Feb 162013
 

Тарихимизга назар ташласак,ҳар бир тузумда ҳақиқий шоирлар ва маддоҳ шоирлар бўлган. Совет даврида Ленин,Брежновга атаб шеърлар ёзган маддоҳлар бугун ҳам ўз ишларини қилиб, ҳукумат мукофотларини олмоқдалар ва ҳатто қаҳрамон бўлмоқдалар.Илгари ҳам эл дарди билан яшаган шоирлар ҳукумат қаҳрига учраб,ё қувғин бўладилар ёки авахталарга ташланадилар.Ҳозирги кунда ҳақиқий шоирларга нисбатан адолатли муносабатда бўладиган ҳукмдорни топиш амри маҳол. Лекин ўтмиш тарихимизда шоирларга нисбатан адолатли бўлган ҳукмдорлар бўлган экан. Яқинда бир груҳ зиёлилар билан бир давра суҳбатида ўтирсак, бир журналист укамиз бир ривоятни айтиб берди:

Шоирлар қудратли подшоҳ шарафига шеърлар битишар,унинг кучи,адолатлилиги,ақилли ва зукколигини мадҳ этишар эди.Лекин кунларнинг бирида подшоҳга қайсидир шоир унинг бешафқатлиги,зўравонлиги, узоқни кўра олмаслиги ҳақида шеър тўқигани тўғрисида хақида ҳабар етказишди. Подшоҳ бундай хавфли шеърни битган шоирни топиб,ҳузурига келтиришларини буюрди. Лекин уни қандай топиш мумкин? Хизматкорлар ҳамма таниқли шоирларни тутиб саройга олиб келишга мажбур бўлишди. Ҳар бир шоирга подшоҳ ҳақида шеър айтиш буюрилди. Ҳамма шоирлар подшоҳни кўкларга кўтариб мақтовчи шеърларини ўқий бошлашди. Ўқиб бўлганлар бир бошда қўйиб юборилаверди. Ниҳоят саройда биргина шоир қолди. У подшога етказилган, унинг аҳмоқлиги,зўравонлиги,бешафқат эканлиги ҳақидаги шеърини ўқий бошлади. Шоир шеърини тугатишга улгурмасдан соқчилар тутиб олиб,қўлларини боғлашди ва ерга ётқизишди.

Тўҳтанг!- бақирди подшоҳ,- Секинроқ! Уни қўйиб юборинг. Мамлакатдаги ягона шоирдан маҳрум бўлишни истамайман.”

Шу ривоятни эшитди-му, Фаробий хазратларини қуйидаги сўзлари ёдимга тушди: “Агар салтанат ҳар қандай талабга жавоб берса-ю, аммо уни донишмандлик тарк этса, мамлакат ҳукуматсиз қолади деяверинг. Бу мамлакатни бошқарувчи ҳукмдор ҳам ўз мавқеини йўқотади. Мамлакат эса халокатга юз тутади.”

Юқоридаги ривоятда ҳукмдорни ўзи донишмандлик қилаяпди. Унинг адолатлилигини атрофидаги, унинг буйруғини оғишмай амалга оширувчилар ҳам кўрди. Энди улар билади-ки, подшоҳни танқид қилган кишиларни агар улар жазоласа,бунга ҳукумдорни ўзи қарши чиқади. Агар ҳукмдор у нима деса оғишмай амалга оширадиганлар олдида ҳалиги шоирни жазолаганда эди, турмалар сиёсий маҳбусларга тўлиб кетган бўларди. Лекин донишманд подшоҳ бундай қилмади ва мамлакатни муқаррар фалокатдан қутқариб қолди. Шундай жамиятларда яшаш насиб этсин.

16-февраль, 2013-йил

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.