Jan 082013
 

(Ўзбек мухолифати учун замонавий эртак)

Бор экану, йўқ экан, ўттиз миллион аҳоли яшайдиган Илғор маҳалласида Маҳкамхон деган тили чучик бир одам раис бўлиб, кўзи шилпиқ кампири ва қизлари билан бой-бадавлат яшаркан. Ён кўчада эса унинг Ўғизбек деган тенгдоши – Каттабек, Ўрдабек ва Мўминбек деган ўғиллари, келинлари, невара, чеваралари билан чор-ночор умргузаронлик қиларкан. Маҳкамхон маҳаллага 20 йилдан кўпроқ раис бўлсада, ҳеч мансабга тўймас, 75га кирганда ҳам ҳар хил йўллар билан қайта қайта “тахт”ни эгаллайверар экан…

Ўғизбек ҳам ўз ўғилларини мансаб тахтида кўришни орзу қиларкан… Кунлардан бир кун ўғилларини ва маҳалладошларини йиғиб: “Маҳкамхоннинг ақли Сиз билан бизникидан кўп эмас, ўғли ҳам йўқ, аммо ҳеч ўрнини бўшатмайди, нега сизлар ҳам маҳаллага раис бўлишга интилмайсизлар!?” – дебди.

Бу гапни Маҳкамхоннинг айғоқчилари оқизмай-томизмай унга бориб айтишибди…

– Ҳў, Ўзбек! Мен турганда сенларга бошлиқ бўлишни ким қўйибди, – ўшқирибди у Ўғизбекнинг ҳузурига чақиртириб. У тили чучук бўлгани учун “ғ”ни айтолмас, ўғизбекни ўзбек дер экан…

  • Биринчидан, ўзбек эмас, Ўғизбек! Тилингни тўғрилаб ол! Иккинчидан, бу маҳалла сенинг онангнинг маҳрига тушмаган, – дебди Ўғизбек.

  • Биринчидан, мен Маҳалла раисиман, сенинг исмингни ўзим истаганча талаффуз қилишга ҳақим бор, Исминг асли шунақа! Яъни ўзинггагина бексан, маҳаллага эмас. Иккинчидан, менинг онам билан ишинг бўлмасин… дебди Маҳкамхон.

Шу тариқа Маҳкамхон Ўғизбекнинг отини ўзбек деб атанглар, деб буйруқ чиқарибди… Маҳалла аҳли эса, ҳамиша, юқоридан айтилган гапгагина итоат этаркан, қонун чиққан заҳоти Ўғизбекни ўзбек деб атайверибди.

Маҳкамхон, ўз “тахти”ни сақлашга шу даражада уста эканки, “сопини ўзидан чиқариш”, “Бўлиб ташлаш ва ҳукмронлик қилиш” усулларини мукаммал эгаллаган экан. Бир гал у Ўғизбекнинг катта ўғлини чақириб, “кел биргалашиб ишлайлик”, деб аврамоқчи бўлибди. Аммо Каттабек ўшанда ҳушёрлик қилиб унинг гапига кўнмабди. Кейин Ўғизбекнинг иккинчи ўғли Ўрдабекни чақирибди… Ўрдабекни ҳурмат билан кутиб олиб, мендан кейин сен раҳбар бўласан, ундай қиламиз, бундай қиламиз, деб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирибди. Ўрдабек довдираб унинг гапига кўнибди: улар бирга ишлай бошлашибди. Бирга ишлаётганда Маҳкамхоннинг баъзи гапларига эътироз қилган экан, уни икки кун маҳалла ертўласига қамаб қўйишибди… Озод бўлгач, қўшни маҳаллага қочиб кетибди…

Шундан кейин Ўғизбек ўз ўғилларини четроқ бир маҳаллага йиғиб, Маҳкамхоннинг найрангларига учмаслик, унга қарши оқилона ва қатъий кураш олиб боришни тайинлабди. Катта ўғли атрофига одам тўплаб кўча юришларини бошлабди. Аммо Маҳкамхон кўча юришларини ҳам ўзининг миршаблари ёрдамида бостирибди…

Бу ҳам етмагандай кўчага чиққанларни Қозига рўпара қилибди. Қози: “жамоат хавфсизлигига риоя этмади”, деб барининг маошларини маҳалла жамғармасига ўтказибди. Ўғизбекнинг маҳалладошлари авалгидан ҳам ночор аҳволда кун кўра бошлашибди…

Ўғизбек бир куни:“Эй, Аллоҳим, бизнинг нима гуноҳимиз бор эди… Нега маҳалладошларимиз бу даражада хору зор бўлди!? Нега биримиз икки бўлмайди”, деб йиғлаб нола қилибдию, уйқуга кетибди. Уйқусида додаси Боботурк кириб, “Болам, ўғилларингга насиҳат қил, адолатли ва ҳақгўй бўлишсин”, дебди. Эрталабоқ Ўғизбек яна ўғилларини йиғиб: “Болаларим. Бир яхши туш кўрдим, агар Сизлар ҳамиша адолатли, ҳаққоний иш қилсанглар, ризқингизни ҳалолдан топсанглар, зора бизнинг елкамизга ҳам офтоб тегса”, деб насиҳат қилибди…

  • Агар мен Маҳкамхоннинг ўрнида бўлганимда тўғри йўл тутган, маҳаллада адолат ўрнатиб ҳамманинг яхши яшашига йўл очган бўлардим. – дебди Ўғизбекнинг кичкина ўғли Мўминтой.

Зиғирдай ақли билан бу ҳам мансабга даъвогар экан”, деб ўйлабди, худбинлаша бошлаган Каттабек:

  • Укам, мен турганда сенга маҳаллага бошлиқ бўлишни ким қўйибди?! – деб, Мўминтойга ғазабини сочибди

  • Нега? Бошқа шаҳарлардаги маҳаллаларда 25 дан ошган ёшлар ҳам оқсоқолликка сайланяпти. Мен эса ўттизга кириб қолдим. Сайлов бўлса ҳаммамиз ҳам ўз номзодимизни қўямиз, катта кичик демай, ҳаммани маҳалла бошлиғи бўлишга ҳақи бор, – дебди кичик ўғил…

  • Бу гапдан кейин Ўғизбекнинг ўша ерда ва қўшни маҳаллаларда яшайдиган невара ва эваралари ҳам чувиллашиб, ҳар бири ўз ҳолича: “менинг отам бошлиқ бўлиши керак”, “менинг отам раис бўлиши керак” деб бақиришармиш…

Бу гапларни айғоқчиларидан эшитган Маҳкамхон бадтар тутақиб: “Ҳаммасини бор-йўғини шилиб олингларки, бир тишлам нонга зор бўлишсин. Менга келиб “озгина нон беринг”, деб ялиниб юришсин!”, деб буйруқ берибди. Унинг гапи амалга ошиб, Ўғизбек авлодлари аввалгидан ҳам хор бўлиб, гадойлик даражасига тушишибди…

Отасининг адолатли бўлиш, ҳалол пул топиш керак, деган гаплари уч оғайнининг эсига тушиб, ҳаммаси ҳалол тирикчилик куйига тушишибди. Қўшни маҳаллардагиларнинг ҳовлиларини қуриб, молларини боқиб тирикчилик қила бошлашибди. Бир хиллари минг, ўн минг чақиримлик мамлакатларга ҳам бориб, пул ишлаб рўзғорини тебрата бошлабди. Аммо айрим эридан ажралган маҳалладошлари чет қишлоқдарга бориб фоҳишалик билан кун кечира бошлашибди. Буни эшитган Ўғизбек бадтар тутоқиб йиғлабди: “Эй, Аллоҳим, хор-зорлик етмагандай энди менинг авлодларимдан фоҳишалар ҳам чиқди… Нима қилишим, бошимни қайси деворга уришим керак”…

Ўғизбек, ўғилларидан:

– Бу балолардан қандай қутиламиз, сизларда жавоб борми, деб сўрабди…

  • Бобой, Сиз нимани ҳам билардингиз, мана биз бутун дунёдан маълумот олиб турибмиз, фақат кўча юришлари туфайлигина ғалабага эриши мумкин – дебди катта ўғли.

  • Аксинча, фақат тоат ибодатли одамларни атрофга жамласаккина яхши кунларга эришамиз, – дебди Ўрдабек.

  • Буларнинг гапи тўғри эмас, – деб гап бошлабди, чет юртларда пул ишлаб қайтган Мўминтой – мен бутун халқни пул билан таъминлаб тураман ва тинч йўл билан ғалабага эришаман, – дебди

  • Болаларим ҳеч бўлмаса халқни хор-зорликдан қутқаринглар, ҳаммангиз Маҳкамхоннинг золимлигини, халқни оч наҳор қолдирганини бари элга айтинглар, зора қўшни маҳалладаги инсофли одамлар ёрдам беришиб, Маҳкамхонни тахтдан ағдарсак, – дебди ота.

Шундан сўнг болалари ҳар бири ўз ҳолича :

– Ҳаммамизни очдан ўлдирмоқчи бу Маҳкамхон!

– Топган – тутганимизни ўзига ва қизларига оляпти!

Ҳамма жойда оқсоқоллар сайланади. Бу эса сайлов ўтказмайди, – деб бақира бошлашибди…

Аммо Маҳкамхон ҳеч инсофга келавермабди. Маҳалладагиларнинг аҳволи аввалгидан ҳам ёмонлашиб, ярми мардикорга, ярми фоҳишага айланиб бўлибди ҳамки, зулмини тўхтатмабди…

Уларнинг бу кирдикорлари ва Маҳкамхоннинг Ўғизбек авлодини хору зор қилгани учун қўшни маҳалладаги айрим қавмлар ҳам ўғизбек авлодларини қийин аҳволга сола бошлабди. Мўғилдан тарқаган Қирққиз деган қийиқкўзли, ялпоқюзлилар ўғизбекнинг минг йиллардан бери яшаётган жойидан ҳайдамоқчи бўлиб, қатли ом уюштиришибди: эркакларини отиб ўлдириб, аёллари ва қизларини зўрлашибди… уйларини ёқиб, қимматбаҳо мол мулкларини ташиб кетишибди… Қирққизлардан қочиб маҳалласига келганларни Маҳкамхон ҳам қувиб юборибди…

Буни эшитган Ўғизбек яна Аллоҳга нола қилибди: “Худойим, биз сенга нима ёмонлик қилувдик! Маҳкамхоннинг зулми етмагандай, қўшни маҳалладагилар ҳам авлодларимга зулм қилмоқда. Бизни улардан қутқар”, деб йиғлаб ёлворибди.

Кекса бир одамдан: “Нега аҳолимизнинг ярми мардикорга, ярми фоҳишага айланди. Қўшни бўлиб яшаётган Қирққизлар ҳам бизга зулм қилаётир. Нега?” деб сўраган экан, У: “Болам, кўп нола қилаверма, элдошларинг бундай яшаётганининг, қирққизларнинг зулмининг сабаби, 70 йил давомида сенинг ҳам, уларнинг ҳам ҳаром луқма еганларинг, динсизлар қавмига кириб, Аллоҳни унутганларингдир…”, дебди. Ўғизхон яна болаларини йиғиб насиҳатини бошлабди.

  • Болаларим, мен гуноҳкорни кечиринглар, мен Сизларни ҳалол меҳнатим билан боқмаганга ўхшайман, бундан кейин болаларингизни ҳалол меҳнатга боқинглар, фақат ҳалол бўлиб, бирлашиб курашсангларгина бирон нарсага эришишларинг мумкин!, – дебди.

Аммо ўғиллари ўз худбинликлари, нодонликлари туфайли отасининг гапига қулоқ осишмабди…“Маҳкамхоннинг ўзбек дегани тўғри! Биз ҳаммамиз ўзимизга бекмиз! Биз фақат ўзимизни тан оламиз, бошқалар билан ишимиз йўқ” деб бақиришармиш…

Маҳкамхон уларни жазолашда давом этаверибди. Каттабекни кўча болаларига калтаклатибди. Калтак зарбидан унинг эси кирди-чиқди бўлиб қолиб, бир неча ой давомида: “мен маҳаллага раис бўлишим керак”, “мен маҳаллага подшо бўлишим керак”, деб гапириб юрибди. Жазодан ўртанча ўғил Ўрдабек ҳам бенасиб қолмабди. Маҳкамхон уни “қўшни маҳаллада яшаб туриб, бизнинг маҳаллага ҳужум қилмоқчи”, деган айб билан сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилдирибди.

Аммо қаерда яшашидан қатъий назар уч ўғилнинг ҳар бири беш ўн одамга “хўжайин” бўлиб: “Маҳкамхоннинг шунча йилдан бери маҳаллага раис бўлгани етар, бошқаларга ҳам ўрин бўшатсин”, деб уч кўчада жар солишиб, чор атрофни бошига кўтаришибди.

Маҳкамхон айғоқчилари орқали: “Каттабек жинни бўлиб қолган, Ўрдабек ҳаммани номоз ўқитиб, аёлларни паранжига тиқмоқчи, Мўминтой қўшни бойлардан қарз олиб халққа тарқатяпти. Уларнинг ҳаммаси бир-бирига душман. Улардан раҳбар чиқмайди. Агар улар маҳаллага ҳоким бўлса ҳамма ёқда уруш бўлиб кетади”, деб гап тарқатибди…

Уч оғайнининг ҳар бири ҳам ўз кўргиликларни Маҳкамхондан эмас, бир-биридан кўра бошлабди.

  • Сен бизни нотўғри йўлга бошладинг, агар кўча юришларини қилмаганмизда Маҳкамбой бизни жазоламасди, – дебди Ўрдабек акасига.

  • Бекор айтибсан. Агар сен унинг пинжига кириб, бизни сотмаганингда, аллақачон ўзимиз маҳаллага раис бўлиб олардик, сен сотқинсан, – дебди Каттабек.

  • Сен эса бировлардан пул олиб маҳаллага тарқатиб яхши кўриниб раис бўлмоқчисан – дебди укасига.

Шу тариқа уччаласи ҳам бир-бирига йўл бермас, фақат ўзларинигина маҳаллага оқсоқол бўлишга лойиқ деб билишармиш…

Ўғизбек яна болаларини йиғиб машварат қилибди. “Болаларим, катта бобомиз тушимга кирди. Биринчидан, Сизлар бирлашишларинг, иккинчидан бошқа маҳаллалардаги қавмларимизни бирлашиштиришларинг керак, экан. Акс ҳолда, бизнинг ҳолимизга маймунлар йиғлаверади”, дебди.

  • Эй, эсини еган чол, – дебди катта ўғли сенсираб, – насиҳатларинг жонга тегди. Сен эски одамсан. Бугун бутун дунё ўз бошлиғини сайлов йўли билан сайлаб турганганда, сен тушга ишониб юрибсан. Биз кураш йўлларини сендан кўра яхши биламиз. Нажот – сайловда. Биз Маҳкамхонни сайлов йўли билан тахтдан туширамиз. Унинг икки укаси ҳам отасидан кўра акаларининг гапларига ишонишиб, “Сайлов, сайлов! Сайлов бўлсин!”, деб бақира бошлашибди!

Шу хил гапларни тарқатаверишгандан кейин Маҳкамхон: “мен сизларга сайловни кўрсатиб қўяман”, деб: “Маҳаллага раис бўладиганлар маҳалла аҳли ттомонидан сайланади, бироқ сайланадиганларнинг ҳар бири 29 миллион одамнинг имзосини йиғиши керак, агар имзо йиғаолмаса номзоди қўйилмайди”, деган қонун чиқарибди…

Бу гапдан ўзларича хулоса чиқарган уч ўғил кучлари кўплигига умид қилиб, ҳар бири ўзига имзо йиға бошлабди…

Аммо Маҳкамхон, ўз айғоқчиларига: “кимки, ўшаларнинг ноғарасига ўйнаса – имзо қўйса – аяманглар, қаманглар. ўлдиринглар”, деб буйруқ берибди. Ҳар бир ўғил ёки уларнинг одамлари имзо йиққани борса маҳалладошлари улардан қочармиш… шу тариқа улар керак имзони йиғиша олишмабди. Сўнг, нима қилишларини билмай, бири деворий газета бир маҳаллага тарайдиган радио, бошқа бири телевидение жорий қилиб, Маҳкамхон бир четда қолиб, ўз оммавий ахборот воситаларида бир-бирларини ёмонлашни бошлашибди. Бири иккинчисининг телбалигини, иккинчиси яна бирининг сотқинлигини, бошқаси қайси бирисининг содда ва гўллигини, халқнинг эса моллигини фош этаверишибди…

Сайлов куни яқинлашганда Маҳкамхон ўзининг қизини раисликка кўрсатибди. Қизи ҳам бўш келмай, сайлов олдидан маҳалла аҳлига ош берибди, камбағалларга ўзи киймайдиан кийимларини тарқатибди, маҳалла аъзоларига сарполар ҳадя қилибди. Минглаб йигитларга хотин олиб берибди, минглаб болаларни суннатга ётқизибди. Маҳалла фаоллари, ҳатто ундан ёмонлик кўрган одамлар Маҳкамхоннинг қизи учун 30 миллион одамнинг имзосини йиғиб беришибди. Ўғизбекнинг ўттиз миллионлик авлодлари: “Яшасин Маликамиз! У бизга нон берди, очлик азобидан қутқарди”,“Яшасин Маликамиз! У бизнинг боларимизни уйлантирмоқда, норасидаларимизни суннат тўйини ўтказмоқда”. деб кўчага чиқиб бақира бошлабди…

Уч оғайни ўзларининг нодонликлари, бирлашолмасликлари туфайли раисликдан қуруқ қолишиб, ўғизбек авлодлари итнинг охирги оёғи бўлиб яшайверибди…

Ўғизбек энди кўчама кўча изғиб касалга чалиниб, кўзи кўр, қулоқлари кар бўлиб қолибди. Бир куни ухлаб ётиб, уйқусида: “Илоҳим бу уч ўғлимга ҳам жазо бергайсан! Уларни ботир, бўлсин, деб боққандим, шотир бўлишди: ўзларининг тутимлари билан зулмга хизмат қилишди. Илоҳим, мендан бадтар хору зор бўлгай! Уларнинг болалари ҳам айтганларига қулоқ осмасин! Ўзларининг ҳам мен каби қулоқлари кар, кўзлари кўр бўлсин!”, дея йиғлаб ётиб, совуқда қотиб ўлибди…

Эртакни халқ оғзидан ёзиб олувчи

Нўъмонхон АНДИЖОНИЙ.