Mar 292013
 

Халқаро Амнистия Тожикистондаги ўзбек фаоли тақдиридан хавотирда

Сўнгги янгиланиш 27 март 2013 – 08:09 GMT

 

С.Шамсиддиновни сўнгги бор 15 мартда кўришган

Халқаро Амнести Интернейшл ташкилоти Тожикистон жануби Хатлон вилоятида 15 мартдан бери бедарак йўқолган Салим Шамсиддинов тақдиридан хавотир изҳор қилган.

Жаноб Шамсиддинов мамлакатдаги ўзбек жамоасининг раҳбарларидан бири саналади ва ташкилотга кўра, унинг ғойиб бўлиши ортида сиёсий сабаблар бўлиши мумкин.

Яна ушбу мавзуга оид

58 ёшли Салим Шамсиддиновни унинг оиласи сўнгги бор15 март тонггида кўришган.

Шамсиддинов тонгги машқлар учун уйини тарк этгани билан қайтиб келмаган.

Салим Шамсиддиновнинг яқинлари 16 март куни милицияга мурожаат қилишган.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, жаноб Шамсиддинов ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин.

Аввалроқ,Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматилло Зоиров, жаноб Шамсиддинов сиёсий важлар билан ҳибсга олинган бўлиши мумкин деган тахминни олға сурганди.

Раҳматилло Зоҳиров ўз мурожаатида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан ўзбеклар жамияти раиси тақдири борасида аниқ маълумот беришни талаб қилган.

Ғойиб бўлишидан аввал Салим Шамсиддинов жаноб Зоиров бошчилик қилган Тожикистон ҳуқуқдонлари консорциумининг Хатлон вилояти бўйича вакиллигини ўз зиммасига олиши кутилганди.

Раҳматилло Зойиров

“Менинг ишонишимча, мен билан ҳамкорлик қиладиган одамлар рўйхатида бўлгани учун Салим Шамсиддинов уни хавфсизлик ходимлари қўлга олган бўлсалар эҳтимол”

Раҳматилло Зоировнинг ишонишича, жаноб Шамсиддинов Тожикистон социал-демократик партиясининг аъзоси эмас, аммо унинг бу партия билан фаол ҳамкорлик қилиши расмийларга ёқмаган бўлиши мумкин.

“Менинг яқинларим ва ҳамкорларимни таъқиб этиш феврал ойидан кейин, яъни рўйхатдан ўтган “Тожикистон миллий уйғониш” ташкилоти мени президентликка номзод этиб кўрсатиши ортидан бошланди. Мен бу борада олдин ҳам баёнот бергандим. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги буни рад этган эса-да, менинг қўлимда кўплаб далиллар бор. Менинг ишонишимча, мен билан ҳамкорлик қиладиган одамлар рўйхатида бўлгани учун Салим Шамсиддинов уни хавфсизлик ходимлари қўлга олган бўлсалар эҳтимол,” – деб айтган Раҳматилло Зоиров.

Раҳматилло Зоировнинг маълум қилишича, Салим Шамсиддинов унга йўқолишидан бир муддат олдин сим қоққан ва хавфсизлик ходимлари ортидан тушганликларидан шикоят қилган.

Тожикистонда фуқароларнинг хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олиниши ва бу ҳақда яқинларини хабардор этмаслик одатий ҳолга айланган.

Тожикистон социал-демократик партиясининг раиси сўзларига кўра, ҳибсга олинган шахслар одатда ҳимоячилар билан таъминланмайди ва улардан куч ишлатиш йўли билан баёнот ва кўрсатмалар олинади.

Халқаро ташкилотлар таъкидлашича, Тожикистонда ҳибсга олиш пайти ва терговнинг дастлабки палласида инсонларни қийноққа солиш ҳоллари кенг тарқалган.

Хатлон вилояти ўзбеклар жамиятининг раиси Салим Шамсиддинов ўтган йил май ойида вилоят маркази – Қўрғонтеппа шаҳрида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилганди.

У ўзининг калтаклаб кетилишини Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида “Миллат” газетасига берган танқидий интервюси билан изоҳлаган эди.

Салим Шамсиддинов ғойиб бўлишидан бир кун аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартириш ҳақида гапириб, Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган эди.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2013/03/130327_cy_uzbek_tajik_disappearance.shtml