Mar 142013
 

Туғилиш билан ўлим бандасининг эмас, Оллоҳнинг қўлида.
Ота-боболаримиз дуога қўл очишса доимо “Бевақт ўлим, қуруқ
тўхматингдан Ўзинг асра” деб дуо қилишган. Ўлим ҳақ. Ҳеч ким дунёга
устун бўла олмайди. Лекин туппа-тузук юрган кишини бирдан қазо қилиши
унинг яқинларини эсанкиратиб қўйиши ҳам бор гап. Кейинги пайтларда
Ўзбекистонда мана шундай ҳоллар кўпайиб бормоқда.

 

Масалан кейинги олти ой ичида шахсан менинг олти нафар танишим кутилмаганда вафот этди.
Ўзбекистон Ҳалқ артисти Ўринбой Нуралиев  кечқурун уйқуга кетиб, ярим
кечага борганда ётган жойида қазо қилди. У кишини қабрга қўйиб
эртасига яна шум ҳабарни эшитдик.Муҳаммаджон деган санъаткор укамиз
Тошкентда истиқомат қилаётган укаси билан гаплашган, орадан ўн беш
дақиқа ўтиб укасига акасининг гаплашиб ўтириб бирдан қазо қилганини
айтишган. Шогирдим Толибжон кийина туриб ва жияним Неъматхон
телевизор кўриб ўтириб, узоқ йиллар Наманган вилояти спорт қўмитасини
бошқарган Ҳабибулло ака овқатланиб ўтириб,”Бирлик” нинг Наманган вилояти
бўлимига биринчи бўлиб раис этиб сайланган шоир Ҳайрулло Қосим дўсти
билан шоҳмот ўйнаб ўтириб бирданига қазо қилишди. Бу менинг танишларим.
Бундай воқеаларни кўча кўйда ҳам эшитиб қоламиз.

Яқинда мазам бўлмай врачга учрашишимга тўғри келди. Биринчи
борган куним бош врач ҳузурига келганлар жуда кўп эди. Врач билан
гаплашиб ўтириб унга: – Ҳозирги кунда одамлар орасида қандай касаллик
кўпайган?-деб савол бердим. Жавоб эса қуйидагича бўлди: – Эй ака,
хозир одамлар орасида асаб касаллиги урчиб кўпайиб бормоқда. Асаб
касаллиги ҳамма касалликларнинг бошидир. Одамлар ҳузуримга келади. Мен
уларга зудлик билан ётиб даволанмаса бўлмаслигини, агар даволанмаса
бевақт ўлим холати рўй бериши мумкинлигини айтиб огоҳлантираман.
Уларнинг кўпчилиги дарров даволанишнинг нархини сўрашади. Айтсам, -Эй
бунча пулни қаердан оламан? Майли Оллоҳга солдим- дейдида чиқиб
кетади. Асаб касаллиги асосан,  турли етишмовчиликлар оқибатида юрак
сиқилиши, муаммоларнинг ечимини топишдаги тўсиқлар, ҳақсизликлар ва
бундай холларнинг муттасил такрорланиши, турли зўриқишлар оқибатида
келиб чиқади- деди.

Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб кетди. “Озодлик” радиосида
ишлаб юрганимда, Тошкентлик Тошҳўжаев деган врачдан унинг илтимосига
биноан интервю олмоқчи бўлдим. Ҳали диктафонимни созламасимдан: – Сабр
қилиб туринг- дейишимга қарамай  у киши микрафонни қўлимдан олишга
ҳаракат қилаверди. Мен диктафонни созлаб турибман у гапириб ётибди.
Ичи дардга тўлиб кетган экан, гапини тугатиб –Эй ҳайрият-ей! Елкамдан
тоғ ағдарилгандек бўлди. Мазам қочиб турувди. Тузалиб қолдим
шекилли-деди.

Одамларга бундоқ эътибор берсангиз, уларнинг
бир-бирларига бўлган муносабатида самимийлиқ йўқолиб бораётганига
гувоҳ бўласиз. Жуда кўп давраларда бўламан. Одамларни кузатаман.
Кейинги пайтда одамлар бир ҳонада ўтириб, бир-бирига бақириб
гапирадиган бўлиб қолди. Бир киши билан гаплашиб ўтириб, агар  унга
тўғри келмайдиган гапни гапириб юборсангиз, дарров асаби қўзиб,
бақир-чақир қилиб юборади. Ҳар куни қайсидир қўшнимнинг қўшниси билан
уришаётганига гувоҳ бўламан. Тарихдан бир-бирини қўллаб-қувватлаб,
бир-бирининг муаммоларини ечишда кўмаклашиб келган халқ нега бу аҳволга
тушиб қолди?

Агар одамларнинг  маънавияти ва иймони- эътиқоди кучли бўлса уларда
асабий ҳолатлар кам учрайди. Бугунги кунда ҳар бир вилоятда “Маънавият
маркази” ишлаб турибди. Бу ташкилотларда бир неча киши маош олиб
ишлаяпди. Лекин улар нима иш қилаётганини ҳам билмайсиз. Улар
ҳукуматнинг гўёки тарғибот машинасига айланиб қолгандек. Аҳир ўшалар
эмасми, халқнинг маънавияти, маърифатини ўстиришга хизмат қилувчилар?
Масжидларда имомлар, халқни меҳр оқибатли бўлишга даъват қилиш ўрнига,
диний идорадан келган кўрсатмани бажариш билан овора. Агар юқоридаги
муаммоларга жиддий эътибор қаратилмаса, яқин вақт ичида бу миллатнинг
ҳоли нима кечади, Оллоҳни ўзи билади.

 

14-март, 2013-йил.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.