Apr 292013
 

 

Сўнгги янгиланиш 29 апрел 2013 – 11:14 GMT

Ўзбекистон президентининг резиденцияси

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбарлигида бир қатор арздорлар Президент Ислом Каримовнинг резиденцияси дарвозаларига боришга муваффақ бўлганлар.

Гуруҳ нафақат Президент қароргоҳига бориш, балки сарой олдида кичик норозилик намойишини ўтказиб, суратларга тушиш, ҳамда навбатчи қўриқчиларга ўз шикоятларини топширишга ҳам муваффақ бўлганлар.

Президентнинг Дўрмондаги қароргоҳи қаттиқ қўриқланади ва унинг олдидаги кўча йўл ҳаракати учун ёпиб ташланган.

Урлаева хоним илгари сурган талаблар орасида 2008 йилда гиёҳванд моддалар сотиш айби билан ўн йилга қамалган қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилиши талаби ҳам бўлган.

Журналистга қўйилган айблар, кўп ҳимоячилар фикрида, сохта бўлиб, унинг мустақил фаолиятини тўхтатишга қаратилган бўлган. Соғлиги тобора ёмонлашиб бораётганига қарамай, Солижон Абдураҳмонов охирги амнистия рўйхатига тушмаган.

Би-би-си Урлаева хонимдан саройга юриш тафсилотларини сўради.

Урлаева: Альянс аъзолари 25 апрелда Тошкент марказида бўлиб ўтаётган футбол матчи вақтини танлаб, президент резиденциясига йўл олдик. Барча милиция жамоат тартибини сақлаш учун футболга сафарбар қилинганди. Биз шундан фойдаланиб, тўсиқларсиз президент уйига бориб, унга шикоятларимизни етказишга муваффақ бўлдик. Ўз ҳуқуқларини йўқотиб, турли идоралар бўйлаб шикоят қилиб юрган одамларнинг арзларини йиғиб, президент резиденциясидаги навбатчи милиционерга топширдик.

Би-би-си: Нечта одам бўлиб бордингизлар?

Урлаева: Биз тўрт киши эдик. Президент резиденцияси олдидаги блокпостга деярли етиб бордик. Навбатчи биздан шикоятларни қабул қилиб олди. Биз ундан шикоятларни шахсан президентга топширишини сўрадик, лекин ким билади кимга узатган. Кейин бемалол ортга қайтдик. Сал юрганимиздан кейин бир машина милиционерлар орқамиздан етиб келиб, йўлимизни тўсди. Улар бизга баёнотларимизни қайтариб беришди, ва катта кўчага чиқишимизни талаб қилишди. Лекин, уларнинг талабларига бўйсунмадик, уйимиз яқин орада эканини, керак бўлса бизни бемалол топа олишларини айтиб, кетавердик. Шу билан иш тугади. Факт шуки, биз одамларни қўрқмасликка чақираяпмиз. Чунки одамлар ҳатто бу кўчадан юришга қўрқишади. Милиция қўрқитиб қўйган, олтита БТР кўчага ўқталиб турибди, ҳар нарса бўлиши мумкин, деб. Лекин, бу каби юриш инсоннинг охирги нидосини англатади, бошқа чора қолмаган. Ҳеч кимда бошқа ёрдамга умид қолмаган.

Би-би-си: Демак, барча хавфсизлик кучларини футбол майдонига йўллаб, президентни ҳимоясиз қолдиришганми?

Урлаева: Биргина навбатчи бор эди ва атрофда қўйлар ўтлаб юрганди. Бошқа биронта жон йўқ эди. Ҳақиқатдан ҳам агар кимдир ҳужум қилишни ўйлаган бўлса, бемалол деворни ошиб тушиши ҳам мумкин. Албатта, бизнинг юришимиз тинч йўлда, тинч талаблар билан амалга оширилди. Биз ўз плакатларимиздаги шиорларни кўрсатиб, шикоятларимизни топшириб қайтдик. Қайтаётганимизда баҳайбат ҳарбийларга тўла юк машинаси юқори тезликда резиденция томон ўтиб кетганини кўрдик. Биз унда тор кўчага бурилиб улгургандик.

Би-би-си: Бу каби юриш билан ўзингиз ва шерикларингизни хавф остига қўймадингизми?

Урлаева: Биласизми, ҳар бир юриш ҳибсга олишлар ё бошқа чоралар билан якун топади. Мен мусулмонлар билан бирга резиденцияга борганимда, бизни дўппослашганди, кейин ҳибсга олиб, кейин унинг устига, ҳар бир мусулмон арздорга икки миллион сўмдан жарима солишганди. Бу жуда катта пул. Жиноятимиз плакатлар билан резиденциянинг олдида турганимиз ва қийноқларга тутилаётган мусулмонларни озодликка чиқаришни талаб қилганимиз бўлган. Бу сафар ҳам плакатларимизни очиб, суратларга тушиб олдик, яккабош навбатчи ҳеч нима қила олмади.

Би-би-си: Бу сафар қандай талабларни илгари сургандингиз?

Урлаева: Биз журналист Солижон Абдураҳмонов озодликка чиқарилишини, туҳмат билан ноқонуний қамалган журналист Виктор Крымзалов озод этилишини, Тахмина Азизованинг қаллиғи тутилаётган қийноқлар тўхтатилишини, 81 ёшли нафақахўр Нина Сахарцеванинг тортиб олинган уйини қайтариб беришни талаб қилдик. Дарвоқе, бу 81 ёшли аёл ҳам келди биз билан резиденция қаршисига. Балки президент қандайдир муносабат билдирар деб умид қилиб бордик.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/04/130429_urlayeva_president_march.shtml