Jan 252013
 

25 Jan

Piri_Reis

Кўплаб тарихий манбааларда ва шу жумладан кўплаб тарих фани дарсликларида “Американи Христофор Колумб очган” деб, алоҳида ёзиб қўйилганига қарамай, “Янги дунё” деб аталмиш бу қитъани аслида ким биринчи бўлиб очгани ҳақида янги-янги далиллар келтирилмоқда ва баҳслар бўлмоқда. Чунки бугунги одамзот ақлини қанча пешлаб олдинга боравермасин барибир ҳали бу дунёнинг ечилмаган муаммолар-ю, тагига етилмаган сиру- синоатлари жуда кўп.

Христофор Колумб 1492-йили ўзининг “Санта Мария” кемасида Атлантика уммонини сузиб ўтиб Америка қитъасига яқин Багам оролларини топганида, “Ҳиндисонни топдим” деб тахмин қилганини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни инсоният тарихидаги энг улкан кашфиётлардан бири деб тан оламиз.

Аммо шунга қарамай скандинавиялик жасур денгизчи викинглар вакили, Гренландиянинг ўша пайтдаги ҳокими –Лейф Эриксоннинг Христофор Колумбдан беш аср илгариёқ (XI –асрда) Шимолий Америка қирғоқларига ўз кемаларида сузиб борганини ва ўз командаси билан ушбу қуруқликни ўн йиллар давомида ўрганганини ҳам ҳозирги фан ва археологик тадқиқотлар аллақачон тўлақонли исботлаб бергани ҳам рост.

Бир пайтлар мени жуда ҳайратга солган нарса турк адмирали Пири Риеснинг денгиз харитаси топилгани ҳақидаги маълумотлар бўлганини ҳам бугун нимагадир бир эслагим келди. Мен ўша харита ҳақида биринчи бор ўқиганимда, яширмайман ҳайратдан ёқа ушлаганман, бу телба дунёнинг пайдо бўлганидан бери доимий тебратиб келаётган буюк туркийзабон халқимнинг ақлу-фаросатига ва қудратига тасаннолар айтганман.

Бугун мен юз фойиз ишонч билан айта оламанки, Испания давлати вакили бўлиб дунёни кашф этишга уринган Христофор Колумбдан анча-анча йиллар илгариёқ уммон ортидаги Америка қитъасининг мавжудлиги бизнинг туркларимизга маълум бўлгани рост экан.
pirimap2

 Усмонли турклар империясининг емрилиб битганидан сўнг, турк республикаси яратилишининг дастлабки даврларида, яъни 1929 –йили турк султонлари хонадонига қарашли бўлган Истамбулдаги Тўпкапи қасрини музейга айлантириш жараёнида бир харита топилади. Уни ўша қасрда сақланиб қолган тарихий ашёларни тадқиқ қилган доктор Этхем деган бир тарихчи олим топади. Ўшандан бери номи тарихий манбааларда “Пири Риес харитаси” деб айтиладиган ўша харита Султон Сулаймон хизматида бўлган машҳур турк адмирали Ҳожи Муҳиддин Пири ибн Ҳожи Меҳметга тегишли бўлган экан.

Адмирал Пири Риес ўзининг «Саёҳатнома» ёки «Китаб-и бахриё» (рус. «Книга морей») асарида нафақат Ўрта ер денгизи атрофлари, қўйингки бутун ер юзи кенгликлари бўйича ўз даврида жуда қимматли навигатсион хариталар тузганлиги ва кейинчалик уларни бир китобда тўплаганлиги маълум бўлади. 1513-йили нашрдан чиққанлиги белгилаб қўйилган ушбу китобда Америка қитъаси ва Бразилия, Африканинг ғарбий қирғоқларининг ойнадай равшан чизиб қўйилганлиги эса ҳаммасидан ҳам ҳайратланарлисидир. Чунки ушбу китоб ёзилганидан бирозгина олдин Колумб Кариб ҳавзасидаги бир неча ороллар ва қитъанинг кичкина бир қисминигина ўрганиб харитага тушириб қайтган эди холос. Пири Риес харитасида чизилган бошқа ҳудудлар ҳақида Колумбда ҳали на маълумот ва на харита бор эди.

Истамбулнинг Тўпкапи саройидан топилган машҳур турк адмирали Пири Риеснинг ўшанда топилган хариталари бугунгача дунё олимларини ҳайратга солиб келмоқда. Чунки улар шу қадар аниқки, уларни океан сузиб дунё кезган ҳар қандай сайёҳ ўша замон навигацион ускуна ва асбоблари билан бу қадар аниқ чиза олишига бугун ҳам ишонмайди. Харитада Антарктиданинг қарийиб бир милл қалинликдаги муз қатлами остида қуруқлик ҳудудлари борлиги ва улар чегарасининг белгилаб қўйилганлиги эса олимларнинг ақлига ўшанда умуман сиғмаган. Унга ишонишмаган. Чунки Антарктида Пири Риесдан 300 йил ўтибгина биринчи бор тадқиқ қилинди ва Пири Риес харитасида чизиб қўйилган маълумотлар шу пайтга келибгина юз фойиз тасдиқланди.

Пири Риес ўз хариталарини тузганда жуда бой кутубхоналардан ва тарихий манбаалардан фойдаланганлигини ёзади, демак унгача ҳам инсоният дунё кенгликлари бўйича жуда катта илмларга эга бўлган экан, деб тушиниш мумкин.

Айниқса олимларнинг Пири Риеснинг харитаси аниқлиги бўйича фақат осмондан туриб қилинган аэросъемка маҳсулигина бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосалари эса ундан ҳам қизиқроқдир. Ахир самолёт ХХ асрда яратилдику…

Америкалик хариташунос олим Хэпгуднинг фикрига кўра, ”Пири Риес харитаси” деб номланган ўша харитани тузган одам Ер шари кенгликлари ўлчамларини тўла ўрганган, айниқса юза тригонометрияси бўйича мўъжизавий илмларга эга одамгина бўлиши керак эди. Демак усмонли турк султонлиги ҳарбий флотида оддий адмирал бўлиб хизмат қилган Ҳожи Муҳиддин Пири ибн Ҳожи Меҳметнинг ўз даврида инсон ақлига сиғмас даражада бундай бир иш қилиб кетгани эса улкан бир мўъжиза ва барча туркий халқлар обрўйи учун катта бир ютуқдир.

Машҳур шоиримиз Абдулло Ориф бекорга ёзмаган экан:

Америка—сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди, илк бор,
Берунийнинг ақл машъали!
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, ватаним маним! деб

Чунки барча туркий халқларнинг илдизи ва тарихи биттадир. Қолаверса Оврўпо ва Шарқ кутубхоналарининг китоб жавонларини асрлар давомида асосан бизнинг боболаримизнинг ранг- баранг, турфа илмларга бой китобларигина тўлдириб турган. Шунинг учун даъвогарлар қаторида биз турклар ҳам Америкага даво қилсак балким арзир. Ҳозирча эса бугунда дунёга машҳур бўлиб турган «гастарбайтер»лигимиздан қутилиб олайлик…

Насрулло Саййид. Канада, 24 январ 2012 йил.

 

https://qoplonbek.wordpress.com/2013/01/25/