Jan 152013
 

Отни қамчилаш керак

Ўзбекистондаги аҳвол тобора ёмонлашиб борар экан, мамлакат ичкарисида бўладими ё ташқарисидами ватандошларимиздан хавотирли хабарлар олишда давом этяпмиз.

Замондошга хат-хабарлар, асарлар  йўллаётган юртдошларимизнинг аксарияти яқинлашиб келаётган 2014 йил Парламент сайловлари ва 2015 йилдаги Президент сайловлари олдидан:

Диктатура яна яшашда давом этадими?

30 январда 75 ёшга кираётган Ислом Каримов балки тахтни бўшатар, лекин ўрнига ундан қаттол золим Мирзиёевми ё яна бир бошқаси келиб қолмайдими?

Президентнинг тўнғич қизи Гулнорани Ўзбекистонда “Меҳрибон Она” тимсолида гавдалантиришга уринилмоқда. Қайси радиони қулоғини бурама ёки қайси ТВ каналига қарама  Гулнора оғиздан ва ойнаижаҳондан тушмай қолди. Ҳаттоки чет эллардаги радиолар ҳам кунига Гулнорани у ё бу йўсинда тилга олмаса  дастури ўтмайдиган бўлиб қолди,  каби мазмунда номалар йўлашмоқда.

Албатта бу каби хатлардаги саволларга аниқ ва тугал жавоб бериш маҳолдир. Аммо ойдин нарса шуки,  энг асосийси агар Ўзбекистон аҳли ўзгаришларни ўзлари истамас эканлар,  афсуски диктатура яшашда давом этаверади. Парламент сайловлари, Президент сайловлари ўша ўзлари хавотирда билдирган кишиларининг қайсидир бирининг йўриғи билан амалга ошади ва ҳокимиятни Каримов клани сақлаб қолади.

Шундай бўлмаслик учун ўзбек ҳукуматига мухолифман, мухолифатдаман, ҳокимият учун даъвогарман деганлар вақт ғаниматлигини ҳис этиб  тез ҳаракат қилишлари керак. Аксинча яна қанча муддатга нафақат ҳокимиятга келадилар, балки чет элларда сарсон-сарсонгарчиликда қоладилар.

Мамлакатдаги нуфузи 30 миллион дейилаётган ватандошларнинг тақдири ва қолаверса ўзларининг тақдирига ёруғлик олиб кираман деган ҳар қандай киши бугун бағрикенглик қилишлари  керак. Яъни ҳар қандай гина-кудуратларини унутиб ҳамжиҳатликда кураш йўлига ўтишлари керак. Ҳамжиҳатликда эса дин, тил, миллат  ажратилмаслиги шарт. Мен аҳамиятли у ҳеч ким деган манманлик, худбинликдан воз кечиш керак. Бошқа ҳар қандай яккам-дуккам  ҳаракатлар самарасиз якун топаверади. Зеро  ўзбек мухолифати учун ҳамжиҳатликдан бошқа йўл йўқ!

Аммо, янги бир авлод шу кунларда ҳаракат бошлаганки, уларни тан олмаслик, кўра билмаслик натижаси эрта улар ҳам бизни тан олмасликлари, кўрмасликларига сабаб бўлиши мумкин. Унда кеч бўлади. Шунинг учун ҳам отни қамчилаш керак!

Ризо Обидов.

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2013/01/blog-post_3939.html#more