Apr 302013
 

 

 

Касбим тақозоси билан кишиларнинг қувончини ҳам,қайғусини ҳам баб-баравар баҳам кўришга тўғри келади. Шу касб туфайли турли тақдирларга тўқнаш келасан. Гоҳо аянчли воқеаларга рўпарў бўласан,кўрмаганларингни кўрасан киши. Ўз кўнглимда ҳали ёшдекман-у,аммо гуё саноқсиз йиллар яшаб кўйгандай,дардли дунёнинг минг битта макрини кургандайман,ажаб…

 

Бир куни кутилмаганда,“сизни телефонга чақиришяпти”,деб қолди хамкасбларимдан бири. Гўшакни олдим.

 

– Ало,синглим,ўзингизмисиз,–деган ҳовлиққан овоз келди у ёқдан. –Илтимос,бизнинг даҳага дарҳол етиб келсангиз,тезрок!

 

Воқеанинг қисқача баёнини эшитгач,манзилни ёзиб олдим-у,айтилган жойга ошиқдим.

 

Ўйлаганимдек,шаҳар четидаги кўп қаватли уй биқинида бир тўда оломон -бекорчиликдан безган бўй йигитлар,“текин”томошага ташна бола-чақа,“деди-деди”га бор дунёсини бахшида қиладиган хотин-халаж кўзлари тўрт бўлиб кутиб туришибди.

 

– Бандасининг бахтсизлигига бефарқ қараб тура олмаслигингизни билардик,–деб қарши олди одамлар орасидаги озғингина жувон.

 

 

– Қани,бу ёққа юринг. Мана бу оператор укамиз ҳам,сиз ҳам ўз кўзингиз билан кўринг.У жавобимни кутмасдан йўл бошлади. Ортидан итоаткорона эргашдим. Шаҳар адоғидаги бу даҳанинг бир учи қайсидир хўжаликнинг ерлари  билан туташган. Узоқда паст­қам биноларга бой қишлоқ кўриниб турибди. Олифта шаҳар билан бу кўримсиз қишлоқни ўртадаги пахтазор майдони бир-биридан жудо қилишга шайлангандай. Яна орада бир туп тут  ҳам бор. Кекса,каттакон балх тут.

 

Дарвоқе,гап  ғариб қишлоғу кўкка бўй чўзган маҳобатли қасрлар ҳақида эмас. Қартайиб қолган тут тўғрисида ҳам эмас. Шу тут тагидан топилган ташландиқ хусусида. Бола деб тахмин қиляпсизми? Йуқ,бола эмас,ота! Ота бўлгандаям олтмиш,етмиш ёшдаги эмас. Саксондан сакраб,салкам тўқсон билан тўқнашган ота!

 

– Бу бобой бир ҳафта бурун шу тут тагида пайдо бўлган эди. Шу-шу,ётибди шўрлик,–бош чайқади аёллардан бири.

 

– Йўқ,  ўзи пайдо бўлган ёки осмондан тушган эмас. Қаранг,юра олмайди,бояқиш. Бобойни бирорта бадбахт ташлаб кетган. Бу аниқ! –қахрла гап қотди яна кимдир.

 

Отанинг қаршисига чўкдим. У сезмади. Балки сезгандир? Нима бўлганидаям,кўзини очмади. Эҳтимол,атрофидаги томошабинларни кўришни истамагандир! Чолнинг суви қочиб қуриб қолган чўпни эслатувчи бармоқарини кафтимга олдим:

 

–        Ота,мени эшитяпсизми? Сиз билан гаплашгани,кўлимдан келса,ёрдам бергани келдим,–дедим энгашиб.

 

Чол кўзини очмаса-да,киприклари пирпиради. Зўрға  қўзғалиб исқирти чиқиб кетган камзулининг чўнтагини кавлашга тушди. Отахондан  шунаканги бадбўй ҳид келардики,чидаш қийин. Чолнинг азбаройи кирлигидан ранги кўринмайдиган чакмонию йиртиқ-ямоқ этиги,докадек сизилиб қолган кўйлагига кўзи тушган одамнинг кўнглидан:“нима бало,туғилганидан буён шу қирқ тўқимини танасидан ташламаганми?”деган ўй ўтиши тайин. Тирноқлар ҳам яқин бир-икки йилда тозаланганга,олинганга ўхшамайди. Туравериб шунақанги қалин бўлиб кетганки!

 

Кизиқ,ким ўзи бу қаровсиз чол:дайдими,дарбадарми?

 

Отахон ерда узала тушиб ётар,кичик тарвуздек кесак бошига болиш вазифасини ўтарди. Олдида эски йилнинг тақвими туширилган катта қоғоз тўшалган. Унинг устида уч кунлик нондан тортиб,қанд-қурс дейсизми,  турли мева-чевалар бор. Чет эл сақичи,  конфет,ёнғоқ,маккажўхори қаламчалари  каби  ширинликлар қариянинг тўрт томонида сочилиб ётибди. Албатта,буларни отахон ўзи улоқтирмаган. Афтидан,унинг ёнига яқинлашишга чўчиган чурвақалар узоқдан туриб  қарияга меҳр кўрсатишган –қўлларида борини товуққа дон сочгандек чол томонга отқилаган кўринади.

 

–  Қария тўқсон йил тўқайда яшамагандир? –деди кулча юзли аёл кўзларидан ўт чақнаб. –Унинг ҳам кулбаси бордир?  Емай едирган болалари бўлгандир? Мухбир опа,сизни йўқлашдан мақсадимиз,бу бобойнинг бебурд болаларини топасиз-да,кўрсатув қилиб,элга кўз-кўз қиласиз. Бир мулзам бўлишсин. Одамларга эса мактаб. Сизга кўпнинг топшириғи шу!

 

Кўп кунлар қиртишланмаганидан бетартиб соч-соқоли бетини қарийб буткул қоплаган қариянинг юзига разм солдим. Қаранг,кимдир уни урган,ургандаям беаёв калтаклабди. Чекка жағ қисми,қовоқлари,пешанасидаги моматалоқлар шундан далолат:  ҳиёл напармон,хиёл қонталаш қизғин тусда. Одатда,эри урган аёлнинг юзлари 4-5 кун дан кейин худди шундай тусга киради. Аввало,зарб теккан жойдан жигарранг “олхўри ўсиб чиқади”.

 

Хўп,хотин дегани-ку,тилидан тарсаки ейди,аммо кўрганимдан буён бир оғиз сўз дейишга мажолсиз бу чол нега таёқ еган экан? Ё топган-тутганини тортиб олиш учун тепкилашганмикан? Ҳаёлан гумон ва таҳминларнинг минг бир кўчасига гоҳ кириб,гоҳ чиққунимга қадар узоқ  куймаланган  қария  ниҳоят,кўкрак чўнтагидан ахтарган нарсасини топиб,қўлимга тутди:кир-чир дастрўмолчага тугилган бир сиқим ҳужжат. Паспорт,харбий билет,яна нималардир. Қариянинг ҳужжатларини кўздан кечирарканман,ниҳоят,отага от ҳам топилди:Самад Раҳимов. Энг қизиғи,илк таассуротим мени алдаган экан. Паспортидаги маълумотларга қараганда,у сал кам саксонда. Ташқи қиёфасига қараб эса иккиланмасдан тўқсон ҳатто,юз ёш беради,киши. Бироқ бобойнинг паспортига елимланган суратини кўриб,рости,бошимдан ҳушим учди. Наҳотки?! Қаранг-а,40 ёшларида чол ниҳоятда  алпқомат,анча-мунча аёлларни эсидан оғдирар даражада хушсурат бўлган экан. Водариғ,наҳот дунёнинг ўткинчи деганлари шу бўлса? Наҳот­ки,мен тетапоя қила бошлаган дамларда давраларни тўлдириб,кўзларни куйдириб юрган,суратдаги ним табассум қилиб турган навқирон шу йигит бугун оломон оёғи  остида ожизлигидан илтижоли термулиб ётган булса?!

 

Қачондир қариб,кучдан қолишимни ўйлаб қўрқиб кетдим. Ҳар бандасини Худонинг ўзи асрасин-да,ишқилиб. Ҳужжатларидан унинг Тошкент шаҳрида ҳисобда турганлиги аниқ,аммо кейинчалик рўйхатдан чиқарилган. Бироқ булар етарли эмас. Қўлимдаги титилиб кетган бир сиқим қоғоз отанинг ўтмишидан сўзлай олмайди-да! Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин:қариянинг кунлари кайфу сафода ўтмаган. Бу аниқ. Қадоқ изи қотиб қолган қўллари,офтоб урган ажинли юзлари бунга далил. Ҳар ҳолда у кўп азият чеккан,оғир меҳнат қилган кўринади. Нима бўлганидаям Самад бобони тилга киритиш керак. Аммо бир сўз демоқа унинг ҳоли йўқ.

 

Маҳалладагилар билан маслаҳатлашиб,отахонни кўп қаватли уйларнинг ҳовлисидаги кичик гулзорга кўчирдик. Хартугул,кимдир йиғма каравот олиб чиқди. Бири кўрпа-тўшак. Турли овқатлар келтирди. Хуллас,анчагача меҳмон-меҳмон ўйини бўлди…“Чол бироз кучга тўлсин,кейин келарман. Бошқа ишлар ҳам кутиб қолди”,дедим-да,ортга қайтдим. Эртаси куни тушликда яна отани йўқлаб бордим. Ҳарқалай ранги кириб қолибди. Бизга шу керак. Интервьюни бошладим.

 

–   Ота,болаларингиз бордир-а?

 

У кўрсаткич ва номсиз бармоқларини кўрсатаркан,шу зайлда сўз ўрнига ишора билан «иккита» дея жавоб қайтарди. Унинг ҳатти-ҳаракатидан дастлаб соқов бўлса-я,дея хавотирга тушдим. Ахир менга маълумот керак!

 

Нихоят,отахон тилга кирди. Аммо гапиради-ю,сўзларини тушуниш қийин эди. Тушунганим шу булдики,ота асли Қўшработдан. Бир ўғил,бир қизи бўлган. Иш юзасидан Тошкентга кетган. Кўп ўтмай,бир бевага кўнгли кетиб,унинг ишқида кўп куйган. Ниҳоят,васлига етган. Хотини би­лан қонун ипларини узиб,маҳбубасини никоҳига олган,эхтимол,макр занжирига бўйнини солган. Олган аёлининг фарзанди бўлган экан –ёлғиз ўғли ол­тига тўлган.

 

–        Хом сут эмган бандамиз-да! Бир ёмонни кўрмай,бир яхшининг қадрига етмаскансан. Мен бу дунёнинг кўхлик қизига эмас,эртаклардаги Кимматга кўнгил қўйган эканман. Кунларим қаро,кийганим кафан,еганим захар бўлди.  Кўрмишларим кекирдагимга келганида кеч бўлувди. Болаларим эсини таниб қолувди-да. Орият кучлилик қилиб ортга қайтолмадим,қишлоққа боролмадим,–ўткинчи умрининг кўнгилларни доғловчи ҳазин ва маҳзун достонини бошлади отахон,– Уйимга бош суқмаслик,жаханнам ўтида ёнмаслик учун уч идорада қоровуллик қилдим. Биридан чиқиб бирига,иккинчисидан чиқиб  учинчисига ўтардим. Уйга эса ойлик пулимни бериш учунгина келардим,холос. Топдим,тутдим,тердим,олти ёшли ўгай ўғлимни оёққа турғаздим. Умр эса елдай ўтиб кетибди. Етти йил бўлди,хотиним қайтиш қилганига. Пенсияга чиқиб ҳам кўп йил ишладим. Оёқдан қолгач,уйда ўтиришга мажбур бўлиб қолдим. Етим бола асрасанг,оғзи-бурнинг қон қиларкан-да,келиним билан ўгай ўғлим тил бириктириб,кўчага улоқтиргандан баттар қилди. “Қаридингиз,энди киндик қонингиз тўкилган қишлоғингизга қайтинг,бир оёғингиз тўрда бўлса,иккинчиси гўрда. Ота-бобоси қўним топган ерга кўмилиш ҳар банданинг орзуси-ку”,деди-да,кечки поездга чиқариб юборишди. Умрим зах,намкаш қоровулхонада ўтганидан мазам қочган,оёқ айтганни қилмайди,  юрмайди,  биров ёрдам берай,  демайди. Қачон,қандай қилиб бу ерга келиб қолганимниям,ким келтирганиниям билмайман.

 

Ота совиб қолган чойга ивитилган бир бурда нонни оғзига солди. У лунжидан бу лунжига олиб,тишсиз милкларида узоқ чайнаркан,хаёл уммонига шўнғиди.

 

Пойтахтга бориб,бобонинг ўгай боласини излаш бефойда. Чунки қариянинг паспорти  у ердан отам замонларда  ҳисобдан  чиқарилган. “Ёғ ютганда ёт яхши,қон ютганда қариндош”,деганларидек,энг маъқули –отанинг пуштикамаридан бўлган болаларини қидириш. Кампири хаёт бўлса яна ҳам яхши. Муаммони бир ёқли қилиш осонроқ кечади,агар эр қилиб кетмаган бўлса! Бир ўғил,бир қизни –ота фарзандларининг манзилларини аниқлашга киришдим. Бу борада ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кўрсатмаси  билан шу соҳа хо­димлари  менга катта кўмак берди. Уларнинг турар-жойини то­пиш учун бир соат кифоя бўлди.

 

Аввало,Санобар опани йўқлаб бордим. Каттақўрғон шаҳрининг катта тадбиркорларидан экан. Мунис,  кўп машаққатлар чеккан муштипар бир аёлни кўраман,деган ўйда эдим. Адашибман. Кўзлари совуқ йилтираган 40 ёшлардаги эркаксифат хотинга кўзим тушди. У онасининг бадбахт тақдири-ю ўзларининг отасиз оёққа турганига Самад бобо эмас,гўё  мен айбдордек ёвқараш қилди:

 

– У (ота сўзини тилга олгиси келмасди) шаҳарлик олиптанинг ҳаром этагига осилиб кетганида олти ойлик эдим. Хатто,эмаклаб юра олмайдиган гўдак бўлганман. Бир бор кўргани келмаган. Расмиям йўқ. Эслолмайман. Қартайиб кучдан колганида қиз керак бўп қоптими унга? Йўқ! Мени отам бўмаган,бўмайдиям.

 

Санобар опа шундай нафрат билан гапирдики,нафасим ичимга,этим жунжикиб тушиб кетди.

 

– …Отанг аҳмоқ  бўлсамиди ёки чўчқа бўлсамиди-ей,ҳар холда,боғлаб боқ,деган гаплар бўларди,–дедим азбаройи ҳафсалам пир бўлганидан. –Ота барибир ота-да! Ёшлигидаги кўнгил иши-да бу. Кўнгилга буюриб бўлмайди-ку,сев,севма,уйлан,уйланма,деб…

 

–        Э,икки марта эр килмаганмисиз мабодо?!,–деди энсаси қотган аёл зардали киноя билан,–Ахлоқсиз одамни оталиққа олмай қўя  қолинг! Айтаётган ўша кўнгил,ишқ ва яна алламбало деган эртаклар айшу ишратга,ҳайвоний ҳирсга берилган махлуқларнинг тўқиб чиқарган чўпчаги! Тушундингиз?!  Кўнгилмиш?!  Қаранг-а? Биз,гўдакларда сиз айтаётган нарса йўқмиди? Аянчли аҳволга тушган бўлса,Худонинг берган
жазоси шу.

 

Уй эгаси “гап тамом”дегандек турди-да,қўшни хонага ки­риб кетди. Билдимки,унга ниманидир тушунтиришга,нималарнидир исботлашга уриниш бефойда!

 

Ўғил билан бўлган суҳбатим ҳам иш бермади. Самад ота оиласини тарк этганида,ўғли Сулаймон бор-йўғи икки ярим ёш бўлган экан.

 

–        Бахтига куя-куя бизни деб эр қилмай эрта ўтиб кетди энам шўрлик,–деди Сулаймон ака,ямалган яраси яллиғланиб. –Отамни эслай олсам экан,меҳр кўрсатсам! Яқинда ўзим бобо бўламан,деб турибману…

 

Энг алам қиладигани,қайтиб келгач,кўчада қолган чолни,ҳатто қариялар уйига ҳам жойлаштира олмадим.  Қоғозбозлиги,қўйилган талаблари бир дунё экан…

 

Ғарқ- шарқ  этиб ёз ҳам ўтди-да,куз келди. Бобонинг қўналгоҳидаги гуллар сўлиб,барглар хазон бўлди. Кунлар совиб,аёзнинг аччиқ ҳиди атрофни тутди. Чол ҳамон йиғма каравотда  ҳолсиз ётарди.

 

Одамлар талаб  қилганидек,отахон  ҳақида кўрсатув қилиб,унинг фарзандларини эл олди-да изза қилолмадим,йўқ. Ҳаётнинг ёзилмаган ажаб қонунлари бор-да!.. Нима эксанг,шуни ўрасан,дейишади-ку. Арпа уруғидан буғдой унганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Кўрмайди ҳам. Қариянинг беш кунлик дунёда қидира-қидира топгани шу –шум қисмат бўлди. На илож. Вақтида у қадаган меҳрсизлик уруғлари бугун оқибатсизлик деб аталмиш ҳосил бергани ҳақиқат. Мен кимни оқлаб, кимни ёқлай? Ҳайронман. Ёшлигида юрагига ишқ – муҳаббат  отлиғ оташ ошён қурган,кўнгил майлига қулоқ солган қарияни қоралайми? Кўнгил ишини писанд этмасдек,шафқатсизликдек туюлади бу мен­га. Ва ё эсини танимаёқ отасидан тириклайин эрта айрилган,дийдалари  тошга айланган бегуноҳ болаларни айблайми? Меҳр кўрсатмасдан туриб,мурувват тилаш инсофсизликдай назаримда. Лолман.

 

Ҳа-ааа,нима бўлгандаям,одам боласи адашмасин,ҳаёт йўлида юзтубан йиқилмасин экан. Ҳов ана,кўп қаватли уйлар ҳовлисидаги хазон бўлган боғда ётибди қоқилган  қариялардан бири. Қиш қишлигини қилиб,жумлаи жаҳонга оппоқ сепини беаёв ёйса,отанинг аҳволи нима кечади,билмадим. Ўпкасини олдириб оламдан ўтмасайди,деб қўрқаман.

 

Ана шу ҳадикда илк қор тушган оқшом отанинг ҳузурига ошиқдим. Ўзиям,йиғма каравоти ҳам йўқ “гўша”сида. Пастки қаватдаги уйларнинг эшигини узоқ тақиллатдим,қидирдим. Ҳеч кимнинг хабари йўқ. “Кўрмадим”,“Билмадим”,“Ҳали мелиса формасидаги икки йигит айланишиб юрувди”,“Участковой  ”бу ердан қорангизни ўчиринг,мен­га гап тегади”,деб ўшқирувди”каби аниқ-ноаниқ жавоблар…Қарияни қайта қидирмадим. Топдим ҳам дейлик,нима ҳам қила олардим.

 

Шу-шу,отани бошқа кўрма­дим. Аммо ҳар гал Самарқандга борганимда чол ҳақидаги аламли ўйлар тинчлик бермайди. Ҳаёт сўқмоғида қоқилиб кексарганида кўчада қолган кимсани ҳатто қариялар уйига жойлаштиришда ҳам кўмак қила олмаганимга ачинаман,имконсизлигим алам қилади. Ҳозир у ҳаётмикан? Дарвоқе, ҲАЁТ! Унинг ўзи ёзилмаган катта бир китоб. Уни ҳар ким билганича,ҳоҳлаганича ўқийди. Назаримда, қачонки биз бирни кўриб шукур қилишни,бирни кўриб фикр қилишни ўргансаккина  ҳаёт китобини шунчаки ўқиш учун варақламаймиз,балки ич-ичимиздан чин маънода уқамиз,ҳаёт сўқмоқларида адашиб қолмасликни ботинан англаб борамиз… Менимча,шундай…

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

 

тележурналист

 

Даракчи” газетасининг 2005 йил 27 январь сонидан олинди.

 

 

http://birdamlik.info/?p=27845#more-27845