Feb 162013
 

archa
Инсон борки ўзидан келгуси авлодлар учун ниманидир эсдалик қолдиришни
истайди. Шу сабаб бўлса керак, кимдир йўл қурса, яна бирови боғ
қилади. Куни кеча ўз шахсий ишларим билан кўчага  Қашқадарё вилоят
ҳокимлиги томонга ўтгандим. Ҳокимият яқинидаги Қарши шаҳрининг илгари
“торговый  центр” деб номланган савдо мажмуъаси томонга юрдим. Ҳозирда
у масканга “Кунчиқар бозори” деб ном берилган.

Манзарани кўриб кўзларимга ишонмадим. Савдо маркази атрофида кўм-кўк
арчалар бўларди. Улар ўрнида теп текис ер ва дарахтлар таг томири
билан қўпориб олинганди.  Кўриб ёқамни ушладим. Асфальт ётқизилган йўл
ўртасида экилиб, гўзал бир манзара яратилинганди. Бу ерга бир неча
йил олдин собиқ вилоят хокими Нуриддин Зайниев бу ҳудудларни
ободонлаштириб чиққанди, аввалига кўчатлар ўтқазилди, кейин эса улар
каттагина арча дарахтларига айланишди.

Арчалар Қарши шаҳрининг кўркига-кўрк қўшиб турар, аммо бугунги кунга
келиб арчалар вилоятнинг янги ҳокими Туроб Жўраевга халал берган
кўринади. Одамлар орасида юрган миш-мишларга қараганда, арча
дарахтлари ўрнига темир панжарлар ўрнатилиниши кўзда тутилган.
Қашқадарё вилоятида  Атроф муҳитни ҳимоя қилиш ташкилоти бор ва
уларнинг кўзлари кўрмай қолдимикан? Агар улар кимдир дарахтларни кесиб
ташлаётганини кўрганларида табиатга, атроф муҳитга  зарар етказаётган
кимсанинг устидан дарҳол жиноят иши қўзғатишга эришган бўлишарди.

Айни дамда эса тескари! Атроф муҳитни ҳимоя қилишга масъул бўлган
ташкилот мободо ҳокимга қарши иш қўзғатиш талабини кўтариб қолса оқибат нима бўлишини жуда яхши билишади. Арчалар  таг- томири билан олиниш процесси Қашқадарё вилоят ИИБ ва Қашқадарё вилоят прокуратурасигача ҳам давом этган. Кўриниб турибдики, ИИБ ва прокурорлар ҳам табиатга нисбатан қилинган ваҳшониятни кўриб ўзларини кўрмаганликга олишган.

“Ҳов ҳоким жаноблари, нима қилмоқдасиз? Ахир табиатга, шаҳримиз
манзарасига  зарар етказаяпсизку?”- дейдиган инсонни ўзи йўқ. Нега биз
оддий кўринган нарсаларга ҳам бефарқмиз? Нега инсон соғлигига фойдаси
бўлган дарахтларни экамизу, тағин уни йўқ қилишса ҳам жим қараб
тураверамиз? Қашқадарё вилояти чўл ҳудуди. Биз кўпроқ дарахт экиш
ўрнига, уни йўқ қиламизми?

Вилоят ҳокими янгилик киритмоқчи экан, маршрут таксилари қатнайдиган
йўлларни таьмирлаб берса  бўлмасмиди? Маслан 35 ва  21 маршрут
бўйича қатнайдиган йўллар талабга жавоб бермайдику. Ҳайдовчилардан эса
бир кунга йўл учун 16000 (ўн олти минг) сўм  тўлов баъдали ҳам жорий
қилинган.

“Бир ойда  700 минг сўм атрофида пул берамиз давлатга, аммо йўлимиз
абгор аҳволда”, -дейди ўз исмини ошкор этишни истамаган ҳайдовчи.
Савол туғилади: бу пуллар кимнинг чўнтагига кираяпти? Нега йўлни
таьмирлаб бериш масъулларнинг хаёлига ҳам келмайди.?

Арчалар эса таг томири билан олиб ташланиши давом  этади. Навбат энди
вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги йўл ўртасида яшнаб турган арчаларга
дейишмоқда қаршиликлар. Негадир кейинги дамларда дарахт кесишлар урф
бўлиб қолди. Фарғонада кекса чинорлар кесиб юборилди, Қаршида бир неча
йил олдин ўтқазилган арчалар кесиб юборилинаяпди. Вилоят ҳокимининг бу
ҳатти-ҳаракатини тўхтатиш имкони бормикин?

 

16-февраль, 2013-йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси