қилиб,даъвосига қарши ариза ёздириб олинглар” демаган,нозик  вазиятда Чориевлар оиласини ноқонуний ҳатти-ҳаракат қилишга ундамаган,қалтис ишга  қистамаган бўлардингиз. Кимсиз ўзи? Сизга бундай ғайриқонуний топшириқни ким берган? Терговчими? Ё ўзингизнинг ташаббусингизми?

–       Сиз билан гаплашиб бўлмас экан.

–       Агар “провокатор” эмас,ростанам адвокат бўлсангиз,сизни албатта топамиз ва касбингизга нолойиқлигингизни исботлаймиз. Алвидо адвокталик лицензияси,деяверинг энди,–дедиму гўшакни қўйдим. Бу унга таҳдид эмасди. Чориевлар оиласини нотўғри қадам босишга ундайдиган бир лўттибознинг кирдикорига қарши жавобим эди,холос.

Ниҳоят,22 июнь – шанба тонги ҳам отди. Бу куни прокуратура ходимларига ҳам,хибсхонадаги маҳбусларга учрашув учун изин берадиган терговчиларга  ҳам иш куни эмас.    Кун бўйи умидсизлик билан “пашша қўриб” ўтиришга маҳкуммиз.

Шу сабаб Шуҳрат Рустамов эрталабки соат 8.00 ларда умид билан яна ўзини адвокат деб таништирган Убайдулло  Жумаевга қўнғироқ қилиб,учрашувга таклиф этишга мажбур бўлди. “Лоақал Ҳасан Чориевнинг умумий аҳволидан бохабар бўлиб,кўнглимизни тинчлантирамиз-ку” дедилар.

Шунда (хукумат томонидан Ҳасан Чориевга адвокат сифатида ёлланган бўлса керак-да. Адвокатлиги чин бўлса)  Убайдулло ака “Мен бугун умуман учраша олмайман. Сабаби,мен узоққа,Тошкентга, иш билан келдим. Сафардаман” деса бўладими?

Шунингдек гумроҳликдан кейин мен шартта машинага ўтирдиму,Убайдулло акани Тошкентда “қўлга олиш” учун ортга қайтдим.

22 июнь куни соат 14.00 да Тошкентга етиб келиб,қўнғироқ қилсам,рақамимни билади-ку,гўшакни кўтарай демайди…

Орадан бир соат танаффус қилиб яна сим қоқдим.

–       Мен Ҳасан ота Чориев масаласида яна сизни безовта қилишга мажбурман. Ортингиздан қувлаб Тошкентга келдим. Ҳозир  Ҳамза метросидаман. Сизчи? Бир кўришмасак бўлмайди. Қаердасиз?,–деган саволимга Убайдулло акадан:

–       Энди мен билан кўришишга кеч қолдингиз. Мен таксига ўтириб,Қаршига қайтиб юбордим. Ҳозир ярим йўлдаман. Бошқа куни учрашармиз,–деган қабилида такрор алдов жавоб эшитдим адвокатдан.

Гапнинг ростини,аниқ ҳақиқатни айтайми:очиғи,Қашқадарё вилоят прокуратураси терговчиси Рустам Новчаев ҳам,ўзини “адвокат” деб иддао қилаётган Убайдулло Жумаев ҳам Тошкентга сафар қилишмаганлигини билардим,кўнглим сезганди.

Тахминимча,ҳимоячи Ш. Рустамовнинг Ҳасан ота билан учрашиб қўйишидан (мабодо ҳақиқатдан ҳам Ҳ. Чориев хибсхонада эканлиги рост бўлса,ҳақиқатдан ҳам отага нисбатан қайсидир модда билан жиноят иши қўзғатилганлиги чин бўлса),биз билмайдиган қандайдир ҳақиқатлар ошкор бўлиб қолишидан ҳайиққан вилоят прокурори  Худойқул Тўраевич  афтидан терговчи Новчаевни яшириб қўйиб,15 кунлик хизмат сафарини ўйлаб топган бўлиши ҳам мумкин,тўғрими?

Адвокат” Убайдулло ака масаласига келсак,очиғи,ўз мижозининг оиласи билан кўришишдан қочиб юрган кишининг ҳалоллигига шубҳам бор.

Бундан ташқари,маҳаллий қонун идоралари ходимлари “Ҳасан Чориевнинг тақдиридан бехабармиз” дея оғзаки жавоб қилишларига қарамасдан,ростан ҳам 4-5 кундан буёғига отани қайсидир хибсхонада яширинча сақлаб,унга нисбатан жиноят иши қўзғаб,пинҳона тергов ҳаракталари олиб боришаётганликлари   ҳақиқат бўлса,шунинг ўзиёқ  сирли ва хатарли. Шубҳаларимиз фоизини ошириб юборишга хизмат қилади.

Давлат томонидан отага беркитилган адвокат Убайдулло Исломовичнинг гаплари чинлигига бовар қиладиган бўлсак,у ҳолда 17 июнь кунидан буён отага ҳуқуқий кўмак бераётган ҲИМОЯЧИ нега Ҳасан Чориевнинг тақдири,ҳозирги ҳолати ҳақида унинг оила аъзоларига ўз вақтида – ўша куниёқ хабар бермадийкин? Нима учун Ҳасан отанинг дараксиз кетганига 72 соат тўлишини кутиб турдийкин? Ва янаям муҳими,нима учун адвокат У. Жумаев айни дамда ҳам Чориевларнинг кўзига куринишга қўрқиб,тутқич бермай юрибдийкин?  Бунингдек синоатли ишда қандай сир яширин? Энг аввало шу каби тинчлик бермаётган саволларнинг ҳаққоний жавобини топиш керак эмасмикин?

Ана шундагина,адашмасам,Ҳасан ота билан боғлиқ барча жумбоқлар ечими,қулфлар калити топилган бўларди,шундай эмасми?

Мен ҳуқуқшунос эмасман,оддий журналистман. Шу сабаб “Адвокат Убайдуллаев нима учун Чориевларни ноқонуний йўлга бошламоқ истадийкин? Нима учун даъвогар Абдураҳмонова деган шахсни рози қилиб,ундан даъвосига қарши ариза ёздиришингиз шарт” дея талаб қилдийкин?” деган саволлар моҳиятини англашга ақлим ожизлик қилаётгандир,балки?….

Шундай бўлса-да,бу ҳолат юзасидан ўз тахмин ва фаразларим ҳам йўқ эмас:назаримда адвокат У. Жумаев Чориевлар оиласини “Даъвогарни рози қилиб,қарши ариза ёздириб келтиринглар” дея телефон орқали топшириқ берганида,афтидан,қонун идораларининг махфий топшириғини адо этган кўринади.

Нега?

Чунки ҳуқуқ-тартибод идоралари,айнан,прокуратура ходимларига худди мана шу нарса керак:уларнинг ҳомхаёлича,телефон орқали амалга оширилган “провокация”га бовар қилган Чориевлар даъвогарни топиши,уни “сотиб олишлари” керак эди. Бу ҳаракат ҳам жиноятнинг бир тури,аслида. Хавфлилик даражаси каттами,кичикми,нима бўлган тақдирдаям,адвокат Жумаева нега  қўрқмасдан Чориевлар хонадони аъзоларини жиноятга бошламоқ истади?

Негаки,фикру ожизимча,прокуратура ходимлари Чориевлар оиласининг қолган вакилларини ҳам “жиноят устида қўлга олиш”ни,“обориб-обкелиш”ни режа қилишган бўлса ҳам ажабмас. Зеро бу улар учун мушкул юмуш ҳам эмас:номусимга тажоввуз қилди дея туҳмат қилишга қурби етган қиз “Чориевлар оиласи фалон куннинг фаолон соатида бир сурув бўлиб,уйимга бостириб келиб,мени сотиб олишга уринишди,кўнмагандим,ўлдирамиз деб қўрқитишди. Менга фалон сўм таклиф этишди” деган мазмунда қўшимча давъо ариза ёзиб бермаслигига кафолат борми?

Умуман,даъвогарни гапга олиш,аниқроғи,даъвосидан кечишлиги учун сотиб олиш орқали қарши ариза ёздиришга уриниш ҳеч бир қонун қолипига тўғри келмадику? Шуни била туриб,адвокат нотўғри йўл-йўриқ кўрсатдими,бу ерда бир гап бор!

Иккинчи фараз:Шаҳрисабздаги ўз уйидан икки нафар милиция формасидаги ходимлар томонидан “Президентга ёзган шикоятингиз юзасидан яна вилоят прокурор ўринбосари суҳбатга чақирмоқда” дея алдов йўли билан олиб кетилган 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг устидан чинданам номусга тажоввуз қилиш моддаси билан жиноят иши очилган бўлса,демак,шўрлик терговчи-ю прокурорларнинг ўзлари ишларини хом қилиб,боши берк кўчага кириб қолган бўлишлари ҳам мумкин.

Кетларини тозалашлари,отага нисбатан сохта  очилган жиноят ишини ими-жимида ёпишлари,сувдан қуруқ чиқишлари учун прокуратура ходимларига нима керак? Ишни “осон битириш” учун албатта даъвогар қизнинг қарши аризаси ас қотишини ҳамма билади.

Шундай экан,вилоят прокуратураси Ҳасан Чориев устидан асоссиз равишда қўзғаган жиноят ишини ими-жимида ёпиш масаласида Чориевлар оиласининг ўзидан фойдаланишни кўзлаган бўлишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас деган фаразга боришга ҳақлимизми,ё йўқми?

Шу сабаб адвокат У. Жумаевни “элчи” – даллол сифатида Чориевлар хонадонига сафарбар қилишган бўлса,не ажаб?

Хуллас,тахминлар бисёр,фаразларнинг адоғи йўқ. Нима дейишга,нима деб ўйлашга,қандай тўхтамга келишга ҳам ҳайронсан киши?

Аммо юқоридаги мавҳум ва сирли саргузаштлардан келиб чиқиб,шуни айтишим мумкинки:Ҳасан Чориевнинг куч ишлатар тизимларнинг “ташаббуси” билан “йўқолиб” қолиши бу – жуда катта сиёсий ўйин. Бундан бошқа нарса эмас.

Ва яна такрор айтаман:Бугунги кунда  “Бирдамлик” лидерининг отаси номусга тегиш жинояти билан айбланмоқда дея  қатъий тўхтамга келишга  ҳали жуда эрта.

Негаки,Қашқадарё вилоят прокуратурасининг ҳисобсиз ҳийла-найрангларига кўра,Ҳасан отани бирор бир жиноятда айлбланганлигини исботловчи қўлимизда ҳамон бирор бир расмий идоранинг бирортаям расмий ҳужжати – исботу далили йўқ. Бўлмаса ҳам керак. Янаям ким билсин.

Ўзбекистоннинг қонун идоралари қўлидан ҳамма иш келишини барчангиз яхши биласиз. Шундай экан,гарчи сайтларда “Бирдамлик” етакчисининг отаси Ҳасан Чориев ёш қизалоқ номусига тажоввуз қилишда айбланмоқда” деган иддаолар минг бор айтилгани,ёзилгани билан,қўлимизда отахонни айблашга оид бирор бир қонун органининг расмий ҳужжати бўлмас экан,барча фаразу тахминларимиз бекор. Барча сўзларимиз ҳавога учаверади.

Демоқчи бўлганим,эртага Тўлқин Қораев айтганидек,Қашқадарё вилоят прокуратураси “Қонун идоралари ходимларига бўйсунмаганлиги учун Ҳасан Чориевга 15 суткалик қамоқ жазоси қўлланилган эди” деган важ келтириб қолишса ҳам ажаб эмас.

Ёхуд пихини ёрган қонуннинг бу устаомон ҳимоячилари  бизга қилаётган худди ҳозиргидек оғзаки жавоблари каби “Бизда Ҳасан Чориев хусусида мутлақо  маълумот йўқ. Қидирувга берилсин” деган мазмунда мушукнинг қулоғидек қоғоз бериб қолишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас,нима дедингиз?

Хў-ўўўш,отахонни 4-5 кун пинҳон сақлашга қурби етган Қашқадарё вилоят прокуратура ходимлари  ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари сабаб ўзлари тушиб қолган қалтис вазиятларидан чиқиб кетишлари учун яна нималар қилиши мумкин?

Шу саволга ҳам жавоб ахтариб кўрадиган бўлсак:якуний тахмин – энг охирги вариант шу бўладики:Қонун поспонлари 71 ёшли отахонга номусга тегиш жиноятини не қилиб бўлса ҳам “ёпиштиришади”.

Зеро,бу ишни амалга оширишда уларнинг тажрибаси бисёр. Бунингдек оғир айбловни отага қандай “илиш”лари мумкин дейсизми?  Нима қилишарди,4-5 кунлик пинҳон сақлашлари давомида Ҳасан ота Чориевга 20 ёшли йигитчалардек қонни кўпиртирадиган муолажа қилишади,жуда бўлмаса,чойига кишини хушидан айирувчи  психотроп моддалар солиб ичиришади-да,яқинроқларидаги бирорта фоҳишахонага элитиб,“қизалоқ”лардан бирига,керак бўлса,давъогар қизга қўшиб қўйишади. Қарабсизки,жинсий тажоввуз борасидаги эпизод ҳам,видеотасвир ҳам,суратлар ҳам,бир сўз билан айтганда отахонинг “жинояти”ни исботловчи исботу далиллар ҳам таппа-тайёр-да.

Ана шундай кейингина айнан қонун идораларининг қўшмачилиги сабаб Ҳасан ота “қулоғини ушла-ааб” кетаверадида қамоқхона қайдасан деб!

Аммо,лекин,бироқ…Отани пинҳона сақлаб келаётган қонун қўриқчилари бу каби жирканч ҳийлаларини,“театрлаштирилган саҳна кўриниш”ини,манфур ниятларини то шу кунга қадар  амалга ошириб улгурмаган деб  айтишга бирор бир асосимиз,кафолатимиз борми? Йўқ.

Шунақа,бизда кишининг қурбон бўлиб кетиши шунчалар осон:бир сўз билан айтганда барчамизнинг жонимиз калити куч ишлатар тизимларининг қўлида. Улар ҳоҳлашса бизни ундоқ,ҳоҳлашса бундоқ қилишади. Бунга шубҳа йўқ.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

http://birdamlik.info/?p=29085#more-29085