Apr 012013
 

 

1989- йил охирларида ўзбек мухолифати ўзбек тилига давлат мақомини бериш учун турли тадбирлар уюштирган эди. Ўзбекистон маркази ва вилоятларида ўн минглаб кишилар Ўзбекистон ҳукуматининг рус тилини иккинчи давлат тили сифатида қонунлаштиришига қарши чиқиб митинг ва намойишларда иштирок этдилар. Ўшанда ҳозир ҳам мамлакат тепасида турган айрим кимсалар тиш тирноқлари билан рус тилини иккинчи давлат тили қилиш учун роса ҳаракат қилдилар. Қонун лойиҳасини эълон қилдилар. Бу лойиҳа халқнинг кескин норозилигига учради. Мухолифатнинг ғояларини халқ қўллаб-қувватлаши оқибатида амалдорлар ниятларига ета олмадилар. Аксинча, ҳар бир ташкилотда бошқа тилда гапирувчилар учун Ўзбек тилини ўргатиш марказлари очилди. Миллатимизни ҳурмат қилганлар тилимизни бажонидил ўрганди, Ҳоҳламаганлар эса она ватани-Россияга кўчиб кетди.Ҳулласи калом ўша пайтларда Ўзбек тили чин маънодаги ҳукмрон тил бўлиб қолган эди.

Мустақилликдан кейин яъни,халқнинг таъсир доираси сусая боргач яна рус тилини ҳукмронлиги сезила бошлади. Буни Ўзбекистон ОАВ ларидан ҳам билса бўлади. Айниқса “Форум-ТВ” телеканалининг тўқсон фоиз кўрсатувлари рус тилида олиб борилаябди. Совет даврида кино фильмлар аввал рус тилида ишланиб, сўнгра марказ кўригидан ўтиб кейин Ўзбек тилига таржима қилинар эди. “Форум-ТВ”да эса ўша Совет пайтида ишланган кино фильмларни кўпроқ рус тилида ишланган вариантлари намойиш этилмоқда.

Мустақиллик даврида Ўзбек тилида ишланган фильмлар эса рус тилига таржима қилиб берилмоқда. Бу телеканалда олиб кўрсатиладиган турли мавзулардаги анжуман-йиғилишлар фақат рус тилида олиб борилади. Энг ачинарлиси халқ меҳрини қозонган таниқли кишилар ҳам ҳаммага маълум руспараст шахсларга яҳши кўриниш учун рус тилида гапирмоқдалар. Бу телеканалда мободо кўрсатувлар, суҳбатлар ўзбек тилида берилса, экран тагидаги титрда сўзларнинг рус тилидаги таржимаси бериб борилади. Телеканал гўёки рус тилида фикрловчи, ўзини Ўзбек халқининг жонкуяри, меҳрибони қилиб кўрсатувчи шахс учунгина ишлаётгандек.

Спорт” телеканалида ҳам кўпинча кўрсатувлар рус тилида берилади. Иккита Ўзбек чиқиб олиб рус тилида гаплашади. 2007- йили Осиёда тенгсиз футбол мураббийи сифатида тан олинган Рауф Инилиев асли Ўзбекистонда туғилиб ўсган бўлса ҳам ҳалигача Ўзбек тилида берилган саволларга рус тилида жавоб қайтаради. Рауфни-ку миллати татар, лекин халқ орасида “футбол профессори” деб ном олган Рустам Акромов Ўзбек фарзанди бўла туриб фақат рус тилида интервью беради. Аҳир биз ўз тилимизни ҳурмат қилмасак бошқалар ҳурмат қиладими?

Ҳозирги кунда Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбеклардан руслар ўз тилини ўрганишни талаб қилаяпди. Бизда эса чет мамлакатлардан келган футболчиларга бизникилар Ўзбек тилини ўргатиш ўрнига рус тилини ўргатишаяпди. Масалан Россия телеканалларининг берган маълумотига қараганда Болтиқ бўйи мамлакатларида, Арманистонда,Озарбайжонда четдан келган футболчиларга ўз тилларини ўргатмоқдалар.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига бу йил 24 йил тўлади. Тилимизни давлат тили деб тан олиниши учун не-не кишилар курашмаган дейсиз.Мустақилликнинг 22-йилида ОАВларида мустақиллик даврида миллий қадриятлар тикланганлиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришади-ю, амалда эса қайсидир казо-казоларнинг манфаати учун яна рус тили ҳукмрон тил бўлиб бормоқда? Миллий ғурур эса анқонинг уруғи- фақат ОАВларида сиёсат учунгина гапириладиган оддий гап бўлиб қолди.

Мен миллатчи эмасман. Лекин она тилимни давлат мақомини олиши учун курашганлар сафида бўлган бир Ўзбек сифатида она тилимнинг тақдирига бефарқ қарай олмайман. Сизни ҳам бефарқ бўлмасликка чақираман.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси

бўйича мувофиқлаштирувчиси

1-апрель, 2013-йил.