Feb 092013
 

 

Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2013 – 13:29 GMT

Nematjon Siddiqov. 09.02.2013.

Шу йилнинг 5 феврал куни Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматжон Содиқовнинг Бувайда тумани Маслаҳат қишлоғидаги уйига 30 дан ортиқ киши бостириб кириб, уни ва ўғилларини калтаклашган.

Безорилар дераза ойналари ва уйдаги буюмларни синдиришган. Неъматжон Содиқовнинг оила аъзолари милицияга хабар қилишганда, босқинчилар қолиб ҳуқуқ ҳимоячиси ва ўғиллари ҳибсга олинади.

Айни пайтда улар Бувайда туман Ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш хонасида ушлаб турилибди. Оила аъзоларининг айтишича, милиция ходимлари томонидан уларнинг уйларида ҳеч бир асоссиз тинтув ҳам ўтказилган.

Неъматжон Содиқов Фарғонадаги фаол ҳуқуқ ҳимоячилардан бўлиб, бундан олдин Қўқондан Бувайда туманига олиб келинадиган чиқиндилар боис юзага келаётган экологик муаммоларни кўтариб чиққан, маҳаллий ҳукуматдан тумандаги газ, электр энергия танқислиги масаласини ҳал қилишни сўраб мурожаат қилган, аҳолига иш ҳақи ва нафақаларни ўз вақтида берилишини талаб қилган.

Неъматжон Содиқов шунингдек чегарадан ноқонуний товар олиб ўтилиши муаммолари билан курашиб келади. Ўғлининг айтишича, уларнинг оиласига қилинган ҳужум отасининг айнан ана шу ноқонуний мол олиб ўтувчиларни ошкор қилгани сабабли уюштирилган.

Ўзининг 13 йиллик ҳуқуқ фаолияти учун Неъматжон Содиқов 25 марта маҳкамага тортилган.

Олдинроқ Фарғона вилоят паспорт столи раҳбари Неъматжон Содиқовнинг ҳовлисига уй қуриб, ерини ноқонуний эгаллаб олади.

Бироқ ҳуқуқ фаолининг бу борада тегишли ташкилотларга топширган аризаси жавобсиз қолдирилган.

2010 йил Неъматжон Содиқов президент Каримовга хат ёзиб, Водилдан Қирғизистонга ноқонуний моллар олиб кетилаётгани ҳақида хабар беради.

Маълумотларга кўра, чегарада амалга ошириладиган ноқонуний бизнес Фарғона вилоят МХХ раиси Нарзуллаев томонидан назорат қилинади.

Неъматжон Содиқов президентга хати туфайли ўзига турли босим ва таҳдидлар кучайтирилгани ва шу кунгача давом этишини билдирган.

Ўғли Нодир Содиқовнинг Би-би-сига айтишича, уларга ҳужум қилган босқинчилар қолиб, отаси ва укалари ҳибсда ушлаб турилибди.

Уларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг босқинчилик моддаси бўйича айблашлари мумкин.

“Ўша икки кун 5 ва 6 февралда уйимизга бостириб кириб, кейин қочиб кетганлар мана бу ерда, Ички ишлар бўлимида худди ўз уйидагидек бемалол юришибди. Уларнинг пичоқ кўтариб қилган ҳужумидан ўзини ҳимояламоқчи бўлган отам ва укаларимни ушлаб ўтиришибди. Улар ўз уйида босқинчилик қилган экан. Уйимизни тошбўрон қилиб бостириб кирганлар эса жабрдийда ҳисобланишяпти.

Чегарадан ноқонуний мол олиб ўтувчилар ўзларининг орқасида “катта одамлар” турганини, бизларни бир кунда “йўқ қилиб юборишлари”ни айтиб дағдаға қилишди. Бугун ҳам РОВДнинг олдида жанжал қилиб, бизни ҳақоратлашди. Лекин милиция ходимлари чиқиб ҳеч нарса дегани йўқ”,- дейди Неъматжон Содиқовнинг ўғли.

Нодир Содиқовнинг айтишича, уч кундан буён отаси ва укаларини кўришнинг имкони бўлмаган. Уларнинг соғлиги ҳақида ҳам маълумот йўқ. Нодир Содиқов укаларига безорилар ҳужуми пайти тан жароҳати етказилгани, отаси ва укаларига зарур медицина ёрдами кўрсатилиши лозимлигини айтади.

Бироқ укалари олган жароҳатлари бўйича тегишли медицина текшируви ўтказиш ва ёрдам кўрсатиш кераклиги ҳақидаги ички ишлар бўлимига қилган мурожаати жавобсиз қолдирилган.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/02/130208_cy_human_rights_activist_sodiqov_arrested.shtml