May 022013
 

 

1-май куни газета дўконига тушдим.Мақсадим бир мақоламга материал тўплаш эди. Аслида бу ерга деярли ҳар куни тушаман.Лекин бугун одамлар бошқа кунларга қараганда гавжумроқ эди.Мен билган кишиларнинг ҳаммасини кайфияти аъло даражада.Боришим билан танишларим мени байрам билан табриклашди. Аввалига эътибор бермадим.Дадаҳон ака деган акамиз билан гаплашиб турганимда у киши, гап орасида –Биз эрталаб дўстлар билан йиғилиб, бозор-учар қилиб,тушлик пайти чойҳонада байрамни нишонладик- деди. –Қанақа байрам?- дедим. У киши –Ие… унитиб қўйдиларми? Аҳир бугун 1- Май-ку! Йигирма тийинлик шашликларни олиб еганларимиз эсларидан чиқиб қолдими?- дедилар. Шундагина эсимга тушди,совет даврида ҳар йили бу байрамни қандай нишонлашимиз.

 

 

Ҳақиқатда ҳам у пайтлари 1-Май куни Намангандаги Ленин ҳайкали ўрнатилган қизил майдонда тезроқ намойишлар ўтишини кутар эдик.Сўнгра юзлаб одамлар ҳеч қандай расмий кишилар уюштирмаса ҳам театрга кириб концерт томоша қилишар эди.Концертдан кейин бизларни байрамимиз бошланар эди. Биз санъаткорлар бу байрамни оддий халқ орасида нишонлар эдик. Ҳеч қандай ҳайбаракачиллик йўқ эди. Ҳамма юракдан байрам қилар эди. Шу билан бирга,мусулмон динимиздаги икки ҳайит байрамлари ҳам расмий равишда нишонламаса ҳам лекин барибир одамлар бу байрамларни нишонлар эдилар.Ҳайит кунлари оналаримиз бизларга тухум бўяб беришарди.Қишлоқларнинг марказида ҳар ҳил ширинликлар сотилар эди. Ҳуллас ҳақиқий байрам бўлар эди.

 

 

Собиқ иттифоқ республикалари мустақиликка эришгач, ҳар бир республиканинг ўзини байрамлари пайдо бўлди. Лекин бу байрамлар ўша даврдаги байрамлар сингари эмас. Балким табиийликдан йироқдек туюлмоқда. Халқда ўша даврнинг байрамлар кунларидаги кўтаринки руҳ йўқ. Кўтаринки руҳни фақат ОАВларидагина кўришингиз, ўқишингиз мумкин ҳолос. Лекин совет давридаги байрамлар Россияда бошқача ном билан, баъзи мамлакатларда эса номи ўзгармаган ҳолда нишонланаяпди.

 

Янги байрамлар эскисини ўрнини тўла боса олмаётган экан, совет давридаги баъзи байрамларни қандайдир бошқача номлар билан бўлса ҳам сақлаб қолиш керак эди менимча. Чунки барибир одамлар 1-Май байрамига ўхшаган байрамларни нишонлаяти-ку! Чунки тарихни мажбуран унуттириб бўлмайди.

 

 

Носир Зокир

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

 

2-май, 2013-йил.