May 032013
 

 

Ўзбекистонда ногирон болаларга эътибор баланд. Ўзбекистон ОАВ маълумотларига ишонадиган бўлсак айни шундай! Гоҳида ногиронлар учун ҳокимият органлари, турли жамғармалар ажойиб усулда ғамхўрликлар кўрсатиб қолишади. Фақат бу ерда одамлар ҳар бир ишини муддати ўтиб бажо келтиришга одатланганлариданми, балки энди керак бўлмай қолган молларни ногиронларга ўтказиб юборишдан бошқа чоралари қолмагани учунми, “Соғлом авлод учун” жамғармаси ва маҳалла фуқаролар йиғини  ходимлари Қаршида ногирон болаларга қишлик этиклар тарқатишмоқда. Ажабланманг азиз ўқувчи, бу ҳазил эмас ва ростдан ҳам шундай бўлаяпти.

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 21 март кунидаги “Ногиронлар учун янги этик ёки ҳуқуқбоннинг хорижга чиқиши ҳуқуқи” деб номланган бир мақола эълон қилгандим ва унда менинг хорижга чиқиш ҳуқуқим поймол қилинаётгани, шу аснода Қашқадарё вилоят ҳокимлигидаги масъул шахслардан бири қиш вақтида ногиронларга минг жуфт этик тарқатганликларини ҳам айтиб ўтганлигини ҳам келтиргандим (http://uz.hrsu.org/archives/5269).  

Ҳар неки, менда ҳам ногирон бола борлиги, яна бир қўшнимиз ҳам ногирон набирасига қараб ўтиргани, шунингдек бизнинг болаларимизга биров қишки этик олиб келмаганини кўрсатиш билан, ҳокимият вакилининг ёлғончилигини фош қилгандим.

Бугун (2013 йил 3 май, маҳаллий вақт билан соат 12:30 лар чамасида) қизиқ бир воқеа содир бўлди. Нега бунақа бўлганлигини сира-сира тушуна олмадим ва табиийки, сизга ҳам тушунтириб бера олмайман. Ҳар неки, тушунчаси кенгроқлар бўлса, уларнинг ўзлари тушуниб олишса керак.

Бугун менинг уйимга Қарши шаҳридаги “Маҳолот” маҳалла фуқаролар йиғинидан, ҳамда “Соғлом авлод учун” жамғармасидан вакиллар келиб, ўзларини ҳам таништирмаган ҳолда ногирон ўғлим учун бир жуфт қишки этик ташлаб кетишди. Улар ўзларини ҳам таништириб ўтиришмади ва нима учун бунақа қилаётганларини тушунтиришмади ҳам. Ногирон бола учун келтирилган совғаларнинг ичида этикдан бошқа битта тиш ювиш чёткаси, ҳамда яна бир ручка ҳам бор экан.

Албатта мен бу этик учун муҳтожлик сезмагандим, боз устига айниқса ҳозир. Балки бу қишлик болалар этигини 22 июнь кунида келтиришса яна ҳам ажиб иш бўлган бўларди. Қизиқ, қиш ўтгандан кейин менинг ногирон боламга этик олиб келиб беришларининг боиси не ва у энди нима учун керак? Албатта кимдир айтиши мумкин, ҳали қиш яна келади ва шунда кияди. Лекин унгача боланинг оёғи ўсиб бу этик ярамай қолмайдими?  

Яна кимларгадир бунақа совға бердингизларми?” – дея берган саволим ҳам очиқ қолди. Улар келишдию, лом-мим демай кетиб қолишди. Тамом вассалом!

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

 3-май, 2013-йил.