May 162013
 

 

Эл бошига иш тушганда эрлар керак,

Эрлар қани, эрлар қани, эрлар қани…

Қонга ботган эл ҳолига йиғлар юрак,

Кимлар халос этгай бағри хун Ватанни, Хун Ватанни!

Ёдгор ОБИД

Мафия Каримовни қудратдан кеткиза оладими? – бу савол ва шу мавзудаги гаплар бир гуруҳ юртдошлар ўзаро суҳбатлашиб ўтирганимизда юзага келди.

Интернетда, Алишер Усмоновнинг жияни ўлди деб, жа-аа шов-шув қиворишдими? – деб қолди Ғуломжон.

Ҳа-эй, булар охири ҳаммаси бир-бирининг бошини ейди, мафиянинг пешонасига ёзилгани шу – ўзларини-ўзлари ғажиб тугатишади, – деди Салоҳиддин қўлини силтиб.

Баттар бўлсин-э! – деди Халимжон. – Ҳозир ҳамма нарса мафияни қўлида. Олдин, СССР даврида ҳам мафия бор дейишарди, лекин мафия бунчалик эмасди. Ҳа-ҳозир очиқчасига ҳукуматни ўзи мафия билан оғиз-бурун ўпишиб юрибди. Ғафур Раҳимов Арабистонга қочиб кетмасдан олдин, Ўзбекистонда катта лавозимларда ишлаган экан. Мукофотлар олган экан.

Тўғри, уларнинг ҳаммаси бир гўр! Баттар бўлсин, мафия ҳам халқнинг тақдирига тупурган эканми – баттар бўлсин! Тезроқ бир-бирини гумдон қилсин! – деди Равшанбек.

Каримов Андижонда қанча одамни оттириб юборди, мафия: “Тўхта-э, шу одамлар, шу халқ бўлмаса бизнинг нонимиз ҳам бўлмайди!” демади-ю! Каримовга ғинг дегани йўқ.. Қирғизистондачи, қанча ўзбеклар қон-қақшади, биронта мафиоз ўзбекнинг тақдирини ўйлаб, зиғирча иш қилдими – йўқ! Ҳа – мафия бундан баттар бўлсин! Бир-бирини гўштини еб, тезроқ тугатишсин!

Лекин ўзбекнинг мафиясини бошқа миллатлардаги мафиозлардан оз-моз фарқи бор, – деди кулимсираб Дилшодбек.

Ўзбекнинг мафиясини ростмонасига Худо урган. – Шунга яраша уларнинг ақлини ҳам Худойим калта қилиб қўйган-да, – деди Шукрилло.

Агар ўша Салим билан Ғафур, халқ дардини ўйлайдиган одамлар бўлишганидами, аллақачонлар ўзбек халқини “Барака топгур” президентдан қутқаришнинг йўлини қилишарди. – Ҳе-э, нима деяпсиз, ақлингиз жойидами? – деди Собиржон.

Каримов кетса ўрнига ким келади ва мафияга бугунгидай шароитни ким яратиб беради?! Мафиозлар ахмоқ одамлар эмас – ўзининг тагига-ўзи сув қуйиб. Битта Ғафурбойвачча Арабистонга қочиб кетди холос, қолганлари Ўзбекистонда даврини суриб яшашяпти. Шокиржон тиржайди: – Ғафурбойвачча ҳам Каримовнинг қизига кучи етмасдан, ҳамма нарсасини ташлаб қочди-да, шуям мафиозми! Битта қизга кучи етмади!

Аслида ўзбек мафиозларини ақли ноқис, – деди Набижон.

Тоҳир Малик “Шайтанат”да мафиозларни жаа-а ақлли қилиб кўрсатган-у, лекин аслида, уларда ақилли каллани ўзи йўқ. Вазиятни жиддий ўйлашмайди. Мана мисол, Каримов Ғафурни гум қилдими – қилди! Хатто Америка ҳам Каримов томонга ўтиб, Ғафурни терорист номер биринчилар қаторига киргизиб қўйди. Энди Каримов СНБга битта буйруқ берса, “Анови Салимни ҳам юмалоқ-ёстиқ қилиб ташланглар”, деса, тамомда

Салим ҳам ё итдек ўлади ё ватангадо бўлади! Каримовни шундай қилмайди деб ким айта олади? Каримовни кайфияти об-хавога ўхшаб ўзгарувчанлигини бугун ҳамма ўзбек билади, тўғрими? Мана 20 йил давомида Каримов ўзи билан бирга ишлаган, ўзига жуда яқин бўлган одамларнинг деярли 90 фойизини ё қамади, ё шармандаларча узоқлаштирди. Шундан билса бўлади-ю, Каримов – шамолга ўхшаб ўзгариб туради, вақти келиб: “Ҳеб-бу мафиозларни онасини… оила-поиласи билан қўшиб осиб ташла!” дейишдан тоймайди.

Тўғри, буни Каримовдан кутиш мумкин, айниқса ҳозир қариган, томи кетган, – деди Сирожиддин ҳуштак чалиб. – Мафиозларни ақли бўлса, ҳали ҳам кеч эмас, Каримов буйруқ бермасидан олдинроқ улар ҳаракатини бошлаши керак. Мана, киноларда кўрганмиз, китобларда ўқиганмиз – мафияни қаёққа қўл чўзса етадиган қудрати бор, тўғрими? Демак, мафия хоҳласа Каримовни бир секундда илдирвориш мумкин. Масалан, мафия Каримовнинг ошпазлардан бирини ёллаб, овқатига заҳар солдиришни уддасидан чиқа олмайдими? Ёки тансоқчиларидан бирини ёллашга мафияни қудрати етмайдими? Ғафурбойвачча Арабистонда ватангадо бўлиб юргунча озгина пулини биронта киллерга берсин – тамом, бугун, бўлмаса эртага Каримовни нақ миясидан отиб ташлайди! Ҳаҳ-ҳўв, бу – биз кинолар, китоблар орқали билган йўллар холос. Ҳозир ручкада игна отиб одам ўлдиришаяпти-ю! Бошига сув қоғоз халтани кийдириб, озгина бўғиб турса ҳам одам ўларкан! Мафия шунақа йўллардан бирини топа олмайдими – истаса топади, бироқ, мафия Каримовни гум қилишни хоҳламайди – бўлди. Охирини ўйламасдан, Каримовдан инсоф тилаб юрибди-да, бу – гўл мафиялар. Битта Ғафур Ўзбекистондан қувилгани билан яна қанча мафиозлар бор, ҳў-ҳўв! Уларга ҳозир пул сувдай оқиб келаяпти, даврини суриб яшашяпти, яна нима керак!

У ёққа боргандачи? – деди Умарали осмонга имо қилиб.

Мафиозларга Худойим бу дунёсини берган, у ёғи билан иши йўқ. Агар улар нариги дунёсини ўйлашганида, сенга ўхшаган бўларди, – деди Самадбек.

Менимча улар шу пайтгача қилган гуноҳларини ўйлаб, Худойим энди бари бир бизни кечирмайди деб орқага қайтишмаса керак, – деди Тошмирза.

Оллоҳ кечирувчан, ихлос билан саждага бош қўйган бандасини Оллоҳ доимо кечирган, – деди Муҳаммад Шариф.

Агар мафиозлар, Ўзбекистон аҳолисининг, яъни ўттиз миллион одамни! – деди Хошимжон, таъкид маъносида бош бармоғини кўрсатиб.

Ўттиз миллион одамни Каримовдан қутқаришса, менимча Худойим ҳам уларнинг қилган гуноҳларини албатта кечирворарди.

Ома-лекин “Шайтанат”да Тоҳир Малик шу масалани боплаганда, охири Асадбек мачитга боришга мажбур бўлади-ю, – деди Адҳамжон.

Бу мафиозларни ҳам бир кун боши тарс этиб тошга текканида ақли киради. Лекин ўшанда, Асадбекка ўхшаб, тинчгина намоз ўқиш уларга буюрармикин?

Шунинг учун улар ҳозирдан ақлини ишлатиб Каримовни қудратдан кетказишса, исми-шарифи мафиоз эмас қахрамон бўлиб абадиятга тарихда қоларди, – деди Камолиддин.

Қилган жиноятлари ҳам унутилиб, бирданига номи буюклар қаторига ўтиб кетарди. Қандайдир, қаланғи-қасанғи ўғрилар, жиноятчилар орасида номи қолиб кетмасди.

Ҳўҳ-ҳўв, ундачи, одамлар, қани энди Салимбойваччага ўхшасам, қани энди Ғафурбойга ўхшасам деб, орзу қилишарди. Ҳайкаллар қўйишарди. Катта-катта кўчалар, хиёбонлар, тарихий жойлар уларнинг номида бўларди! Ғафурбойни ташлаб қочган Тошкентдаги уйи музей бўлиб, одамлар зиёрат қиладиган жойга айланарди. Салим бойваччанинг уйи ҳам музей бўларди, вой-вўй! – деди Омонбой.

Бола-чақаси ҳам кейинчалик одамларни ичида ғурур билан бош кўтариб юрарди, мен қаҳрамон бойваччани авлодидан бўламан деб! – деди Фазлиддин.

Масалан ҳозир кимдир келиб, мени отам ёки бобом мафиоз бўлган деса, одамлар юзига айтолмаса ҳам ичида: “Ҳэ-бу… бу-бир жиноятчини авлодидан экан-да”, дейди.

Ҳаааа… ростдан ҳам мафиозлар Каримовни шарт гум қилсами – ростмона халқ қаҳрамони бўлишарди-да! – деди Шодиқул.

Ўзбекистондай мамлакатни мафияси бўла туриб, Салимни ҳам, Ғафурни ҳам оддий одамлар билган нарсага ақли етмаскан. Мен уларни зўр каллали одамлар деб юрардим, – деди Шодмонали.

Ман… ман шахсан Салим акани танийман-де, – деди Усмон.

Салим ака, президент саройини ёнигаям бормайди-де, сиёсатга сапсем аралашмайди-де. Зато, Салим ака-де кўпчиликка яхшилик қивотти. Унга ваабше гап йўқ-де.

Ия! – таажжубланди бир неча суҳбатдош. – Кечирасиз, ўша Салим акез, кузда қанча пахта теради? – сўради Эгамберди.

Ҳе-э! Бу нима девотти?! – Усмон истеҳзоли кулди.

Тақсир, бир интернетга мўраланг, – деди Эгамберди.

Сизни Салим акез, Изроилга бориб, 50 тонна пахтани биттасига ўз номидан совға қиляпти!

Бойвачча-де, қилади-де! – деди Усмон.

Лекин мани ўзим, Салим акани минглаб одамга яхшилик қивотганини шахсан биламан-де. – Хўп, нечта одамга яхшилик қивотти, ўша “қўли очиғ”ингиз? Ўттиз миллион одамнинг ҳаммасига эмас-у, тўғрими? – сўради Абдумажид.

Салим акангиз яхшилик қилган бўлса, жа кўпи билан ўн минг одамга яхшилик қилгандир. Бироқ бу ёқда бутун бошли ўзбек миллати қирилиб кетяпти-ю, биродар! Наҳотки шуларни ўша Салим акангиз кўрмаётган бўлса?

Ну ладно! Сиз, ўзингиз нечта одамга яхшилик қивотсиз? – сўради Усмон, шаштидан пастламай.

Ҳа-энди мен… мен биринчидан мафия эмасман, иккинчидан мен ҳам қўлимдан келганича одамларга яхшилик қиляпман, – деди Абдумажид.

Вот это разговор, – деди Усмон қўлини пахса қилиб.

Салим ака ҳам қўлидан келганича қивотти-де.

Эшитганмисизлар, бизни Асакада раҳматли Эркин ака дегани бўларди? – сўради Нўъмонжон. – “Эркин мафия”, дейишарди. Эркин ака ўлиб кетганига мана 20 йилдан ошди, лекин ҳозир ҳам Асакаликларни кўпчилиги, Эркин акани, Худо раҳмат қилсин деб, эслашади. Боиси, Эркин ака оддий одамларга қайишарди. Бир мисол, Эркин ака “Газ 24” машинасида кетаётганда, қўққисдан бир ўғил болани йўлда уриб юборган ва ўша замони дўхтирга ўзи олиб бориб, даволатган. Кейинчалик ҳалиги бола катта бўлганида, ўша чўлоқ йигитга қизини бериб, ўзига куёв қилган. Салим билан Ғафурлар шунақа мардлик қила олдими – икки дунёда қила олмайди! Эркин ака, раҳматли, доимо халқни аҳволидан хабар олиб турарди, халққа қайишарди. Асакани қўйинг, Анжандан биронтаси Россия, Қозоғистонга мардикорликка бормасди, аёллар фоҳишаликка бормасди! Эркин ака, оддий халқ қандай яшаяпти деб билиб турарди.

Нега унда Эркин мафия дейишарди? – истеҳзоли савол берди Рафиқжон.

Мен аниқ кўрмаганман-у, лекин… – деб гапидан бирров тутилди Нўъмонжон.

Лекин одамларни айтишича Эркин ака ҳам қимор ўйнарди ва бойларни, фақат бойларни шантаж қилиб пулини оларкан! Мени ўзим ҳам бир-иккита воқеага гувоҳ бўлганман-у, кейин мавриди келганда айтиб берарман.

Ҳа-айтўринг, нима биз… СНБмидик, – деди кулиб Рафиқжон.

Йўқ, ҳозир мавриди эмас, бошқа пайт айтаман, – деди Нўъмонжон.

Энди сизлар ўзбек мафиясини гапиряпсизлар-у, лекин бошқа миллатдаги мафияларга тан бериш керак, – деди Тоживой. – Бошқа миллатлардаги мафиялар мард бўлади, китоб-кинолардан биламиз. Агар керак бўлса калласига тўппончани тираб, ҳозирни ўзида, пақ этиб отиб, ўзини шарт ўлдирворади. Бизни халқдан чиққан мафиозларга ўхшаб латтачайнармас-да. Мен бошқа миллатларнинг мафиясига тан бераман.

Тўғри, бугун ўзбекнинг халқи ҳам латтачайнар, мухолифати-ю, мафияси ҳам латтачайнар! Ҳаммаси пандафақи! – деди Қосимжон.

Гапингизга қўшиламан, – дея қўллади Ҳасанжон. – Салим билан Ғафур ўзбек халқининг бугун қай аҳволда яшаётгани ҳақидаги маълумотни хоҳлаган вақтида, истаганча тўплаши мумкин, бироқ улар буни хоҳламайди. Мана, Мўътабар Тожибоева, Швецарияга бориб, ўша ердаги Гулнора Каримованинг уйларини расмга олиб келди-ю, мафияда шунчалик ҳам имконият йўқми? Бор! Қилмайди! Ўзбек халқининг неча фойизи ҳозир ўзига тўқ яшаяпти, қанча фойиз аҳоли қаҳатчиликда кун кечираяпти – Мафия буларни билмайдими – билади, жуда ҳам яхши билади! Лекин бунақа маълумотни тўплаб, ўзига бошоғриқ қилмайди. Аслида, шунақа маълумотларни тўплаб, жаҳон оммасига намойиш этса, шу ҳам Каримовни тахтдан кетказишни бир усули бўларди. Яъни мафиозлар: “Каримовни ўлдирсак қўлимиз қонга ботади”, дейишса, бошқа усулни қилса ҳам бўлади демоқчиман-да. Айтайлик, мафиянинг одамлари Ўзбекистоннинг қишлоқларига борсин, аҳволни ўз кўзи билан кўрсин, маълумот тўплаб, фото, видеоларини эълон қилсин! Масалан мени қишлоғимда олтмишга кирган одамлар ҳам Россияда, Қозоғистонда мардикорлик қилаяпти. Қишлоқдаги эркакларнинг 80 фойизи мардикорликка кетган!

Ҳе-э, мафия ҳам Ислом Каримовнинг бир тури-ку, ўз халқининг ичига боришдан қўрқади! Ютубга киринг, Салимни қанақа қўриқчилар қўриқлаб юрганини кўрасиз.

Ўўўў-ў, уларни юриши даҳшат! – деди Тошпўлат.

Халқидан қай даражада қўрқишини ўша Ютубдаги видеони кўриб, билса бўлади. Соқчилари кўчада автоматни очиқ кўтариб юрибди-вей! Оддий халқ уларни ёнига яқинлаша оладими?! Оддий халқни ейишга нони йўғ-у!

Тўғри, – деди Зокиржон хўрсиниб.

Оддий одамлардан биронтаси уларнинг ёнига яқинлаша олмайди. Раҳматли Шароф Рашидовни кўчада юрганини мени ўзим шахсан икки марта кўрганман. Шароф Рашидов кўчада иккита тансоқчи билан юрарди! Тансоқчилари автомат билан юрганини ҳеч ким кўрмаган! Шароф Рашидовдек одамнинг тансоқчилари автоматсиз юрарди! Ҳозирги мафиялар Шароф Рашидовдан ҳам ўтиб кетган, ўша видеода кўринг мафиозларни ёнида нечта тансоқчиси-ю, автоматлар қанақа, суф-эй! Ўзбек бўлмай ўлларинг!

Энди биронтаси, дейманда, адашиб, мабода адашиб ўша Салимними ё Ғафурними олдига бориб қолса-да, – деди Қаюмжон.

Бориб, ҳўв барака топгурлар, роса жиноятни қилдингизлар, энди Худойим гуноҳларингизни кечириши учун ўзбек халқига ёрдам беринг, деб айтиб кўринсинчи – нақ тилидан осиб қўяди! Ўзбеклигингизга қарамайди улар! Уларга бари бир, сиз ўзбекмисиз, ўрисмисиз бари бир.

Йўқ, бири бир эмас, – киноялади Хомидбек.

Ана, Салим Изроилга бориб, бир бой яҳудийга 50 тонна пахта совға қиляпти-ю, демак сиз ўзбек эмас яҳудий бўлсангиз, Салимга бари бир эмас, муносабати бошқача бўлади. Дарров тансоқчиларга айтади, шу одам яҳудий экан, қачон мени ёнимга келса киргизўврилар дейди.

Тавба қилдим-эй, улар ҳам худди Каримовнинг бир тури! – деди Каримжон.

Аслида ўзбек мафиозлари ҳам Каримовга ўхшаб ўзбек халқининг душманлари, – деди Одилжон.

Ким кафолат беради, шу мафиозлар ёш-ёш қизларни бузмаётганига?! Мана Ғафур Арабистонга қочиб кетибди, а? Арабистонда ҳозир ўзбек қизларининг алоҳида фоҳишахоналари бор дейишади, балки бу фоҳишахоналар Ғафурбойваччага қарашлидир? Ёки, Салим бойвачча Исроилда совға қилиб юборган пахтани ахир Ўзбекистонда боғча болаларигача терган-ку! Ёш-ёш гўдаклар, қарияларгача қийналиб, минг азобда терган пахтани – 50 тонна толасини! 50 тонна толасини бировга, бир секунд-да совға қилиб юбораяпти! Э-вей, ҳали кўрамиз, Худойим буларни кўр қилади! Болалар мактабдан қолиб пахта терса-ю, бу Худо урганлар, бировга шундоғича совға қилиб юборса! Қишлоқларда пахтанинг пулини олмаган одамлар тўлиб ётибди! Олганларга ҳам иш ҳақини бир йиллик ош-нонга етадиган қилиб бераётгани йўў-ўқ! Бу ярамаслар бўлса, ўзининг миллатдошларини, “Нима учун пахтанинг пулини олмади? Ёки пахтанинг пули нега кам тўланаяпти?!” деб суриштиришнинг ўрнига, тарс этказиб бировга совға қиляпти! Этт-тупирдим ҳаммасига! Булар ҳақиқатда ҳам ҳаммаси ўғри, каззоб! Ҳали келажакда бола-чақаси ҳам бундайин оталари борлигидан ор қилишадиган бўлади! Мана кўрасизлар буларга Худойим кўрсатади! Кимдир хўрсинди, кимдир “Ҳааа” деди, орага жимлик чўкди.

Анча бўлди, – деб ниҳоят Неъматилло гап бошлади.

Мен интернетда Салим бойваччанинг юбилейини кўрувдим. Бай-бай! Бунча бойлик қаердан келган бу одамга деб, ҳайрон бўлгандим. Қаранг, совуқларда дилдираб пахта терган болаларнинг ҳақларидан экан-да – бу бойликларнинг ҳаммаси, а?!

У видеони кўрмаган одам қолмади шекилли, доллардан дарахт қилиб чиқишибди, вей! – деди Ҳамдамбек.

Нақ ўзиям етти авлодига етади бу бойликлари!

Ошна, етти авлодини қўйинг, Худойим чевар, агар оламан деса, бир нафас кириб-чиққунча, бир тийинини ўзига буюрмайдиган қилиб қўяди, – деди Илҳомжон.

Худойимни бунақа майда-чуйдаларга аралашишга вақти йўқ, буни яқинда Каримовни ўзи бажаради, – деди Шавкатбек.

Қанчадан қанча одамларнинг бошини еган Каримов учун мафиозларнинг йўқотиш ҳам чиллаки ўйнашдай гап! Менимча мафиянинг тагига сув қуйиш навбати ҳам яқинлашиб қолди-ёв.

Йўқ, мен бошқача ўйлайман, аксинча мафия Каримовни тахтдан кеткизади, – деди Анварбек.

Чунки Каримов қанча айёр бўлмасин, мафия ундан-да айёрроқ. Агар мафиозлар айёрроқ бўлмаса 20 йилдан бери Каримовнинг қучоғида кун кўриб келармиди? Қолаверса, мафияга “мол аччиғи – жон аччиғи”, шунча бойликни индамай топшириб қўйишмас-ов?

Мен битта нарсани тахмин қиламан, Андижон воқеаларидан кейин Усмон Хақназаров тахаллуси билан ёзилган мақола мафияники бўлса керак. Чунки мақоладаги манбаълар, махфий маълумотлар фақат мафияни қўлида бўлиши мумкин. Каримовни отаси қамоқда ётганида, онаси бошқаси билан ўйнашиб қўйиб, ҳаромдан туғилганини ҳам Усмон Хақназаровнинг мақоласини ўқигандан кейин билиб олдик, тўғрими? – гапини тасдиқлатди Баходир.

Демак, мен ўйлайманки мафия ҳам Каримовга тишини қайраб юрибди, имкони бўлди таппа босади!

Ва кейин “Озодлик” радиосида Каримов қон қусди деган хабарни эшитамиз! – деди ҳазиллашиб Мамажон.

Яна бир томони бор: мафия кўп нарсадан хабардор бўлиб туради дейишади, эҳтимол ҳозирги гапларимиз ҳам мафиянинг қулоғини қизитаётгандир, – деди Мўминжон.

Эҳтимол, бизнинг гаплардан хабар топишса, тўхта энди, деб, бирор йўлини қилишар ё улар ҳам тақдирга тан бериб, бизга ўхшаб чет элга қочиб келармикин? Келинглар, мафия учун ҳайкал қўйишни, номларини абадийлаштиришни ўйлайлик. Яхши ният-да. Суҳбатимиз шу жойга келганда узилиб қолди, Онтарио кўли соҳилида кабоб пишираётган Бекмирза тамаддига таклиф этди. Қўй қовурғасидан тайёрланган кабобларни ҳиди иштаҳани қитиқларди.

Биз овқатланиш тараддудига тушдик. Орадан бир пиёла чой ичгулик фурсат ўтганидан кейин ёғликкина қовурғани тутиб турган Шодмонбек менга қараб: “Ака, сиз ёзувчисиз, мафия тўғрисидаги гапларни тағин ёзиб юрманг, мафия учун Торонто бир қадам, эртага ҳаммамизнинг шўримизга шўрва тўкиб кетишмасин”, деди.

Чағалайларга суяк ташлаётган Муҳаммаджон эса аксинча мени ёзишга ундади: “Мафиозлар мард одамларни яхши кўради, чунки уларнинг ўзлари ҳам мард. Улар, Тоҳир Маликка, “Шайтанат”ни ёзганидан кейин тегишмаган, аксинча янги “Лазетти” совға қилишган, сизга ҳам тегишмайди, ёзинг – қарсирлатиб ёзинг! Ўғилболачасига бор гапни ёзинг! Эҳтимол, мафиянинг катталаридан биронтаси шу ерга келиб, қўлингизни қисиб, битта “Феррари” совға қилиб кетишар, “Кўзимизни очдингиз, раҳмат”, деб.

Уйга келгандан кейин анча ўйладим, аввалига тилимни тийганим яхшимикин дедим, кейин наҳотки қўрқоқман, ёшим мана олтмишга яқинлашаяпти, қолган ҳаётнинг энди нимасидан қўрқаман, ахир одамларнинг дилидагини айтмоқчиман-ку дедим ва охири ёзиб ташладим.

Бу ўғилболаликка кирадими ёки ақлсизликками – ўзингиз баҳо беринг!

  15. 05. 2013 Торонто.

Источник-Манба: http://zamondosh.blogspot.ie/2013/05/blog-post_464.html#more Zamondosh © www.zamondosh.com